loader

Расулуллоҳ пайғамбар болишларидан аввал одамларнинг бу ҳақидаги фикр-мулоҳазалари

Муҳаммад алайҳис-салом пайғамбар бўлишлари арафасида пўп ва роҳибларнинг олиб борган фаолиятлари тарихдан маълум. Яҳудийлар дунёга келиши мумкин бўлган пайғамбардан ўз ғанимлари мадиналик арабларга қарши курашда ёрдам кутишарди. Осим ибн Амр ибн Қатодага ўз қавмининг одамлари бундай дейишган: "Оллоҳнинг раҳмати билан яҳудий душманларимиздан эшитганларимиз мусулмон бўлишймизга сабаб бўлди. Биз Оллоҳга ширк келтирадиган бутрараст эдик, яҳудийлар эса аҳли китоб, биз билмайдиган нарсалардан хабардор эди. Улар билан ўртамизда муттасил кўнгилсизликлар
бўлиб турарди. Яҳудийларни ранжитган пайтлармизда улар шу кунларда дунёга пайғамбар келадиган вақт етганини, у билан бирлашиб, бизларни худди Од ва Эрам халқидек ўлдиражакларини айтишарди. Биз бундай таҳдидни кўп эшитганимиз учун Оллоҳ ўз пайғамбари Муҳаммадни юборганда унинг даъватларига қулоқ солиб, динини қабул қилдик. Яҳудийлар айтган гапнинг мағзини чақиб, улардан олдинроқ мусулмон бўлишга шошилдик. Яҳудийлар эса имон келтиришдан бош тортишди". Яҳудийларнинг биз пайғамбар билан бирлашиб, сизларни Од ва Эрам халқидек қириб ташлаймиз, дейишининг боиси, уларнинг китобида Худонинг элчиси бутпарастларни куч билан йўқотади, дейилган. Уларнинг дили ҳасад ва адолатсизликка тўлиб-тошгани учун бу дунё ва охират азобларига мубтало бўлишларини ўйламай имон келтиришмади. Насроний динини қабул қилган араб Умайя ибн Абиссолт юртимизда дунёга келадиган пайғамбарларнинг сифатини китобларда кўп ўқиганман, дер эди. Эронлик Салмон Розияллоҳу анҳу бир коҳин билан суҳбатлашганида у: "Эй Салмон, Оллоҳ Аҳмад исмли бир пайғамбар юборади, бу зот Тиҳома* тоғларидан чиқади. унинг сифатларидан бири совғани олиш, садақани рад этиш бўлади", деганини ҳикоя қилади. Коҳиннинг бу гапи Салмонни имон келтиришга ундади. Пайғамбар алайҳиссалом кўпгина подшоларни ислом динига даъват этиб, мактуб йўллаганлар. Фақат насроний ва яҳудий динларидан хабарсиз Кисрогина у кишининг номасига нописандлик билан қараган. Ҳабаш подшоси Нажоший, Миср подшоси Муқавқис, Рум подшоси Қайсар каби насроний динидаги ҳукмдорлар пайғамбарнинг элчиларини иззат-икром билан кутишган. Уларнинг орасида Нажошийдек иймон келтирганлари ҳам, Қайсардек чиройли жавоб қайтарган, қалбан имонга келишига оз қолган, дунёга подшоликка муккасидан кетмаган инсофлилари ҳам, Муқавқисдек иккиланганлари ҳам бор. Расулуллоҳнинг подшолар қўрққудек куч-қудратлари йўқ эди. Улар Исойи масиҳнинг ўзидан кейин келадиган пайғамбар ҳақидаги башоратларини, Муҳаммад алайҳис-саломнинг таърифлари ўз китобларида баён этилган сифатларга айнан мос келишини билганлари учун расулуллоҳнинг элчиларини иззат-икром билан кутишган. Сарвари олам дунёга келишлари арафасида ғойибдан у киши ҳақида хабар берувчи овозлар эшитилиб турган. Коҳинлар ўз китобларидаги ваҳийларни одамларга муттасил етказишган. Оллоҳнинг расулуллоҳга муяссар этган ишлари у зотнинг одамларга етказган сўзлари, даъватлари тўғрилигини, ўзларининг чин пайғамбар эканликларини исботлайдиган далилдир. Чуқур мулоҳаза қилган киши ҳидоят топади, Оллоҳ ҳаммамизни тўғри йўлга бошласин.

_____________
*Тиҳома — Қизил денгизнинг шарқи билан Яманнинг шимолига жойлашган, Макка, Янбу, Жиддадек шаҳарлари бор юрт.

Орқага Олдинга