loader

Ваҳийнинг бошланиши

Расулуллоҳ камолот чўққиси бўлмиш қирқ ёшга етганларида Оллоҳ инсониятни жаҳолат зулматидан ма'рифат ойдинлигига чиқариш учун у кишини башоратчи ва огоҳлантирувчи пайғамбар қилиб танлади. Мунажжим Маҳмуд Пошонинг аниқлашича, бу воқеа мелодий 610 йил 2-ойининг бошида юз берган. Ваҳий дастлаб ўнгидан келадиган тушлардан бошланган. Бу тушлар ҳаддан ташқари аниқ худди ўнгида содир бўлгандек равшан эди. Оллоҳ ўз бандасини ҳар бир ишга босқичма-босқич тайёрлаб, камолотга етказади. Фариштадан илк ваҳийни қабул қилиш одам боласи учун ғоят мушкул эди. Шу боис расулуллоҳ Оллоҳга юзланиш учун дунёнинг ишларига қўл силтаб, халқдан узилиб, ёлғизликни ихтиёр этдилар. Танҳолик кишининг руҳини поклайди. Пайғамбар алайҳис-салом Макка яқинидаги Ҳиро ғорида талай кунларни танҳоликда ўтказдилар. Бундай ҳолат баъзан ўн кун, баъзан бирор ойга чўзилар, сарвари олам бобокалони Иброҳим алайҳис-салом динига биноан истиқомат қилардилар. Истиқоматдан қайтгач, Хадичанинг ёнида бир неча кун бўлиб, навбатдаги узлатга ҳозирлик кўрардилар. Бундай истиқомат то илк дафъа пайғамбарлик ваҳийси келгунча давом этди. Кунларнинг бирида расулуллоҳ тоғ тепасида турганларида тўсатдан рўпараларида бир одам пайдо бўлиб: "Эй Муҳаммад, суюнчи бер, мен Жаброилман, сен эсанг Оллоҳнинг бандаларига юборган элчисисан!" деди ва шундан кейин: "Оқи!" дея амр этди. Расулуллоҳ: "Мен ўқишни билмайман", дедилар. Чиндан ҳам у киши ўқишни, ёзишни билмас эдилар. Жаброил пайғамбар алайҳис-саломни қучоқлаб қаттиқ қисди, расулуллоҳнинг оёқ-қўлларидан мадор кетиб, бўшашиб қолдилар. Жаброил қўйиб юбориб яна: "Оқи!" деди. Пайғамбар алайҳис-салом тағин: "Уқишни билмайман", дея жавоб қайтардилар. Жаброил яна у кишини қаттиқ қисиб, қўйиб юборди-да, "Оқи!" деб буюрди. Расулуллоҳ тағин: "Оқишни билмайман", дея жавоб қайтардилар. Жаброил у кишини учинчи марта қаттиқ қучоқлаб қўйиб юборгач: "Инсонни қуюқ қондан яратган роббингнинг номи билан ўқи. Роббинг бениҳоя ҳурматга сазовордир. У қалам билан ёзишни ўргатди, инсонга билмаган нарсаларини билдирди", деди. (Алақ сурасининг 1-5-оятлари)
Пайғамбар алайҳис-салом фаришта билан илк бор учрашувдан қаттиқ ваҳимага тушиб, уйга шошилдилар. Қўрқувдан пайдо бўлган титроқни босолмай Хадичага: "Мени ўраб қўйинглар, яхшилаб ўраб қўйинглар!" деб буюрдилар. Хадича у кишини ўраб-чирмаб, титроқлари босилгунча тепаларида ўтирди. Расулуллоҳ юз берган воқеани баён этиб: "Озимдан хавфсираб қолдим!", дедилар, чунки у киши Жаброил ҳақида ҳеч қандай
тасаввурга эга эмасдилар. Шу боис фаришта қучоғига олиб, қаттиқ қисганда қўрқув ва оғриқдан жонлари ҳалқумларига келиб қолди. Хадича умр йўлдошларига тасалли бериб: "Оллоҳ қариндош-уруғларига раҳм қиладиган, ожизу нотавонлардан марҳаматини аямайдиган, йўқсилларнинг ҳолидан хабар оладиган, мазлумларга ёрдам қўлини чўзадиган, меҳмонларни очиқ чеҳра билан кутадиган сиздек одамни ҳаргиз ёмон аҳволга солиб қўймайди. Яратган эгам сизга шайтонни рўбарў қилиб, васвасага солмайди. Имоним комилки, Оллоҳ халқингизни ҳидоят қилиш учун сизни танлабди", деди. Хадича ўз фикрини исботлаш учун илоҳий китобларни ўқиган, аввалги пайғамбарларнинг таржимаи ҳолидан хабардор олимларга учрашишни кўнглига тугиб, расулуллоҳни амакисининг ўғли Варақа ибн Навфалнинг ҳузурига олиб борди. Варақа жоҳилият даврида насроний динига кирган, иброний ёзувини пухта эгаллаб, бу ёзувда Инжидга жуда кўп шарҳлар ёзган, ёши ўтиб, кўзи ўтмаслашиб қолган мўътабар олим эди. Муҳаммад алайҳис-салом у кишига кўрган-кечирганларини бир бошдан гапириб бердилар. Варақа: "Оллоҳ Мусо пайғамбарга юборган шариати мана шу", деди. Бу зот Жаброилнинг Худо томонидан ўз пайғамбарларига юбориладиган элчиси эканидан хабардор эди, "Кошки ёш йигит бўлсам, — деди Варақа афсус-надомат билан. — Қавминг ота-бобоси эътиқод қилиб келган динини ўзгартиришни тарғиб этганинг учун сени ёмон кўриб, душманлик қилишади, туғилиб ўсган юртингдан ҳайдаб чиқаришади". Расулуллоҳ бу гапдан ҳайратга тушдилар, чунки у зот ҳусни хулқ, ростгўй бўлганликлари учун қабиладошлари яхши кўриб, Муҳаммад амин, яъни ишончли Муҳаммад, дейишарди. Варақа: "Пайғамбарлик шарафига эришган одамнинг душмани бўлади", деди. Қуръони каримдаги Иброҳим сурасининг 13-оятида бу ҳақда тўхталиб: "Кофирлар пайғамбарларга: "Сизларни ё тупроғимиздан ҳайдаб чиқарамиз, ё динимизга қайтишинглар керак, дейди", деб Худо ўз элчиларининг бошига тушадиган ишлардан огоҳ этади. Умри поёнига етиб қолганини сезган Варақа Муҳаммад алайҳис-саломнинг пайғамбарлигига астойдил ишониб: "Сен одамларни динга даъват этганингда тирик бўлсам қўлимдан келганича ёрдам берардим", деди. Чиндан ҳам орадан кўп ўтмай расулуллоҳга суянчиқ бўлиши мумкин бўлган бу одам оламдан ўтди.

Орқага Олдинга