Кунларнинг бирида Абу Суфён тўпланиб турган одамларга: "Муҳаммад бозорда айланиб юрибди. Орангизда уни ўлдириб, бизни ташвишдан қутқарадиган мард борми?" деди. Бир одам ўртага чиқиб, бу топшириқни бажо келтиражагини айтди. Абу Суфён унга от, сарф-харажати учун пул, озиқ-овқат бериб сафарга жўнатди. У олти кун йўл юриб, Мадинага келгач, расулуллоҳ қаэрдалигини сўраб-суриштирди. У кишининг бани Абду Ашал масжидида эканликларини аниқлаб, тўппа-тўғри шу томонга йўл олди.
У эшикдан кирар-кирмас пайғамбар алайҳис-салом: "Анови одам мени ўлдиргани келяпти, лекин унинг тажовузидан Оллоҳнинг ўзи асрайди", дедилар. Усайид ибн Ҳузайир ёвуз ниятли кимса расулуллоҳга яқинлашиб қолганини кўриб, иштонбоғидан тортиб юборди, унинг қўйнига тиқиб олган ханжари ерга тушиб кетди. У қилмишига пушаймон бўлди. Пайғамбар алайҳис-салом унинг бу ерга нима мақсадда келганини, агар ростини гапирса қўйиб юборилишини айтдилар. "Эй Муҳаммад, Худо ҳаққи, шу пайтгача мен бирон кимсадан қўрққан эмасман, лекин сени кўришим билан негадир довдираб қолдим. Менинг бу ерга нима мақсадда келганимдан деярли ҳеч ким воқиф эмасди, сен бир қарашдаёқ билиб олдинг. Шундан сенга қасд қилиб бўлмаслигини тушундим. Сен ростдан ҳам ҳақиқий пайғамбар экансан, Абу Суфённинг гуруҳи эса шайтоннинг тўдаси экан", дея кўнглида борини тўкиб солди ва имон келтириб мусулмон бўлди.
Пайғамбар алайҳис-салом ёвуз ниятли Абу Суфённи қилмишига яраша жазолаб, ўлдириш учун Амр ибн Умайя Замарийга бир кишини қўшиб юбордилар. Улар Маккага келгач, олдин Байтуллоҳни тавоф қилишди. Шу атрофда юрган бир одам Амрни таниб, у бирон шум ният билан келган, дея шовқин солди. Мушриклар ўртасида ғала-говур бошланди, қўлга тушишдан қўрққан мусулмонлар вақтни ганимат билиб, қочиб қолишди. Парвардигори олам мусулмолларга Макканинг калитини ўз қўли билан топшириб, Ислом динига кириши учун Абу Суфённинг ҳаётини сақлаб қолишни ирода қилган экан.