Пайғамбар алайҳис-салом тушларида Масжиди Ҳаромга кириб, ҳаж ибодатларини бажо келтирганларини кўргач, мусулмонларга умра* қилажакларини айтдилар. Қурайшлар қаршилик кўрсатишдан хавфсираб, Мадина атрофидаги кўчманчи арабларни ҳамсафар бўлишга ундадилар, лекин уларнинг пайғамбар бошчилигидаги мусулмонлар уйига соғ-саломат қайтиб келишига кўзи етмай, бола-чақаси билан мол-ҳоли қаровсиз қолишини баҳона қилишди ва кечирим сўрашиб, сафарга чиқишдан бош тортишди. Расулуллоҳ муҳожир ва ансорлардан бир ярим минг одамни олиб йўлга тушдилар. Рафиқалари Умму Салама у кишига ҳамроҳ бўлди. Мадинада расулуллоҳнинг ўринларига ибн Умму Мактум қолди.
Мусулмонлар биров билан урушгани кетмастганини билдириб қўйиш учун қурбонликка сўйиладиган молларни олдинда ҳайдаб боришди. Саҳобаларда қинига солинган қиличдан бошқа қурол йўқ эди. Пайғамбар алайҳис-салом умрага қиличларни яланғочлаб боришни истамадилар. Мусулмонлар Усфонга етиб келишганда Маккага юборилган хабарчи қайтиб келди. У мушриклар мусулмонларни Маккага яқин йўлатмасликка қарор қилиб, урушга тайёрланишаётганини, Холид ибн Валид бошчилигидаги икки юз суворий зиёратчиларнинг йўлини тўсиш учун отланганини айтди.
Вазият кескинлашиб, беҳуда қон тўкилиши мумкинлигини сезган пайғамбар алайҳис-салом: "Бизни ким бошқа йўлдан олиб боради?" деб сўрадилар. Мусулмонлар орасидан бир одам талабгор бўлиб чиқди-да, уларни нотекис, эгри-бугри йўллардан бошлаб, Макканинг этак томонидаги ялангликка олиб чиқди. Бундан хабар топган Холид ибн Валид дарҳол шаҳарга қайтиб, маккаликларга хабарни стказди. Мусулмонлар Мурор* тепалигига келганда пайғамбар алайҳис-саломнинг туяси юрмай чўккалаб олди. "Туянинг бундай одати йўқ эди. Уни филни тўхтатган парвардигор чўктирди. Худо ҳаққи маккаликлар Байтуллоҳни улуғлаш учун қандай шарт қўйишса сўзсиз қабул қиламан", дедилар.
Ҳозирги вазиятда жангга кирса мусулмонлар зафар қучиши аниқ эди. Лекин Оллоҳ таоло келажакда Байтуллоҳни бутун дунё мусулмонларини бирлаштириб, дўстлик, қариндошлик ришталарини мустаҳкамлайдиган зиёратгоҳга айлантиришни ирода қилиб қон тўкилишининг олдини олди ва муқаддас масканнинг ҳурматини ўрнига қўйди. Пайғамбар алайҳис-салом мусулмонларга Ҳудайбиянинг* олис бир четига жойлашишни буюрдилар. Улар ҳали нафас ростлаб улгурмай Маккадан вакил бўлиб келган Будайл ибн Варқо мусулмонлар нима маҳсадда ташриф буюришгани билан қизиқди. Пайғамбар алайҳис-салом мақсадларини баён этдилар. Будайл изига қайтиб, бўлган гапни айтганида у мусулмонлар билан иттифоқдош Хузоа қабиласидан бўлгани учун қурайшлар унинг сўзларига ишонишмади.
"Муҳаммад лашкарлари билан келиб умра қилармишми? Улар билан уруш ҳолатидамиз, араблар эшитишса мусулмонлар Маккага бостириб киришибди, дейишмай-дими? Токи кўзимиз очиқ экан, уларни бу даргоҳга яқин йўлатмаймиз", дейишди. Маккаликлар шунча мусулмоннинг ясов тортиб келишидан муддаоси нималигини уқиб келиш учун қурайшнинг иттифоқдоши Аҳобиш қабиласининг оқсоқоли Хулайс ибн Алқамани жўнатишди. Пайғамбар алайҳис-салом Хулайсни кўриб: "Бу одам қурбонликка аталган молларни бўлакча эҳсон деб биладиган қавмдан, туяларни унинг олдига ҳайдаб боринглар, кўрсин", дедилар. Туялар вакил турган жойга олиб борилди, одамлар Хулайсни Талбия* айтиб кутиб олишди. Мусулмонларнинг нияти беғаразлигини кўрган Хулайс: "Оллоҳ покдир, бу одамларнинг умра қилишига халал бериш инсофдан эмас, улар фақат умра ибодатини бажо келтиргани келишгани кўриниб турибди-ку. Лахам, Жузом, Ҳимир қабилалари Байтуллоҳни зиёрат қилганда нега энди Абдулмутталибнинг авлодини йўлини тўсамиз? Илоё қурайш завол топсин!" деди.
Макка мушриклари Хулайснйнг гапларини эшитиб, ғазабга келишди: "Овозингни ўчир, сен ҳийла-найрангни билмайдиган қишлоқисан", дея койишди ва расулуллоҳнинг ҳузурига Тоиф қабиласининг оқсоқоли Урва ибн Масъудни жўнатишди. У пайғамбар алайҳис-саломга учрашиб: "Эй Муҳаммад, сен тентираб юрган саёқ одамларни тўплаб қурайшлик ўз қариндош-уруғларингга ҳужум қилмоқчимисан? Қурайш халқи зўрвонлик билан Маккага бостириб киришингга йўл қўймасликка қасам ичди. Азбаройи Худо, атрофингга йиғиб юрган бу бетайин одамларинг пайти келганда сени албатта ташлаб кетишади", деди. "Ҳа, тилинг танглайингга ёпишгур, биз пайғамбар алайҳис-саломни ташлаб кетамизми?" деди Абу Бакр ғазабланиб.
Урва расулуллоҳнинг соқолидан тутамлайдиган важоҳатда қўлини пахса қилиб гап бошлаган эди, Муғира ибн Шуба унинг қўлини силтаб ташлади. Урва ҳар қанча жоҳил бўлмасин, мусулмонлар пайғамбар алайҳис-салом таҳорат олган сувни талашишларини, у кишининг ҳузурида баланд овозда гаплашишмасликларини, ҳатто у кишининг юзига тикилиб қарамасликларини кўриб таъсирланди. У Маккага қайтгач, қурайшларга кўрган-билганларини рўй-рост айтди: "Мен Эрон подшоси Кисро, рум подшоси Қайсар, Ҳабашистон подшоси Нажоший ҳузурида бўлганман, лекин уларнинг биронтаси Муҳаммад эришган иззат-икромга, саҳобалар кўрсатган садоқатга эришолмаган. Муҳаммадга эргашганлар уни ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймаслигига амин бўлдим. Муҳаммаднинг талабига розилик бериш керак, тағин ўзинглар биласизлар. Муҳаммад ҳақ, таклифини қабул қилинглар. Мен бутунлай сизлар томондаман, лекин Муҳаммаднинг устидан ғалаба қозонишларингга кўзим етмайди", деди.
Қурайш катталари: "Бемаъни гапларни гапирма. Муҳаммадни бу йил шаҳарга киритмаймиз, янаги йил келсин", дейишди. Пайғамбар алайҳис-салом эса ўз навбатида қурайшларга муддаоларини англатиш учун Усмон ибн Аффонни элчи қилиб юбордилар. Қариндош-уруғини кўриб келишга рухсат олган ўн киши унга ҳамроҳ бўлди. Расулуллоҳ Маккада қолган мусулмонларга ғалаба яқинлиги, Оллоҳ таоло Ислом динини ғолибу музаффар этажаги ҳақидаги хушхабарни етказишни тайинладилар. Усмон Маккага Иббон ибн Сайид Умавийнинг ҳимояси остида кириб, мушрикларга пайғамбар алайҳис-саломнинг гапларини етказди. Мушриклар: "Муҳаммаднинг Маккага зўрлик билан бостириб киришига йўл қўймаймиз", дейишди ва Усмонга Байтуллоҳни тавоф қилишни талаб қилишди. Усмон: "Пайғамбар алайҳис-саломга таъқиқланган иш менга ҳам раво эмас", деб унамади. Гапи ерда қолганидан аччиғланган мушриклар уни қамаб қўйишди. Бу хабар мусулмонларга бошқача тус олиб, Усмон ўлдирилибди, деган тарзда етиб келди. Расулуллоҳ қаттиқ қайғуриб, Усмоннинг ўчини олмагунча қайтмасликка аҳд қилдилар.
__________________
*Умра — Каиъбани Қурбон ҳайитидан бошқа вақтда тавоф қилиш.
*Сониятулмурор — Макка яқинидаги жой ва қудуқнинг номи.
*Ҳудайбия — Макка яқинидаги қудуқ ва шу ном билан аталадиган жой.
*Талбия — Ҳаж қилганда ўқиладиган дуо.