loader

Расулуллоҳнинг Азруҳ ва Жарбо аҳолисига аҳднома ёзиб беришлари

Пайғамбар алайҳис-салом Азруҳ ва Жарбо аҳолисига қуйидагича аҳднома ёзиб бердилар: "Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Муҳаммад пайғамбарнинг Азруҳ ва Жарбо аҳолисига берган ушбу аҳдномаси бу одамлар Оллоҳнинг ва пайғамбарнинг ҳимоясида тинч яшашлари ҳақидаги ҳужжатдир. Улар ҳар йилнинг ражаб ойида роппа-роса юз динор хирож тўлашади. Мусулмонларга панд-насиҳат қилишга ва марҳамат кўрсатишга Оллоҳ кафилдир".
Мино аҳолиси мусулмонларга маҳсулотининг тўртдан бирини бериш шарти билан келишим имзоланди.
Шундан кейин пайғамбар алайҳис-салом саҳобалар билан Шом томонга бориш ҳақида кенгашдилар. Улар: "Эй расулуллоҳ, агар олдинга юришга буюрилган бўлсанг бошлайвер", деди. Расулуллоҳ: "Агар олдинга юришга буюрилган бўлсам, маслаҳатлашиб ўтирмасдим", дедилар. Умар: "Ундай бўлса шу ердан орқага қайтганимиз маъқул. Румликлар сон жиҳатдан биздан кўп, Шомда эса биронта мусулмон йўқ. Душман бизнинг бу ергача келганимизни кўриб, уруш қилишга ботинолмади. Биз мана шу фурсатдан фойдаланиб, қайтиб кетайлик. Кейинчалик вазиятга қараб иш қилармиз. Оллоҳнинг ўзи мушкулимизни осонлаштирадиган бирон йўл-йўриқ кўрсатар", деди. Пайғамбар алайҳис-салом Умарнинг фикрини маъқуллаб қўшинни орқага қайтардилар.

Орқага Олдинга