loader

Бани Саъд ибн Ҳузайим арабларининг элчилари

Пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига Ҳузоа қабиласидан бани Саъд ибн Ҳузайим арабларининг элчилари ташриф буюришди. Улардан Нумон деган элчи бундай ҳикоя қилади: "Биз расулуллоҳнинг ҳузурига келган пайтимизда араблардан ташқари кўпгина давлатлар у кишига бўйсуниб бўлган эди. Уларнинг бир гуруҳи ихтиёрий тарзда, иккинчи гуруҳи эса қиличдан қўрқиб бош эгган эди. Биз Мадинага келиб, қўналға топиб, жойлашганимиздан кейин масжидга йўл олдик. Биз етиб борганимизда расулуллоҳ бир майитнинг: жаноза намозини ўқиётган эканлар. Биз кўпчиликка қўшилиб жаноза намозини ўқимай расулуллоҳ бу ибодатни тугатишларини кутиб, бир четга чиқиб турдик. Расулуллоҳ намоздан фориғ бўлгач, бизни чақириб, кимлигимизни сўрадилар. Биз бани Саъд ибн Ҳузайим арабларидан эканлигимизни айтдик. "Мусулмонмисизлар?" деб сўрадилар расуллуллоҳ. Биз мусулмонлигимизни, фақат пайғамбарга байъат қилмай туриб намоз ўқиш дуруст бўлмасмикин, деб ўйлаганимизни айтдик. Расулуллоҳ: "Ислом динини қаерда қабул қилишингиздан қатъи назар, барибир, мусулмон ҳисобланаверасизлар", дедилар. Биз расулуллоҳга қўл бериб, байъат қилдик ва қўналғамизга қайтиб кетдик. Орамиздаги энг кичигимизни нарсаларимизга қараб ўтиргани қолдирган эдик. Расулуллоҳ бундан хабар топиб, уни чақиртирдилар. Биз уни масжидга бошлаб бордик. У олдинга ўтди-да, мусулмон бўлганини билдириб, пайғамбар алайҳис-саломга қўл берди. Биз: "Эй расулуллоҳ, у бизнинг энг кичкинамиз ва хизматчимиз", дедик. Пайғамбар алайҳис-салом: "Қавмнинг хизматчиси қавмнинг хўжаси ҳисобланади. Оллоҳ уни барокатли қилсин", дедилар. Пайғамбар алайҳис-саломнинг дуолари шарофати билан у Қуръонни яхши ўқийдиган энг яхши одамларнинг бирига айланди. Биз расулуллоҳдан қимматбаҳо совға-саломлар олиб юртимизга қайтдик.

Орқага Олдинга

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР