Шариъати исломия ҳазиллашиб айтилган талоқни талоқ деб ҳукм қилганидан кейин, авло йўлга биноан янглишиб айтилган талоқ лафзи билан ҳам албатта талоқ воқеъ бўлади. Шу боис бир кишини тилидан талоқ лафзи ўзи хоҳламаган ҳолатда чиқиб кетиб қолса, масалан, бир киши аёлига: “Ҳайиз кўряпсиз” дейман деб, уни ўрнига: “Талоқсиз” деб айтиб юборса, шу ҳолатда бир ражъий талоқ воқеъ бўлади. Шунингдек “Субаҳаналлоҳ” дейман деб “Аёлига талоқсан” деб айтиб юборса, бас талоқ воқеъ бўлади. Бу ўринларда қазоан талоқ ҳисобланади, диёнатан эмас. Мазахтомус ва ҳазиллашиб талоқ лафзи айтилганда қазоан ҳам, диёнатан ҳам талоқ воқеъ бўлади.
"بِأَنْ أَرَادَ التَّكَلُّمَ بِغَيْرِ الطَّلَاقِ فَجَرَى عَلَى لِسَانِهِ الطَّلَاقُ أَوْ تَلَفَّظَ بِهِ غَيْرَ عَالِمٍ بِمَعْنَاهُ أَوْ غَافِلًا أَوْ سَاهِيًا - أَوْ بِأَلْفَاظٍ مُصَحَّفَةٍ يَقَعُ قَضَاءً فَقَطْ ، بِخِلَافِ الْهَازِلِ وَاللَّاعِبِ فَإِنَّهُ يَقَعُ قَضَاءً وَدِيَانَةً لِأَنَّ الشَّارِعَ جَعَلَ هَزْلَهُ بِهِ جِدًّا".
“Талоқдан ўзга нарсани гапираман деб, тилидан талоқ лафзи чиқиб кетиб қолса ёки маъносини билмай ғофил ҳолатда ёки хаёлдан кўтарилиб талоқ лафзини талаффуз қилса ёки сўзни (“талаб” дейман деб “талоқ” деб) нотўғри талаффуз қилса, фақат қазоан талоқ воқеъ бўлади. Ҳазиллашувчи ва ўйнашгувчини хилофи ўлароқ. Чунки, бу икки ҳолатда қазоан ҳам, диёнатан ҳам талоқ воқеъ бўлади. Зеро, Шориъ талоқнинг ҳазлини жиддий деб эътиборга олган” (Дуррул мухтор).
"بِأَنْ أَرَادَ أَنْ يَقُولَ : سُبْحَانَ اللَّهِ فَجَرَى عَلَى لِسَانِهِ أَنْتِ طَالِقٌ تَطْلُقُ لِأَنَّهُ صَرِيحٌ لَا يَحْتَاجُ إلَى النِّيَّةِ، لَكِنْ فِي الْقَضَاءِ".
“Субаҳаналлоҳ” дейман деб, тилидан “сен талоқсан” деган ибора чиқиб кетиб қолса, аёли талоқ бўлади. Чунки, у (лафз талоқда) ниятга ҳожат бўлмайдиган сариҳ ҳисобланади. Лекин, (талоқ тушиши) қазоан бўлади”[Дуррул мухтор маъ шомий. Ж. IV. Б. 448-449.].