Тафвизут талоқ ибораларидан бўлган “ихтиёр қил” деган ибора борасида юқорида тўлиқ баҳс ўтди. Тафвизут талоқ ибораларидан иккинчиси “ишинг қўлингда” бўлиб, қуйида у ҳақда бироз тафсилий тарзда баҳс юритамиз. Билингки, “ихтиёр қил” иборасида нималарга эътибор берилса, “ишинг қўлингда” иборасида ҳам ўша нарсаларга эътибор қаратиш лозимдир. “Ихтиёр қил” ибораси билан баъзи суратларда ражъий ва баъзи суратларда боин талоқ тушгани каби “ишинг қўлингда” ибораси билан ҳам баъзан ражъий ва баъзан боин талоқ воқе бўлади. Шунингдек, “ихтиёр қил” ибораси мажлисга чегаралангани каби “ишинг қўлингда” ибораси ҳам мажлисга доирдир. Ихтиёр берилган мажлисдан аёл туриб кетиши билан берилган ихтиёр ботил бўлади. Хуллас, бир масаладан бошқа барча кўринишда “ихтиёр қил” ибораси билан “ишинг қўлингда” ибораси бир хилдир. Лекин, бир масала, яъни “ишинг қўлингда” иборасини айтиб аёлга тафвизут талоқ қилиш билан уч талоқни ният қилиш дурустдир. Леикн, “ихтиёр қил” ибораси билан уч талоқни ният қилиш дуруст бўлмайди. Шунга биноан эр аёлига: “Ишинг қўлингда” деб талоқни тафвиз қилиб, уч талоқни ният қилса ва аёл унга жавобан: “Уч талоқни ўзимга-ўзим воқе қилдим” деса, бас у билан уч талоқ воқе бўлади.
الْأَمْرُ بِالْيَدِ كَالتَّخْيِيرِ فِي جَمِيعِ مَسَائِلِهِ مِنْ اشْتِرَاطِ ذِكْرِ النَّفْسِ أَوْ مَا يَقُومُ مَقَامَهُ وَمِنْ عَدَمِ مِلْكِ الزَّوْجِ الرُّجُوعَ وَغَيْرِ ذَلِكَ سِوَى نِيَّةِ الثَّلَاثِ فَإِنَّهَا تَصِحُّ هَهُنَا لَا فِي التَّخْيِيرِ كَذَا فِي فَتْحِ الْقَدِيرِ.
“Ишинг қўлингда дейишлик унинг барча масалаларида, нафс ёки унинг ўрнига ўтирадиган нарсаларнинг зикр қилиш шартлигида, эр берган ихтиёрни қайтиб ололмаслигида ихтиёринг ўзингда дейишлик кабидир. Лекин, учтани ният қилишда ишинг қўлингда деган сўз ихтиёрининг ўзингда деган иборадан фарқ қилади. Учтани ният қилиш бунда жоиз бўлиб, ихтиёринг ўзингдада жоиз эмасдир” (Фатвои ҳиндия).
Ҳа, “ишинг қўлингда” ибораси билан уч талоқни ният қилиш ва уни воқе қилиш учун тафвизни ният қилиш лозим. Токи, аёлга саҳиҳ тарзда ўзига-ўзи уч талоқ воқе қилиш ихтиёри бўлсин.
وَأَرَادَ بِنِيَّةِ الثَّلَاثِ نِيَّةَ تَفْوِيضِهَا.
“Учни ният қилиш билан уч талоқни топширишни ирода қилди” (Баҳрур роиқ).
“Ишинг қўлингда” иборасидан уч талоқни эътиборга олишда эрни қавлига назар солинади. Эр аёлга: “Ишинг қўлингда” деса ва аёл унга жавобан ўзига-ўзи уч талоқни воқе қилса, эр эса, уни инкор қилса, бас эрнинг инкори қасам билан эътиборга олинади.
فَإِذَا قَالَ الزَّوْجُ نَوَيْت التَّفْوِيضَ فِي وَاحِدَةٍ بَعْدَ مَا طَلَّقَتْ نَفْسَهَا ثَلَاثًا فِي الْجَوَابِ يَحْلِفُ أَنَّهُ مَا أَرَادَ الثَّلَاثَ.
“Эр талоқни топширганидан кейин, унга жавобан аёл ўзини уч талоқ қўйса ва эр мен топширишда бир талоқни ирода қилган эдим деб айтса, эр учтани ният қилмаганлигига қасам ичирилади” (Баҳрур роиқ).