loader

“Ишинг қўлингда” иборасига аёл томонидан қандай жавоб бўлиши лозим?

Эр аёлга: “Ишинг қўлингда” деб талоқ ихтиёрини топширса, унинг жавобида ўша мажлисда аёл томонидан: “Ўзимни ихтиёр қилдим” дейиши зарур ва лозимдир. Чунки, “ишинг қўлингда” ибораси жавобида талоқ воқе бўладиган сўзларни ишлатиш билан талоқ воқе бўлади. Агар унга жавобан аёл: “Ишим қўлимда” деса, бас бу билан талоқ воқе бўлмайди. Хуллас, “ишинг қўлингда” ибораси жавобида “ўзимни ихтиёр қилдим” деб айтиш шарт эмас. Балки, талоқни воқе қилишга салоҳиятли иборалар билан жавоб бериш лозимдир. Масалан, эр аёлига: “Ишинг қўлингда” деди. Аёл унга жавобан: “Сен менга ҳаромсан” ёки “Сен мендан жудо бўлдинг” ёки “Мен сендан боинман” деса, талоқ саҳиҳ тарзда воқе бўлади.

Эр “ишинг қўлингда” ибораси билан аёлга талоқ ихтиёрини берса, аёл эса, уни отасига ҳавола қилса ва ота: “Мен у ихтиёрни қабул қилдим” деса, аёлга талоқ воқе бўлади.

وَقَيَّدَ بِقَوْلِهَا اخْتَرْت نَفْسِي لِأَنَّهَا لَوْ قَالَتْ فِي جَوَابِهِ أَمْرِي بِيَدِي لَا يَصِحُّ قِيَاسًا وَاسْتِحْسَانًا… فَالْأَصْلُ أَنَّ كُلَّ لَفْظٍ يَصْلُحُ لِلْإِيقَاعِ مِنْ الزَّوْجِ يَصْلُحُ جَوَابًا مِنْ الْمَرْأَةِ وَمَا لَا فَلَا إلَّا لَفْظَ الِاخْتِيَارِ خَاصَّةً فَإِنَّهُ لَيْسَ مِنْ أَلْفَاظِ الطَّلَاقِ وَيَصْلُحُ جَوَابًا مِنْهَا كَذَا فِي الْبَدَائِعِ وَلِذَا قَالَ فِي الِاخْتِيَارِ وَغَيْرِهِ لَوْ قَالَ لَهَا أَمْرُك بِيَدِك فَقَالَتْ أَنْت عَلَيَّ حَرَامٌ أَوْ أَنْت مِنِّي بَائِنٌ أَوْ أَنَا مِنْك بَائِنٌ فَهُوَ جَوَابٌ لِأَنَّ هَذِهِ الْأَلْفَاظَ تُفِيدُ الطَّلَاقَ… لَوْ جَعَلَ أَمْرَهَا بِيَدِ أَبِيهَا فَقَالَ أَبُوهَا قَبِلْتهَا طَلُقَتْ.

“Аёл: “Ўз нафсимни ихтиёр қилдим” деган иборани айтиши керак деб мусанниф раҳматуллоҳи алайҳ қайдладилар. Чунки, аёл эрнинг ихтиёр қил деган гапининг жавобида ишим қўлимда деса, қиёсан ҳам, истиҳсонан ҳам дуруст бўлмайди. Асл нарса, эр тарафидан талоқ қўйишга лойиқ бўладиган ҳар бир лафз хотин томонидан жавоб бўлишга ҳам лойиқдир. Ундай бўлмагани жавоб бўлишга ҳам лойиқ эмас. Лекин, хоссатан ихтиёр қил лафзи талоқ лафзларидан бўлмасада, хотин тарафидан жавоб бўлишга лойиқдир. Шунинг учун “Ихтиёр” ва бошқа китобларда эр аёлига: “Ишинг қўлингда” деб айтса ва аёл унинг жавобига: “Сен менга ҳаромсан, сен мендан боинсан ёки мен сендан боинман” деса, жавоб ўрнига ўтади. Чунки, бу лафзлар талоқни ифода қилади. Эр аёли ишини отаси қўлига топширса ва отаси уни қабул қилса, қизи талоқ бўлади” (Баҳрур роиқ).

Орқага Олдинга