loader

Эр аёлга қанча ва қандай талоқ ихтиёрини берса, ўша воқе бўлади

Талоқ қўйиш ҳаққи эрга тегишлидир. Шу боис у қанча ва қандай талоқ ихтиёрини аёлга топширса, аёлга ўша сифатдаги талоқни воқе қилиш ҳаққи мавжуд бўлади. Унга хилоф тарзда ўзига-ўзи талоқ қўйса, эр ихтиёр бергандек талоқ воқе бўлади. Масалан, эр аёлига ражъий талоқ ихтиёрини берса, аёл эса, эрга хилоф тарзда ўзига-ўзи боин талоқ қўйса, бас, ражъий талоқ воқе бўлади. Шунингдек, эр аёлга боин талоқ ихтиёрини берса, аёл эса, ўзига-ўзи ражъий талоқ қўйса, бас бу билан боин талоқ воқе бўлади. Зеро, талоқ қўйиш ихтиёри эрнинг ҳаққи ҳисобланади. У ҳақни қандай сифатда берса, ўшандай сифатда адо бўлади. Гарчи аёл унга хилоф тарзда иш тутсада.
وَإِنْ أَمَرَهَا بِطَلَاقٍ يَمْلِكُ الرَّجْعَةَ فَطَلَّقَتْ بَائِنَةً، أَوْ أَمَرَهَا بِالْبَائِنِ فَطَلَّقَتْ رَجْعِيَّةً وَقَعَ مَا أَمَرَ بِهِ الزَّوْجُ…لِأَنَّ الزَّوْجَ لَمَّا عَيَّنَ صِفَةَ الْمُفَوَّضِ إلَيْهَا فَحَاجَتُهَا بَعْدَ ذَلِكَ إلَى إيقَاعِ الْأَصْلِ دُونَ تَعْيِينِ الْوَصْفِ فَصَارَ كَأَنَّهَا اقْتَصَرَتْ عَلَى الْأَصْلِ فَيَقَعُ بِالصِّفَةِ الَّتِي عَيَّنَهَا الزَّوْجُ بَائِنًا أَوْ رَجْعِيًّا.
"Агар эр аёлига ражъий талоқ қилиш ихтиёрини берган бўлиб, аёл ўзини-ўзи боин талоқ қилса ёки боин талоқ қилишга амр қилган бўлса-ю, аёл ўзини-ўзи ражъий талоқ қилса, эр амр қилган нарса воқе бўлади... чунки, қачонки эр аёлга топширилган талоқ қилиш сифатни тайин қилган эди, аёлга фақатгина талоқни ўзини содир қилиш қолиб, сифатини тайин қилиш унинг хтиёридан чиқди. Гўёки аёл талоқ қилишнинг аслига эга бўлиб, сифатини тайин қилишдан маҳрум бўлди. Бундай ўринда эр боин ёки ражъийни тайин қилса, эр тайин қилган сифатда талоқ тушади" (Ҳидоя).
Бир киши аёлига икки ёки уч талоқ ихтиёрини топширса, бас икки ёки уч талоқ қўйиш ихтиёри аёлга берилади. Агар аёл икки ёки уч талоқ қўйиш ўрнига ўзига-ўзи бир талоқ қўйса, ташқи кўринишдан эр томонидан аёлга топширилган талоқ ихтиёрига хилоф бўлсада, бил иттифоқ бир талоқ воқе бўлади. Чунки, бу борадаги қоида шуки, тафвизут талоқ воқатида эр бирор хос ададни зикр қилса, аёл ундан кам талоқни воқе қилса, бас ўша аёл томонидан ўзига-ўзи қўйилган талоқ воқе бўлади. Зеро, кўпни ичига оз кириб кетади. Эр томонидан аёлга уч талоқ ихтиёри берилса, аёл хоҳласа ўзига-ўзи бир, икки, уч талоқ қўя олади.
Эр аёлгга бир талоқ қўйиш ихтиёрини берса-ю, аёл бир калима билан ўзига-ўзи уч талоқ қўйса, бас Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида у билан на бир, на уч талоқ воқе бўлади, яъни у билан ҳеч қандай талоқ воқе бўлмайди. Чунки, эр уч талоқ таркибидаги бирни эмас, алоҳида бир талоқ ихтиёрини аёлга берди. Эр томонидан аёлга топширилган талоққа аёл хилоф қилгани учун ҳеч қандай талоқ воқе бўлмайди. Лекин, соҳибайн раҳматуллоҳи алайҳларнинг наздида у билан бир талоқ воқе бўлади.
وَلَوْ قَالَ: طَلِّقِي نَفْسَكِ ثَلَاثًا فَطَلَّقَتْ وَاحِدَةً فَوَاحِدَةٌ ولا يقع شيء في عكسه اي لو قال لها طلقي نفسك واحدة فطلقت ثلاثا لا يقع شيء عند ابي حنيفة لانه فوض اليها ايقاع الواحدة قصدا لا في ضمن الثلاث وعندهما تقع واحدة.
"Агар эр аёлига ўзингни-ўзинг уч талоқ қил деса, аёл бир талоқ қўйса, бир талоқ воқе бўлади. Лекин, аксида ҳеч нарса воқе бўлмайди, яъни агар эр аёлига: "Ўзингни бир талоқ қил" деса, аёл ўзини уч талоқ қилса, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида ҳеч нарса воқе бўлмайди. Чунки, эр аёлига учнинг ичидаги бирни эмас, балки алоҳида бирни топширди. Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳлар ҳузурида эса, бир талоқ воқе бўлади" (Шарҳул виқоя).
Фақиҳлар соҳибайн раҳматуллоҳи алайҳларнинг қавлларини рожиҳ ва саҳиҳ деганлар. Аллома Шомий раҳматуллоҳи алайҳ аллома Рамлий раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилиб соҳибайн раҳматуллоҳи алайҳларнинг қавлларини қувватли деганлар.
قَالَ الرَّمْلِيُّ: مُقْتَضَاهُ أَنَّ فِي مَسْأَلَةِ مَا إذَا قَالَ لَهَا طَلِّقِي نَفْسَك وَنَوَى ثَلَاثًا فَطَلَّقَتْ ثِنْتَيْنِ تَقَعُ ثِنْتَانِ لِأَنَّهَا مَلَكَتْ أَيْضًا إيقَاعَ الثَّلَاثِ فَكَانَ لَهَا أَنْ تُوقِعَ مِنْهَا مَا شَاءَتْ.
"Рамлий раҳматуллоҳи алайҳ: "Юқоридаги масаланинг тақозоси шуки, агар эр аёлига: "Ўзингни талоқ қил" деб, учни ният қилса аёл ўзини икки талоқ қилса, икки талоқ воқе бўлади. Чунки, аёл уч талоқни воқе қилишга эга бўлди. Бас, аёл ундан хоҳлаганини воқе қила олади" деганлар" (Раддул муҳтор).
Эр томонидан аёлга бир талоқ қўйиш ихтиёри берилса, аёл бир калима билан уч талоқ қўйиш ўрнига ўзига-ўзи кетма-кет алоҳида-алоҳида уч марта бир талоқдан уч талоқ қўйса, бил иттифоқ бир талоқ воқе бўлади. Масалан, эр аёлга: "Мен сенга бир талоқ қўйиш ихтиёрини бердим" деса. Аёл унга жавобан: "Бир талоқ ва бир талоқ ва бир талоқ воқе қилдим" деса, бас аёл томонидан айтилган аввалги бир талоқ лафзи билан бир талоқ воқе бўлади. Чунки, эр аёлга бир талоқни топширган эди. Аёл томонидан иккинчи, учинчи айтилган талоқ сўзлар билан талоқ воқе бўлмайди. Чунки, эр аёлига фақат бир талоқни топширди, иккинчи, учинчи талоқни эмас.
قَوْلُهُ لَا يَقَعُ شَيْءٌ فِي عَكْسِهِ أَيْ فِيمَا إذَا أَمَرَهَا بِالْوَاحِدَةِ فَطَلَّقَتْ ثَلَاثًا بِكَلِمَةٍ وَاحِدَةٍ عِنْدَ الْإِمَامِ، أَمَّا لَوْ قَالَتْ وَاحِدَةً وَوَاحِدَةً وَوَاحِدَةً وَقَعَتْ وَاحِدَةٌ اتِّفَاقًا لِامْتِثَالِهَا بِالْأُولَى وَيَلْغُو مَا بَعْدَهُ.
"Мусаннифнинг унинг аксида ҳеч нарса воқе бўлмайди деган қавли, яъни эр аёлига бир талоқ қилишни топширган бўлса, аёл бир калима билан уч талоқ воқе қилса, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздиларида талоқ тушмайди. Аммо, аёл: "Бир талоқ, бир талоқ, бир талоқ қўйдим" деса, бил иттифоқ аввалги лафз билан бир талоқ воқе бўлади. Ундан кейингилари бекор бўлади" (Раддул муҳтор).

Орқага Олдинга