loader

Ийлонинг шартлари

Ийлонинг тўрт шарти бўлиб, улар:
1. Маҳаллиятут талоқ – ийло вақтида аёл ийло қилувчининг никоҳида бўлиши. Агар бир киши бегона аёлга тўрт ой ёки унда зиёдо яқинлик қилмайман деб, қасам ичса ва унга уйланиб, тўрт ойгача унга яқинлик қилмаса, бас бу киши ийло қилувчи бўлмайди. Ҳа, агар ийлони никоҳ томонга таълиқ қилиб: “Агар сенга уйлансам тўрт ойгача сенга яқинлик қилмайман” деб қасам ичиб, сўнг унга уйланса, бас бу киши ийло қилувчи бўлади ва никоҳдан кейин ийло боғланади. Агар тўрт ой ичида аёлига яқинлик қилса, қасамини бузган ҳисобланиб, у кишига қасамнинг каффорати лозим бўлади. Шунингдек боин талоқ қўйилган аёлни ҳам ийло қилиш дуруст эмас. Чунки, ийлонинг дуруст бўлиши учун ийло қилинмиш аёл ийло қилувчи кишининг никоҳида бўлиши лозимдир. Боин талоқ билан эр-хотинлик ришталари узилади ва агар боин талоқ қўйилган аёлга ийло қилиб, сўнг унга яқинлик қилиб қўйса, қасам сабабли каффорат лозим бўлади. Ҳа, агар ражъий талоқ қўйилган аёлга ийло қилинса, ийло дуруст бўлади. Чунки, ражъий талоқ ийло маҳалли ҳисобланади. Зеро, ражъий талоқдан кейин ҳам эр-хотинлик боқий қолади. Шу боис ражъий талоқ қўйилган аёл билан қўшилиш мумкиндир. Агар ражъий талоқ иддаси ийло муддати ўтишидан олдин тугаб қолса, ийло соқит бўлади. Чунки, идда тугаганлиги сабабли ийло маҳалли бекор бўлади.
آلَى مِنْ الْمُطَلَّقَةِ رَجْعِيًّا صَحَّ  لِبَقَاءِ الزَّوْجِيَّةِ، وَيَبْطُلُ بِمُضِيِّ الْعِدَّةِ وَلَوْ آلَى مِنْ مُبَانَتِهِ أَوْ أَجْنَبِيَّةٍ نَكَحَهَا بَعْدَهُ أَيْ بَعْدَ الْإِيلَاءِ وَلَمْ يُضِفْهُ لِلْمِلْكِ كَمَا مَرَّ لَا يَصِحُّ لِفَوَاتِ مَحَلِّهِ وَلَوْ وَطِئَهَا كَفَّرَ لِبَقَاءِ الْيَمِينِ .
“Эр-хотинлик ришталарини боқий қолгани сабабли ражъий талоқ иддасида ўтирган аёлни ийло қилиш дурустдир. Лекин, идда тугаши билан ийло ботил бўлади. Боин талоқ иддасидаги ёки бегона аёлни мулкка изофа қилмай ийло қилиб, сўнг унга никоҳланса, маҳал фавт бўлганлиги туфайли ийло дуруст бўлмайди. Лекин, тўрт ой ичида яқинлик қилса, қасамни боқий тургани учун унинг зиммасига каффорат вожиб бўлади” (Дуррул мухтор).
وَلَمْ يُضِفْهُ لِلْمِلْكِ أَمَّا إذَا أَضَافَهُ بِأَنْ قَالَ: إنْ تَزَوَّجْتُكِ فَوَاَللَّهِ لَا أَقْرَبُكِ كَانَ مُولِيًا .
“Мулкка изофа қилинмаса” дейилди, агар мулкка изофа қилиб: “Агар сенга уйлансам, Аллоҳга қасамки, сенга яқинлик қилмайман” деса, ийло қилувчи бўлади” (Раддул муҳтор);
2. Талоққа аҳлият – талоқда қандай шартлар мавжуд бўлса, ийлода ҳам ўша шартлар топилиши лозим, яъни ийло қилувчи киши ақлли, болиғ бўлиши зарурийдир. Шу боис балоғатга етмаган бола ёки мажнун ийло қилишни хоҳласа, унинг ийлоси дуруст бўлмайди.
وَشَرْطُهُ مَحَلِّيَّةُ الْمَرْأَةِ بِكَوْنِهَا مَنْكُوحَةً وَقْتَ تَنْجِيزِ الْإِيلَاءِ الخ  وَأَهْلِيَّةُ الزَّوْجِ لِلطَّلَاقِ .
“Ийлонинг шарти ийло рўёбга чиқаётган пайтда аёлда маҳаллият, яъни ийло қилувчининг никоҳида ва эрни талоққа аҳл бўлиши лозимдир” (Дуррул мухтор).
أَفَادَ اشْتِرَاطَ الْعَقْلِ وَالْبُلُوغِ، فَلَا يَصِحُّ إيلَاءُ الصَّبِيِّ وَالْمَجْنُونِ لِأَنَّهُمَا لَيْسَا مِنْ أَهْلِ الطَّلَاقِ .
“Ийлода ақл билан балоғат шарт қилинади. Балоғатга етмаган бола ва мажнуннинг ийлоси дуруст бўлмайди. Чунки, у иккиси талоқ қўйишга аҳл эмаслар” (Раддул муҳтор);
3. Яқинликни бирор жойга хослаб қўймаслик, яъни ийло қилаётган киши бирор хос жойга хослаб: “Аллоҳга қасамки, уйда сен билан алоқа қилмайман ёки отангнинг уйида яқинлик қилмайман ёки фалон жойда сенга яқинлик қилмайман” деса, бас бу ийло эмас, балки, қасам ҳисобланади. Агар белгиланган жойда яқинлик қилса, қасамнинг бузганлиги каффорати лозим бўлади.
وَمِنْ شَرَائِطِهِ إلَخْ وَمِنْهَا أَنْ لَا يُقَيِّدَ بِمَكَانٍ لِأَنَّهُ يُمْكِنُ قُرْبَانُهَا فِي غَيْرِهِ .
“Ийло бирор макон билан қайдланмаслиги ийло шартларидандир. Чунки, тайин қилинган макондан бошқа жойда аёли билан яқинлик қилиши мумкиндир” (Раддул муҳтор);
4. Тўрт ойдан бирор кунни истисно қилмаслиги. Агар истисно қилса, шаръий ийло бўлмайди. Масалан, бир киши аёлига: “Тўрт ойгача ёки бир йилгача яқинлик қилмайман. Лекин, бундан бир кун истисно” деб айтса, бу ийло бўлмайди. Чунки, бир кун ноаниқ бўлиб, тўрт ойнинг қайсидир бир куни бўлиши мумкин. Ийло эса, тўрт ойдан бир кун ҳам кам бўлмаслиги керак. Агар бир киши аёлига: “Аллоҳга қасамки, бир йил яқинлик қилмайман. Лекин, бир кун бундан мустасно” деса ва кетидан аёли билан яқинлик қилса, сўнг тўрт ой ёки ундан кўпроқ вақт аёли билан қўшилмаса, ийло собит бўлади. Чунки, истисно сабабли ийло йўқ ҳукмида эди. Қасам кетидан қўшилиш билан ийло собит бўлди.
وَمِنْ شَرَائِطِهِ عَدَمُ النَّقْصِ عَنْ الْمُدَّةِ إلَخْ أَوْ قَالَ وَاَللَّهِ لَا أَقْرَبُك سَنَةً إلَّا يَوْمًا لَمْ يَكُنْ مُولِيًا لِلْحَالِ بَلْ إنْ قَرِبَهَا وَبَقِيَ مِنْ السَّنَةِ أَرْبَعَةُ أَشْهُرٍ فَأَكْثَرُ صَارَ مُولِيًا .
“Тўрт ой муддатдан кам бўлмаслиги ийло шартларидандир. Агар бир киши аёлига: “Аллоҳга қасамки, бир кун кам бир йил яқинлик қилмайман” деса, ўша заҳоти ийло қилувчи бўлмайди. Балки, аёлига яқинлик қилгандан кейин қасам ичган йилидан тўрт ёки ундан кўпроқ муддат қолса ийло қилувчига айланади” (Дуррул мухтор).

 

Орқага Олдинга