loader

052. Тур сураси

Тур - тоғ номи. Мусо (а.с.) Аллоҳ билан шу тоғда сўзлашган. У Миср араб республикасининг Синай ярим оролида жойлашгандир.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).

1. Қасамёд этаман Тур (тоғи) билан,
2. сатрланган Китоб (Қуръон) биланки,
3. (у) очиқ саҳифададир;
4. яна Байтул-Маъмур билан,                        
Изоҳ: "Байтул-Маъмур"нинг мазмуни обод уй демакдир. Ундан мурод осмондаги бир даргоҳдирким, беадад фаришталар унга келиб-кетиб турадилар. Демак, фаришталар билан обод уй дегани бўлур.
5. баланд кўтарилган том (осмон) билан
6. ва тўлқинланган денгиз билан-ки,
7. Раббингизнинг азоби, шубҳасиз, воқе бўлувчидир!
8. Уни даф этувчи (куч) ёъқдир.
9.  У Кунда осмон айланур.
10. Тоғлар ҳам (самода тўзон каби) сайр қилур.
11. Ана ўша Кунда (пайғамбарларни) инкор этувчилар ҳолига вой!
12. Улар (залолатга) чўмиб, бепарво ўйнаб юрадиган кимсалардир.
13. У Кунда улар жаҳаннам олови сари ҳайдалурлар.
14. (Ва уларга дейилур): "Сизлар ёлғон деб юрган дўзах мана шудир.
15. Қани, бу ҳам сеҳрми ёки сизлар кўрмаяпсизларми?!
16. Унда тобланингиз! Энди (унинг азобига) хоҳ сабр қилинглар, хоҳ сабр қилманглар- сизларга баробардир! Сизлар фақат ўзларингиз қилиб ўтган қилмишларингиз жазосини олурсизлар".
17. Тақводор зотлар эса боғлар ва неъматлар ичрадирлар.
18. Парвардигорлари ато этган нарсалар билан шод-хуррамдирлар. Парвардигорлари уларни дўзах азобидан сақлагандир.
19. (Уларга айтилур): "Сизлар қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли бемалол енглар ва ичинглар!
20. Қатор сўриларда ястанган ҳолларингизда". Биз уларга кенг, қора кўзли ҳурларни жуфт қилиб берурмиз.
21. Ўзлари имон келтириб, зурриётлари ҳам уларга имон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини қўшиб, уларга қилган амалларидан бирор нарсани ҳам камайтирмаймиз.Ҳар бир кимса ўзи қилган иши билан гаровлангандир.
22. Яна Биз уларни кўнгиллари истайдиган мева ва гўшт билан қувватлантирурмиз.
23. Улар у жойда (шундай шароб) косаларини талашиб (қўлма-қўл) қилиб ичурларки, унда на беҳуда гап ва на гуноҳ иш бўлур.
24. Уларнинг устида гўё (садаф ичида) яширинган гавҳардек (пок ва хушсурат) ғуломлар айланиб (хизмат қилиб) юрар.
25. Улар бир-бирларига қараб, савол-жавоб қилишурлар.
26. Айтурлар: "Ҳақиқатан, бизлар илгари (дунёда) оиламиз орасида (Аллоҳ азобидан) қўрқувчи эдик.
27. Мана, Аллоҳ бизларни мамнун этди ва бизларни "самум" (дўзах шамоли)дан сақлади.
28. Дарҳақиқат, бизлар илгари (дунёда) Унга дуо қилар эдик. Албатта, Унинг Ўзи марҳаматли ва раҳмлидир".
29. Бас, (эй, Муҳаммад,) (инсонларга) эслатма бераверинг, чунки Сиз Раббингизнинг неъмати сабабли коҳин (фолбин) ҳам, мажнун ҳам эмасдирсиз.
30.  Балки, улар (мушриклар): "(Муҳаммад) шоирдир. Бизлар унга замон ҳодисотлари (етиши)ни кутармиз", - дерлар?!
31. Айтинг: "Кутаверинглар! Мен ҳам сизлар билан бирга кутувчилардандирман".
32. Балки, уларни "ақллари" мана шунга буюрар?! Ёки улар туғёнга кетган қавмдирлар?!
33. Балки, улар: "(Муҳаммад Қуръонни) ўзи ичидан тўқиб олган",- дерлар?! Ёъқ, улар имон келтирмаслар!
34. Бас, агар ростгўй бўлсалар, ўзлари ҳам ўша (Қуръон)га ўхшаш бирор сўз (китоб) элтирсинларчи?!
35. Ёки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратувчисиз) яралиб қолганмилар?! Ёки улар ўзлари яратувчимилар?!
36. Ёки осмонлар ва Ерни ҳам улар яратганмилар?! Ёъқ, улар ишонмаслар!
37. Ёки уларнинг ҳузурларида Раббингизнинг хазиналари борми?! Ёки улар (бутун борлиқни) бошқариб турувчимилар?!
38. Балки, уларда (чиқиб, фаришталарнинг сўзларини) эшитиб оладиган нарвон бордир?! У ҳолда уларнинг эшитиб олувчиси аниқ ҳужжат келтирсин!
39. Ёхуд қизлар (фаришталар) Унга-ю, ўғиллар сизларгами?
40. (Эй, Муҳаммад,) балки Сиз улардан (пайғамбарлигингиз учун) ҳақ сўраётгандурсизки, улар (ўша) тўловдан қийналгандирлар?!
41. Ёки уларнинг ҳузурларида ғайб (илми) бўлиб, улар (ундан кўчириб) ёзиб олаётирларми?!
42. Балки, улар (Сизни ҳалок қилиш учун) бирор ҳийла қилмоқчидирлар?! У ҳолда ўша кофир бўлган кимсаларнинг ўзлари "ҳийла"га гирифтор бўлурлар.
43. Ёхуд улар учун Аллоҳдан ўзга илоҳ борми?! Аллоҳ уларнинг ширкларидан покдир!
44. Агар улар (устиларига) осмоннинг бир парчаси тушаётганини кўрсалар ҳам "Бу қалин булутдир", - дерлар.
45. Бас, (эй, Муҳаммад,) Сиз уларни, то ўзлари ҳалок қилинадиган кунларига рўбарў бўлгунларича, қўйиб беринг!
46. У Кунда уларнинг ҳийлалари ҳеч фойда бермас ва уларга ёрдам ҳам берилмас.
47. Албатта, золим (кофир) бўлган кимсалар учун бундан (Қиёматдан) илгари (дунёда) ҳам азоб(лар) бордир. Лекин, уларнинг аксарияти (буни) билмаслар.
48. (Эй, Муҳаммад,) Сиз Раббингизнинг ҳукмига сабр қилинг! Зотан, Сиз Бизнинг кўз ўнгимизда (ҳимоямизда)дирсиз! (Тонгда уйқудан) турган пайтингизда, Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг!
49. Шунингдек, кечадан (вақт ажратиб) ва юлдузлар юз ўгиргач (ботгач), (саҳарда) ҳам Унга тасбеҳ айтинг.

Орқага Олдинга