loader

114. Нос (Инсонлар) сураси

Маккада тушган, 6 оятдан иборат
«Ан-нос» сўзи луғатда «инсонлар» деган маънони билдиради. Бу сурада жинлар ва инсонлардан бўлган, кишиларни васвасага солиб йўлдан урадиган «шайтон»ларнинг ёмонлигидан ёлғиз Парвардигорга сиғиниб паноҳ сўраш лозимлиги уқтирилади. Сурада Аллоҳ таолонинг уч сифати: рубубият, маликият ва улуҳият сифатларини ёд этган ҳолда фитнага сабаб бўладиган васвасадан асрашини сўраш буюрилган. Бунинг сабаби, нафс ва бадан ҳимоясидан кўра дин ҳимояси муҳимлигидир.  

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Паноҳ излайман: одамлар Парвардигоридан;
Қуръони каримнинг биринчи сураси Фотиҳадаги каби унинг охирги сураси Насда ҳам ҳар бир иш, ҳар ҳолатда Аллоҳ таолонинг Ўзидангина паноҳ, мадад сўраш зикр этилади. Чунки Аллоҳ таоло одамларни яратган, уларга тўғри йўлни кўрсатган, уларнинг яхши-ёмон ишларини охиратда ҳисоб-китоб қиладиган, мукофот ё жазо белгилайдиган ҳар нарсага қодир Зотдир. «Роббин-нас» (одамлар Парвардигори) дейилишининг боиси – одамлар кўпинча ғурур ва кибрга бориб, ўзларини улуғ санашади.  Аммо улар қанчалик зўр, улуғ бўлишмасин, уларни яратган ва шу ҳолга келтирган Парвардигорнинг Ўзидир. У шунчалик буюк ва қудратлики, одамларни инсонлар шайтонларидан ҳам, жинларнинг шайтонларидан ҳам фақат Ўзигина асрай олади. Шунинг учун ёлғиз Унинг Ўзидан паноҳ сўралади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нас, Фалақ, Ихлос сураларини ўқиб, яҳудийлар сеҳридан асрашини Аллоҳ таолодан сўраганлар. Уқба ибн Омирдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Аллоҳ таоло менга мисли кўрилмаган оятларни нозил қилди», дедилар ва Фалақ, Нас сураларини ўқидилар» (Имом Термизий ривояти).
2. одамлар Подшоҳидан;
Ҳар қандай ҳолатда ҳам инсонлар ўзларининг энг буюк Подшоҳларидан паноҳ сўрашлари керак. Шайтон васваса қиладими, жинлар зарар етказмоқчи бўладими, инсонларнинг шайтонлари ёмонлик қилишни истайдими, барибир ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидан, бутун оламлару одамларнинг қудратли Подшоҳидан паноҳ сўралади.
3. одамлар Илоҳидан;
Ушбу сурада Аллоҳ таоло инсонларга инс ва жин шайтонлари ёмонлигидан сақланиш йўлларини ўргатади. Шайтон ёмонлигидан сақланишни сўраган кишини Аллоҳ Ўзининг рубубийят, маликийят ва улуҳийят сифатлари билан дунё ва охиратда ҳимоя қилишини баён этади. «Рубубийят»нинг маъноси: Аллоҳ таоло осмонлар ва Ернинг Парвардигори, ягона яратувчиси, бу оламнинг эгаси ёлғиз Ўзи экани, тасарруф қилишда ҳеч қандай шериги йўқлиги, барча махлуқларга ризқ берувчи, ҳамма ишларида бош-қош, фойда ва зарарни ҳам фақат Ўзи берувчи, ҳамма нарса ёлғиз Унинг иродаси ва истагига боғлиқ эканига ишонишдир. «Улуҳийят»нинг маъноси эса: ибодатда, бўйсунишда, итоатда, осмонлару Ерда Аллоҳ таолонинг ҳеч қандай шериги, ўхшаши йўқ, деб билишдир. Аллоҳ таоло маликийят ва улуҳийят сифатларини эслатиш билан инсонларнинг подшоҳ ва ҳукмдорлари бўлса-да, уларнинг ҳақиқий подшоҳи, илоҳи, маъбуди фақат Ўзи эканини билдиради. Шунинг учун ҳам инсонлар фақат Унинг Ўзига сиғиниб, фақат Унинг Ўзидан паноҳ сўрашлари лозим.
4. Яшириниб оладиган васвасачи ёмонлигидан;
«Яшириниб оладиган васвасачи» шайтондир. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига унинг ёмонликларидан паноҳ сўрашни буюряпти. Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) ушбу оят тафсирида бундай деганлар: «Шайтон одам боласи қалбига ёпишиб олгандир. Агар инсон Аллоҳни унутиб, Унинг зикридан ғафлатда бўлса, шайтон уни васвасага солади, агар Аллоҳни зикр этса, ўзини четга олади».
5. одамлар дилига васваса солувчи –
Яна Аллоҳ таолодан одамлар ва жинларнинг шайтонларидан ҳам паноҳ сўраш лозим. Чунки улар ҳамиша инсонларни васавасага солиб, миясига турли ёмон хаёлларни олиб келади, тўғри йўлдан адаштиради, гуноҳларга бошлайди, охиратни унутиб, дунё лаззатларига ғарқ қилишни истайди. Анас ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, «Пайғамбаримиз эътикофда ўтирганларида Сафия бинти Хуйай (розиаллоҳу анҳо) онамиз у зотнинг зиёратларига келдилар. Тун бўлганидан Пайғамбаримиз Сафия онамизни кузатишга чиққанларида икки ансорий (мадиналик) учраб қолди. Улар Расулуллоҳни кўргач, қадамларини тезлатишди. Шунда Сарвари олам: «Шошманглар, бу Сафия бинти Хуйай», дедилар. Улар «Субҳаналлоҳ!» (Аллоҳ бизга бундай ёмон хаёлларни келтиришдан покдир, маъноси бор), дейишди. «Шайтон одам боласининг қон томирларида юради, унинг қалбингизга бирор ёмонлик солишидан қўрқдим», дедилар Пайғамбаримиз» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
6. жинлар ва инсонларнинг шайтонларидан».
Яъни, жинлар ва инсонларнинг шайтонларидан паноҳ беришини Аллоҳдан сўранг. Ояти карима шайтонлар икки хил бўлишини баён этяпти. Инсонларни васвасага солувчи ё жинлар шайтони ёки инсонлар шайтони бўлиши мумкин. Жинлар шайтони кўринмай туриб, дилингизга турли васаваса-ғалаёнларни солади, Аллоҳнинг ҳидоятидан ва ибодатидан чалғитади, гуноҳ ишларни чиройли қилиб кўрсатади. Инсонларнинг шайтонлари ҳам ёвузликда, душманликда улардан қолишмайди. Улар инсонларни гуноҳ ишларга бошлайди, аёллари ҳийла-ишвалар билан зинога чорлайди, бир-бирларига уриштиради, хулласи жамиятни нотинч, пароканда қилади. Ҳасан ибн Али (розийаллоҳу анҳу): «Васаваса қилувчи икки шайтондир: жинлар шайтони инсонлар қалбини васваса қилади, инсонлар шайтони очиқчасига келади», деган. Қатода (розийаллоҳу анҳу) айтади: «Жинлардан ҳам, инсонлардан ҳам шайтонлар бор. Аллоҳдан инс ва жин шайтонлари ёмонлигидан асрашини сўранг». Демак, қалб қачон Аллоҳ таолонинг зикри билан машғул бўлса, Уни ёд этса, шайтон хор ва мағлуб ҳолда қочади. Агар қалб Аллоҳ зикрини унутса, шайтон кучаяди ва қалбни осонгина мағлуб этади.
ИККИ «ҚУЛ АЪУЗУ…» СУРАСИ ФАЗИЛАТЛАРИ
Ҳазрати Оишадан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар кеча тўшакларига ётишда икки кафтларини очиб, «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъузу бироббил фалақ», «Қул аъузу бироббин-нас» сураларини ўқиб, дам солар, сўнг баданларига қўллари етганича сурардилар. Олдин бошлари, юзлари, олд томонларига сурардилар, буни уч марта қилардилар» (Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий ривояти).
Ҳазрати Оишадан (розийаллоҳу анҳо) яна бундай ривоят бор: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар касал бўлсалар, икки «Қул аъузу…» сурасини ўқиб, ўзларига дам солардилар. Касаллари оғирлашганида эса мен бу икки сурани ўқиб, баракали бўлгани учун ўз қўлларини баданларига сурар эдим» (Имом Молик ривояти). 

Орқага Олдинга