loader

069. Ал-ҳааққа

Маккада нозил бўлган бу сура 52 оятдан иборат. Сура номи илк оятида келган «ал-ҳаққа» сўзидан олинган. «Ҳаққа» га турли маънолар берганлар. «Ҳақ» сўзи асосидан келганлиги учун,барчасида ҳақ ва ҳақиқат маъноси бор. Кўпроқ «Қиёмат» маъноси ҳам берилган.

Бандаларга дунё ва охиратда меҳрибон бўлган Аллоҳ таоло номи билан бошлайман

1-12. Қиёмат воқеъ бўлади. Қиёмат нимадир? Нима нарса сени хабардор қиладики, Қиёмат нимадир? Саму қавми ва Од қавми Қиёматни такзиб (инкор) қилди. Аммо Самуд қавми қаттиқ овоз билан ҳадок қилиндилар. Аммо Од қавми, бас, уларни ҳаддан ташқари қаттиқ шамол билан ҳалок қилинди. Уларнинг тепасига етти кеча ва саккиз кундуз шамолни мусаллат қилинди. Кеча ва кундуз бетўхтов жорий бўлар эди. Бас, у қавмни ер юзида йиқилиб ётганини кўрар эдинг. Гўёки томири билан ердан суғуриб ташланган хурмо дарахтининг танасидек. Уларнинг ҳеч бирови ер юзида боқий қолмагандир. Фиръавн ва ундан аввал ўтган кофирлар ва муътафикот аҳли гуноҳ ишлар қилган эдилар ва ўз пайғамбарларига итоатсизлик қилган эдилар. Бас, Парвардигор уларни қаттиқ муаҳаза қилди. Нуҳ (а.с.) замонида, вақтики, туфон суви туғён қилганда, Биз сизларнинг боболарингиз Нуҳ (а.с.)ни кемага кўтардик, токи сизларга бу воқеани ибрат қилдик. Сақловчи қулоқлар бу воқеани ёдда тутсин.

13-18. Вақтики сур бир бор тортилса (чалинса), ер билан тоғлар кўтарилиб, бир-бирига урилиб майда қилинади. Гард ва ғуборга айланади. Ўша кунда Қиёмат қоим бўлади. Осмон ёрилади. Ўша вақт осмон суст мулойим бўлиб қолади. Ўша кунда малоикалар осмоннинг атрофида турадилар. Парвардигорнинг аршини саккизта малоикага бошларига кўтарадилар. Ўша кун сизларнинг феълларингдан ва сўзларингдан ҳеч бир махфий нарса қолмай, ошкора бўлади. Ўзларинг ҳам Худога рўбарў қилинасизлар.

19-29. Аммо Номаи аъмолини ўнг қўлига берилган одам бениҳоят хурсанд бўлиб айтадики: «Келинглар менинг Номаи аъмолимни ўқинглар. Мен аниқ билдимки ўз ҳисобимга (амалимга) мен рўбарў бўлгувчиман.яъни ҳисобимнинг осонлигига яқин келдим». Бас, у одам Олий Жаннатда мақбул тириклик қилади. Унинг мевалари терувчиларга яқиндир. Жаннатда ризвон, яъни боғбони айтадики: «Бу дарахтнинг меваларидан енглар ва шарбатларидан ичинглар. Сизларга муборак бўлсин, чунки сизлар у дунёда яхши амаллар қилдиларинг. Аммо Номаи аъмоли чап қўлига берилган шахс надомат билан айтадики: «Эх кошки менга бу нома берилмаса эди, мен бу жойда расво бўлмас эдим. Эх кошки ҳисобим нима (нималигини) билмасам эди. Эх кошки,у дунёдаги ўлим мени фано қилувчи ўлим бўлганда эди, бугун мен тирилмас эдим. Менинг молим мендан азобни даф қилмади. У дунёдаги улуғлигим ҳаммаси йўқ бўлиб кетди.»

30-37. Худо тарафидан малоикаларга амр қилинадики: «Буни ушланглар ва бўйнига ҳалқа солинглар, кейин ўтга ташланглар». Кейин малоикалар у банданинг бўйнига ҳалқа соладилар ва оёғига занжир боғлайдилар. Унинг узунлиги етмиш газ бўлади. Кейин: «Уни Дўзах тарафига тортинглар»,-деб амр қилинади. Чунки бу улуғ Парвардигорга иймон келтирмаган эди. Ва ҳам оч-мискинларга таом беришгатарғиб қилмас эди. энди бугун уни ҳимоя қилувчи хешу ақрабоси йўқдир. Ва унга ейишга таом ҳам йўқдир, магар дўзахийларнинг зардоби бор. Уни гуноҳлардан бошқа ҳеч ким емайди.

38-52. Бас, сизларнинг ер юзида кўриб турган нарсаларингизга ва сизлар кўра олмайдиган нарсаларга қасамёд қиламан. Албатта Қуръон улуғ Аллоҳ таолонинг сўзидир, муҳтарам Расул тиловатларидир. Шоирнинг сўзи эмас, лекин сизлар ишонмайсизлар. Фолбиннинг сўзи ҳам эмас, лекин сизлар ундан панд олмайсизлар. Балки Парвардигори олам тарафидан нозил қилингандир. Агар пайғамбар бизнинг тепамизга баъзи ёлғонларни тўқиганида эди, уни қувват билан ушлаган бўлар эдик. Кейин унинг юрагининг томирини узиб ташлаган бўлар эдик. Бас, у ҳалок бўлган бўлар эди. Сизлар ундан ҳалокатни даф қила олмас эдиларинг. Билингларки, албатта Қуръон мутаққийларга панд ва насиҳатдир. Биз биламизки, сизлардан инкор қилувчилар бор. Бу Қуръон кофирларга ҳасрат ва надоматнинг сабаби бўлади. Қуръон гумонсиз ҳақдир. Худо тарафидан нозил қилингандир. Эй Муҳаммад, улуғ Парвардигорнинг номини поклик билан ёд қилгин. 

Орқага Олдинга