loader

078. Набаъ сураси

Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 40.
Тартиб рақами: 78.
Сура маъноси: хабар, маълумот.
Суранинг бошқа номи: ъамма, тасаул.

Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм

1. Улар бир-бирларидан нима ҳақида сўрамоқдалар?
Макка мушриклари инкор маъносида бир-бирларидан нима ҳақида сўрамоқдалар, бир-бирлари билан нима ҳақида суҳбатлашмоқдалар?
Ҳасан Басрий айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ тарафидан пайғамбар қилиб юборилиб, Аллоҳнинг тавҳидини, ўлимдан кейин қайта тирилиш борлигини баён қилиб, уларга Қуръондан оятлар ўқиб берганларида, улар бир-бирларига: “Муҳаммад нима олиб келибди” қабилида бир-бирларига савол бера бошладилар. Шунда мазкур оят нозил бўлган” (Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Макка мушриклари нима ҳақида савол қилаётганлари келаси оятда баён қилинади.

2. Улуғ хабар ҳақида (сўрашмоқда).
“Улуғ хабар” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган, шаъни улуғ, аҳамияти катта бўлган хабардир. Қатода: “Улуғ хабар қайта тирилишдир”, деган. Яъни, улар бир-бирларидан улуғ бир хабар  – ўлгандан сўнг қайта тирилиш ҳақида сўрашмоқда. Аммо улар билмаганларини билиб, ўзларида илм ҳосил қилиш учун эмас, балки инкор ва истеҳзо маъносида бермоқдалар бу саволларини.

3. Улар у ҳақида ихтилофдадирлар.
Макка мушриклари ўзлари сўраётган нарса ҳақида ихтилоф қилмоқдалар. Баъзилари: “Ўлгандан сўнг қайта тирилиш мумкин бўлмаган нарса”, деса, яна бошқаси бунга шубҳа билан қарар эди.

4. Йўқ! Улар яқинда биладилар.
Йўқ! Макка мушриклари бекор айтибдилар. Қайта тирилиш бўлмайди, қиёмат қоим бўлмайди, деганлари ёлғон. Балки қиёмат ҳақ, ҳисоб ҳақ. Сизлар, эй мушриклар, яқинда – жонларингиз таналарингиздан чиқарилаётганда ёки қиёмат куни унинг асл ҳақиқатини билиб оласизлар.

5. Яна бир бор йўқ! Улар яқинда билиб оладилар.
Бу жумла таъкидлаш учун қайтарилмоқда. Яъни, яна бир бор йўқ, сизлар инкор қилаётган, бўлиши мумкин эмас, деяётган қиёмат ва у кунда қайта тирилиш, ҳисоб қилиниш бор. Буни яқин орада аниқ билиб оласизлар.
Макка мушриклари қайта тирилишни инкор қилишлари баён қилингач, энди Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи, У Зот йўқдан бор қилиб, уларни қайта ярата олишига ҳужжат бўладиган тўққизта ақлий далил келтирилади.

6-7. Биз Ерни тўшак ва тоғларни қозиқлар қилиб қўймадикми?!
Бу ердаги савол таъкидни билдиради. Яъни, манавилар қандай қилиб қайта тирилишни инкор қиладилар. Ахир улар Аллоҳнинг чексиз қудрати ва ҳикматига ҳар лаҳзада гувоҳ бўлиб турибдилар-ку?! Улар Ерга бир назар солсинлар. Аллоҳ одамлар фойдаланишлари учун Ерни худди тўшакдек юмшоқ ва бешикдек қулай қилиб қўйган-ку!
“Ва тоғларни қозиқлар қилиб қўймадикми?!”
Аллоҳ таоло махлуқотлар ва устидаги бор нарсани силкитиб, остин-устин қилиб юбормаслиги учун тоғларни Ерга қозиқ қилиб қўйган.
Ушбу ва бундан кейин келадиган Аллоҳнинг қудратига ишора қилувчи оятлардан: “Аллоҳ таолонинг бу ишларни қилиши осон. Бунинг олдида қиёмат куни ўликларни қайта тирилтириб, уларни ҳисоб қилиш ундан ҳам осон”, деган маъно келиб чиқади.

8. Биз сизларни жуфт қилиб яратдик.
Аллоҳ таоло бутун махлуқотни, хусусан одамзотни, бир-бирига таянч ва қувват бўлиши, қалби таскин топиши, наслнинг давомийлигини сақлаб қолиши учун жуфт-жуфт, яъни эркак ва аёл қилиб яратди.

9. Биз уйқуларингизни ором (вақти) қилдик.
Аллоҳ уйқу ҳолатини сокин ва оромбахш, инсонлар танаси ва асаблари тин оладиган, тирикчиликнинг серташвиш юмушларидан бўшаб, хордиқ чиқарадиган вақт қилиб қўйди.
Ушбу оятга Муҳаммад Саййид Тантовийнинг “Ал-Васит” номли тафсирида: “Уйқуларингизда ором олиб, сўнг уйқудан уйғонишингиз худди ўлгандан сўнг қайта ҳаётга қайтарилишингизга ўхшайди”, деб маъно берилган.

10-11. Биз кечани либос  ва кундузини тирикчилик (вақти) қилдик.
Худди либос баданни ёпиб, беркитиб тургани каби тун ҳам ўз зулмати билан барча нарсани, хусусан инсонларни кўздан беркитиб туради. Шу сабаб ҳам ояти каримада тун либосга ўхшатилмоқда.
“Ва кундузини тирикчилик (вақти) қилдик”.
Аллоҳ тунни махлуқотлар учун уйқу вақти, кундузни эса бандалари тирикчилик ишларини олиб борадиган, ризқ талабида ҳаракат қиладиган пайт қилиб қўйган.
Шундан сўнг бандалар эътибори осмондаги мўъжиза ва аломатларга қаратилади:

12. Устларингизга етти мустаҳкам (осмон)ни бино қилдик.
Аллоҳ таоло етти мустаҳкам ва баланд осмонларни бино қилди. Осмонларнинг мустаҳкамлиги шундайки, улар ўз жойига маҳкам ўрнашган бўлиб, шунча давр ва замон ўтишига қарамай, Аллоҳнинг изни бўлмагунича завол топмайди, бирон ерга силжимайди ва махлуқотлар устига тушиб ҳам кетмайди.

13. Ва чарақлаб турувчи чироқни (пайдо) қилдик.
Жамики маълуқотлар манфаат олиши учун Аллоҳ таоло зиёси ва ҳарорати ўта кучли бўлган Қуёшни яратди.
Қуёш ҳам Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи энг катта аломатлардан саналади. Бу ерда у “чарақлаб турувчи чироқ” дея зикр қилинмоқда. Ҳозирги ривожланган илм-фан бу нарсанинг сирини очди. Қуёшни замонавий телескоп орқали кўрилса, у худди ўзидан олов чиқараётган машъалага ўхшаши ўз тасдиғини топди.

14. Биз сиқиб чиқарувчи (булут)лардан кўп миқдорда сув ёғдирдик.
Аллоҳ таоло махлуқотлар учун булутлардан кўп миқдорда баракали ёмғир ёғдиради. Бу ҳам ҳар бир махлуқотнинг ҳаётида катта аҳамиятга эга. Зеро, сувсиз ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Сув махлуқотлар ризқига сабаб бўлувчи бош омилдир.

15-16. У (ёмғир) сабабли дон ва ўсимлик ҳамда бир-бирига қўшилиб кетган боғларни чиқаришимиз учун (шундай қилдик).
Яъни, Биз Ердан одамлар ейдиган ва захира қилиб қўядиган, чорваларига едирадиган дон – буғдой, шоли, арпа, жўхориларни, турли ўсимлик ва гиёҳлар, таъми, ҳиди ва ранги турфа хил бўлган мевалардан иборат қуюқ боғларни чиқариш учун осмондан кўп миқдорда ёмғир ёғдирамиз.
Аллоҳ таоло мушриклар қиёмат кунини ёлғонга чиқаришганини баён қилиб, қиёматнинг содир бўлишига ақлий далиллар келтиргач, энди қиёмат кунида содир бўладиган баъзи ҳодисаларни келтиради.

17. Албатта ажрим куни белгиланган вақт бўлди.
Инсонлар беҳуда яратилганлари йўқ. Уларга неъматларни берган Зот энди уларни беҳуда тарк қилиб қўймайди, кимдир имон келтириб, яхшиликлар қилган, кимдир куфр келтириб, ер юзида турли бузғунчиликларни содир этган, кимдир зулм қилган, яна кимдир зулм кўрган. Буларнинг ҳеч қайсиси изсиз кетмайди, ўлиб тупроққа айланиш билан якунланмайди, балки ҳали ҳисоб бор, мукофот ёки жазо бор. Бу кун қиёмат кунидир! Бу кун охират кунидир! Ана ўша кун қачон содир бўлиши белгилаб қўйилган.
У кунда коинотнинг низоми бузилиб, Аллоҳнинг изни билан баъзи ҳодисалар юз беради. Жумладан,

18. У кунда сур чалиниб, сизлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб келасизлар.
“Сур” пуфлаш асбоби бўлиб, биз унинг қандай эканини билмаймиз. Сурнинг қандай сифатга эга эканини билишга ҳаракат ҳам қилмаймиз. Чунки бу нарса имонимизни зиёда қилмайди. Зеро, бу ғайб илмидандир. Фақат ўша куни сур чалинишига имон келтирамиз, холос.
Ана ўша кунда сур чалишга тайинланган фаришта Исрофил алайҳис салом Аллоҳ таоло амри билан сур чалгач, одамлар қабрларидан туриб гуруҳ-гуруҳ бўлиб, турли ҳолат ва шаклда маҳшаргоҳга келадилар.
Бу ердаги сур чалиниш иккинчисидир. Биринчи бор сур чалинганида барча жонзотлар ўлади ва кейингисида қиёматгача бўлган жамики бандалар қайта тирилиб, Аллоҳнинг ҳузурига йўл оладилар.

19. Осмон очилади ва эшикларга айланади.
Ўша кунда мустаҳкам осмоннинг кучли тизгини очилади, улкан борлиқнинг низоми бузилиб, осмон бўлакларга бўлинади ва худди очиқ эшикларга ўхшаб қолади.
Баъзилар: “Осмон ёрилиб, турли йўлларга бўлинади ва ундан фаришталар тушиб келадилар”, дейишган (Қаранг: Фурқон, 25).

20. Тоғлар учирилиб, саробга айланиб қолади.
“Сароб” аслида чўлдаги чанқаб турган одамнинг кўзига сув бўлиб кўринган нарса. Аслида у ҳеч нарса эмас. Ушбу оятда айтилишича, қиёматда ўзининг улканлиги ва пурвиқорлиги билан одамларни ҳайратга солиб келадиган, дунёда Ерни силкиниб кетишидан сақлаб турадиган катта тоғлар ҳам саробга, кичик зарраларга айланиб қолар экан. У тоғлар шундай майда зарраларга бўлиниб кетганидан узоқдан қаралса, бир нарсага ўхшаб кўринса ҳам, яқинлашганда унинг ҳеч нарса экани маълум бўлади.

21. Албатта жаҳаннам кўз тикиб турувчидир.
Жаҳаннам қиёмат куни қаттиқ қиздирилиб, ёмон амаллари сабаб у ерга тушувчиларни кўз тикиб, илҳақлик билан, худди сергак пойлоқчи каби кутиб туради. Жаҳаннамдаги азоб берувчи фаришталари ҳам у ерга тушадиган осий бандаларни азоблашга шайланиб турадилар.
Хўш, ўзига тушувчиларни азоблашга тайёр бўлиб турган жаҳанамга кимлар тушади.

22. (У жаҳаннам) туғёнга тушувчилар учун макондир.
Аллоҳнинг амрини четлаб ўтиб, ўз ҳавойи нафси билан овора бўлиб, ўз ҳолича, хоҳлаганича ҳаёт кечириб ўтган исёнкор бандалар учун ана ўша кўз тикиб турган жаҳаннам макон бўлади.
Ҳасан Басрий ва Қатодалар: “Ҳар бир банда жаҳаннамдан ўтмагунича жаннатга кирмайди. Агар унга рухсат берилса, нажот топади. Акс ҳолда жаҳаннамда ушлаб қолинади”, дейишган (“Тафсийру ибни касийр”).

23. Улар у ерда узоқ муддат қоладилар.
Туғёнга кетганлар жаҳаннамга тушишгач, у ердан чиқиб кетишмайди, абадул-абад, ниҳояси ва чек-чегараси бўлмаган муддатгача шундай азоб-уқубатларни тортадилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд айтади: “Агар аҳли жаҳаннамлар дўзахда дунёда турганчалик муддат туришларини билганларида, хурсанд бўлар эдилар. Агар аҳли жаннатлар жаннатда дунёда турганчалик муддат туришларини билганларида, хафа бўлар эдилар” (Ҳусайн Ибн Масъуд ал-Бағавий, “Маолимут танзийл”).

24. Улар у ерда бирон салқинликни ҳам ва бирон ичимликни ҳам тотмайдилар.
Исёнкор бандалар жаҳаннамга абадий қоладиган бўлиб киришгач, у ерда турли-туман қийноқларга дучор бўладилар. Ана ўша азоблардан бири мана шу оятда айтилмоқда. Қаттиқ иссиқ бўлиб турган жойда одам салқин ичимлик ичишни хоҳлайди. Аммо жаҳаннамдагиларга салқин берадиган ва чанқоқларини босадиган бирон ичимлик берилмайди. Балки,

25. Фақат қайноқ сув ва йирингнигина (тотадилар).
Осийлар жаҳаннамда бирон салқинликни ҳис қилмайдилар, чанқоқни босувчи ичимликни ҳам ичмайдилар, балки азоблари янада зиёда бўлиши учун қайноқлиги ўта юқори даражада бўлган, ичилганда томоқ ва қоринни куйдириб юборувчи сув ва аҳли жаҳаннамлар баданидан оқиб тушадиган тер, қон ва йирингнигина ичадилар.

26. (Бу уларнинг гуноҳларига яраша) муносиб жазодир!
Аллоҳ уларга зулм қилиб, жаҳаннамга бесабаб ташлагани йўқ, балки улар дунёда содир этган қилмишларига яраша жазо олмоқдалар.

27. Улар ҳисоб(-китоб бўлиши)га ишонмас эдилар .
Ўша исёнкор бандалар кофир бўлдилар, турли гуноҳ ва маъсият ишларни қилиб келдилар. Сабаби улар қиёмат кунига, Аллоҳ даргоҳига қайтишлари ва ҳисоб-китобга ишонмас, уни ёлғон дер, қиёмат кунидан қўрқмас, оқибатлари аянчли тугашига беписанд қарардилар.

28. Ва Бизнинг оятларимизни қаттиқ ёлғонга чиқарар эдилар.
Улар Аллоҳнинг борлиги, пайғамбаларнинг ҳақ экани ва Қуръони карим Аллоҳ таоло даргоҳидан нозил қилинганига далолат қилувчи кўпдан-кўп ҳужжат ва далилларни қаттиқ инкор қилишар, куфрда оёқ тираб туриб олишарди.

29. Ваҳоланки, Биз ҳар бир нарсани ҳисоб қилиб ёзиб қўйганмиз.
Аллоҳ таоло илми шомил ва барча нарсадан кенгдир. У Зот бандалар қиладиган барча амалларни ҳисобга олиб қўйган, фаришталар уларнинг номаи аъмолларига дунёда айтган ҳар бир сўзларию қилган ишларини битиб, муҳрлаб қўядилар.
Туғёнкор кофирлар жаҳаннамда минг бир азоб ичида қийналиб турганларида, таҳқирлаш ва азобни янада ошириш мақсадида уларга қарата шундай дейилади:

30. Бас, (эй кофирлар жаҳаннамдаги азобларни) тотиб кўринглар! Биз сизларга азобдан бошқасини ҳаргиз зиёда қилмаймиз!
 Сизлар оятларимизга имон келтирмай, ҳақ йўлни четлаб ўтиб, ҳавойи нафсингизга эргашган экансиз, энди бунинг эвазига жаҳаннамдаги турли хил аламли, қаттиқ оғриқ берувчи азобларни тотиб кўринглар. Сизларга шу хилдаги азобдан бошқаси зиёда қилинмайди!
Абдуллоҳ ибн Амр айтади: “Жаҳаннам аҳли ҳақида ушбу оятдан ҳам шиддатлироқ бирон оят нозил қилинмаган. Улар учун абадул-абад фақат Аллоҳнинг азоби зиёда қилинади”, деган (Абд ибн Ҳумайд, Ибн Жарир ва Ибн Мунзир ривояти).

31. Албатта ютуқ тақводорларникидир.
Бу ердаги “ютуқ”дан мурод “жаннат” ва “Аллоҳнинг розилиги”дир. Яъни, албатта ютуқ, нажот ва жаҳаннам азобидан озод бўлиб жаннатга кириш Аллоҳ таолога ҳақиқий имон келтирган, ўзини У Зот рози бўлмайдиган ҳаром ишлардан сақлаб юрадиган тақводор бандаларгагина насиб бўлади. Зеро, чиройли оқибат тақво эгалариникидир!

32-33. (Улар учун жаннатда) боғлар ва узумлар ҳамда тенг ёшли, кўкраги бўлиқ (гўзал ҳур)лар бордир.
Тақводор бандалар жаннатда турли ноз-неъматлардан баҳраманд бўладилар. Жумладан, улар учун тотли суви ва мевали дарахтлари бўлган гўзал боғлар, хурмо ва узумлар ҳамда турфа хил мевали дарахтлар бордир. Қайси мевадан ейишни хоҳласалар, ҳеч қийналмай ундан узиб тановул қилаверадилар. Жаннат мевалари ўзига хос таъмга эга. Кўринишидан дунёдаги меваларга ўхшаса-да, лекин мазаси ва ҳузур бахш этиши мутлақо ўзгача. Жаннат мевалари мукаммалдир. Уларда ғўрлик, нуқсон, кўнгил айнитиш ва бошқа камчиликлар бўлмайди.
“Ҳамда тенг ёшли, кўкраги бўлиқ (гўзал ҳур)лар бордир”.
Жаннатийлар учун ҳусни-жамолда бир хил бўлган дуркун, тенг ёшдаги ҳурлар, соҳибжамол аёллар бордир. Улар кўзларини тиювчидирлар. Уларга ўзгаларнинг ҳам нигоҳи тушмайди. Жаннатийларни чодирларда кутиб ўтирадилар. Жаннат ҳурларига уларга эга бўлувчи тақводорлардан олдин бирон инсон ёки жин тегмаган бўлади. Улар шу даражада чиройлики, худди беркитилган дур, ёқут ҳамда маржонга ўхшаб кетадилар.

34. (Шунингдек, улар учун) тўла қадаҳлар бордир.
Жаннатийлар учун ақлни кетказмайдиган, маст-аласт ҳолга келтирмайдиган, ўзига хос сифатга эга бўлган тотли ичимликлар тўла қадаҳлар ёш ғуломлар томонидан улашилади. Улар хоҳлаганча ундан ичиб, ҳузурланадилар. Бу ичимликнинг охири,  дунёдаги хамрлар каби мастлик ва уруш-жанжал эмас, балки роҳат ва лаззатдир.

35. Улар у ерда лағв ва ёлғон (сўзлар)ни эшитмайдилар.
Жаннат ҳаёти дунёникидан тубдан фарқ қилади. Жумладан, у ерда бекорчи, беҳуда ва ботил сўз ва гаплар, уруш-жанжалга сабаб бўладиган ёлғончилик ва ғийбатлар бўлмайди. Сабаби жаннат саломатлик жойи ва нуқсонлардан холи макондир.
 
36-37. (Бу) Парвардигорингизнинг – осмонлар ва Ернинг ҳамда улар орасидаги нарсаларнинг Парвардигори бўлмиш Раҳмоннинг мукофоти ва етарли яхшиликдир. Унинг (изни)сиз гапириш (имкони)га эга бўлмайдилар.
Мўмин ва тақводорлар дунёда қилган солиҳ амаллари эвазига Аллоҳ томонидан берилган неъматлар етарли, кифоя қилувчи, қаноатлантирувчи ва давомийдир.
“Осмонлар ва Ернинг ҳамда улар орасидаги нарсаларнинг Парвардигори бўлмиш Раҳмоннинг...”
Яъни, мана шу неъматлар осмонлар ва Ернинг ҳамда улар ўртасидаги барча нарсаларнинг Яратувчиси, Эгаси ва тадбир қилиб турувчиси, раҳмати барча нарсадан устун бўлган Зот – Аллоҳ таолонинг мукофоти ва етарли яхшилигидир.
“Унинг (изни)сиз гапириш (имкони)га эга бўлмайдилар”.
Осмонлар ва Ер аҳли Аллоҳ таоло рухсатисиз бирон сўз айтишга, Ундан бирон нарса сўрашга, Унинг изнисиз бирон нарса қилишга эга бўлолмайдилар, балки Унинг ҳузурида сукут сақлаб турадилар.

38. Ўша куни Руҳ  (Жаброил) ва фаришталар саф бўлиб турадилар. Раҳмон изн берган ва тўғри сўзлаганлардан бошқалар гапира олмайдилар.
Қиёмат кунида фаришталар ва уларнинг энг улуғи Жаброил Аллоҳ таолонинг даргоҳида бўйин эгган, ўзларини ҳокисор тутган ҳолларида саф тортиб турадилар.
“Раҳмон изн берган ва тўғри сўзлаганлардан бошқалар гапира олмайдилар”.
Аллоҳнинг муборак ҳузурида турганларидан Жаброил ва бошқа фаришталар гапиришга қодир бўлмайдилар. Фақат У Зот изн берганларгина гапиради ва гапирганда ҳам рост гапни, Аллоҳни рози қиладиган сўзни сўзлайдилар.
Ибн Аббос, Абу Солиҳ ва Икрималар бу ердаги “тўғри сўз”ни тавҳид калимаси, яъни “лаа илааҳа иллаллооҳ”дир деб тафсир қилишган (Ибн Жарир, Ибн Мунзир ва  Байҳақий ривояти).
Қиёмат кунида содир бўлувчи воқеалар ҳақида айтилгач, энди ғафлат уйқусида мудраб ётган бандаларни сергак торттириш учун шундай дейилади:

39. Бу ҳақ кундир. Бас, ким хоҳласа, Парвардигорига қайтиш йўлини тутади.
Мана шу қиёмат куни ҳақ! Унинг содир бўлишига, ўша кунда ҳисоб бўлишига ҳеч қандан шубҳа йўқ. Бу кун ҳақида ўзаро тортишиб, бир-бирига савол бериб ихтилоф қилиш ўринсиз. Фақат у кунга ҳозирлик кўриш керак, холос. Ким хоҳласа, вақт борида солиҳ амаллар қилиб Парвардигорига яқинлашсин, имон ва тоат билан Аллоҳга қайтсин, У Зотнинг савоби ва мукофотига эришишга шошилсин, азоби ва жазосидан ўзини сақлаб қолсин!

40. Биз сизларни яқин(да содир бўладиган) азобдан огоҳлантирдик. Ўша куни ҳар бир киши ўзи қилган нарсага назар солади ва кофир кимса: “Эҳ, қани энди тупроққа айланиб қолсам!!!” деб (орзу қилиб) қолади.
Яъни: эй кофирлар, Биз сизларни, яқинда содир бўлувчи қиёмат кунидаги азобдан огоҳлантирдик. Ўша кунда ҳар бир инсон дунёда қилиб ўтган яхши ва ёмон амалларига қараб қолади – яхши амаллари кўп бўлса, бундан хурсанд бўлади. Агар ёмон амаллари кўп бўлса, ҳасрат-надоматга тушиб, қаттиқ пушаймон чекади.
“Ва кофир кимса: “Эҳ, қани энди тупроққа айланиб қолсам!!!” деб (орзу қилиб) қолади”.
Абдуллоҳ ибн Амр айтади: “Қиёмат қоим бўлса Ер чўзилади ва барча ҳайвонлар, ҳашоратлар бир жойда тўпланилиб, улар орасида шзаро қасос олиб бериилади. Ҳатто шохли қўчқордан шохсиз қўчқорнинг қасоси олиб берилади. Шу иш адо этиб бўлингач, уларга: “Тупроққа айланинглар!” дейилади. Шунда кофир: “Эҳ, кошки мен ҳам тупроққа айланиб қолсам!!!” деб қолади .

Орқага Олдинга