loader
Foto

Шаръий ҳийла

Истилоҳда эса луғавий маъносидан хосроқ, бажарувчини бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтқазадиган махсус иш маъносидадир. У кейинчалик урфда мақсадга олиб борадиган махфий йўлда юриш маъносида кўп ишлатиладиган бўлиб кетган. Бирор ишнинг чораси ва йўлини топишни ҳам ҳийла дейиш мумкин. Халқимиз орасида ҳийла ушбу маънода истеъмолда бўлиб, Ғафур Ғуломнинг “Ҳийлаи шаръий” ҳикоясидаги воқеа ҳам ана шу маъно асосига қурилган. Бундан кўриниб турибдики, ҳийла урфимизда тўлақонли, ўз маъносида ишлатилмайди.

Ҳийлалар машруълиги эътибори билан шаръий ва ҳаром ҳийлага бўлинади.

Шаръий ҳийлалар:

Бу турдаги ҳийлалар гуноҳдан халос бўлиш учун, ҳалолга ёки ҳаққа етишиш ёхуд ботилни даф қилиш учун ишлатилади. Бу ҳийлалар машруъ усулни бузмайди ва шаръий манфаатга зид келмайди. Бу турдаги ҳийлалар уч хилдир:

А) Ҳийла ҳаром бўлиб, у билан машруъ амалга етишиш кўзланади. Масалан кишининг бировда ҳаққи бўлади. Биров эса уни тан олмайди, бунисида эса ҳужжат йўқ. Ҳақ эгаси шунда иккита ёлғон гувоҳни келтиради ва улар бу ҳақ тўғрилигини билмай туриб гувоҳлик беришади. Бундай турдаги ҳийлани ишлатган одам восита учун гуноҳкор бўлади, мақсад учун эмас.

Б) Ҳийла шаръий бўлиб, машруъ ишга олиб боради. Шариат натижаларга олиб бориш учун машруъ этган байъ, ижара каби сабаблар бунга мисол бўлади.

В) Ҳийла машруъга восита сифатида кўрилмайди. Лекин киши уни машруъга васила сифатида ишлатади. Гапдаги жоиз сўз ўйинларига ўхшаш.

Ҳийлалар ичида жоизлиги шубҳасизи, тараддудга боис бўлгани ва ихтилофлилари бор.

Ҳаром бўлган ҳийлалар

Улар ҳаромга етишиш учун, ҳақларни ботил қилиш ва уларга шубҳа киритиш учун амалга оширилган ҳийлалардир. Бундай ҳийлалар билан шаръий усул бузилади ва у машруъ манфаатга зид келади. Ҳаром бўлган ҳийлаларнинг ҳам шубҳасиз ҳаромлари, ҳамда тараддуд ва ихтилофга боис бўлганлари ҳам бор.

Ҳаром бўлган ҳийлалар ҳам уч турлидир:

А) Ҳийла ўзи ҳаром бўлиб, у билан ҳаромга етишиш мақсад қилинади. Мисоли, эр хотинини уч талоқ қилади ва ҳалола қилиш шармандагарчилигидан халос бўлишни хоҳлайди. Шунинг учун мавжуд никоҳини қандайдир камчилик туфайли саҳиҳ бўлмаган ҳисоблайди. Чунки фосид никоҳда талоқ жоиз бўлмайди.

Б) Ҳийла ўзи мубоҳ бўлади, лекин у билан ҳаром қасд қилинади. Қароқчилик қилиш ёки гуноҳсиз кишини ўлдириш учун сафар қилиш каби.

В) Ҳийла аслида ҳаромга эмас, балки машруъга восита сифатида қўйилган бўлади. Лекин ҳийлакор уни ҳаромга васила қилади. Мисол, бир киши ворисига васият қилишни хоҳлайди. Бунинг учун атайлаб ундан қарзи борлигига иқрор бўлади ва бу иқрорни меросхўрга васият қилиш йўлида ишлатади. Чунки шариатимизда меросхўрга васият қилиш мумкин эмас.

Энди ҳийланинг машруъ эканига тўхталсак.  Аллоҳ таоло: “Фақат бирон ҳийла (чора топиш)га қодир бўлмай, ҳижрат йўлини истаб топа олмай чорасиз қолган кишилар, аёллар ва болалар борки, бундайларни шояд Аллоҳ авф этса. Зотан, Аллоҳ афв этгувчи, мағфират қилгувчи бўлган зотдир.” (Нисо сураси, 98-оят), дейди. Оятдаги ҳийладан кофирлардан халос бўлиш, бунинг учун чора ториш ирода қилинган. Бундай ҳийла маҳмуд бўлиб уни қилган савоб олади.

Машруъ сабабларни риоя қилиш ҳам мусаббабларни ҳосил қилишда ҳийладир. Ейиш, ичиш, кийиш ва сафар қилишга ўхшаш. Мисол, ейиш сабаб, қорин тўйиши мусаббаб. Қорин тўйишига ейишни ҳийла деб кўрилади. Шунингдек ҳамма шаръий келишувлар, ҳатто вожиби, мустаҳаби ва мубоҳларигача келишилган нарсани қўлга киритиш учун ҳийла ҳисобланади. Демак ҳийла машруъ сабаб экан, машруъга олиб борадиган сабабни манъ қилишда маъно йўқдир.

Манфаатларини қўлга киритиш йўлларини билмасликдан, ҳийла қилолмасликдан ожиз киши шариатиизда мазмумдир. Чунки у яхшилик ва ёмонлик йўлларининг очиқ ва махфийсидан хабардор эмас. Агар буларни билганида Аллоҳ ва Расули севадиган маҳмуд мақсадларга турли ҳийлалар билан етишишни ўрнига қўярди. Уни алдаш ва макр қилишни қасд этганларнинг очиқ ва яширин ёвузликларидан сақланиш учун огоҳ бўларди. Саҳобалардан Ҳузайфа ибн Ямон розийаллоҳу анҳу одамлар ичида ёмонлик ва фитналарнинг энг билимдони эди. Одамлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яхшиликлар ҳақида сўрашарди. Ул зот эса учраб қолишдан қўрқиб ёмонлик ҳақида сўрардилар.

Ҳийлаларнинг ҳаром қилиниш сабаби – улар шаръий усулларни бузиши ва шаръий манфаатларга зид келишидир. Агар улар бу маънога хилоф бўлмаса ва шаръий усулларни бузмаса, уни маън қилишда маъно йўқдир. Балки бу ҳолда улар машруъ бўлади.

Шариат куфрга мажбурланган кишига жонини сақлаш учун куфр калимасини айтишга ижозат беради. Бунда жонни сақлаш учун ҳийла қилиш бор. Бу ўриндаги ҳийла ислом калимасини айтиб жонни сақлашга ўхшайди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам шундай маънода: “Агар улар “ла илаҳа иллаллоҳ” дейишса мендан жонлари ва молларини сақлашади”, деганлар. Бу икки ҳолат, яъни ўзи эътиқод этмаган калималарни талаффуз қилишнинг маъноси дунёвий мақсад – жонни сақлаб қолишдир. Иккала томонга ҳам зоҳирда ислом ҳукмлари жорий қилинди.

Ҳаромдан ҳалолга чиқиш ва гуноҳлардан халос бўлиш шаръан вожиб иш. Унинг учун воситалар ва сабабларни ушлаб, ҳийла қилиш ҳам шаръан матлубдир. Аллоҳ таолонинг Сод сураси 44-оятида: (Яна Биз Айюбга айтдик): «Қўлингга бир боғ (новдани) олиб, у билан (хотинингни) ургин – қасамингни бузмагин», дейиши қасамни бузиш нохушлигидан чиқишга ҳийладир. 

И з о ҳ. Айюб алайҳис-саломни касаллик чоғларида боқиб парвариш қилган хотинлари бир куни у кишига бепарволик кўрсатганида, Айюб пайғамбар диллари оғриб «Тузалганимда, албатта сени юз қамчи ураман», деб қасам ичган эканлар. Шу боисдан шифо топганларидан сўнг, Аллоҳ таоло у кишига ичган қасамларининг устидан чиқишлари учун юзта новдани бир боғлам қилиб боғлаб, у билан хотинларини бир марта уришга амр қилди.

Зино қилган заиф киши ҳаққида ҳам Пайғамбар (с.а.в.) шундай қилганлар. Буни Абу Умома ибн Саҳл ривоят қиладилар. У кишининг хабар беришича, Расулуллоҳ (с.а.в) нинг саҳобаларидан бўлмиш бир ансорий айтади: “Улардан бир киши ҳолсизликдан шикоят қилади. Унинг эти суягига бориб ёпишганди. Ҳузурига бирларининг жорияси киради. Унга ҳуш муомалада бўлиб, яқинлик қилиб қўяди. Уруғидан кишилар кўргани киришса уларга бўлган ишнинг хабарини беради ва: “Менга Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳукмларини сўраб беринглар. Ҳузуримга жория кирганда яқинлик қилиб қўйдим”, деди. Улар Расулуллоҳ (с.а.в.) бўлган воқеани зикр қилиб: “Одамлардан бирортасида унга етганчалик балони кўрмадик. Агар уни ҳузурингизга кўтариб келсак суяклари бўлиниб кетади, у фақат этга ёпишган суяк холос”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг учун юзта хивчин олиб, улар билан уни бир марта уришга буюрдилар.

Яна бир далил, Абу Саид ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) бир одамни Хайбарга амалдор қилиб юбордилар. У яхши хурмо билан Ул зот олдиларига келди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Хайбарнинг ҳамма хурмоси шунақами?”, дедилар. У: “Йўқ. Валлоҳи ундай эмас ё Расулаллоҳ, биз бунинг бир соъини икки соъга, икки соъини уч соъга оламиз”, дея жавоб қилди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Бундай қилма. Ёмонларини дирҳамларга сотда, сўнг ўша дирҳамларга яхшисини сотиб ол”, дедилар. Пайғамбар (с.а.в.)нинг дирҳамларга хурмо сотиб олишга буюришларида, уни мислига сотиб олишдан қайтарганликларида ҳалол бўлмаган рибодан ҳалол бўлган байъга чиқиш бордир. Бу гуноҳдан чиқишдир.

Ҳаром ҳийлаларнинг ҳаромлигига далиллар:

Ҳаром бўлган ҳийлалар алдов, макр ва фирибга, ҳамда ҳаромга етишиш учун бўлган машруъ ва номашруъ воситаларга асосланади. Бунга мисоллар:

“Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар: “Аллоҳнинг элчиси ҳалол қилиб берувчи ва ҳалол қилиб берилганни лаънатладилар”. Чунки бунда никоҳ номи билан никоҳ ақди рад этадиган ёки ақд ҳукмларидан хорижда бўлган нарса, хотиннинг талоқ қилган эрига қайтариш ётади. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳалол қилиб берувчининг никоҳи ҳақида сўралганда: “Йўқ. Илло рағбат никоҳи бўлсин. Сохта никоҳ бўлмасин. Аллоҳнинг китобини истеҳзо қилмасин. Сўнг унинг асалчасидан тотсин”, деганлар.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яҳудийларнинг ҳаромга ҳийла қилишганини мазаммат этиб шундай дейди: “Орангиздан шанба кунида ҳаддан ошган кимсаларни билдингиз. Бас, Биз уларга: «Бадбахт маймунларга айланингиз», дедик”. (Бақара сураси, 65-оят) Чунки Аллоҳ таоло яҳудийларга шанба куни бирор иш қилишни ҳаром этганди. Шунда улардан айримлари чуқурча қазиб денгизга анҳор чиқариб қўйишарди. Шанба куни бўлганда анҳорни очиб қўяр, тўлқинлар балиқларни ҳайдаб келиб қазиган чуқурларига отарди. Якшанба куни бўлганда эса келиб, чуқурга йиғилиб қолган балиқларни олиб, буларни якшанба куни овладик, дейишарди. Шунинг учун улар маймунга айлантирилиб жазоланди. Зотан улар ҳийла йўли билан ҳаромни ҳалолга айлантириб олишганди.

Мақола сўнгида Ғофур Ғуломнинг “Ҳийлаи шаръий” ҳикоясидаги ҳолатга тўхталиб ўтсак;

Биринчидан хотиндан қутилишнинг бошқа шаръий йўли – талоқ мавжуд. Унга ҳикояда келтирилган ҳолатсиз ҳам эришса бўлади.

Иккинчидан, шариатимизда эмизишда насаб собит бўлишнинг ёшда белгиланган миқдори бор. Ёши улуғ кишининг эмиши насабни собит қилмайди.

Учинчидан, шариатнинг ҳукмларини бундай нотўғри талқин қилиб, кулиш эътиқодда ноҳуш ҳолатга тушиб қолишга сабаб бўлади. Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Шайтоннинг адоват ва ҳийлалари