loader
Foto

Мусибатлар: синовми ёки жазо?

Шундай бўлишига қарамай, турли хил одамларнинг динга қандай амал қилишларига қараб ҳаётларида ҳам ўзига яраша фарқлари борлиги яққол кўзга ташланиб туради. Ўшанда Аллоҳ таолога бўлган иймон, турли хил ҳаёт синовларидаги сабр ва кейинги ҳаётдаги ажрлар ҳақида ўйга толишга мажбур бўлиб қолар экансан.

Масалан, бир аёлни биламан – бир қарашда мўмина ва солиҳа аёлдир. У Исломга жуда қаттиқ амал қилади, хатто макруҳ шубҳаларидан ҳам парҳез қилади. Сўзларида доим Аллоҳ таолони зикр қилади, Расулуллоҳ с.а.в ҳадисларини айтиб юради. Унинг атрофида хотиржамлик ва қандайдир сакийна ҳам бор.

 Унинг ҳаёти – эрига итоат, кўчага кам чиқиш, доимий меҳнатдан иборат. У учун асосий нарса - фарзадлар тарбияси. Шундай бўлса ҳам, баъзан унинг бошига тушган мусибатлар ҳақида эшитиб қоламан: сурункали касаллик ва жисмоний оғриқ, ҳожат, яқин ва азиз бўлган қариндошлари тарафидан қўпол муомала. Ҳеч ким унинг қадрига етмайди ва фарзандлари ҳам ҳурмат қилмайди, эри эса бахил ва доим уни хафа қилади: ташқи кўриниши ҳамда диндорлигини танқид қилади ва аёлига бир тийин ҳам сарф қилмайди. Акаси эса, дунёвий тадбирларида ҳижоби учун доим мазаҳ қилади. Ҳатто қариб қолган онаси ҳам унинг устидан кулади. Бироқ, шундай бўлишига қарамай, у қариндошлик ришталарини жойига қўяди.

Яна бир аёл бор, эркин яшайди, диндан узоқ. У ёш, турмуш қурмаган ҳамда унинг таниш хушторлари кўп. У клубларга бориб туради, экзотик мамлакатларга саёҳат қилиб, очиқ-сочиқ кийинади. Унинг қариндошлари билан муносабатлари аъло, уни дўстлари ва ҳамкасблари ҳам яхши кўради. Саломатлигида муаммоси йўқ ва ҳар кунги жисмоний тарбия эвазига кўриниши ҳам ёмон эмас. Иш жойи ҳам яхши, молиявий тарафдан ҳам бировга қарам эмас, кўнгли истаган нарсага қўли етади.

Шу икки муслима аёлни қиёслаганимда (балки нотўғри қилаётгандирман) Аллоҳ таоло ҳикмати ҳақидаги билимларим боши берк кўчага кириб қолади. Ўйлаб нимага шундай эканини охирига ета олмайман. Нега тақводор мўмин ва мўминаларнинг боши қийинчиликлардан чиқмайди, очиқ гуноҳкорларга эса ҳаётнинг барча яхшиликлари насиб этади?

Одам бошига тушган мусибатлар - иймонининг синови-ми ёки гуноҳлари учун жазо-ми, буни қандай билса бўлади?

Агар гуноҳлар учун муаммо, оғриқ ва бошқа мусибатлар ёғдириладиган бўлса, очиқ гуноҳ қилиб юрганларга кўп яхшиликлар ёғмаган бўлар эди. Шундай эмасми, ахир? Солиҳлар эса, гоҳ у ердан гоҳ бу ердан балоларга дуч келмасмиди?

Аллоҳ таоло cуйган бандаларига синов беради

Қуръони каримни юзаки ўқишнинг ўзиёқ ёки унинг оятларини чуқур тафаккур қилиш бир нарсани ойдинлатади: Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарлари зиммасида оғир юклар қўйилган – жисмоний, ижтимоий ва руҳий – ва улар Раббимизнинг рисолатини қанчалик кўп тарғиб қилганлари сайин, уларнинг зиммасидаги юк ҳам оғирлашиб борган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб, мўминларни бу дунё қийинчиликлари билан синаши ҳақида зикр қилган:

    «Албатта, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз...» (Қуръони карим, 2:155).

Демак, Аллоҳнинг набийлари ва диний камолотга эришган мўминлар ҳақида гап кетиб, уларнинг динга тўлиқ амал қилганларида, одатда ушбу воқеалар рўй беради: Аллоҳга бўлган иймон нури ҳатто пирпирамай, эртанги кунга ишончи эса қатъий бўлган бир мўъмин ҳаёт кечирмоқда. Вақти-вақти билан қийналмасдан савоб ишлар қилиб қўйди, ортиқча тақвоси ҳам йўқ. Унинг учун асосийси – дунё ташвишлари.

У катта хурматга эга ва кўринишига қараганда ўзига тўқ. Ва кутилмаганда унинг диндорлиги уйғониб кетади: у Аллоҳга қайтади ва шу ондан бошлаб Исломга амал қилишни бошлайди. Бироқ, шу вақтдан бошлаб унинг бошига бирин- кетин синов ва мусибатлар кела бошлайди. Аллоҳ таолонинг пайғамбарларига ҳам ваҳий келиб, одамларга даъват қилишни бошлаганидан шундай бўлиб келган.

Исломга кўра, яшаш фақат мусибат ва балоларни келтиради, “эркин”, “умуминсоний қадриятлар” асосида яшаш хотиржамлик, фаровонлик ва равнаққа ўхшаб кўринади. Диндорлик билан даҳрийлик ўртасидаги зоҳирий номувофиқликнинг катталиги туфайли, эътиқод масаласида иккиланаётган аксарият одамлар қўлини осмонга кўтарганча: йўқ, раҳмат, бизга дин керак эмас, биз дунёвий неъматлардан роҳатланишни истаймиз, турли-туман синовларни эса бошдан кечиришни мутлақо хоҳламаймиз, - дея ҳайқирмоқдалар.

Жазо ёки синов эканини қандай аниқлаймиз?

Демак, икки савол қолди?

-    Аллоҳ таоло нега бизларга синов юборади, айниқса иймонимиз холис эканини билганидан сўнг? Умуман олганда нега бизни синаш керак, ахир у ҳамма нарсадан хабардор-ку?

-    Бу дунё қийинчиликлари гуноҳларимиз учун берилаётган жазо-ми ёки синовнинг бир тури-ми, буни қаердан биламиз?

Қўйилган биринчи саволга уч нуқта орқали жавоб:

1.  Аллоҳ таоло мўминни қийинчиликлар билан синаш орқали унинг хусни хулқи ва сабрини бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатади ва бу нарсаларни ўргатган динга бошқаларни яқинлаштиради.

2.  Аллоҳ таоло бу дунёда бундай кишилар ва уларга берилажак ажрнинг миқдори ортишини хоҳлайди. Қийинчилик қанчалик сабр-бардош билан кутиб олинса, жаннатдаги мукофот ҳам шунча кўп бўлади, инша Аллоҳ.

3. Бошдан кечирилган қийинчиликлар ҳикмат, сабр, интизом, ўз қадр-қимматини билиш ҳисси, яхлитлик ва бошқа кўплаб фазилатларни тарбиялаш имкониятини беради ва енгил-елпи ҳаёт кечираётган шахслар бундай фазилатларга эриша олмайдилар. Бошидан кўплаб қийинчиликларни кечирган одамларнинг кўнгли раҳмдилликка кўпроқ мойил бўлади, чунки оғриқни бошидан кечирганлари боис, унинг нима эканлигини яхши англайдилар.

Иккинчи саволга жавоб янада осон: иймонимиз даражаси, амалларимиз ва мусибатга тушган чоғимиз ва мусибатдан халос бўлганимиздаги ҳаракатларимиздан бу мусибатлар иймонимиз учун синов-ми ёки гуноҳларимиз учун жазо-ми аниқ ва равшан бўлади.

Мазкур синовлардан сўнг Аллоҳ таолога тўлиқ таслим бўлдингиз-ми, Унга чин қалбдан ихлос ила тавба қилиб қайтдингиз-ми ва мазкур синовдан сўнг, солиҳ амалларингизни кўпайтирдингиз-ми? Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун бошингизга тушган мусибатларга сабрлимисиз, Аллоҳ таоло тақдирига рози бўляпсиз-ми?

Ёки Аллоҳ таолога жаҳл қилиб, таслим бўлиш ўрнига қарши чиқяпсизми? Тақдиридан нолиб, итоатсизликни зиёда қилиб, Исломдан янада узоқлашиб кетмадингиз-ми? Мусибат ва фожиалар туфайли иймонингизга дарз тушмади-ми? Исломга шубҳа билан қарайдиган бўлиб қолмадингиз-ми, Аллоҳ таолодан мадад сўраш ўрнига Роббингиз Аллоҳ таъқиқлаган нарсалардан мадад сўраб юбормадингиз-ми?

Тақдиримиздаги мусибат ва фожиаларнинг муҳим ўрин тутганидан пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассалом дунё қийинчиликларида Аллоҳ таолодан мадад сўрашга ўргатар эди.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:

“Мусибатнинг катталигига қараб, улуғ мукофотлар берилади. Агар Аллоҳ бирон қавмни яхши кўрса, унинг бошига мусибат солади. Бас, ким (Аллоҳнинг тақдиридан) рози бўлса, унга ҳам розилик бўлади. Ким ғазабланса, унга ҳам ғазаб бўлади” (Термизий, Ибн Можа, Байҳақий ва Қузоъий ривояти. Ривоят санади ҳасан-саҳиҳ).

Sadaf Farooqi мақоласи асосида

Абу Муслим тайёрлади