loader
Foto

Интернетдаги троллар кимлар?

Ёки билмайдиларми? Трол деб кўпинча ҳамсуҳбатларга ёқимсиз бўлган нарсаларни ёзадиган кишига айтилади. Ёки виртуал мулоқотда жанжаллашадиган, уришадиган, можаро чиқарадиган кишиларга масалан, ҳамманинг эътиборида туриш учун ҳар куни кимнидир ёмонлаб, адашганлигини фош қилиб, кофирга, фосиққа чиқариб турадиган кимсага айтилади. Интернет орқали мулоқотда кўпчилик арзимаган баҳона билан, кўпинча ҳеч қандай сабабсиз ҳам ҳақоратлар килишга мойил бўлади – ахир унинг тушунчасида ҳақорат қилинган киши барибир ҳеч нарса қила олмайди. Бу каби ҳар қандай ўзига ишончсиз, журъатсиз ёки махсус диний таълимга эга бўлмаган одамларни Интернетда ранжитиш учун фойдаланади (Масалан, ўзини диний олим қилиб кўрсатиб, ўз вазнига тўғри келмайдиган турли туман одамлар билан доим диний масалаларда бахс қўзғайвериб, гўёки ўзи олим қолганларни жоҳил деб кўрсатиш қабиҳ троллингнинг бир туридир). Тролнинг асосий мақсади омма олдида эътиборда туриш, яъни ўзини аҳамиятли қилиб кўрсатишда ғирром йўллардан фойдаланишдир.

Шундай қилиб, трол ўзи ким? Ким трол ҳисобланмайди?

Аслида, троллинг деб ҳаракатланаётган моторли қайиқдан балиқ овлаш усулига айтилган. Айнан моторли қайиқ, агар қайиқ эшкакли бўлса, бу "йўлка" деб номланади. Трол – скандинав халқ афсоналари қаҳрамони, яшил рангли баттол бир жонзот. Трол интернетда шу мавжудотга ўхшаб кетади – худди шундай баттол ва қабиҳ, унинг ҳаракатлари - троллинг - бу сўзнинг илк маъносига ўхшаб кетади. Фақат трол балиқ эмас, у ҳис-туйғуларни овлайди. Инсон ҳис-туйғуларини, кўпинча, салбий туйғуларни тармоқ бўйлаб янги жойлардан қидириб юради ва шу сабабли кўпинча «бан» қилинади. Йўқ жойдан ҳаммага ташланиб, кофирга, адашганга, ишидчи ва шу каби тоифаларга чиқариб жамоат ичида ҳам катта тафриқаларга сабаб бўлади.

Ҳамсуҳбатларини ўзининг салга ловуллаб кетиши сабабли ҳақорат қиладиган, тез ҳаяжонланадиган кишилар трол эмасдир. «Интернетда кимдир ноҳақ эканлиги сабабли» виртуал жангга ташланадиган ғоявий-мафкуравий рақиблар ҳам трол ҳисобланмайди. Уларни троларнинг потенциал қурбонлари деб атасак тўғрироқ бўлади. Худди шу тарзда, ҳар қандай бўлмағур нарсаларни ёзадиган ноадекват ёки маст одам ҳам трол саналмайди. «Ҳаммангиз эшаксизлар!!!» деб ёзиш учун гуруҳга бош суқиб кетадиган ўзига ишончсиз, журъатсиз ўқувчи ҳам трол эмас, у оддийгина беодоб боладир. Жаҳлингизга тегаётган одамлар ҳам трол эмас. Чунки улар троллик қилмайди. Масалан, “Реал” футбол клуби мухлислари “Барса” футбол клуби камчиликлари, ғирромликларини ҳаққоний ёзса трол бўлмайди (ҳазил-ҳузул постлар бўлса агар). Хўш, ундай бўлса трол ўзи ким ва троллинг нима?

Троллинг турлари

Қўпол ва нозик троллинг

Троллинг «қўпол» ва «нозик» бўлади. Қўпол троллинг деб оддийгина ҳис-туйғулар билан ўйнашга айтилади, бу фақат троллинг нима эканлигини билмайдиган ва трол ким эканлиги ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмаган, ҳис-туйғуси кучли ва тажрибасиз кишилар билан иш беради. Қўпол троллинг энг юзаки усули – суҳбатдошни ёки унинг оила аъзоларини ҳақоратлаш, унинг учун қимматли бўлган нарсалар ҳақида салбий фикрлар билдиришдир (масалан, ҳароми, валадизино, дейиш каби). Ҳозир бу нарса ҳеч ким учун ғайриоддий бўлиб кўринмайдиган бўлиб қолди (афсус). Трол бировларнинг хис-туйғуларига шу тарзда тегиб қўйадики, қанча вақтлар ўтса ҳам ҳақоратланганлар ўзи билмаган ҳолда трол тамарқасини суғориб юради. Трол бундан озуқа олади, диққат марказда тураверади. Ҳақоратланган эса, ўзи билмаган ё билган ҳолда трол ҳақида компромат чиқаравериб, уни доим диққат марказда ушлаб туради. Тролнинг асл мақсади ҳам шу.

Нисбатан нозикроқ, лекин барибир қўпол троллинг бу – гуруҳ қатнашчиларининг аксарияти фикрларига қарама-қарши бўлган нуқтаи назар билдиришдир. Масалан, трол немис автомобиллари мухлислари форумига кириб, асосли далиллар билан япон автомобил саноатини мақтай бошлайди. Бу ҳам анча қўпол, бунда ҳам «гўшт» минимал бўлади. Гарчи «гўшт» барибир бефаҳм нафратдан кўра нозикроқ бўлади – тролга унинг ноҳақ эканлигини дўстона руҳда ва ҳафсала билан исботлашга киришиб кетишлари мумкин. Унга эса фақат шу керак бўлади. Лекин жуда камдан-кам ҳолларда иш беради, бундан ташқари, қизиқишлар бўйича барча тор ихтисослашган гуруҳлар аллақачон бундай тролар билан бир неча маротаба учрашиб, уларга эътибор қаратмаслик лозимлигини яхши билишади.

Савол ташлаш янада нозикроқ, лекин барибир ҳали қўпол троллинг ҳисобланади. Трол ушбу гуруҳда қизғин баҳс ва низоларга сабабчи бўлиши мумкин бўлган мавзуни кўтаради ва қилган ишидан баҳра олади. Трол учун мавзу бўйича фақат биттагина бошланғич хабарни ёзиш, сўнгра иштирокчиларни ўнлаб саҳифаларда тортишувларга сабабчи бўлиш ва ўзи ҳамма гап нимадан бошлангани ёддан чиқиб кетиши ўзига хос ором беради. Умуман олганда, ҳиссиётларни жўш урдириш ва сабабсиз ғалаёнлар учун асосий мавзулар узоқ вақтдан бери маълум. Бу биринчи ўринда, сиёсат, иккинчи ўринда тарих, ундан кейин жинсий масалалар ҳисобланади. Мисол учун, битта Каримов номини тилга олиб ўтиш деярли ҳар қандай майдонда шафқатсиз сўз жанглари учун кифоя қилади. Айниқса, агар бу гуруҳ унинг фаолияти ҳақида аниқ бир тўхтамга келмаган бўлса. Дарҳол Каримов рақиблари ва тарадорлари пайдо бўлиб, бир-бирини тонналаб матнлар, тарихий кўчирмалар, таҳлиллар ва ҳ.к. билан кўмиб ташлайди. Агар гуруҳ нисбатан интеллектуал бўлса. Унчалик интеллектуал бўлмаган гуруҳда қатнашчилар бир-бирининг устига мағзава ағдариб, таҳдид қилишгача боради. Кимдир «бан» қилинади. Трол эса хурсандликдан қўлларини бир-бирига ишқалаб, «семиради».

Ўзи четдан туриб олиб, турли қатнашчиларни бир-бирига гиж-гижлаб қўйиш ҳам нисбатан нозикроқ троллинг саналади. Бунинг учун трол дунёқарашлари турлича бўлган иккита одам топиши ва айнан шунда «ўйнаши» лозим. Улар уришиб қолгач, ҳар бирининг қўллаб-қувватлаш гуруҳи пайдо бўлади. Бунда агар ҳам иш устамонлик билан қилинса – низонинг ташаббусчиси ким эканлиги сезилмай қолади ва ҳаммаси айнан унинг хабаридан бошланганини ҳеч ким ёдга ҳам олмайди.

Яна бир нозик троллинг тури бу – эҳтиёткорлик билан мавзу очишдир. Масалан, кимдир шарқ якка курашлари мухлислари гуруҳига киради ва боксчи каратечини енггани ҳақида видео жойлаштиради. Албатта, боксчининг даражаси юқори эканлигини исботлай бошлайдиганлар топилади, бошқалар эса бу саҳналаштирлиган видео деб атайди, кимдир ҳаммаси табиий эканлигини исботлашга киришади, кимдир бокс самарадорлиги фойдасига гап суқади в унга «сакраш» бошланади… Мақсад эса, эришилади. Ваҳоланки, агар гуруҳ қатнашчилари трол ким эканлигини яхши билсалар, бунга ҳеч ким эътибор ҳам қаратмаслиги мумкин. Ёки «қўпол» ёзиши. Ёки модераторлар индамасдан бу видеони муаллифи билан бирга ўчириб ташлайди.

Ва ниҳоят, нозик троллинг – мулоқотда деярли иштирок этмасдан туриб, у ёки бу гуруҳ қатнашчиларида тонналаб турли ҳис-туйғулар  уйғотиш. Бунинг учун трол катта тажрибага ва психология соҳасида билимга эга бўлиши лозим.

Якка трол ва гуруҳли трол

Трол бир ўзи ҳам, икки-уч кишилашиб ва ҳатто гуруҳ бўлиб ҳам трол қилиши мумкин. Гуруҳ троллингини тролар кўпинча рейд деб аташади. Қўпол тролар рейди шундан иборатки, улар биргаликда гуруҳ қатнашчиларига ташланадилар ва уларни таажжубда қолдирадилар: ҳамма тинчгина мулоқот қилиб ўтирганда бу «негативчи»лар қаердан пайдо бўлди? Бундан нозикроқ рейдлар турли сценарийларга эга бўлиши мумкин. Масалан, иккита трол ўзаро тортиша бошлайди ва уларнинг ҳар бирини қўллаб-қувватлайдиган гуруҳ пайдо бўлади. Ҳиссиётлар ўта жунбушга келгач, тролардан бири иккинчисининг фикрига қўшилади ва унинг нуқтаи назарини қабул қилади, бироз олдин оғзидан кўпик сачраб ҳимоя қилаётган нарсаларни ёмонлашга тушади. Унинг тарафдори бўлиб баҳсга киришганлар талмовсираб қолади. Яна бир вариант: тролар одамларнинг ҳис-туйғуларини жунбушга келтириб қўйиб, ўзлари бошқа ресурсда (масалан, агар гап ижтимоий тармоқлар ҳақида кетаётган бўлса, бошқа бир гуруҳда) ўтириб олиб, қатнашчиларнинг ҳис-туйғуларини муҳокама қилади ва уларнинг устидан кулиб ўтиради. Керакли пайтда уларнинг орасида тролда аввалроқ иштирок этмаганлардан бири тролар ўз қурбонлари устидан кулиб ўтирган ресурсга ҳавола беради. Қатнашчилар бу гуруҳга кириб, уларни мазаҳ қилишгани ва устиларидан кулишганини тушуниб етадилар. Масалан, катта трол бир мавзуни бошлайди, қолган тролвачча муридлар эса, уни қўллаб-қувватлаб туради, кимдир танқидий фикр билдирса тролвачча муридлар уни ўртага олиб “тепиб” ташлашади. Бундай муҳитга кирган одамлар, тролваччаларнинг кўплигидан алданиб қолишиши ва ҳақ бу катта трол тарафда экан деб ўйлаб қолиши ҳам мумкин. (Бу секталарга хос, яъни сектага жалб қилиш технологияси ҳамдир)

Гуруҳ троллинги афзаллиги шундаки, уни трол нима эканлигини яхши билган одам ҳам осон сеза олмайди. «Майли, буниси тролдир, лекин буниси-чи? Ахир, бу ердагиларнинг ҳаммаси трол эмасдир?» Тролар келишиб олган ҳолда ҳаракат қилиши мумкинлиги кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмайди. (Булар ўз фаолиятини амалга ошириш учун яширин гуруҳлари бўлади ва бу ҳаракатлар ягона марказдан (ўша гуруҳдан) координация қилиб турилади)

Пуллик ва бепул троллинг

Юқорида айтилганларнинг деярли барчаси оддий, бепул тролар, яъни шахсий қониқиш учун ўз ташаббуслари асосидаги троларга киради. Бироқ сир эмаски, пуллик тролар деган нарса ҳам мавжуд. Бу худди шу троллинг усулларидан фойдаланиб, баҳс-мунозараларни керакли йўналишга қаратиш учун, жамоатчилик фикри мавжуд деган кўриниш ҳосил қилиш учун, у ёки бу машҳур шахслар ёки сиёсий кучларга нафрат уйғотиш учун пул оладилар. Интернет жамоатчилик фикрини шакллантиришда йилдан-йилга жиддий роль ўйнамоқа ва, бозор қонунларига мувофиқ, бундан одамларга талаб ҳам пайдо бўлди. Демак, таклиф ҳам пайдо бўлган, боз устига, тармоқда оддий ташаббускорлик асосида троллинг қилишга тайёр бўлганлар тиқилиб ётибди. Агар бунинг учун пул тўланадиган бўлса, улар қилаётган ишларини янада яхшироқ ва керакли йўлда амалга оширишга киришади. (Масалан, сиёсий мақсадларда очилган тролар фабрикаси ҳам тилга олинадиган бўлди, бу ҳақда бошқа мавзуда тўхталиб ўтаман)

Уларга бу нима учун керак?

Пулли троллинг тушунарли: бу ерда одамлар пул ишлаб олади. Бепул трол ким ва унга троллингдан нима наф? Жавоб оддий: шахсий аҳамиятлилик туйғуси. Тролга у одамларда кучли туйғулар уйғота олиши, уларни манипуляция қила олиши жуда ёқади. Ким учундир бу ўзига нисбатан ишончсизлик ва журъатсизликни йўқотиш, ким учундир психологик эксперимент ҳисобланади. Тролар ўзига ишончсиз ва журъатсиз мактаб ўқувчилар каби деб ўйлайдиганлар хато қилишади. Гарчи бундайлар ҳам учраб турсада, реал ҳаётда трол исталган киши бўлиши мумкин.

Трол билан ўзини қандай тутиш керак?

Трол учун энг ёмони – «гўшт», яъни одамларнинг ҳис-туйғулардан иборат реакция йўқлигидир. Шу сабабли трол билан мулоқотда энг яхшиси – уни умуман писанд қилмасликдир. Бундай ҳолатда тажрибали трол дарров бу ерда қиладиган иш йўқлигини тушуниб етади ва «гўшт» қидириб бошқа жойга кетади. Тажрибали трол эса ўжарлик билан бу ерда «гўшт» топишга уринади ва кейинчалик ҳамма уни писанд қилмай қўйганда худди ўзи билан ўзи гаплашаётган овсар, довдирга ўхшаб қолади. Оқибатда ўзи ҳис-туйғуларини жиловлай олмай қолади ва «бан» қилинади.

Лекин пуллик (ёки махсус хизматлар тарафидан вазифаланган) трол уни писанд қилмасликларига ҳам қарамай ўз ишини давом эттириши мумкин. Уларнинг хизматига турлича ҳақ тўланиши мумкин. Айримлар уларга берилган ҳар бир жавоб учун, бошқалар эса уларнинг ўзи ёзган ҳар бир хабар учун ҳақ олади. Кейинги ҳолатда тролга сизнинг нима деб жавоб беришингизнинг қизиғи йўқ – у шунчаки, пул ишлаб олади, холос. Буюртмачилар одамлар жавоб қайтармасдан жим ўтирса ҳам, барибир хабарларни ўқиши ва хулоса чиқаришидан умид қилади.

Агар гуруҳ маъмури ёки модератор бўлсангиз – биринчи ҳолатда одамларнинг тролга реакциясига эътибор бериш керак. Агар ҳеч ким жавоб қайтармаса – тролни «бан» қилмаса ҳам бўлаверади, унинг учун бу ўта ранжийдиган ҳолатга олиб келади (улар баъзида «бан»лар билан фахрланади ҳам... Яқинда бир неча атеист-троларни бан қилгандим, шунга гуруҳларида роса мақтаниб юришди). Агар қизғин реакция кузатиладиган бўлса – тролни «бан» қилиб қўйган маъқулроқдир. Агар қатнашчилардан кимдир бунга норози бўлса – бу трол эканлигини тушунтириш лозим. Иккинчи ҳолатда (вазифалик ёки пуллик трол бўлса) – бирданига ва абадий «бан» қилиш керак. Кимдир сизнинг ресурсингизда пул ишлаб олиши ёки қандайдир ғараз мақсадларини тарғиб қилиши сизга керакми?

Агар сиз оддий қатнашчи бўлсангиз – энг яхши усул, юқорида айтиб ўтилганидек, умуман писанд қилмаслик – энг яхши усулдир. Баъзида агар трол сизга мурожаат қиладиган бўлса, битта сўз билан «қўпол» деб жавоб қайтариш ҳам ёрдам беради. Нозик, яъни ўзини яхши қилиб кўрсатишга  уринаётган трол қўполликда айбланишдан эсанкираб қолади ва ёки сизни тинч қўяди, ёки ўз туйғуларини жиловлай олмай қолади. Бунда ўзини тутиб тура олмаган трол эса – трол эмас, балки ўзи «гўшт» бўлади. Тролга унинг профессионал эмаслигини бошқа усуллар билан ҳам кўрсатиш мумкин. Масалан: «Ҳаётда биринчи бор ўзига гўшт топишга ҳаракат қилаётган ёшгина тролвачча. Қандай таъсирли». Натижа худди ўшандай бўлади. Асосийси: сиз ким трол эканлигини яхши билишингиз, уни таниб қолганингиз ва шу сабаблари унинг ҳаракатлари бефойда эканлигини кўрсатишдир.

Тролефобия

Трол ким эканлигини биринчи марта билиб олган айрим интернетдан фойдаланувчилар кўзига ҳамма жойда тролар кўрина бошлайди. Баҳс-мунозарага олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай савол троллингда айблаш учун баҳона бўлади. Стандарт мавзулардан ҳар қандай оғиш бу -  тролефоб нигоҳида троллинг ҳисобланади. Тролефоб барча рақибларини троллингда айблашни, қолган қатнашчиларга тролни писанд қилмасликка даъват қилишни, модераторни чақиришни ёқтиради, бу эса ўз-ўзидан «гўшт» ҳисобланади. Ҳа, мана шундай парадокс: тролефоб – трол учун ажойиб «гўшт», бунинг устига, у кўпинча ҳақиқий, ҳаттоки қўпол тролни ҳам таний олмайди, нозик трол ҳақида эса гапирмасак ҳам бўлаверади. Тролефобия касалига чалинганлар ўзларига қарши бўлган фикрларни ҳам босиш учун бошқаларни (деярли ҳаммани) тролликда айблайди. Қандайдир кучлар учун ишлаётган троллар ҳам ҳақ гапни гапирган ёки ўша кучлар манфаатига зид гапларни гапирганларни айблаши оқибатида тролефобикка айланиб кетади. Бу ҳолат атайин ёки ўзи билмаган ҳолда рўй бериши мумкинлигини ҳам эсдан чиқармаслик керак.

Ман трол ким эканлигини биламан. Мен тролни кўряпман. Нима қилиш керак?

Ҳеч нарса. Юқорида айтиб ўтилганидек – писанд қилмаслик. Кўчада мушуклар ва итлар югуриб юради, осмонда қушлар учади, балиқлар сувда яшайди, интернетда эса тролар бўлади. Итга тегажағлик қилманг - ва у сизни тишламайди, тролни «боқманг» ва сизга ундан ҳеч қандай салбий туйғулар келмайди. Тегса ҳам эътибор қилмаслик керак. Масалан, бир трол бошқа бир юзерни қанча вақтдан бери троллинг қилиб келади. Ҳар хил айблар билан тинмасдан айблайди, ишидчининг муфтийси ва яна бошқа бало-баттарлар билан айблайди. Аммо у юзер унга умуман эътибор қилмайди, трол эса бундан баттар жазавага тушиб, олдимга келиб узр сўра, хиёнат қилдинг, деб куйиб пишади. Хуллас, куйиб кетади, бечора...

Аммо...

Хавфсизлик нуқтаи назаридан ёки ўзига маълум бўлган бошқа сабаблар ила баъзи одамлар Интернетда аноним бўлиб ҳаракат қилади. Табиийики, улар ҳам баҳс-мунозараларда иштирок этади. Ўз фикрларини баён қилиб туради. Зўр фикрлар ҳам кўп. Уларга босим қилиш учун баъзи катта тролар ва тролвачча муридлари билан уларни троллинг қилишади. Юзингни оч, ўзингни кўрсат, манзилларингни ёз, деб иғво ва таҳдид қилади. Шу услуб билан ҳақиқий тролар тролмасларни трол деб эълон қилишади. Ҳақиқий троллар шу услуб билан ниқобланиб ўзларининг ҳақиқий трол башараларини яширишади. Шунинг учун ҳам троллардан огоҳлантириб, куйиб гапираётган одам одатда ўзи ҳақиқий трол бўлиб чиқиши мумкин.

Ҳақиқий трол сабаб ёки сабабсиз интернетда бировларни ҳақоратлаб, фош қилиб, кофирга чиқариб, ўзини эса халоскор ва унга эргашмаганларнинг ҳаммасини адашганликда айблаб баҳра оладиган, завқ оладиганларга нисбатан айтса бўлади. Ўзини олим қилиб кўрсатиш, ҳаммасига илмий, асосли жавоб беришини қайта-қайта такрорлаши ва катта илм соҳиблигини иддао қилиши ҳам шулар жумласидандир. Кейин, аноним бўлиш трол дегани эмасдир. Шу масалада чалғиб қолмаслик керак.

Абу Муслим

(Интернетдаги маълумотлар асосида)

ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР (КАЛИТ СЎЗ БЎЙИЧА)

Интернетда баджаҳл “троллар” кўчадагидан кўп эмас