loader
Foto

Фосиқларга қандай муносабатда бўлиш керак?

ЖАВОБ: Ушбу саволга жавобан фосиқликнинг нақадар катта гуноҳ экани ва у келтирадиган зарарлар ҳақида қуйидагиларни келтириш мумкин:

1. Фосиқлик ҳаром. Ундан наҳйи қилинган. Фосиқ шахс гуноҳкор бўлади ва фисқига қараб жазога тортилади ва таъзир берилади.

2. Ҳанбалий мазҳаби бўйича, фосиқнинг имом бўлиб намозга ўтиши мумкин эмас.

3. Фосиқ ҳадис ривоят қилиш ҳаққига эга эмас.

4. Фосиқнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди.

5. Фосиқнинг фатвоси қабул қилинмайди.

6. Фосиқ болани ўз қарамоғига олиши мумкин эмас.

7. Фосиқ Шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари бўйича никоҳда валий бўла олмайди.

8. Фосиқни фисқи учун ўзига яқин олиб бўлмайди.

9. Фосиқнинг ғийбатини қилиш жоиздир.

10. Фосиқнинг тавбаси, агар барча шартларни юзага чиқарса, қабул бўлади.

Фосиқликнинг зарарлари эса қуйидагилардир:

1. Фосиқлик Аллоҳ таолонинг, Унинг Расулининг ва мўминларнинг ғазабини жалб қиладиган нарсадир.

2. Гоҳида фосиқлик мусулмончиликдан чиқариши ҳам мумкин.

3. Фосиқ жамиятга зарарли инсондир.

4. Фосиқлик мунофиқликка, мунофиқлик эса дўзахга олиб боради.

5. Фосиқлик тарқалган жамият парчаланиб,таназзулга юз тутади.

Мўмин банда фосиқликнинг ҳар бир кўринишидан ўзини олиб қочиши, бу нарсанинг зарарларини эсдан чиқармай юриши керак. Мабодо билиб-билмай баъзи фисқ ишларини содир этган бўлса, дарҳол тавбага шошилиши лозим (Аллоҳ билувчидир).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ