Оиша розияллоҳу анхрдан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришга изн сўради. Бас, у зот:
«Унга изн беринглар. У ўз уруғининг қандоқ ҳам ёмон биродари ёки уруғининг қандоқ ҳам ёмон ўғли», дедилар.
У кирганда эса, унга мулойим гап айтдилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Айтган гапингизни айтдингизу кейин унга мулойим гапирдингиз?» дедим.
«Эй Оиша! Одамларнинг ёмони одамлар унинг фаҳшидан қўрқиб тарк қилганларидир», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Уламоларимизнинг таъкидлашларича, ушбу ҳадиси шарифда номи зикр қилинмай, у ҳақда сўз кетаётган одамнинг исми Махрама ибн Навфал бўлган. Мазкур шахс мунофиқ ва фосиқ одамлардан бўлган. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳакда ўзига эшитдирмасдан мазаммат сўзини айтганлар. У зот бу билан унинг ёмонлигини бошқаларга билдириб, уларни ундан эҳтиёт бўлишлари чорасини кўрганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдан ёмон одамлар билан уларнинг шарридан сақланиш мақсадида муроса учун мулойим сўзлаш мумкинлиги келиб чиқади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фалончи, фалончиларни динимиздан бирор нарсани билади, деб, ўйламайман», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда зикри келган икки киши ҳам мунофиқлардан бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни улардан огоҳлантириш учун шу гапларни айтганлар. Айниқса, диний масалада бундоқ маълумотларни одамларга айтиб қўймоқ зарурдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Мужоҳирдан бошқа умматимнинг ҳаммаси авф қилингандир. Бир кишининг кечаси бир ишни қилиб, тонг отганда, Аллоҳ уни сатр қилган бўлса ҳам, эй фалончи, кечаси ундоқ қилдим, бундоқ қилдим, демоғидир. Батаҳқиқ, у Аллоҳ уни сатр қилган ҳолида ётган эди. Тонг отганда у ўзидан Аллоҳнинг сатрини очади», дедилар».
Икки шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: «Мужоҳир» луғатда жаҳр сўзидан олинган бўлиб, ошкора қилувчи маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, гуноҳни ошкора ва уялмасдан қилувчи одамга айтилади. Ушбу ҳадиси шарифдаги таърифга қараганда, ўзи қилган гуноҳни одамларга мақтаниб юради.
Демак, гуноҳни ошкора қилган, ўзидан содир бўлган гуноҳларини гапириб юрадиган мужоҳирларнинг гуноҳи авф бўлмас экан.
Ана шундоқ мужоҳирларнинг айбини гапириш ғийбат ҳисобланмас экан.
Бир аъробий келиб, уловини чўктирди ва уни боғлаб қўйди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларида намоз ўқиди
Сўнгра уловига келиб, уни ечиб минди. Кейин нидо қилиб:
«Эй Аллоҳим! Мени ва Муҳаммадни раҳм қил! Бизнинг раҳматимизга ўзгани шерик қилма!» деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Нима дейсизлар?! Унинг ўзи залолатга кетганроқми ёки унинг туясими?! Унинг нима деганини эшитмадингларми?!» дедилар».
«Албатта, эшитдик!» дейишди».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Қаранг, Аллоҳ таолонинг кенг раҳматини ўзига ва яна бир кишига тор қилиб қўйиш қанчалик номаъқул иш экан. Бу ишни қилган одамни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвондан бадтар деб айтмоқдалар. Бу номаъқул ишни қилган одамни у зот кўпчилик олдида мазаммат қилмоқдалар, унинг ўзига ёқмайдиган гап ила васф қилмоқдалар.
Ушбу ҳадиси шарифлардан фисқ ва жаҳолат соҳибларини шаръий ғараз учун одамлар олдида ёмон сифатларини айтиш мумкинлиги келиб чиқади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ
“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан