loader
Foto

Аллоҳ «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» оятини нозил қилиши билан...

Шарҳ: «Мирт» аёл кишининг жисмини тўсиб турадиган, елкадан ташлаб юриладиган кийим.

Бу ривоят ҳам ўзидан аввалгисини қувватлиб келмоқда. Исломдан олдин ҳозиргига ўхшаб аёллар рўмол ўрашни, ўзини хиёнатчи кўзлардан сақлашни ёмон кўрар эдилар. Аксинча, ҳозиргига ўхшаб иложи борича эркакларнинг кўзини ўйнатишга, баданининг кўпроқ қисмини очиб юришга ҳаракат қилар эдилар. Шунинг учун ҳам, «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» ояти нозил қилинган чоғда ўша оятга амал қилмоқчи бўлган муслима аёллар ҳам ўрагани рўмол топа олмай қолганлар ва ушбу ривоятда айтилаётганидек, дарҳол миртларини йиртиб, рўмол қилиб ўрадилар.

Бу ўша ажойиб мўминалар авлодининг қаҳрамонлиги ва Аллоҳнинг амрига дарҳол юришларининг намунаси эди. Шунинг учун ҳам, Оиша онамиз уларни мадҳ ила эсламоқдалар ва ҳақларига дуо қилмоқдалар.

Ушбу ривоятнинг бошқа сийғаларида, мирт ўрнига жилбоб ва изор ҳам келган. Яъни, ҳар аёл ўз имконига қараб ўзида бор ортиқча кийимдан йиртиб рўмол қилиб бошига солган.

Баъзи муҳтарама опа-сингилларимиз Аллоҳнинг ушбу масаладаги амрини билмай келаётган бўлсалар, билишлари ила худди мазкура саҳобияларга ўхшаш иш қилиб, дарҳол рўмол ўраб, ўзларини исломий кийимга олсалар улуғ иш бўлади. Алҳамдулиллаҳ, ҳозир бирор кийимни йиртиб рўмол қилиш эҳтиёжи ҳам йўқ. Рўмоллар етарли. Фақат истак керак, холос.

Аёл киши ўзига хос кийиниши ўзига хос гўзаллик кашф этишини аёлларнинг ўзлари тушуниб етмоқлари керак. Бу ҳақиқатни аёллар ўзларига келган, уларнинг ҳақиқий инсоний табиатлари ўзлигини намоён қилган пайтда кўриш мумкин.

Ўшандоқ пайтлардан бири яқинларнинг ўлими. Бошига ўлим қайғуси тушган аёллар ўзларини ўнглашга ҳаракат қилиб қолишади. Ҳатто бошқа диндагилар ҳам. Ана шундоқ пайтларда улар бошларига рўмол ўрашга биринчи бўлиб шошиладилар. Таъзияга кетаётган аёллар бошқаларидан рўмол сўраб туришлари ҳам шуни кўрсатади. Аммо бир оз ўтиб, ўлим, ўлимни келтирувчи Аллоҳ эсларидан чиққанда рўмол ҳам эсларидан чиқади.

Ҳақиқий мўмина-муслима аёлларда эса бу ҳолат мутлақо бўлмайди. Чунки улар Аллоҳ таолони бир лаҳза ҳам унутмайдилар. Аллоҳнинг амридан бир лаҳза ҳам четга чиқмайдилар. Ҳар бир ишни Аллоҳ таолонинг динига-Исломга мослаб қиладилар. Ана ўша ҳолатнинг зоҳирий кўриниши мўминаларнинг шариатга мувофиқ кийинишларида бўлади.

Ҳа, аёллар ҳар бир умматнинг кучи ёки заифлигини кўрсатиб турувчи дақиқ белгидирлар.

Улар ҳар бир умматнинг тараққиёти ёки қолоқлигини ўлчайдиган тўғри ўлчовдирлар.

Ҳар бир жамиятнинг аҳли солиҳ бўлиши ундаги оилаларнинг аҳли солиҳ бўлишига боғлиқ.

Ҳар бир оиланинг аҳли солиҳ бўлиши эса, ундаги аёлнинг аҳли солиҳ бўлишига боғлиқ.

Ҳар бир аёлнинг аҳли солиҳ бўлиши иймон-эътиқодли, илмли ва тақводор бўлишига боғлиқ.

Аёли йўлдан чиққан оиланинг ўзи ҳам йўлдан чиқади, иши орқага кетади.

Оилалари йўлдан чиққан жамиятнинг ўзи ҳам йўлдан чиқади, иши орқага кетади.

Халифа Муъизлидиниллаҳ Мисрни ўзига бўйсундиролмай узоқ вақт қийналди. У кўп марта куч ишлатиш режасини қилар, лекин Мисрда ҳукмни қўлларида тутиб турган Ихшидийларнинг шавкатидан қўрқиб, орқага қайтар эди.

Бир куни унга, Ихшидийлар қасрининг аёллари айш-ишратга берилибдилар, фазилатларини унутибдилар, деган хабар келди. Шунда халифа енгил нафас олиб, энди Миср бизники бўлди, деди.

"Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан, 17-жуз (326-327 бет)

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ