loader
Foto

Диннинг обрўсини тўкманг

Қуйидаги мақолада бугунги кунда долзарб бўлиб турган одоб-ахлоққа оид баъзи масалаларга одатий бўлмаган тарзда тўхталиб ўтмоқчимиз.

Қаҳқаҳа

Жамоат жойларида кўпчилик бўлиб ҳаддан зиёд қаҳқаҳа отиб кулмаслик керак. Агар қаттиқ кулишга етарли сабаб бўлиб, ўзингизни қўлга ола билмасангиз, ҳеч бўлмаса, навбат билан кулинг. Атрофдагилар сизларни тарбия кўрмаган соқолли одамлар деб ўйламаслиги учун.

Агар кимдир сизларга бу борада танбеҳ берса, дарҳол қўпол жавоб қайтаришга шошилманг:

- Нима бўпти? (Нотўғри жавоб)

Бу нотўғри жавоб пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам суннатларига тўғри келмайди. Яхшиси қуйидагича жавоб қилинг:

- Узр, кечирасиз. (Бу тўғри жавоб)

Агар узр айтишга тилингиз бормаса, ҳеч бўлмаса сукут сақланг. Бу "Сенинг нима ишинг бор?" деб тўнғиллашдан кўра динга камроқ зарар келтиради.

Автоуловни жойлаштириш (парковка)

Агар автоуловингизни шаҳарнинг тирбанд қисмига жойлаштирадиган бўлсангиз, йўл қоидаларини бузманг. Автоуловингизни жойлаганингизда бошқаларнинг йўллари тўсилиб қолмасин. Мушкул ҳолатга тушган одам қалбида қуйидаги мазмунда гап қилмасин:

- Эх, сен мусулмон, аблаҳ!

Киришингиз зарур бўлган жойда автоулов қўйишга жой тополмасангиз, нарироққа қўйсангиз зарар қилмайди. Диндор одам пиёда юриб туриши фойдадан ҳоли эмас, иншаАллоҳ.

Атрофдаги одамларнинг табассум қилишига ҳаракат қилинг.

Агар қаергадир шошаётган бўлсангиз ва яқин чарраҳада тирбандлик юзага келган бўлса, катта тезлик билан қарама-қарши йўлга чиқиб, ҳаракат қилманг. Бу жуда ёмон одат бўлиб, оқибати аянчли тугаши ҳам мумкин.

Сабр қилинг, тирбандликлар беш-ўн дақиқада тарқалиб кетади. Шошилиш эвазига нафақат шахсий мулкингиз, балки бошқаларнинг автоуловларига, энг ёмони, ўзингиз ва ўзгаларнинг ҳаётига ҳам даҳл қилишингиз мумкин.

Манманлик

Жамоат жойига (кафе, ўқув маскани) кирар экансиз, у ерда аврати очиқ йигит ва қизларга кўзингиз тушиши мумкин. Ўшанда уларга нисбатан манманлик қилманг, ўзингиз ва атрофингиздагилар орасига чегара чизманг.

"Ҳаммангиз жоҳилсизлар!", деган маънодаги қарашларингиз фақат ўзингиз учун тушунарли бўлиши мумкин. Бундан кўра, ўша одамларда хушмуомалалик, ҳаё ва эътибор ила қизиқиш уйғотинг. Ўшанда мазкур одамлар рўмол кўрсатаётган муамолангизга мос эканини кўрадилар, хавас қиладилар ва балки қачонлардир сизга ўхшашга ҳаракат қилиб кўрадилар.

Тартиб

Ўзингиз хоҳламасангиз ҳам бирор-бир жойга ишга ўрнашиб қолган бўлсангиз, масалан, хизмат кўрсатиш соҳасида: ошхона, сартарошхона ёки мобил телефонлар дўконлари ва ҳоказолар бўлса, ўша жойдаги тартиб-қоидаларга бўйсинишингиз керак.

Тартибга биноан, меҳнатингиз эвазига ўз вақтида маош олишингиз шартномага амал қилиш ҳисобланади.

Бу борада бир нечта хатолар кузатилган:

Кечикиб келиш

Сиз ўзингизча, иш жойига вақтида келмаса ҳам бўлаверади, чунки эрталабдан барибир мижозлар бўлмайди, деб ҳисоблайсиз (Бу нотўғри тушунча). Иш бошлаш учун иш жойини тайёрлаш керак ва сиз юз фоиз ишонч билан эрталабдан мижоз келмайди, деб аниқ айта олмайсиз. Агар мижоз келиб, ўзига керакли хизматни олмаса, ҳожатини чиқариб кетмаса, ишхонангиздан кўнгли қолиши мумкин.

Бундан ташқари, иш берувчингиз сизга маълум бир вақт учун пул тўлайди, шунинг учун ҳам унинг вақтини ўғирламасдан тартибга риоя қилишингиз зарур. Сизга ҳам иш берувчингиз маошингизни бир икки ҳафтага кечиктириб бериши ёқмайдику.

Бепарволик

Ишхонамизда сизга ўхшаган яхши ходимларимиз бор, улар ҳам сиз каби намозхондир. Иш берувчи ҳам ибодатларга тўсқинлик қилмайди. Намоз вақти кириб келишидан олдин ходимлар таҳорат олишлари ва шунга ўхшаш бошқа амалларни адо қилишлари учун иш жойларини тарк қилишлари мумкин эмас.

Сиз савоб амални қилишга ҳаракат қилаётганингизда, мусулмонлардан бўлган мижозлар сизни узоқ кутиб қолиши дуруст эмас. Балки улар ҳам масжидга шошилаётган бўлиши мумкин. Шунинг учун вақтни тўғри тақсим қилинг, эгасидан вақтини ўғирламанг. Бировларга зарар қилиб савоб оламан деб ўйламанг.

Намозни навбат билан адо қилинг ёки иш жойи, хизмат кўрсатиш муассасасига ёки мижозлар камлиги қараб икки-уч одам бўлиб фарзни адо қилиб олишингиз мумкин. (Хуллас, шароитга қарайсиз. Нима бўлганида ҳам, намоз вақтидан ўтиб кетмаслиги керак).

Агар бу масалала иш берувчи сизни тартибга чақирса, уни "жоҳил" ёки "кофир" деб ҳукм ўқишингиз тўғри бўлмайди.

Маъсулиятсизлик

Маълумки, дунёдаги нима бўлса ҳаммаси вақтинча ва ўткинчадир, асосий ва энг муҳими – мустаҳкам иймон ва ихлосдир. Бундан ишга юзаки ва масъулиятсизлик билан ёндашиш керак, деган хулоса чиқмайди.

Иш ҳам ибодатдаги каби саботли бўлишни талаб қилади, акс ҳолда инсофсизлик билан қилинган ишингиз истеъмолчилари соқолингиз ва тўпиқдан баланд иштонингиз ҳақида нотўғри хулоса чиқариб қўйиши мумкин.

Аллоҳ таоло тарафидан ато қилинаётган ҳалол маош қадрини билиш керак!

Муносабатлардаги ноаниқликлар

Сиз ёшсиз, билакларингиз кучга тўлган ва янги бир ишни бошлашга қарор қилдингиз. Ишни яқин биродарингиз билан бошламоқчи бўлсангиз ҳам оддий режа бўлишига эътиборсизлик қилманг.

Тижоратингизга таъсир қилиши мумкин бўлган барча омилларни яхшилаб ўрганинг, билмайдиган нарсаларингизни биладиганлардан сўрашдан ор қилманг. Сиз бошламоқчи бўлган ишга ўхшаш ишларни кузатинг.

Ҳаракатларингизни таҳлил қилиш ва оқибати нима бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйланг. Лойиҳангизни амалга ошириш босқичлари аниқлаб олинг (таъмирлаш, жиҳозларни сотиб олиш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, реклама), сарф-харажатларни яхшилаб ҳисоблаб чиқинг.

Маълум миқдорда маблағ етмаётган бўлса, бир жойдан чиқиб қолар деб "жангга киришиб" кетманг. Акс ҳолда, ҳали лойиҳангиз ишга тушмай туриб, сарф қилган маблағни қўлдан бой бериб қўйишингиз мумкин.

Ўзининг шахсий тижоратига эга бўлиш, бу – мақсад эмас. Тижорат бошқа мақсадларга етишиш учун бир восита холос: ижодий имкониятларингизни тўлиқ очиш, жамиятга керак бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш, оилани таъминлаш, Исломга ёрдам бериш ва ҳакозалар.

Демак, сиз ҳаммасини пухта ўйлаб, ҳисоблаб чиқдингиз. Сиз билан бирга яна бир нечта биродаларингиз ҳам бўлиб, сизлар Исломга жуда содиқсиз ва бир-бирларингизга ҳам қаттиқ ишонасизлар. Иш бошлашдан олдин бошқа шерикларингизнинг оғзаки самимий гапларига ҳамда "иншаАллоҳ ҳаммаси яхши бўлади" деган маънодаги гапларига суяниб қолмаслигингиз керак.

Ҳаётий тажрибадан маълумки, агар тижорат юришиб кетса ва иш бошида гувоҳлар иштирокида ёзув-чизув қилинмай қолган бўлса, кейинчалик даромадни тақсим қилиш ва шериклар ўртасидаги мажбуриятлар бўйича нохуш ҳолат юзага келади.

Агар тижорат юришмай қолса ва аввалдан мазкур тижоратдаги шерикчилик бўйича гувоҳлар иштирокида хат қилинмаган бўлса, бир-бирини айблашлар ҳамда зарарни ким кўпроқ қоплаши бўйича ихтилофлар юзага келади.

Тўғри йўл шуки, масалани аввал яхшилаб ўрганиб, хат қилиб, сўнг шартномага гувоҳлар иштирокида имзо чекиш керак.

Доим динга амал қилинг.

Телефон

Керакли рақамларни териб, чақириш тугмачасини босишдан аввал рақамлар тўғри терилганига даққат қилинг. Хато қилиб кимнидир уйғотиш, касал одамни безовта қилиш ёки кимнингдир хайрли ёки мухим бир ишдан чалғитишдан сақланиш керак. Агар шунгача қарамай, хатолик ўтса, мулойимлик билан узр сўраб қўйинг. Кимдир сизга адашиб тушиб қолса, қўполлик қилманг, сабрли бўлинг.

Агар сиз кимгадир бир иш юзасидан сим қоқмоқчи бўлсангиз, унинг ҳам ўзига яраша ғам-ташвишлари, дам олаётгани ёки таомланаётган бўлиши мумкинлигини ёдингизда тутинг. Шунинг учун ҳам қўнғироғингизга жавоб бермаса хафа бўлманг, асабийлашманг. Узри бор бўлса керак, деб яхши гумонда бўлинг.

Қўнғироқ қилаётганда унинг иши, мажбуриятлари, оиласи, хордиқ чиқараётган барча ҳолатини эътибордан четда қолдирмаслик керак.

Агар сизга биринчи мартада жавоб берилмаган бўлса, қайта-қайта қўнғироқ қилаверманг. Бу масалада мўътадил бўлинг, керакли марта қўнғироқ қилинг, чегарадан ўтиб кетманг.

Интернет маълумотлари асосида

Абу Муслим тайёрлади