loader
Foto

«Ийд Азҳо» одоблари

Тилшунос мутахассисларнинг таъкидлашларича, «ҳайит» сўзи ҳам асли «ийд» сўзидан олинган экан. («Ўзбек тилининг изоҳли луғати», 676-бет. Москва. 1981 йил.). Ўғузлар (қадимги турклар) айрим ҳолларда сўз бошидаги унли олдига «ҳ» қўшиб талаффуз қилишган экан. («Девону луғатит турк», 135-бет. Маҳмуд Қашғарий. Тошкент. 1961 йил. Ўз.ССР Фанлар Академияси нашрёти.) Ана шундоқ қилиб, «ийд» сўзи бизда кейинчалик «ҳайит» шаклини олган экан.

Қурбон ҳайити кунининг тарихи Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларига бориб тақалади. «Шарҳул Виқоя» ва бир қанча тафсир китобларда келишича, Иброҳим алайҳиссалом тушларида ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилаётганларини Зулҳижжанинг саккизинчи куни кўрадилар. Бу тушнинг ҳақиқиқий ёки ҳақиқиймаслиги ҳақида ўйлаб, тафаккур қилиб қоладилар. Шу боис, бу кун «Тарвия куни куни» деб номланиб қолган. Эртасига ўша тушни такрор кўрадилар ва энди тушнинг ҳақиқатда Аллоҳ таоло томонидан эканини биладилар. Шунинг учун бу кун «Арфа» ‒ «билиш» деб номланади. Эртасига, яъни Зулҳижжанинг ўнинчи куни Иброҳим алайҳиссалом ўз ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни Аллоҳ учун сўйиш, қурбонлик қилиш учун олиб чиқадилар. Шу сабабдан бу кун «Наҳр куни», яъни «Сўйиш куни»  деб аталади.

Аллоҳ таоло вақти келиб, Иброҳим алайҳиссаломнинг миллатига ‒ динига эргашадиган, у зотнинг ҳақиқий издошлари бўлган мусулмонларга мазкур кунни байрам қилиб берди ва ўша кунларда Иброҳим алайҳиссалом қилган амал ‒ қурбонлик сўйишни мусумлонлардан қодир бўлганларга вожиб қилди.

«Ийд Азҳо» байрами ҳаж ибодатларининг якуни муносабати билан ҳамда Аллоҳ таоло учун ҳар қандай қурбон беришга тайёрликни изҳор қилиш маъносида шариатга киритилган. Мусулмонлар Аллоҳ таоло йўлида жонлиқларни қурбон қилишни ана шундай буюк байрам ўлароқ нишонлайдилар.

Исломда Қурбонлик кунини байрам қилиб белгиланиши ҳижрий иккинчи асрда жорий бўлган. Бу ҳақда муҳаддисларимиз қуйидагича ривоят қиладилар:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, у (Мадиналик)ларнинг икки куни бўлиб, улар ўша кунларида ўйин-кулги қилшар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу икки кун қандоқ кун?», – деб сўрадилар. Улар:

«Биз жоҳилиятда шу кунларда ўйин-кулги қилар эдик», – дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхшироқ –  Азҳо куни ва Фитр кунини берди», – дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилган.

Азҳо куни – Қурбон ҳайити, Фитр куни – Рамазон ҳайити кунидир.

Демак, бу икки ҳайит кунларини сиз билан биз мўмин-мусулмонларга бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзи байрам қилиб берган экан. Уларни одамлар ўзлари ўйлаб топган ёки олимлар жорий қилган эмас, балки илоҳий ирода шуни ихтиёр қилган экан. Ана шу эътибордан, ушбу кунларни байрам қилишнинг ўзи алоҳида ибодат ҳисобланади.

Мадина аҳли Исломдан олдин йилнинг иккита кунини – баҳорда шамсий йилнинг бошланиш кунини, кузда Меҳрижон кунини байрам қилишар эди. Ўша кунларни улар турли ўйин-кулгилар билан ўтказишар эди. Аллоҳ таоло уларга ўша икки куннинг ўрнига бошқа икки кунни байрам қилиб нишоллашни Ислом шариатида жорий қилиб берди. Шундай қилиб, Ислом аркон – асосларидан ҳисобланган икки буюк ибодат – рўза ва ҳаж ибодатларининг якуни мусулмонлар учун энг улуғ байрам этиб тайинланди.

Ана шундан буён мўмин-мусулмонлар бу кунларни байрам қилиб келадилар. Уларни ўзига хос гўзал суратда, ибодат, хайру саховатлар билан, ахлоқ-одоб меъёрлари асосида нишонлайдилар. Бу кунлар доимо эзгулик, хайру барака, меҳр-оқибат рамзи ҳисобланиб келган.

Халқимиз қадимдан, Ислом дини билан мушарраф бўлган кундан бошлаб Қуррбон ҳайитини тантанали равишда байрам қилиб нишонлаб келган.  Ийд намозини ўқиш учун бутун шаҳар аҳли бир намозгоҳга йиғилган. Намоздан сўнг бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш, фақиру камбағалларга моддий ёрдам кўрсатиш, болаларга ҳайитллик совғалари улашиш халқимиз ичида анъанага айланган.

Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни бўлади. Бинобарин, унинг қачон бўлиши ҳам, Рамазон ҳайити каби, ойни кўриш билан аниқланади. Ундан кейинги уч кун, яъни Зулҳижжанинг 11‒13 кунлари «Ташриқ кунлари» дейилади. «Ташриқ» араб тилида қуёшга қўйиш, қуёшда тоблаш деган маънони англатади. Бу кунларнинг бундай номланишига сабаб, араблар қурбонлик гўштларини шу кунларда офтобга қўйиб, қуритишар эди. Кейинроқ бу кунларни «Ташриқ ‒ қуёшга тутиш куни» деб номлайдиган бўлишди. Шу билан бирга, бу кунлар ҳаж амаллари бажариладиган кунлар ўлароқ алоҳида эҳтиром қилинади.

Диний манбаъларимизда ҳайит кунларига доир одоб ва аҳкомлар батафсил баён қилинган. Биз ҳозир фақат Қурбон ҳайитига тегишли одоб ва аҳкомлар ҳақида сўз юритамиз.



Қурбон ҳайити кунига эсон-омон етиб келган ҳар бир мусулмон киши қуйидаги амалларни бажаради:



1. Такбир айтиш. Такбир айтиш деганда, «Аллоҳу акбар», дейиш тушунилади. Аммо бу кунларда такбирнинг тўлиқ шакли айтилиш мустаҳаб саналади.

Ибн Абу Шайба ўз «Мусаннаф»ида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича,  у киши ташриқ кунлари қуйидаги такбирни айтар эканлар: «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илааҳа иллаллоҳ! Валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ва лиллааҳил ҳамд».

Маъноси: «Аллоҳ улуғдир! Аллоҳ улуғдир! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Ва Аллоҳ улуғдир! Аллоҳ улуғдир! Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!».

Бу кунларда такбир айтишга Қуръони Каримдан ҳам буйруқ бор.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Аллоҳни саноқли кунларда эсланг», деган (203-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оятдадаги саноқли кунларни наҳр ва ташриқ кунлари деб тафсир қилганлар. У зотнинг шогирдлари Икрима розияллоҳу анҳу эса оятдаги «эсланг» калимасини «такбир айтинг» дегани, деб тушунтирганлар.

Уламоларимиз ушбу далиллардан келиб чиқиб, бу кунларда такбирни кўп айтиш керак, дейишган. Шу боис, уйда ҳам, намозга кетишда ҳам такбирни овоз чиқариб айтиб борилади.

Шу билан бирга, фарз намозлар сўнгидан ҳам такбир айтиш алоҳида таъкидланган. У арафа куни Бомдоддан бошлаб,учинчи ташриқ кунининг Асригача ҳар фарз намоз ортидан айтилади. Бу такбир намозни жамоат билан ўқиган кишиларга вожиб, ёлғиз ўқигувчига мустаҳаб саналади. Агар имом айтмаса ҳам, муқтадий айтаверади. Уни бевосита фарз намозидан кейин айтилади. Орага намозни бузадиган амаллар тушмаслиги лозим.

Ибн Абу Шайба имом Зуҳрийдан ривоят қилади:

«Одамлар манзилларидан чиққандан бошлаб, то номозгоҳгача, ҳатто имом чиқгунича такбир айтишар эди. Имом чиққач, жим бўлишар ва у такбир айтганда такбир айтишар эди».



2. Ийд кечасини ибодат билан ўтказиш. Ийдга ўтар кечанинг ҳам ўзига яраша фазилати бор. Уни бутунлай ёки бир қисмини, хусусан кечасининг учинчи қисмини Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан бедор ўтказиш кўплаб яхшиликларга, улкан савобларга сабаб бўлади.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас», – дедилар».

Ибн Можа ва Тобароний ривоят қилган.



3. Ҳайит намози учун ғусл қилиш. Ислом поклик дини. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида: «Поклик иймоннинг ярмидир», деганлар. Хусусан, мана шундай ибодатлар олдидан, кўпчилик жамоат тўпланадиган жойларга боришдан олдин ғусл қилиш динимизда алоҳида таъкидланган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни ғусл қилар эканлар.

Фокиҳ ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр, Азҳо ва Арафа кунлари ғусл қилар эдилар».

Ибн Можа ривоят қилган.



4. Тишларни мисвок ёки тиш пасталари ёрдамида тозалаб олиш. Тишни тоза тутишга Ислом диничалик эътибор берган бирорта дин ёки таълимот йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар умматимга машаққат бўлишидан қўрқмаганимда, уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрган бўлар эдим», деганлар.

Шу боис, ҳар намоз олдидан мисвок қилиш суннат амал ҳисобланади. Ҳайит намози учун эса, бу нарса янада таъкидлироқдир.



5. Ийд учун ясаниш. Мусулмон киши ҳайитга энг яхши кийимларини кийиши, иложи бўлса, янги кийим сотиб олиши мустаҳаб. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ байрам қилиб берган кунни нишонлаш, уни қадрлаш рамзи ҳисобланади. Бу иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдда ҳибара чопон кияр эдилар».

«Ҳибара» – Яманнинг машҳур кийими.

Ўша даврда Яманда саноат ривожланган эди. Яман кийимлари энг яхши кийимлар ҳисобланарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жума ва икки ийд кунлари хутбага чиққанларида Ямандан келтирилган ҳибара деган чиройли тўнларини кийиб олардилар. Шунга биноан, ийдга энг яхши кийимларни кийиш мусулмонлар ичида кенг тарқалган. Саҳобаи киромлар ҳам ушбу суннатга доимо амал қилганлар. Халқимиз қадимдан ушбу суннатни гўзал тарзда амалга ошириб келган. Ҳайит арафаларида кийим-кечак бозорларимизда савдо-сотиқ қизғин авжига чиқиши ҳам шундан. Бу ишда Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш бор.

Аммо шуни ҳам унутмаслик лозимки, аёлларнинг зийнатланишлари шариат доирасида ва маҳрамлар даврасида бўлиши керак.



6. Ҳушбўйлик суртиш. Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан. У зот алайҳиссалом асли хушбўй эдилар. Шу билан бирга, доимо хушбўйлик суртиб юрар эдилар ва: «Менга дунёйингиздан хўшбўйлик маҳбуб кўрсатилди», деб қўяр эдилар. Жамоатчилик жойга киришда хушбўйлик суртиб олиш юксак одоб намуларидан бири бўлиб, кўплаб ноқулайликларнинг олдини олади.

Юқорида ўтган одобларга эркагу аёл баробар амал қилиши лозим.



7. Намозни адо этиб бўлгунча бирор нарса емаслик. Қурбон ҳайитида, Рамазон ҳайитидан фарқли ўлароқ,ҳайит намозини адо этиб бўлгунча бирор нарса емаслик суннат ҳисобланади:

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бирор нарса емай туриб чиқмас, Наҳр куни эса қайтиб келгунча ҳеч нарса емас эдилар, ўз қурбонликларидан ер эдилар».

Имом Аҳмад ривоят қилган.

Аммо бунда ҳайвоннинг жигари ё бошқа бир махсус жойидан ейиш қайд қилинмаган. Муҳими, ўз қурбонлигидан ейишдир.



8. Ҳайит намозига чиқиш. Ийд намози ҳар бир балоғатга етган, соғ-саломат ва ўз юртида муқим бўлган мўмин-мусулмон эр кишига вожибдир. У, ҳайит кунги энг асосий, муҳим амал ҳисобланади. Ҳайит кунининг асосий фазилати ҳам Ийд намозини ўқиш билан рўёбга чиқади. Ийд Азҳа намозининг вожиблигига Қуръон ва Суннатда далиллар мавжуд.

Аллоҳ таоло айтади:

«Бас, Роббинг учун намоз ўқи ва қурбонлик сўй» («Кавсар» сураси, 2-оят).

Ушбу ояти каримада намоз ўқиш билан бирга қурбонлик қилиш зикр қилинишидан, уламоларимиз унда Қурбон ҳайити намозини ўқилиш вожиблигига далил бор, деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозини тарк қилмаганлар ва ҳатто узрли аёлларни ҳам, намоз ўқимасалар-да, намозгоҳга ҳозир бўлишга, аммо намозга қатнашмай бир четда туришга амр қилганлар. У зотдан кейин рошид халифалар, саҳобаи киромлар ва салафи солиҳларнинг барчаси Ийд намозига алоҳида аҳамият берганлар. Ислом уммати бугунга қадар Ҳайит намозларини қолдирмай адо этиб келмоқда.

Ийд намозининг вақти кун чиққандан тақрибан 15-20 дақийқа ўтгандан бошлаб, то аср вақтигачадир. Унинг қазоси йўқ, омма жамоат билан ўқиш шарт. Ийд уч кун давом этади. Шу кунларда ийд намозини ўқиш мумкин.

Ийд намози икки ракъатдир. Унга азон ва иқома айтилмайди. Ҳанафий мазҳабига кўра, ҳар икки ракъатида қўшимча учтадан такбир айтилади ва ҳар такбир айтилганда, такбири таҳримадаги каби, қўллар қулоқ баробарига олиб келинади. Бу такбирлар биринчи ракъатда санодан кейин, иккинчи ракъатда замми сурадан сўнг, рукуъга кетишдан олдин айтилади.

Ийд намозининг биринчи ракъатига «Аълаа» сурасини, иккинчи ракъатга «Ғошия» сурасини замми сура қилиш мустаҳаб саналади.

Нуъман ибн Башийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайитда ва жумъада «Саббиҳисма Роббикал аълаа» ва «Ҳал атаака ҳадиисул Ғошийа»ни ўқир эдилар».

Муслим ривоят қилган.

Ийд намози ўқилгандан сўнг имом минбарга чиқиб хутба қилади. Хутбада кишиларни ушбу кунларда такбирни кўпайтиришга тарғиб қилади ва такбир айтишга доир аҳкомларни уларга таълим беради. Ийд хутбасига ўтирган кишилар уни жим туриб тинглашлари вожиб.

Ийд намози ҳаж кунлари шарафига, ушбу кунларнинг фазилатлари шукронасига ўқилади. Ийд намози динимизнинг буюклиги ва олийжаноблигининг нишонаси, мўмин-мусулмонларнинг Аллоҳга бўлган бандаликлари изҳори, уларнинг иттифоқликлари, бирликлари рамзи ҳисобланади. Ҳайит намозига тўпланган жамоатга Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилади, Аллоҳ уларнинг гуноҳларини кечиради, дуоларини қабул қилади.

Ийд намозини ўқишда, умуман, Ийд кунини байрам қилишда оддий урф-одат ёки қандайдир кўникма маъносида эмас, балки, Аллоҳдан савоб умидида, ваъда қилинган яхшиликларни қасд қилган ҳолда, иймону ихлос билан бўлишимиз, ана шу руҳда иш тутишимиз даркор. Ана шунда кўзлаган мақсадга ета оламиз.



9. Ийд намозига эртароқ, пиёда, виқор билан, такбир айтган ҳолда бориш. Намозга қанча эрта бориб, қанча кўп интизор бўлинса, савоби шунча кўп бўлади. Агар йўл узоқ бўлмаса, имкони бор киши пиёда боргани яхши.

Имом Термизий қилган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

«Ийдга пиёда чиқиш суннатдир»,‒ деганлар.



10. Ҳайит намозга бир йўл билан бориб, бошқасидан қайтиш. Бу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни бир йўл ила чиқсалар, бошқаси ила қайтар эдилар».

Термизий, Абу Довуд ва Бухорийлар ривоят қилган.

Уламоларимиз ушбу суннатнинг бир қанча ҳикматлари борлигини таъкидлаганлар. Жумладан, қилинган яхши амалга Қиёмат куни гувоҳлик берадиган нарсаларни кўпайтириш, зеро, ер ўз устида қилинган яхшию ёмон амалларга гувоҳлик беради. Шунингдек, бунда ийдни олқишлаш, Исломнинг маконатини, баракасини кўрсатиш ҳам бор. Қолаверса, мусулмонларнинг кўпроқ қисмини ҳайит билан табриклаш, улардан ҳол сўраш учун ҳам борди-келди йўлни бошқа қилишнинг аҳамияти катта.



11. Қурбонлик қилиш. Қурбон ҳайитининг номидан ҳам маълумки, бу байрамда асосий амалга оширилиши лозим бўлган иш Аллоҳ йўлида жонлиқ сўйишдир. Қурбонлик қилиш ўз юртида муқим бўлган, айни вақтда закот нисобидаги мулкка эга бўлган ҳар бир мўмин­мусулмон эркагу аёлга вожиб ҳисобланади. Унинг вақти ҳайит намози ўқилгандан сўнг бошланиб, учинчи ҳайит куни қуёш ботишидан олдин тугайди.

Қурбонликкасўйиладиган ҳавон мол, қўтос, туя, қўй ва эчки бўлиши мумкин. Битта мол, қўтос ёки туяни етти киши номидан сўйса ҳам жоиз. Шарти, шерикларнинг ҳаммаси қурбонликни, садақани ният қилиши лозим. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам, бичилмагани ҳам қурбонликка ярайди. Улардан бошқа ҳайвонлар қурбонликка ўтмайди.Шу билан бирга, қурбонликка аталган ҳайвон жиддий айбли бўлмаслиги керак, қанчалик соғлом ва кўркам бўлса, шунча яхши, савоби кўп бўлади.

Қурбонликнинг вожиблигига қуйидаги оят ва ҳадислар далил бўлади.

Аллоҳ таоло «Кавсар» сурасида шундай марҳамат этади:

«Албатта, Биз Сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббинг учун намоз ўқи ва қурбонлик сўй» (1-, 2-оятлар).

Михнаф ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эдик. Мен У зотнинг:

«Эй одамлар, ҳар бир уй аҳлига ҳар йили бир қурбонлик лозимдир», ‒ деганларини эшитдим».

«Сунан» эгалари ривоят қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити кунлари ўзлари ҳам қурбонлик қилганлар ва бунда ўз умматларига қанчалар мушфиқ эканларини яна бир бор кўрсатганлар.

Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳда «Қурбон» намозига ҳозир бўлдим. У зот хутбаларини тугатгач, минбарларидан тушдилар­да, бир қўчқор олиб келиб, уни ўз қўллари билан сўйдилар ва:

«Бисмиллаҳи ва биллаҳи (Аллоҳнинг номи билан ва Аллоҳ учун).Аллоҳим, бу мендан ва умматимнинг қурбонлик қилмаганларидан», ‒ дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Ҳузайфа ибн Усайд розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита олачупор қўчқор келтирар ва уларнинг бирини сўяр эканлар: «Аллоҳим, бу Муҳаммад ва Муҳаммаднинг оиласи номидан» дер, иккинчисини келтириб: «Аллоҳим, бу умматимдан Сенинг бирлигингга ва менинг омонатни етказганлигимига гувоҳлик берганлар номидан», дер эдилар».

Имом Ҳоким ривоят қилган.

Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолога бандалик нишонаси, фидокорлик рамзи, жуда ҳам фазилатли ва савобли амал ҳисобланади.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳу айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага:

«Туриб бориб қурбонлигингга шоҳид бўл. Унинг биринчи томган қони билан баробар сенинг ўтган гуноҳларинг мағфират қилинур», – дедилар.

«Эй, Аллоҳнинг Расули! Бу бизга – аҳли байтга хосми ёки бизга ва мусулмонларга умумийми?», – деди Фотима.

У зот: «Йўқ. Балки, мусулмонларга умумийдир», – дедилар».

Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўшт­ёғи, тери  ва бошқа жойларини сотиб бўлмайди, уларни бериш ёки ўзи ўз оиласи учун ишлатиш мумкин. Қўли юпқа, серфарзанд кишилар кўпроқ ўз оилаларини таъминлаганлари яхши.Ўзи қилган қурбонликнинг гўштидан ейиш мустаҳабдир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Бас, улардан енглар, бечора ва фақирларга ҳам егизинглар. Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва «Байтулъатиқ»ни тавоф қилсинлар» («Ҳаж» сураси, 28‒29-оятлар).

Ҳазрати Жобир розияллоҳу анҳу видолашув ҳажи ҳақидаги машҳур ҳадисларида, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:

«Кейин бурилиб қурбонлик сўядиган жойга бордилар­да, олтмиш учта(қурбонлик)ни қўллари билан сўйдилар. Кейин Али топширгандилар, у қолганини сўйди. Ул зот уни қурбонликларига шерик қилдилар. Сўнгра ҳар бир туядан бир парчадан гўшт келтиришга буюрдилар. Уларни қозонга солиб пиширилди. Икковлари унинг гўштидан еб, шўрвасидан ичдилар».

Муслим ривоят қилган.



12. Хонадон аҳлига кенгчилик, серобчиликка шароит яратиш. Ҳайит кунлари оила ичида ҳам байрам кайфиятини тиклаш керак. Уйга қилинадиган харажатларни одатдагидан яхшироқ қилиш даркор. Иложи бўлса, уларга совға ва махсус ҳадялар улашилса, янада яхши бўлади. Бунда ҳадяларни қўни-қўшни ва бошқа мусулмонларга ҳам берилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўзаро ҳадя беришинглар, бир-бирингизга муҳаббатингиз бўлади», – деганлар».

Байҳақий ва бошқлар ривоят қилган.



13. Қариндош-уруғ, қўни-қўшниларни зиёрат қилиш, бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга хурсандчилик улашиш. Ҳайит муносабати билан устоз ва олим кишиларни зиёрат қилиш ҳам жуда катта савобли ишлардан ҳисобланади. Шунингдек, бемор кўриш, йўқсил, қамбағаллар ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳам ҳайитни нишонлашларига кўмаклашиш айни савоб иш бўлади.

Ҳайит кунлари сила раҳм қилиш, қариндош-уруғ, қуда-андаларни зиёрат қилиш ҳар қачонгидан ҳам кўра таъкидланган бўлиб, савоби кўпроқ бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимни ризқини кенгайтирилиши ва ажалини ортга сурилиши масрур қилса, қариндошларига силаи рақм қилсин», – дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Шунингдек, узоқлашиб кетган қариндошлар билан, айрим аразлашган дўст-яқинлар билан ҳайит баҳонасида алоқаларни тиклаш, ярашиб олиш лозим. Зеро, силаи раҳмни узган ёки мусулмон биродарига гина қилган кишиларга фазийлатли кунларнинг яхшилиги етмаслиги ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак. Бундай ҳолатларда ҳайитликлар бериш ҳам орадаги кудуратни кўтарилишига сабаб бўлади.

Ибн Абуддунё «Макааримул ахлаақ» номли китобида қуйидаги ҳадисни келтиради:

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳадялар беришинг, чунки ҳадя, оз бўлсин ё кўп бўлсин, кек-адоватни кетказади ва меҳр ўйғотади», – дедилар.



14. Болажонларга ҳайитлик бериш, уларга ушбу байрамнинг шукуҳини кўрсата билиш. Болаларга муносиб ҳадя ва совғалар улашилса, айни мақсадга мувофиқ бўлади. Фарзандларимиз йил давомида ҳайитни эслаб юрсин, уни орзиқиб кутсин, унинг буюклигини ҳис қила билсин, ана шунда яхши бўлади. Бу каби ишлар фарзандларимиз онгида миллий-диний қадрятларимизга нисбатан эҳтиром туйғусининг шаклланишига, уларнинг Ватан ва миллатга ҳақиқий садоқатли инсонлар бўлиб тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бор, бу (Ийд куни) бизнинг байрамимиздир», деганлар. Демак, биз бу кунларни ана шундай кўтаринги руҳда ўтказишмиз лозим.



15. Таниш-билиш, ёру дўст ва ҳар бир кўринган мусулмон кишини ҳайит билан табриклаб, уларга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш. Ҳайит муносабати билан табриклаш жамиятда ака-укачилик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлайди, мусулмонларнинг бир-бирларига бўлган муҳаббатларини зиёда қилади, ўзаро алоқаларини мустаҳкамлайди. Хусусан, берилган ва мактуб орқали келган табрикларга жавоб қайтаришни унутмаслик лозим. Саҳобаи киромлар ҳайит куни бир-бирлари билан учрашганларида «Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам яхши амалларимизни қабул айласин», деб қўйишар экан. Бундан ташқари, «Ҳайитингиз муборак», «Ҳайитингиз қутлуғ бўлсин» каби иборалар ҳам табриклашнинг бир кўринишидир.   

Табрик ва тилакларни изҳор қилишда замонавий имкониятлардан фойдаланилиш ҳам мумкин. Масалан, телефон қилиш ёки телефонда мактуб жўнатиш, электрон почта орқали ёзишмалар қилиш каби.



16. Ҳайит куни одоб доирасида, ҳаром ва манъ қилинган нарсаларни аралаштирмаган ҳолда айрим кўнгилхуши маъносидаги ўйин-кулгилар ҳам қилиш мумкин. Аждодларимиз бундан минг йиллар муқаддам ҳайит кунини «байрам» деб ҳам аташган экан. Бу сўзнинг асли «базрам» бўлиб, «ўйин-кулги қилинадиган, шодиёна кун» деган маънони англатар экан. Улар ҳайит кунлари ўйин-кулги қилиб, шодлик, хурсандчилик  изҳор қилиш жоизлигига далолат қилувчи шаръий маълумотлардан келиб чиқиб, ҳайит кунларини «байрам» деб аташган бўлса, ажаб эмас. Ўша маълумотлардан айримларини имом Бухорий ўз «Саҳиҳ»ларида келтирганлар:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Абу Бакр кирганида олдимда ансорийларнинг қизларидан икки қизча Буос куни ансорлар айтишган нарсани қўшиқ қилиб айтаётган эдилар. Икковлари қўшиқчи эмасдилар. Шунда Абу Бакр:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида шайтоннинг нағмаси бўлаяптими?!», – деди. Бу, ийд куни бўлганди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Бакр, ҳар бир қавмнинг байрами бор. Бу бизнинг байрамимиздир», – дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Абу Бакр у(Оиша)нинг олдига Мино кунларида кирганида унинг ҳузурида икки қизча қўшиқ айтар ва дуфф (доира) чалар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ки¬йимларига бурканиб ётар эдилар. Абу Бакр иккови(қиз)ни жиркиб тўхтатди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини очиб:

«Тек қўй уларни, эй Абу Бакр, бу кунлар ийд кунларидир», – дедилар», дейилган.

Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.

Буос Мадина яқинидаги бир жойнинг номи бўлиб, у ерда Авс ва Хазраж қабилалари орасида қаттиқ уруш бўлган ва ўша кун «Буос куни» деб номланиб қолган. Арабларнинг одати бўйича, ўша Буос урушида икки тараф ҳам фахр маъносида, ўзларини шижоатлантириш учун турли мазмунда байтлар айтишган. Ўша байтлар одамлар орасида тарқаб, халқ қўшиғига айланиб кетган. Ушбу ривоятда айтилаётган икки қизча ҳам ўша байтларни қўшиқ қилиб айтишган экан. Бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ижозат берган эканлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ийд куни эди. Қоралар қалқон ва найзаларни ўйнашар эди. Ёки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим, ёки у зот:

«Томоша қилишни хоҳлайсанми?», – дедилар. Мен:

«Ҳа», – дедим.

У киши мени орқаларига турғиздилар. Яноқим у зотнинг яноқларига тегиб турарди. У зот бўлсалар:

«Эй Бани Арфидалар, давом этаверинглар», – дердилар».

Ниҳоят, мен малолланганимда:

«Бўлдингми?», – дедилар.

«Ҳа», – дедим.

«Кетавер», – дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Ҳабашлар келиб, ийд куни масжидда сакраб рақс туша бошладилар. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени чақирдилар. Мен бошимни у зотнинг елкаларига қўйиб, уларнинг ўйинларига назар сола бошладим. Ниҳоят, ўзим уларга назар солишдан қайтдим», де¬йилган.

Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.

Демак, ҳайит кунлари зикр маъносидаги, яхшилик, шижоат, мардлик, халқсеарлик, ахлоқ-одобга тарғиб қиладиган қўшиқларни тинглаш ҳамда довюраклик, полвонлик ўйинларини томоша қилиш каби шариатда рухсат берилган ўйин-кулгилар билан машғул бўлиш ҳам жоиз экан. Бундай ишлар болаларни топқирликка, зийракликка ўргатадиган, кишиларни илм-маърифатини оширишга хизмат қиладиган турли тадбир, мусобақалар шаклида ўтказилса, янада яхши бўлади.

Мен ўзим мусулмон малакатларидан бирида хизмат сафарида бўлган чоғимда ана шундай тадбирларда иштирок этиб, уларнинг шариат асосларида ўтказилиши билан бирга, жуда ҳам кўнгилочар, хузурбахш бўлганини кўриб, қойил қолган эдим. Ўшанда биз билан бир нечта етук олимлари ҳам бирга қатнашишган эди.

Шунингдек, ҳайит кунлари адабий, илмий анжуманлар ўтказиш, маълум мақсадларга қаратилган байрам зиёфатлари уюштириш ҳам яхши натижалар беради.



Ҳайит кунига доир одоблар тўла-тўкис бўлиши учун, ушбу кунда қилиш дуруст бўлмаган айрим нарсалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш даркор. Ийд куни қуйидаги ишлардан сақланиш лозим:

1. Рўза тутиш. Ҳайит куни байрам бўлгани, ҳамма мусулмонлар турли услуб ва амаллар билан бу кунни нишонлаши эътиборидан, бу кунда рўза тутишдан қайтарилган.  Қурбон ҳайити куни ва ундан кейинги уч кунда рўза тутиш макруҳ ҳисобланади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар.

Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки куннинг – Фитр куни ва Наҳр куни рўзасидан қайтардилар».

Муслим ривоят қилган.

Саъд розияллоҳу анҳу айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Тур, ташриқ кунлари еб­ичиш кунлари экани ва уларда рўза тутилмаслигини айтиб одамлар ичида жар сол», ‒ дедилар».

Имом Насаий ривоят қилган.



2. Ийд намозидан олдин ёки кейин нафл ўқиш. Одатда Ийд намози кун ёйилиши билан ўқилгани боис, аслида ундан олдин намоз ўқиш ўзи шундоқ ҳам макруҳлиги ҳаммага маълум. Аммо Ийд намози агар кейинроқ ўқилган тақдирда ҳам ундан олдин намоз ўқиб бўлмайди. Шунингдек, Ийд намозидан сўнг ҳам намоз ўқилмайди.

Ибн аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ийд куни икки ракъат намоз ўқидилар, ундан олдин ҳам, ундан кейин ҳам намоз ўқимадилар».

Абу Довуд ривоят қилган.



3. Гуноҳ содир қилиш. Ҳайит куни қилинган яхши амалларнинг савоби кўп бўлгани каби, бу кунда қилинган гуноҳларнинг иқоби ҳам қаттиқ бўлади. Шу боис, ҳайит экан деб, бўлар-бўлмас ишларни қилиб, шундай улуғ кунда гуноҳга ўтиб кетмаслик керак. Фисқ-фужурга, ахлоқсизликка ундайдиган, шаҳвоний ҳирсни қўзғайдиаган қўшиқ ва ўйин-кулгилардан эҳтиёт бўлиш лозим. Зеро, Исломда «байрам куни нима қилса бўлаверади» деган фасафа йўқ. Балки ҳар қандай шароитда ҳам эзгулик, яхшилик, Аллоҳ таолога итоат руҳида бўлиш таъкидланган.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ таолога осийлик қилмаган ҳар бир кунимиз биз учун ҳайитдир», деган эканлар.



4. Ҳайит кунлари аёлларнинг қабристонларга бориши яхши эмас. Динимизда айнан ҳайит куни қабристонга бориш ҳақида кўрсатмалар йўқ. Хусусан, айрим жойларда эркаклар Ийд намозидан қайтадиган вақтда аёлларнинг қабристонга қатнаши натижасида жуд ҳам кўп ноқулайликлар келиб чиқаётганига гувоҳ бўлганмиз.

Қабр зиёратига Ислом нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, аввало қабрни ибрат учун, охиратни эслаш мақсадида зиёрат қилиниши лозимлиги таъкидланади. Шу боис, динимизда қабрларни зиёрат қилиш маълум кун ё соатга белгиланган эмас. Балки тез-тез, хусусан, қалб ғафлати ортганини сезган чоғда қабристонларни зиёрат қилиш тавсия этилади.



5. Ҳайит кунларини азага айлантириб олиш. Икки ийд кунлари мўмин-мусулмонларнинг энг улуғ байрамлари ҳисобланади. Диний манбаъларимизда бу кунларни хурсандчилик, шодлик руҳида, байрам кайфиятида ўтказилиши кераклиги таъкидланган. Аммо ҳайит кунлари фотиҳахонлик қилиш ҳақида кўрсатмалар йўқ. Бугунги кунда бу одат мусийбат аҳилларига ҳам кўплаб қийнчиликлар туғдираётгани ҳеч кимга сир эмас. Баъзан бу нарса азадорларнинг ярасини янгилаш, машаққатлари устига яна машаққат туғдириш бўлаётганининг ҳам гувоҳи бўлмоқдамиз. Шунинг учун ҳам уламоларимиз уч кундан кейин таъзия билдириш узоқдаги кишилар учун, бошқаларнинг мазкур муддатдан кейин таъзия билдириши мусийбатни янгилаш бўлади, бу эса мусийбат аҳлига оғир келади, кўзланган мақсадга зид иш бўлади, деб айтганлар.

Тўғри, мусийбатга учраган айрим кўнгил яқин кишиларни ҳайит муносабати билан йўқлаш мумкин. Аммо бу ҳам аза тутиш кайфиятида қилинмайди. Эҳтимол, ана шундай кўнгиловлаш шаклида йўлга қўйилган иш кейинчалик фотиҳахонликка айланиб кетгандир. Шу боис, ҳайит кунларини азага айлантириб олиш тўғри бўлмайди.

Ушбу кўрсатмалардан ҳам маълум бўладики, мусулмонларнинг байрам нишонлаши ўзига хос тарзда бўлади. Аввало улар ушбу кунларга етказганининг шукронаси маъносида Аллоҳ таолога бандалик изҳор қилишади – жамоат бўлиб, ҳамалари бир бўлиб намоз ўқишади, Аллоҳ таолога илтижолар қилишади, берган неъматлари учун У Зотга ҳаду шукрлар айтишади. Кейин бир-бирларини ҳайит билан қутлаб, зиёратлар қилишади. Бева-бечоралар, беморлар ҳолидан хабар олишади, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар билан ўзаро борди-келдилар қилишади. Ўйин-кулгиларини ҳам ахлоқ-одоб доирасида, Аллоҳ таолога осий бўлмаган ҳолда олиб боришади. Ана шундоқ қилиб, ҳайит кунларини фақат яхшилик билан, эзгу амаллар билан ўтказишади. Шунинг учун, уларнинг байрамларида турли тартибсизликлар, ҳар хил нохушликлар юз бермайди, балки ҳолатлари янада гўзаллашади. Зотан, мўмин банданинг ҳайити – Аллоҳга боғлиқлиги гўзал бўлган кунидир.

Динмизда ҳайит кунларини нишонлашга доир керакли таълимотлар батафсил баён қилинган. Биз уларнинг асосийлари билан бир қатор танишиб чиққан ҳам бўлдик. Мўмин-мусулмонлар ушбу кўрсатмаларга риоя қилишлари лозим. Уларнинг ҳайит кунларини қаршилашда бошқа халқларнинг байрам нишонлашдаги урф-одатларига тақлид қилишга ҳожатлари йўқ, бундай қилишлари дуруст ҳам эмас. Акс ҳолда, ахлоқ-одобга, шариъат кўрсатмаларига, Ислом ақийдаларига зид бўлган ҳолатлар юзага келиши мумкин.

Ийд кунлари Аллоҳ таоло улуғ қилган кунлардир, Исломнинг нишоналари, шиорларидандир. Бинобарин, уларни нишонлашда мана шу руҳ доимо балқиб туриши лозим.

Қурбон ҳайити байрамини мазкур одобларга риоя қилган ҳолда ўтказсак, ушбу улуғ кунни муносиб нишонлаган бўламиз, кўплаб яхшиликларга, ажру савобларга эга бўламиз, халқимиз орасида эзгулик, меҳр-оқибат бардавом бўлишига ҳисса қўшган бўламиз, энг муҳими, ушбу кунларни бизга байрам қилиб берган Роббимизнинг розилигига  мушарраф бўламиз. Сиз билан биз мусулмонларнинг бахтимиз шундаки, ҳайит кунларини байрам қилиб нишонлаш билан Аллоҳ таолога итоат қилган бўламиз, У Зотга ибодат қилган бўламиз, дунёу охират яхшилигига машарраф  бўламиз. Мана шу ҳақиқатни  утутмаслигимиз лозим.



Ҳаммалирингизга кириб келаётган Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид    (05.11.2011)