Ғарб цивилизациясини инсон ҳаётининг барча соҳаларида энг илғор ва тараққий этган деб ҳисоблайдиган бўлиб қолганмиз. Ғарб стандартлари эталон (намуна) ҳисобланади ва аксар ҳолатларда буларнинг ортида нима турганига ҳам диққат қилмай улардан нусха олишга ҳаракат қилишади. Европада шаклланган ғарбнинг ахлоқий қадриятлари улардан фарқли шаклда ривожланиш босқичларини босиб ўтган бошқа халқларга тўғри келмаслигини бугун кўпчилик тушуниб етди. Яъни турли хил халқларнинг ўзига хослиги жуғрофий ва иқтисодий омиллар, диний таълимотлар, урф-одатлар ва анъаналар асосида шаклланган бўлади.
Бироқ, «ғарбнинг ахлоқий қадриятлари» психологик қурол ҳам эканини ва бу қурол ғарблик бўлмаган халқларнинг ўзлигини вайрон қилаётганини ҳали кўпчилик тушуниб етмаяпти. Бу наркотикка бўлган қарамликка ўхшаш нарса, унда «озодлик истеъмолчилари» яна, яна деб тураверади.
«XXI аср ахборот уруши: шиддатли трансформация» китобининг муаллифларидан бири қозоқ олими Иброҳим Сулаймановнинг айтишича, ғарб қадриятларини сингдириш учун уларга «умуминсоний» деган ном берилиб, уларнинг тарғиботи учун катта самара берадиган услублар ишлаб чиқилган. Булардан кўзланган мақсад бутун бошли халқларнинг ижтимоий-маданий ўзлигини коррекция қилиш (ўзларига тўғирлаб ўзгартириш)дан иборат. Шуларнинг бири инсоннинг жинсий ҳаётига қаратилган бўлиб, бу билан улар нафақат инсоннинг жинсий ҳаёти, балки онгига ҳам таъсир қилишни кўзда тутганлар. Хусусан, мусулмон халқларнинг анъанавий жинсий ҳаёти ҳам шулар жумласидандир.
Бу услуб шундан иборатки, жинсий алоқага оид нима бўлса, ҳаммасига катта диққат-эътибор қаратилади ва бу нарсалар ҳаётнинг асл мазмуни экани уқтирилади. Шу билан бир қаторда, буларнинг ҳаммаси шахс эркинлиги ва Ғарбдаги озодлик экани сингдирилади. Хусусан, шу орқали бой бўлиш ва муваффақият қозониш мумкин дейилади. Яъни, бойлик (тараққиёт) ва жинсий эркинлик орасида узвий боғлиқлик бор деб кўрсатилади.
Бу ғоянинг асли ботилдир, чунки Ғарбнинг гуллаб яшнашига ишчи синфларнинг қатъий меҳнати, рибога асосланган иқтисод ва мустамлака бўлган мамлакатларни аёвсиз талаш каби сабаблар эди.
Аслини олганда Ғарб цивилизацияси тарихи давомида ҳеч қандай «жинсий эркинлик» деган нарса бўлмаган. 50 йил олдин қандайдир европалик вазир зино қилиб қўлга тушганида иш жойидан маҳрум бўлиши турган гап эди. Гомосексуализм эса, Европада жиноят ҳисобланган.
«Шахс эркинлиги»ни Ғарбга қиёс қилиш, уни Ғарбда деб билиш ёшларнинг анъанавий муносабатларни писанд қилмай қўйишларига олиб келди. Бундай ёшлар ўз халқининг асрий анъаналарини «қолоқлик» дейишларига ва цивилизациялашган яқин келажакда бундай қолоқ одатларга ўрин йўқлигига ишонишларига сабаб бўлмоқда.
Шу тарзда ёшлар онгида моддий тарафдан тараққий этиш учун Европанинг «энг илғор» бўлган барча тажрибаларини ўзлаштириш шарт деган ўй устун бўла бошлайди. Анъанавий диний ахлоқ ва одоб инкор қилинади. Энди барча диққат-эътибор беҳаё мавзулардаги «очиқча» ток шоу иштирокчисининг ёки қандайдир ахлоқсиз қўшиқчи ё таниқли актёрнинг навбатдаги одобсиз қилиқларига қаратилади. Ғарб янги ахлоқни тарғибот қилар ҳамда ахлоқсизликни норма қилишга ҳаракат қилар экан, унинг ягона мақсади ўз фикрига эга бўлмаган худбин бир истеъмолчини шакллантиришдир. Улар эса, ўз нафсини қондириши учун янги-янги лаззатлар кетидан қува бошлайди. Буларнинг нафси қаерни яхши деб билса ўша ерни ўзларига ватан қилиб олишади. Бундайларга одоб-ахлоқ ва дин бир тийиндир. Буларни фақат жиноий жавобгарликка тортилиш эҳтимоли ушлаб туради. Агар бундай тақиқ олиб ташланса, улар дарҳол ўзларининг шаҳватларини тўхтамасдан қондиришга тушиб кетишади (худди гомосексуализмда бўлгани каби).
Шу тарзда, мусулмон ёшлари ҳам ташқаридан белгилаб берилган қоидалар билан яшашни бошладилар. Ва шу тарзда улар бошқа, бегона цивилизация қадриятларини қабул қилиб, унга оғишмай амал қила бошлашди. Ўз ёшларини йўқотган халқлар (этнослар) келажакларини ҳам бой берган бўлади.
Ажиб бир мисол, француз секуляризмига кўра, муслима қизлар мактабларга ҳижобда бориши мумкин эмас эмиш. Таажжубли тарафи шундаки, Францияда гейлар жамиятига ўз «қадрият»ларини тарғиб қилишга ҳеч ким тўсқинлик қилмайди. Французларга кўра, мусулмонларнинг рўмоли миллат ўртасига тафриқа солар экану, вояга етмаганларни ахлоқсиз қиладиган нарсалар эса хавфсиз эмиш.
Худди шу каби, муслима аёллар чўмилиши учун мўлжалланган «буркини»да чўмилишга ҳам қўйилган тақиқ француз секуляризми билан изоҳланган эди. Яъни, нудистлар яп-ялонғоч чўмилишлари, аквалангистлар гидрокостюмларда сувга шўнғишлари мумкину, аммо «буркини»да чўмилиш мумкин эмас.
Иқтисодий тараққиётга эришиш учун бегона цивилизациянинг барча иллатларидан нусха олиш шарт эмаслигини ёшларга тушунтириш йўллари билан бу ҳолатдан чиқиш мумкин. Корея, Хитой, Япония тажрибалари шуни кўрсатдики, бошқаларнинг технологиялари ва илмий кашфиётларини ўзлаштириш билан бир қаторда ўз анъаналари, ахлоқ ва одобини сақлаб қолиш мумкин экан.
Интернетдан
Абу Муслим таржимаси