Бу сиёсатни ҳам, Нетаняхунинг ўзини ҳам британ журналисти Джонатан Кук, Фаластин-Исроил муаммоларига бағишланган учта китоб муаллифи ва америкалик машҳур яҳудий журналист аёл Марта Гелхорн номидаги жаҳон журналистика мукофоти соҳиби шундай тавсифлайди.
Мақолада Исроилдаги сайловолди кампанияси ҳақида фикрлар экан, Кук Нетаняху ҳукумат тепасига келганидан буён борган сари ашаддийлашиб бораётганини қайд қилади. "Дастлаб улар ўнглар эди. Кейин ултра-миллатчи бўлишди. Энди эса таҳлилчилар Нетаняху ҳақида ўта-ўнглар коалицияси етакчиси сифатида гапирмоқдалар. Бироқ, афтидан улар бундан ҳам нарига бормоқчи", - деб ёзади Кук.
Ўз сўзларига асос сифатида журналист у қадар сезилмай қолиб кетган нарса – КАХ гуруҳидаги издошлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан, Исроилнинг ўзида ҳам террорчи ташкилот сифатида тан олинган, "Олма Яхудит" ("Яҳудийлар кучи") экстремистик ташкилоти ва Нетаняху ўртасида ўтган ой ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланишини келтириб ўтади.
Ушбу гуруҳ етакчиси Михаэл Бен Ари Исроилнинг оккупация сиёсати рақибларининг фуқаролигини бекор қилиш ёки депортация қилишга эмас, балки оммавий қатл қилишга ошкора даъват қилади. "Агар сиз яҳудийларга қарши чиқаётган бўлсангиз, демак тирик қолишни истамаяпсиз. Сиз депортация қилиниш ёки фуқароликдан маҳрум бўлишни истамаяпсиз. Сиз яшамоқчи эмассиз, шекилли! Сизни отиб ўлдирувчилар жамоаси қаршисига қўйиб, йўқ қиладилар – бу араблар тушунадиган ягона тилдир", - дея оммавий равишда баёнот берди у билан ҳамкорлик тўғрисида Исроил бош вазири битим имзолаган партия етакчиси.
Кукнинг айтишича, Нетаняху нафақат яҳудий экстремистлари ва террористларига қўлини очиқ ҳолда чўзди, балки уларни хавфсизлик кучлари яҳудийлар давлати учун хавфли деб ҳисоблайдиган маргинал гуруҳдан бошқарувчи коалиция ва катта сиёсат қатнашчиларига айлантириш имконини берадиган маънавий ва сиёсий муҳитни яратди. У Нетаняху бундан олдин гарчи ошкора экстремизм билан ажралиб турмасада, ўта ўнг саналган Яҳудийлар Уйи партияси билан коалиция тузиб, бу йўналишда қадам қўйганлигини эслади.
Афсуски, бу ҳаракатларнинг барчаси сайловолди кампанияси ва Исроил ички сиёсати доирасидан четда ҳам драматик оқибатларга олиб келиши муқаррар. Халқаро ҳуқуқ томонидан қораланаётган Фаластин ҳудудларини «яҳудий манзилгоҳлари» (қуролли колониялар) қуриш кўринишида мустамлакалаштиришнинг кучайиши, улар учун фаластинликлар ерларининг олиб қўйилиши, ҳайдаб юборилиши, фуқароликдан маҳрум қилиниш, исроиллик ҳарбийларнинг Фаластин фуқаро аҳолиси устидан қуролли жазолашлар сони ортиши, қуролли структуралар фаолияти устидан фуқаролик жамияти назоратини, жумладан, улар содир этган жиноятларни тергов қилишни чеклашга қаратилган ҳаракатлар – буларнинг барчаси айнан Нетаняху бошқарувига тўғри келади.
Бу ҳолатда ҳукумат коалицияси аъзолари яқинда фақат ғарб мамлакатларида эмас, балки Исроилнинг ўзи томонидан тақиқланган экстремистлар томонидан қўлланилган ғояларни: оммавий қатлга даъват қилиш, Исроил арабларини фуқароликдан маҳрум этиш ва депортация қилиш, Буюк Иудея барпо этиш мақсадида Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилни босиб олишни ошкора ифода этиши ажабланарли эмас.
Кутилаётган сайлов бундай яҳудий экстремизми қай даражада Исроил жамияти йўл-йўриқлари эканлигини кўрсатиши лозим...