loader
Foto

Ижтиҳод эшиги ёпилганми?

Бу сўз тарқалган ва ёйилган ҳамда атрофни тўлдирган. Бундан инсон онгида яна бир савол туғилади: Ким уни ёпган? Бу савол ҳақида сўралган киши ҳайратда қолади ва шундай темир бетон билан ижтиҳод эшигини ёпганни қидира бошлайди.

Аммо халифа ёки султоннинг журъат қилиб чиқарган умумий фармон ёки қарорини ва унга мусулмонлар оммаси амал қилганини кўрмайди. Айниқса бир подшо ҳукмрон бўлмаган ислом диёрларида, фатво ёки ижтиҳодда кўрган анархия олдида эҳтиёт учун ушбу фикрни лозим топган баъзи ўлкаларнинг волий ёки ҳокимларини топиш мумкин. Улар қодир бўлган ва бўлмаганлардан ҳам шариат ҳукмларини ҳимоя қилиш учун уни даъво қилиб чиққанлар олдида эшикни ёпган. Ушбу сабабларга кўра бу фикрни айтган баъзи олимларни ҳам топиш мумкин”. Сўнгра у киши яна шундай дейди: ”Ижтиҳоднинг ёпилиши ва тўхташи умумий тарзда юз берган иш эмас. Лекин у эътиборнинг сусайиши билан сусайиб борган. Ислом оламида ёки унинг бирор бир ўлкасида ижтиҳод эшигини ёпиш учун уламолар ижмоъ қилган эмас... Бу нарса юз берган эмас. Бу борада расулуллоҳ (с.а.в)нинг икки саҳиҳ китобида келган ҳадислари бор: ”Дарҳақиқат, Аллоҳ илмни бандалардан суғуриб олиш билан олиб қўймайди, лекин илмни олимларни олишлик билан олиб қўяди. Ҳатто олимлар қолмай одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб оладилар ва улардан сўрайдилар. Улар илмсиз фатво берадилар. Бас, ўзлари ҳам адашадилар ва (бошқаларни ҳам) адаштирадилар” (Тантовий. «Ал-ижтиҳад фил аҳкам аш-шаръийя», 104-бет, Абдулмунъим ан Намрнинг «Ал ижтиҳод» китобидан иқтибос)

Ижтиҳод эшигини ёпилиши ҳақида бирор бир илмий ёки ундан бошқа қарор ҳеч бир асрда мавжуд эмас. Бу сўзларни биз эшитаверамизу, аммо унинг аниқ илмий масдарини билмаймиз. Ижтиҳод эшиги қачон ёпилган деган иккинчи саволга эса фазийлатли шайх марҳум Абдулваҳҳоб Халлоф “Ливаул ислом” мажалласидаги мақоласида шундай жавоб берган: ”Учинчи ҳижрий аср охири ва тўртинчи ҳижрий аср бошида мужтаҳид салафларга эргашиш лозим деб билинган ва ижтиҳодни вожиб деб билишдан мусулмонларни тўхтаб қолишига олиб борган омиллар юз берган. Бу иккинчи ва учинчи ҳижрий асрларда қонунчилик ва ижтиҳод гуллаб яшнагани ва Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал каби мужтаҳид имомларнинг билан ҳам боғлиқдир. Мусулмонлар орасида уларнинг мазҳаблари шуҳрат топди ва мусулмонлар ушбу имомлар ва уларнинг мазҳаблари атрофида ўралашиб қолдилар. Эргашиладиган мазҳабга мутаассиблик фикри келиб чиқди. Уламолар бор жаҳдларини эргашаётган мазҳабларини қўллаб-қувватлаш учун йўналтирдилар. Мужтаҳид имомларнинг сўзлари қонунчилик манбаи бўлиб қолди ҳамда Қуръон ва суннатга мурожаат қилиш мазҳабни қўллаб-қувватлаш учун бўлиб қолди. Шу билан ижтиҳоднинг вожиблиги ҳақида тақлидий, паст фикрлар кўрина бошлади. Ижтиҳодга лаёқатли бўлмаганлар ҳам шаръий ҳукмларда ижтиҳодни даъво қилиб чиқди ва унга лаёқатли бўлганлар эса ўз ижтиҳодлари билан султонларга мойил бўлиб қолди. Шундай қилиб ҳукмлардаги ихтилофлар янада кенгайиб кетди...

Шунинг учун ҳам баъзи уламолар шариатни беҳудага кетказиш ва фасодга олиб боришни олдини олиш мақсадида мутлақ ижтиҳод эшиги ёпиқ ва олдинги ўтган мужтаҳидларга тақлид қилиш лозим дейишга мажбур бўлдилар.

Шаръий ҳукмлардаги ижтиҳод эшиги ёпилгани ҳақидаги сўз қачон айтилгани аниқ маълум эмас. Ижтиҳод эшиги ёпилган деган фикр ҳижрий тўртинчи асрларда юз берган дейилади... Бу сўзга Аллоҳнинг китоби ва набийнинг суннатларида ҳужжат йўқ. Буни айтувчилар ижтиҳодга лаёқатли бўлмаган кишилар унга журъат қилган ва ўз ҳавои нафсларига кўра йўл тутган ҳамда ихтилоф ва бўлинишга сабаб бўлган бир пайтда, фасодга олиб бориш ва зарарни олдини олиш мақсадида қилинган қоидага таянадилар”.

Бу фикрни ўрганиб чиққан катта фақиҳлар ижтиҳод эшиги ёпилганига рози бўлдилармикин...? Дарҳақиқат, масалани ўрганиб чиққан уламолар бу фикрни қабул қилмадилар ва унга рози бўлмадилар. Ҳар бир асрда бу фикрга қарши чиққанлар мавжуд. Чунки, ижтиҳод ҳар бир асрда ислом умматига фарзи кифоядир. Унга лаёқатли бўлган кишига уни манъ қилиш бирор ақлий ёки нақлий далилга таянмайди. Балки, бу ҳаётнинг турли соҳаларида дин хизмати, уммат хизмати, унинг манфаати, ўсиши, тараққий этиши учун ислом шариати рухсат берган тарзда янги фикр билдирувчи, тадаббур қилувчи, ҳукмларни солиштириб кўрувчи соғлом ақлларга қўйилган тош эшикдир.

Ижтиҳод эшиги ёпилган деб даъво қилганларга қарши чиққан олимлардан бири Султонул уламо лақабли Имом ал Изз ибн Абдуссалом бўлиб, у киши шундай деган: ”Ижтиҳод эшиги қачон ёпилганлиги борасида ихтилоф қилдилар. Баъзилар ҳижратдан икки аср кейин дедилар, баъзилар Шофеъийдан кейин ва бошқалар эса Авзоъий ва Суфёндан кейин дедилар. Уларнинг наздида ер Китоб ва суннатга қарайдиган ва ҳукм оладиган Аллоҳнинг ҳужжати билан турадиган кишидан ҳоли бўлган, ҳамда ҳеч ким улар иккисидаги (китоб ва суннатдаги) нарса билан фатво бермайди, фақатгина ўзи тақлид қилганнинг сўзини кўриб чиқиб, унга мувофиқ келсагина ҳукм чиқаради, бўлмаса уни рад қилади. Булар фосид сўзлардир. Агар нассда келмаган ёки салаф ва ўртасида ихтилофли ҳодиса юз берса, унинг устида Қуръон ва суннатга таяниб ижтиҳод қилинади бундан бошқани айтувчи ҳазаён соҳибидир.”

Ижтиҳод эшиги ёпиқ деган сўзни рад этувчи олимлардан яна бири Имом ас Суютийдир (911 ҳижрийда вафот этган). У киши ижтиҳод эшиги ёпиқ дегувчиларга раддия тариқасида китоб таълиф этган ва уни “Ер юзида туриб, ижтиҳод ҳар бир асрда фарзлигини билмаган кишига раддия” деб номлаган.

Имом Шавконий ҳам ижтиҳод эшиги ёпиқ деган даъвони ўрганиб чиқиб, буни шиддат билан рад этганлардан биридир. У киши ўзининг “Усул илмидан ҳақни амалга оширишга кучли қўлланма” номли китобида шундай саволни ўртага ташлайди: ”Асрнинг мужтаҳиддан ҳоли бўлиши жоизми ёки йўқ? Бу саволга бир тоифа шундай жавоб беради: Аллоҳнинг ҳужжатлари билан турадиган мужтаҳиддан замоннинг ҳоли бўлиши жоиз эмас. Чунки, ижтиҳод фарзи кифоядир ва бунга расулуллоҳ (с.а.в)нинг ушбу сўзи далилдир:” Умматимдан бир тоифа қиёмат қоим бўлгунча очиқ ҳақда давом этади”.

Бошқалар эса: Асрнинг мужтаҳиддан ҳоли бўлиши жоиздир ва бунга ишонч ҳосил қилинган. Рофеъий : ”Башарият гўё ҳозир мужтаҳид йўқлигига иттифоқ қилгандек”, дейди. Имом Шавконий яна шундай дейди:” Асрнинг мужтаҳиддан ҳоли бўлиши ҳақидаги сўз ажабланарлидир. Чунки улар буни ўз асрларининг эътиборидан айтганлар, бу ҳар бир асрдаги барча мусулмонларга ҳужжат бўла олмайди. Бу Аллоҳ таъоло аввалгиларга берган камоли ақл ва қувваи фаҳмни кўтарганлиги эътиборидан ёки бўлмаса илм ва ижтиҳод воситалари аввалгиларга осон бўлиб, улардан кейин келганларга осон бўлмаганлиги эътиборидандир, дейдилар. Буларнинг барчаси воқеликка хилоф ва ботил даъволардир. Дарҳақиқат, илм, ижтиҳод воситалари, Қуръон ва Суннатга, имомларнинг мазҳабларига мурожаат қилиш, уларни ўрганиш қийинчиликлари анча енгил бўлиб қолди.” (Имом Шавконий. «Иршод ул-фуҳул», Байрут: Дарул-маърифа, 1399ҳ. 253-бет)

Имом Шавконий сўзини шундай якунлайди: «Бундай қилиб баҳсни чўзишдан фойда йўқ, иш очиқ ойдин. Тақлидга аср бўлган кишиларнинг айтаётган гапи Аллоҳ маърифат эшикларини очиб қўйган ва кишиларга тақлид қилишдан чиқарадиган илм билан ризқлантирган кишилар учун мажбурий эмас. Бу муқаллидлар ўйлаб топган нарсанинг биринчиси эмас ва ақли калталар айтган ботил гапнинг аввалгиси ҳам эмас. Ким Аллоҳнинг фазлини баъзи бандаларигагина чекласа ва ушбу шариъатни тушунишликни аввалги ўтганларга хосласа, Аллоҳга қарши чиқибди ва жаҳолат, залолат бўлган сўзларни айтибди.» Имом Шавконийнинг ушбу масалада билдирган фикрини ўрганиб чиққан киши ижтиҳоднинг эшиги унга лаёқатли бўлган кишилар учун очиқ эканлигига бир неча далиллар кўради ва уни мутлақ беркилган деганлар на ақлий ва нақлий далиллар келтирганини билади.

1964 йили ўтказилган ислом тадқиқотлар кенгаши қурултойининг биринчи китобида нашр қилинган фазилатли шайх марҳум Муҳаммад Нурул Ҳасаннинг «Ижтиҳод, унинг ўтмиши ва ҳозири» номли тадқиқотида у киши асрнинг мужтаҳиддан холи бўлиши ёки бўлмаслиги масаласини баён қилгандан сўнг шудай дейди: «Ҳақиқат шуки, шаръан асрнинг мужтаҳиддан холи бўлиши жоиз эмас, чунки биз Муҳаммад (сав) шариати шариатларнинг охири эканини биламиз ва у Қиёматгача бандалар феълларининг ҳукмларини баён қилиш учун масъулдир. Аллоҳнинг ҳикмати инсонларни уларнинг у дунё ва бу дунёдаги манфаатларига бошловчи ва модомики, еру осмон бор экан, янги, давомли ҳодисаларнинг ҳукмини баён қилувчи йўлбошчисиз, беэътибор қолдирмайди. Барча учун ижтиҳод фарзи кифоялиги белгиланган. Бу маълум аср ёки замонга тааллуқли эмас. Ижтиҳоднинг шартлари билан фарзи кифояни амалга ошириш барча уламоларга вожибдир... Агар уларда ҳукмларни чиқариб олишга малака бўлса, уларга янги ҳодисаларнинг ҳукмини чиқариш вожиб бўлади. Бу иш билан уларнинг баъзиси шуғулланса, қолганларидан ҳам гуноҳ соқит бўлади. Агар улардан ҳеч ким бу иш билан шуғулланмаса уларнинг ҳаммалари тенг гуноҳкор бўлади. Бу ҳукм дунё тургунча собит ва қоимдир. Шаръан мужтаҳид мутлақдан аср холи бўлишининг жоизлиги ва ҳақ фақат шу тўрт мазҳабда, ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас, дейиш ҳар нарсани қамраган Аллоҳнинг кенг раҳмати, фазлини торайтириш ва манъ қилишдир». Шу ўринда Маҳмуд Нурул Ҳасаннинг юқоридаги айтган фикрига бир оз ойдинлик киритсак. Уламоларимиз ижтиҳод даражасига етмаган кишилар муайян бир мазҳабни ушлаши лозим, дейдилар. Ҳатто баъзи бир кишилар илми юқори даражага етиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини кучсизидан ажратадиган даражага етса ҳам, бировларга фатво бермасин, ўзи учун фатво чиқариб, шахсий амал қилса рухсат, дейдилар. (Фазийлатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Ислом мусаффолиги йўлида» 48-бет, «Ихтилофлар ҳақида» 56-бет.)

Аҳмад Амин «Явмул Ислом» номли китобида шундай фикр билдиради: “Ижтиҳод тўхтаганда мусулмонларнинг ҳаётий жараёни ҳам қотиб қолар эди. Негаки, маданият ҳар доим янги ҳодисаларни юзага келтиради. Агар биз ижтиҳод орқали уларга ёндашмасак, улар баъзан динимизга мувофиқ ва баъзан мухолиф бўлиб туриши мумкин. Ўшанда биз ҳайратга тушиб қолишимиз ҳеч гап эмас.”

Буюк мазҳаблар асосчилари ўзлари ижтиҳод қилган ҳолда бошқаларни ҳам ижтиҳод қилишга чорладилар. Улар ҳеч қачон ижтиҳод эшиги ёпилган деб айтмаганлар. Бундай фикр улардан кейин келган ва уларга нисбатан илми кам ва шахсияти кичик бўлган олимлар томонидан билдирилган. (“Тарихул-фиқҳил -исломий”, Б.-64.)

Устоз Аббос Маҳмуд ал-Аққод ҳозирги даврда ижтиҳоддан фойдаланиш зарурлигини тадқиқ қилгандан кейин бундай дейди:

“Бу борада охирги давр олимларининг тутган йўли ижтиҳод эшиги асрлардан буён ёпилган деб билувчи кишилар йўналишидан устун туради. Таклифлар (ҳаётдан келиб чиқадиган заруратлар) эшиги очиқ турган ҳолда ижтиҳод эшигини ёпиш хатодир”.

Устоз Абу Заҳра бугунги кунда ҳақиқатан ҳам ижтиҳод эшиги ёпилганми, деган саволни текшириб ўтиб, ижтиҳод тўхтатилмаган деган фикрни қўллаб келган фақиҳлар, жумладан, Ҳанбалий фақиҳларининг айрим фикрларини эслатиб ўтгандан кейин қуйидагича хулоса чиқаради:

“Инсоннинг ақли ва тафаккури учун Аллоҳ очган эшикни ёпишга ҳеч ким ҳақли эмас. Бундай сўзни айтган киши қандай далил ва манбага таянади? Нега у ўзига раво кўрган ишни бошқаларга нораво деб исботламоқчи бўлади? Бундай тўсқинлик яратиш одамларни Қуръон, Сунна ва салафи солиҳ асарларидан узоқлаштирди”. (“Ислом ҳуқуқшунослиги: Ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осий фақиҳлари”, 50-бет, Доктор Ахмад Шалабийнинг “Мавсуатул-ҳазоратил-исломия” асаридан иқтибос.)

Доктор Аҳмад Шалабий ўзининг “Мавсуатул-ҳазоратил-исломия” (Ислом тамаддуни қомуси) номли 8 жилдлик қимматли асарининг саккизинчи жилдида ҳозирги даврда ижтиҳодга ўтиш зарурияти ҳақида қуйидаги фикрни билдиради:

“Бугунги кунда ўз фикрларини билдириш, Қуръон ва ҳадисларга мурожаат қилиш, шароит ўзгариши оқибатида ҳосил бўлган янги ҳуқуқий муаммолар бўйича ижтиҳодга даъват қилувчи янги бир оқим юзага келган. У таъкидлашича, ушбу аср (20-аср) бошларигача ижтиҳод қилиш зарурлиги бўйича ҳеч қандай фикр мавжуд эмасди. Кейинроқ Муҳаммад Абдуҳ ушбу масалани кўтарди. Бундай фикр замон талабини тушунмаган кишиларга ёқмаган бўлса ҳам, аста-секин ўз йўлини топа борди ва катта олимлар ижтиҳод қилиш зарурлиги ҳақида очиқдан очиқ сўз юрита бошладилар. Бора-бора ушбу ғояни қўллаб-қувватловчилар сони ошиб борди. Бу эса ижтиҳод учун янги бир босқич ҳисобланади”.

Уламоларнинг ижтиҳод эшиги очиқ ёки ёпиқлиги борасидаги сўзлари билан танишганимиздан сўнг бизга маълум бўладики, ижтиҳод эшиги ёпилган, дегувчилар бу сўзларининг ортидан ижтиҳод лаёқати бўлмаганлар, ўз ҳавои нафси хизмати учун ва ислом уммати орасида тафриқа, ихтилофни ёйиш учун васила қилиб оладиган шаръий нассларни на ақлий ва на нақлий асоссиз нотўғри таъвил қиладиган ва тўғри йўл туриб, унга эргашмай, нотўғрини кўриб унга эргашадиганлар учун ҳамда мустабид ҳукмдорлар ва уларга ёқиш учун ҳар нарсага тайёр чаламуллалар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолмаслиги учун ёпиқлигини қасд қилган бўлишлари мумкин. (Тантовий. «Ал-ижтиҳад фил аҳкам аш-шаръийя», 108-бет ва Фазийлатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Ихтилофлар ҳақида» 68-бет.)

Шунингдек, ижтиҳод эшиги ёпилмаган ва ёпилмайди дейдиганлар эса бу ижтиҳоднинг шартлари тўла-тўкис бўлган ва Аллоҳ берган ўткир ақл, тўғри фаҳм, манфаатли илм ва пок қалб соҳиби бўлмиш ижтиҳодга лаёқатли ҳамда мақсади дини ва уммати учун хизмат қилиш бўлган кишиларга нисбатан эканлигини қасд қилганлар. Буларга ижтиҳод эшиги янги ҳодисаларга, чеки йўқ масалаларга ҳукм чиқаришлари учун дунё турганича очиқ қолади. Инсоният тадаббур, назар ав фикр эркинлигидан маҳрум бўлмагунича ҳар бир басират эгасига ижтиҳод эшиги очиқдир. (Ваҳба Зуҳайлий. «Усулул фиқҳил исламий» 2 жуз 1114 бет)

Ижтиҳоднинг ҳозирги кундаги кўриниши

Бизнинг асримиз воқеа-ҳодисалар, мушкилотлар тез суръатларда янгиланаётган аср бўлиб, бундай ҳолатда ижтиҳод масаласи ниҳоятда эътиборлидир. Ҳозирда шаръий ечимини топиши керак бўлган кўплаб муаммолар бор. Уларни ҳал қилиш учун ижтиҳоддан бошқа йўл йўқ.

Ижтиҳод бутунлай имкони бўлган нарсадир. Бунда қийинчилик йўқ. Ақлимиздан, қалбимиздан унга ўрнашиб олган фикр, хаёлни ўчириб ташлашимиз керак. Аввалгилар етган нарсага етишнинг имконияти йўқ деган гумонни ҳам кетказишимиз лозим. Худдики бу амалга ошиши мумкин бўлмаган нарсадек. Фазо эгалланган, атом, электр энергияси ва бошқа нарсалар ихтиро қилингандан сўнг ҳам амалга оширишнинг иложи йўқми? (Ваҳба Зуҳайлий .«Усулул фиқҳил исламий» 2 жуз 1116 бет ва. «Ал фиқҳил исламий ва адиллатуҳу», 1 жуз 133 бет)

Дарҳақиқат, ижтиҳод шартларининг мукаммал бўлиши бир қанча илмларнинг китоб шаклига келтирилгани ва улар ҳақда кўплаб китоблар ёзилганидан кейин қийин бўлмай қолди. Уламоларнинг фикрига кўра шаръий ҳукмлардаги ижтиҳод пайғамбар (а.с) вафотларидан тўртинчи ҳижрий асргача гуллаб яшнаган. Сўнгра эса ўн учинчи ҳижрий асргача то бизнинг вақтимизга қадар тушкунликка дучор бўлган. Кейин яна унга ҳозирга қадар ҳаракат, фаоллик билан ҳаёт қайтмоқда.

Абу Довуд, Ҳоким, Байҳақийлар Абу Ҳурайрадан ривоят қилган ҳадисда расулуллоҳ (с.а.в) шундай деганлар: ”Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ушбу умматга ҳар юз йилликнинг бошида унинг динини янгиловчи киши юборур.”

Бундан ҳам бизга маълум бўладики, ҳар бир асрда ижтиҳод лозим ва шартдир. Айниқса, муаммолар, ҳодисалар кенгайиб бораётган ҳозирги асримизда эса энг лозим ва шартдир.

Ҳеч бир оқил киши ҳар бир асрнинг ўз мушкилоти, янги ҳожатлари, олдинги асрларда мавжуд бўлмаган муаммолари ва ихтиролари, кашфиётлари бўлишини инкор қилмайди. Агар у ихтиро кашфиётларни аввалгилар кўрсалар, ҳайратда қолишлари ва булар бўлиши мумкин бўлмаган нарсалар дейишлари турган гап.

XIX асрда яшаган киши XX асрдаги ихтироларни, кашфиётларни кўрса (мисол учун фазонинг эгалланишини), даҳшатга тушади, кўзлари кўрган ва ҳис қилган нарсасини тасдиқлай олмай қолади.

Али ибн Абу Толибнинг сўзи қанчалар ҳикматли: ”Болаларингизга ўзларингизнинг ақлларингиз билан яшашни ўргатманг. Дарҳақиқат, улар сизларнинг замонларингиздан бошқа замон учун яратилгандирлар.”

Уламолар замон, макон, урф, ва ҳолат ўзгариши билан шариат ҳукмларининг ўзгариши инкор қилинмайди дейдилар. Бизлар учун расулуллоҳ (с.а.в)да гўзал намуна бордир. У кишининг сийратларини ўрганган киши ҳолат тақозоси билан баъзи нарсалардан асҳобларини қайтарганларини, сўнгра уларга рухсат берганларини шоҳиди бўлади. Бунга Имом Муслим ўз саҳиҳида, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можалар ўз сунанларида Бурайда (р.а)дан ривоят қилган ҳадиси шариф далилдир. У зот (с.а.в) дедилар: ”Мен сизларни уч нарсадан қайтарган эдим, энди сизларга уларни буюраман: Сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим, энди уларни зиёрат қилаверинглар. Уларни зиёрат қилишликда эслатма бор. Тери идишдан бошқа идишда ичимлик ичишдан қайтарган эдим, энди ҳар бир идишда ичаверинглар. Маст қилувчи ичимлик ичмасаларинг бўлди. Уч кундан ортиқ қурбонлик гўштлари(ни сақлаш)дан қайтарган эдим, энди еяверинглар, тўплайверинглар, сафарларингизда ишлатаверинглар”.

Умар ибн Хаттобнинг қозилардан бирига қилган васиятларида шундай дейилган: ”Кеча чиқарган ҳукминг нафсинг ундан қайтиб, ҳидоят топганингда ундан қайтишингдан манъ қилмасин. Албатта, ҳақ қадимдир ва ҳаққа қайтиш ботилда давом этишдан яхшироқдир”.

Умар (р.а) бир воқеа юзасидан ҳукм чиқариб, сўнгра унга ўхшаш воқеа юзасидан бошқача ҳукм чиқарганида баъзи саҳобалар буни сўраганлар. У киши (р.а): ”Бу чиқарган ҳукмимизга кўра ва бу эса чиқарадиган ҳукмимизга кўра”, деган.

Ҳозирги асримиз ижтиҳодга ҳар бир ишда олдингидан анча муҳтожроқдир. Айниқса, ҳозирги ажойиб илмий тараққиёт, саноат инқилобидан сўнг инсонлар ҳаётига катта ўзгаришлар кирган бир пайтда...

Шайх Аҳмад Иброҳимбек ўзининг "Усулул фиқҳ" китобида шундай дейди: "Ҳозир бизнинг қўлимизда тафсир, ҳадис соҳасида ёзилган кўплаб асарлар, энциклопедиялардан иборат қимматбаҳо хазина бор. Буларнинг барчасининг мавжуд бўлиши салафи солиҳларимиз даврида анча мушкил бўлган. Улар бир ёки икки ҳадис талабида ҳам бир диёрдан иккинчисига сафар қилар эдилар. Шундай қилиб фақатгина китоб ва суннатнинг қимматли мўъжамлари қўйилди. Ҳозир эса ҳукм оятларини, ҳукм ҳадисларни уларнинг узун ёки қисқа шарҳи билан жамлаган китоблар бор." (Аҳмад Иброҳимбек, "Усулул фиқҳ", 108 бет )

Шайх Мустафо ал Мароғий ўзининг "Буҳусун фий ташриъил исламий" номли китобида шундай дейди: "Ижтиҳод фақат ақлан мумкин бўлиб қолмай, балки одатан ҳам мумкиндир. Унинг йўллари олдинги замондагидан анча енгил. Авваллари муҳаддислар бир ҳадис ривояти учун бошқа ўлкаларга сафар қилар эдилар, бир сўз, бир калимани билиш учун ҳам сафар қилар эдилар. Ҳозир эса илмнинг ҳар бир соҳасида: тафсир, ҳадис, фиқҳ, луғат, наҳв, мантиқ илмларида кўплаб тадқиқотлар олиб борилган. Ҳадисларинниг барчаси жамланган, саҳиҳидан заифи ажратилган. Кишилар ровийларнинг сийрати ҳақида ёзишдан фориғ бўлганлар. Булар олдинги асрдагиларга енгил бўлмаган. Фақиҳлар мазҳабларининг барчаси ёзилган ва уларнинг далиллари маълумдир." (Муҳаммад Мустафо ал Мароғий ."Буҳусун фий ташриъил исламий", 119 бет.)

Ваҳба Зуҳайлий ўзининг китобида шундай дейди:" Мен ижтиҳоднинг иложи йўқ дейдиганларнинг фикрларини ҳурмат қилган ҳолда уларнинг фикрига қарши чиқаман ва дейман: Дарҳақиқат, Мисрдаги диний маъҳад уламолари ичида шундайлари борки, уларда ижтиҳод шартлари тўла тўкис бўлган ва тақлид уларга ҳаром бўлган." (Ваҳба Зуҳайлий, «Ал фиқҳил исламий ва адиллатуҳу», 1 жуз 134 бет.)

Шайх Абдулмунъим ан–Намр шундай дейди: "Мужтаҳиднинг иши олдингидан анча енгиллашгани маълум бўлиши лозим. Қуръони карим кўплаб тафсир қилинди, бу тафсирлар орқали унинг маъноларини билиб олиш енгиллашди. Ҳукм оятлари бир китобга жамланди ва улардан ҳукмларни чиқариб олиш, у ҳақдаги уламоларнинг фикрлари баён қилинди. Шунинг учун ҳам иш олдингидан енгиллашди, аввалги мужтаҳидлар қийналиб кўп жаҳд сарфлайдиган ишлар қисқарди. Ҳадиси шарифга келадиган бўлсак, уларни жамлаш, саҳиҳини ҳасанидан, заифидан ажратиб олиш олдин қийин иш эди. Ҳозир эса улар китоб қилиб ёзилгандан сўнг, саҳиҳи бошқасидан ажратилди, уларнинг даражалари белгиланди, ровийларнинг аҳволлари ўрганилди, фиқҳ ҳукмлари бобларга ажратилгани каби ҳадислар ҳам бобларга ажратилди. Мужтаҳиднинг иши аввалги мужтаҳидлар замонидагидан анча енгиллашди." (Абдулмунъим ан Намр. "Ал Ижтиҳад", 211 бет.)

Юсуф Қарзовий ўзининг "Ал Ижтиҳад фиш шариатил исламия" номли китобида дейди:" Бу (ҳозирда ижтиҳод аввалгидан анча енгиллашган ҳақидаги фикр) шайхларимиз ва шайхларимизнинг шайхлари XIV асрда айтган гаплари. Биз ҳозир XX аср бошида туриб айта оламиз: Тадқиқотчилар учун илм китоблари, масдарлари аввалгидан анча енгиллашган, кўплаб махфий ётган мерослар юзага чиқди, тафсир, ҳадис, мазҳаб фиқҳи, қиёсий фиқҳ, усул ва бошқаларда амалга оширилмаган кўплаб ишлар амалга оширилди. Асримиз уламолари ичида мутлақ ижтиҳод даражасига етганларнинг борлиги ажабланарли эмас. Аллоҳ таолонинг фазлида танглик йўқ, аввалгиларга қанча берган бўлса, кейингиларга ҳам шунча берган. Кейингилар аввалгилардан афзал бўлишлари ҳам мумкин. Аҳмад, Термизий ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда набий (с.а.в.) шундай деганлар: "Умматимнинг мисоли ёмғир кабидир, унинг боши яхшими ёки охири яхшими билинмади". («Ал-ижтиҳад фил аҳкам аш-шаръийя» Тантовий, 120 бет, Юсуф Қарзовийнинг китобидан иқтибос.)

Уламолар ҳозирда ислом уламолари ичида мужтаҳид уламонинг йўқлиги ҳақида маълумот берганлар. Бугунги кунда мужтаҳид уламо йўқ бўлса ижтиҳод масаласи қандай тарзда бўлади?

Ушбу саволга фазийлатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари жавоб берадилар:

“Бугунги кунда мужтаҳид олим йўқлиги, балки бугунги кундан бир мунча муддат, неча ўнлаб йиллар аввалдан бери ислом уммати барчаси эътироф қилган, кўзга кўринган мужтаҳид олимнинг йўқлиги ҳаммага маълум ва машҳур. Бунинг бир қанча сабаблари бор, жумладан ҳозирга келиб ҳаёт жуда ҳам мураккаблашиб кетди. Турли илмлар, мутахасисликлар пайдо бўлди, диний илмларни олишда ва мутахасис бўлишда қийинчиликлар, тўсиқлар пайдо бўлди. Аввалги каби имкониятларга эга бўлган, чегараланган бир худудда яшаб ижод қиладиган олимларнинг имконлари қолмади. Атрофлича қарайдиган бўлсак, бутун ислом оламини рози қиладиган ва бутун масалаларини ҳал қиладиган шахсларнинг имконлари чегараланди. Шу сабабдан ислом оламида мужтаҳид уламоларни эътироф қилиш маъноси, уларнинг борлиги ҳақиқати йўққа чиқди. Чунки, мужтаҳид олимга жуда кўп талаблар қўйилади ва шу билан бирга аввалги вақтга қараганда бугунги вақтнинг ҳаётида жуда кўп қирралар очилди. Буни битта одамнинг ўзи ўзлаштириб олиш имкони йўқолди. Шунинг учун мужтаҳид олимларни чиқиб ҳаммани рози қилиш имкониятлари ҳам йўқолди. Бунинг устига, ўтган вақтларда узрлик сабабларга кўра диний аҳкомларни ўз хохишига бўйсундириш маъносидаги баъзи-бир шахсларни қилаётган ҳаракатларини чеклаш маъносида ва яна кўпгина омилларни эътиборга олиб уламоларимизни ўзлари "ижтиҳод эшиги беркилди" деган қарорни ҳам чиқарган эдилар. Мана шу ва шундан бошқа бир қанча омилларга кўра бу саволда сўралаётганидек мужтаҳид уламоларни чиқиши тўхтаб қолди. Лекин бу ислом оламида етук олимлар қолмади дегани эмас, янги масалаларни ҳал қилиш имкони йўқолди дегани ҳам эмас. Холнинг тақозосидан чиқиб мусулмон уламолар ўз фаолиятларини давом эттирдилар янги пайдо бўлаётган саволларга, масалаларга жавоб ва ҳалларни ислом умматига тақдим қилиб келдилар. Ҳозирги кунда якка шахс мужтаҳид сифатида масалалари ҳал қилиб, ҳаммани қониқтириш имкони йўқ деган фикрга келинган бўлса ҳам, энди ижтиҳодни якка ҳолда эмас балки жамоат ҳолида қилиш имкони борлиги тўғрисида сўз очилди. Яъни, пайдо бўлаётган масалаларни якка шахслар эмас, уламолар гуруҳи тўпланиб туриб ҳал қилиш йўналишига ўтилди. Мана шу мақсадда “Ислом фиқҳи академиялари” га асос солинди. Ҳозирги кунда бир қанча “Ислом фиқҳи академиялари” фаолият кўрсатиб турибди. Буларнинг ичида энг қадимгиси ва каттаси, нуфузлиларидан бири ислом давлатлари уюшмаси қошидаги “Ислом фиқҳи академияси”дир. Бу академияда ислом давлатлари уюшмасига аъзо бўлган давлатлардан тамсилчи фақиҳлар олимлар аъзо бўладилар. Академия ўзининг йиллик мажлисларида кўриладиган масалаларни мазкур олимларга, ўзига аъзо бўлган олимларга мажлис бошланишидан маълум вақт олдин хабарини беради. "Келгуси мажлисимизда, фалон вақтда ўтказиладиган йиғинда қуйидаги масалалар кўрилиб чиқади. Шунинг учун сизни бу масалаларга тайёрланиб келишингизни сўралади" деган маънода хабар юборилади. Ҳар бир олим бу масалаларни чуқур ўрганиб, ўз юртидаги уламолардан маслаҳат олиб, уларни фикрини жамлаб, йиғилишга кўрсатилган масалаларни баҳсида, таҳлилида, муноқашасида қатнашишга тайёр бўлиб келади. Академия мажлисида ана ўша кун тартибига киритилган масалалар бирин-кетин қўйилади. Қайси масала бўйича таҳлил бўладиган бўлса, муноқаша бўладиган бўлса, ўша масаланинг мутахасисларини ҳам чақирилади. Улар кўрилаётган масала асоси нимадан иборат, унда бўладиган нозик жойларини, кўпчилик тушунмайдиган, лекин фақат мутахасислар биладиган жойларини ҳам уламоларга очиқ-ойдин айтиб беришади. Ана ўша таҳлилларни кўриб, атрофлича ўрганиб, ўтган мужтаҳид уламоларимизни ижтиходларига таққослаб маълум бир масалада қарор қабул қилинади, қарор овозга қўйиш йўли билан қабул қилинади. Агар ҳамма рози бўлса рози бўлади, кўпчилик рози бўлиб баъзи-бир одамлар қўшилмайдиган бўлса, уни ҳам алоҳида таъкидланади. Мана шу тарзда масалалар ҳал қилинади. Ҳозирги кунда мен таъсис мажлисининг аъзоси бўлмиш “Роббитат ул аъламил ислами” ташкилотининг ҳузурида ҳам “Ислом фиқҳи академия”си фаолият олиб боради. Шунингдек, Ҳиндистон мусулмонларининг “Ислом фиқҳи академия”си бор, Судан “Ислом фиқҳи академия”си ишлаб турибди, Европа давлатларида яшайдиган мусулмонлар учун умумий битта “Фатво мажлиси” деб аталган академия ишлаб турибди, Шимолий Америка мусулмонлари учун ҳам “Ислом фиқҳи академия”си ишлаб турибди ва шунга ўхшаш бир қанча академиялар фаолият олиб бориб турибдилар. Булар ўша аввалги айтиб ўтганимиздек, "жаъмои ижтиҳод билан шуғулланаяптилар", десак хато бўлмайди. Ҳозирги кунда фаолият кўрсатиб турган “Ислом фиқҳи академия”ларини марказий идорасини тузиш, "Бош ислом фиқҳи академия” сини таъсис этиш тўғрисида ҳаракатлар бўлиб турибди. Буни уламолар бир неча бор кўриб чиқдилар, мен ҳам иштирок этдим. Яқиндаги сафарларимдан бирида “Тавосул” деб номланган илмий журналда кўпчиликка мана шу маънода саволлар тарқатилди, жумладан менга ҳам. Мен ҳам ўз фикрларимни, мулоҳазаларимни билдирдим, энди ана ўша нарсаларни жамлаб, ўртача, ислом умматига фойдали бўладиган бир қарорга келинади деган умид бор. Асосан “Ислом фиқҳи академия”лари эски мужтаҳидларимиз даврида ҳозиргача бизга қолиб келаётган фиқҳ китобларимизда йўқ янги пайдо бўлган масалаларни ҳал қилиш билан ижтиҳод олиб борадилар. Мисол учун, мана ҳозирги пайтда касал бўлиб қолган инсонга ёрдам бериш маъносида бошқа бир инсондан қон олиб қуйиш тиббий ҳаётда жорий қилинди. Аввал бу нарса бўлмаган, ана энди мусулмонларда савол пайдо бўладики "бировнинг қонини бошқа бир одамга олиб қуйса таъсири бўладими, диний маънода қандай ҳукмга эга бўлади. Бир аёлдан қон олиб гўдак болага қуйса эмизганлик ўрнига ўтадими йўқми?" каби саволлар пайдо бўлади. Мана буни “Ислом фиқҳи академия”лари, шу соҳанинг мутахасислари ва уламолари билан тўпланиб ҳаммасини таҳлил қилиб ўрганиб чиқишган ва қон қуйиш жоизлигига фатво берилган ва у эмизиш каби эмаслигини, балки бир оддий ҳолат эканлигини таъкидлаб, ҳужжат далиллар билан қарорларни чиқарганлар. Бу қарорлар ҳозирги кунга келиб, анчагина бўлиб қолди. Сиз азизлардан келаётган мана шунга ўхшаш масалаларга бераётган жавобларимиз асосан ана ўша “Ислом фиқҳи академия”ларида қабул қилинган қарорлардан иборат бўлади. Мисол учун, "ғизо ва давога қўшиладиган турли моддаларни тўғрисида кўп сўралганлигидан, Е322 ёки шунга ўхшаган моддаларни қандай тушунамиз" деб келаётган саволларга жавоб тариқасида Қувайтда фаолият олиб борадиган “Ал муноззама ал исламия лиъулуми тиббия” деб аталган ташкилотнинг уламолари чиқарган қарорни таржимаси билан таништирдик. Бу ҳам ана шундай соғлиқ, озиқ-овқат тўғрисидаги кўпгина фатволарни чиқарадиган ташкилотларимиздан ҳисобланади. Шунга ўхшаш кўпгина бошқа масалаларда мана шу “Ислом фиқҳи академия”лари чиқарган қарорларни оммалаштириб боришга ҳаракат қилмоқдамиз. Демак, "нима учун мужтаҳид чиқмай қолди?" деган саволнинг қисқача жавоби шу ва кўнгиллар тўқ бўлиши керакки, якка шахслар бўлмаса ҳам, жамоавий тарзда, кўпчилик бўлиб уламоларимиз ислом уммати хизматини олиб бормоқдалар ва бундан кейин ҳам иншааллоҳ бу нарса яна ҳам пухта равишда давом этади деган умиддамиз”.