loader
Foto

Ҳадд ёки қасосда узиб олинган аъзони қайта улаш

 ҲАДД ЁКИ ҚАСОСДА УЗИБ ОЛИНГАН АЪЗОНИ ҚАЙТА УЛАШ

Аллоҳ роббил аъламийнга ҳамдлар бўлсин!

У зотнинг энг яхши бандаси, саййидимиз, мавломиз Муҳаммадга саловоту дурудлар бўлсин! У зотнинг олига асҳобларига ҳам ва қиёмат кунигача уларга яхшилик билан эргашганларга ҳам.

Аммо баъд:

Ушбу баҳснинг мавзуъси ҳадд ёки қасосда кесилган ёки узилган аъзони ўз ўрнига қўйиш масаласининг шаръий ҳукмини билмоғдир. Мазкур узилган аъзони тиббий амалиётлардан бир амалиётни қилиб ўрнига қайта қўйса бўладими? Бу шаръан жоиз ишми? Бунинг ҳукми нима? Буни биров қилган бўлса, нима бўлади?

Ушбу масала ҳозирги кунда ўзига хос аҳамият касб этади. Янги тиб илми хусусан, инсоннинг аъзоларини кўчириб қўйиш масаласида тараққиётга эришгани туфайли. Бу нарса ўтган замонларда тасаввурга ҳам келмас эди. Батаҳқиқ, баъзи гумон қилувчилар бу масала янги масала унинг ҳақида ўтганларнинг фиқҳий китобларида очиқ-ойдин бир зикр бўлиши мумкин эмас деган хаёлга бориши мумкин. Лекин бу хаёл, тўғри эмас. Воқеъликка назар соладиган бўлсак, албатта, аввал ўтган фуқаҳолар бу масалани зикр қилганлар ва уни турли тарафларидан яхшилаб ўрганганлар. Мана шу қилган ишлари бир тарафдан улар масалаларни тасвир қилишда кенг йўл олганларини ва аҳкомлар бўйича назарлари дақиқ бўлганини кўрсатади. Яна бошқа бир тарафдан эса, бир аъзони ўз ўрнига қайта тиклаб қўйиш ўша эски кишилар тасаввур қилиб бўлмайдиган нарса бўлган эмас, балки бу иш улар билган, тажриба қилган ишлардан ҳисобланади. Ҳатто ҳижратнинг иккинчи асрида ҳам бу гаплар бўлган. Чунки, бу ҳақида имом Молик раҳимаҳуллоҳ очиқ-ойдин сўз юритган, ҳатто бугунги кунгача бу нарса рост гап бўлиб келмоқда.



Баҳснинг нуқталари

Бу масала бўйича фуқаҳоларнинг матнларини келтиришимдан олдин, бу баҳсни қуйдаги нуқталари борлигини таъкидлаб ўтмоқчиман.

1. Бир одам бошқасига нисбатан жиноят қилиб, аъзоларидан бирини кесиб олди. Сўнгра аъзоси кесилган жиноятчидан қасос ёки хун олишдан олдин ҳалиги аъзони ўз жойига қўйиб олди. Мана шу иш қасосни соқит бўлишида ёки тўлов тўлашни бекор қилишга ўз таъсирини ўтказадими? Ёки бўлмаса қасос олингандан кейин ёки тўлов тўлагандан кейин, аъзоси кесилган одам ўз аъзосини ўрнига қўйиб олди. Мана шу ишнинг ҳам қасос ёки ҳун олишнинг кетидан бўлса ҳам, таъсири борадими? Бу масалани, жиноят қилган одам аъзосини ўз ўрнига қўйиб олиши, деб атайман.

2. Бировнинг аъзосини кесган жиноятчининг қасос юзасидан аъзоси кесилди. Ана шу жиноятчи ўзининг қасос туфайли кесилган аъзосини ўрнига қўйиб олса бўладими? Ёки унинг кесилган аъзосини ўрнига қўйиши қасос ҳукмини ботилга чиқарган деб эътибор қилинадими? Агар жиноятчи ўзининг қасос туфайли кесилган аъзосини ўрнига қўйиб олса, жиноятга учраган одам, бу кесилган аъзосини яна ўрнига қўйиб олибди уни, қайтадан кесинглар деб, яна даъво қилса бўладими ёки йўқми?

3. Бир одам ўзидан ажраган аъзони қайтиб ўрнига ўрнатиб олди. У ҳаддан ажраганмиди, қасос туфайлимиди ёки бошқа сабабданмиди барибир, уни ўрнига қўйиб олди. Мана шу аъзо, пок аъзо деб эътибор қилинадими ёки нажас деб эътибор қилиниб у билан намоз ўқимайдиган ҳолатга келиб қоладию, бу билан намоз ўқий олмайсан, бу аъзоингни жойидан чиқариб ташла, дейиладими?

4. Қўли ёки оёғи кесилган ўғри кесилган аъзоларини ўз ўрнига қўйиб олиши жоизми ёки бу ишни қилмоғи шаръий ҳукмга тажовуз ҳисобланиб, у ишни биров қилса яна ўша аъзосини қайтадан кесишга тўғри келадими?

Ушбу масалаларни ҳар бири ҳақида мустақил фаслда сўз юритмоқчиман. Тавфиқ Аллоҳнинг Ўзидандир.



Биринчи масала: Жиноятга учраган одам ўз аъзосини ўрнатиб олиши

Бунда жиноятга учраган одам ўзининг кесилган аъзосини ўрнига қўйиб олиши ҳақида сўз боради. Бу масала ҳақида биринчи бор сўралган ва у бўйича фатво берган шахс, менинг билишимча, Дорул ҳижратнинг имоми Молик ибн Анас раҳимаҳуллоҳдир. Батаҳқиқ, “Мудавванатул Кубро”да қуйдагилар келган:

(“Мудавванатул Кубро” Моликийларнинг асосий фиқҳ китоби ҳисобланади. Худди биздаги “Зоҳирур Ривоя” китобларига ўхшаб. Ҳазрати Молик ибн Анас роҳимаҳуллоҳнинг дарсларда айтган масалаларини ва атрофлардан келган маълумотларни тўплаб, Саҳнун деган олим китоб қилганлар ва унинг номи “Мудавванатул Кубро”деб аталган).

У айтди: “Мен айтдим, айтчи иккита қулоқни бир одам қасддан кесди. Қулоқнинг эгаси икковини олиб ўрнига қўйган эди, собит бўлиб тузалиб кетди. Ёки бир одам қасддан бировнинг уриб тишини синдирди. Тишнинг эгаси уни олиб ўрнига қўйган эди, тузалиб, яна тиш ҳолатига келди. Шунда қулоқни кесган ва тишни туширган одамдан қасос олинадими?”

Ибн Қосим жавоб берди: “Мен одамларнинг шу ҳақида Моликдан сўраётганларини эшитдим. У бу ҳақида одамларга бирор нарса демади. Менга Моликдан етиб келган ҳабарга кўра, у бошқа бир жойда айтган эканки,  Тишни туширганда қасос олинади. Агар собит бўлиб, тузалиб кетган бўлса ҳам. Бу менинг раъйим. Қулоқ ҳам худди шундай, кесилгандан кейин жойига қйилиб, собит бўлса ҳам, қасос олинади. Менга Моликдан етиб келган тишда нарса нималигини билмайман. Яъни, қасддан қилганда қасос олинадими ёки қасддан қилмаганда хун олинадими, билмайман. Аммо буларнинг ҳаммаси мени наздимда қасд бўлса ҳам, хато бўлса ҳам бир хил”.

Ундан кейин имом Моликдан ва унинг шогирдлари роҳимаҳумуллоҳлардан кетма-кет ривоят келган. Ўша ривоятларни барчаларида иттифоқ қилинишича, қасддан қилинган жиноятга дучор бўлган одам ўз аъзосини ўрнига қўйиб олса ҳам жиноятчидан қасос олиш соқит бўлмайди. Аъзони ўрнига қайтаргандан кейин аввалги ҳолига келиб, яхши бўлиб кетдими ёки айбли бўлиб қолдими фарқи йўқ. Аммо жиноят хато йўли билан қилинган бўлиб, жиноятчига дия тўлашни ҳукм қилган бўлса ва жиноятга дучор бўлган инсон ўз аъзосини ҳукмдан кейин ўрнига қўйиб олса, ривоятлар иттифоқ қилишича олган дияни қайтармайди. Аммо ўз аъзосини қозининг ҳукмидан аввал ўз ўрнига қайтарган бўлса, жиноятчининг зиммасида дия тўлаш қоладими ёки қолмайдими бу ҳақида уч хил қовл бор. Мана шу қовлларнинг тафсилотини Бобо Ибн Рушд ўзининг “Баён ва таҳсийл” китобида баён қилган:

(Ибн Рушд Моликий мазҳабининг катта уламоларидан. Андалусда яшашган, бобосидан кейин набираси ҳам олим бўлган ва ўша икковларини ажратиш учун Ибн Рушдул Жадд ва Ибн Рушдул Ҳафийд – Бобо Ибн Рушд ва набира Ибн Рушд, дейишади.

“Бир одамнинг тиши мусийбатга учради. Бас унга хун тўлашнинг ҳукми чиқди. Сўнгра ҳалиги тишни эгаси ўрнига қўганди, собит бўлиб ўрнашиб қолди. Шу масалада уламолар ихтилофсиз, у олган хунини қайтариб бермайди. Чунки тиш аввалги қуввати қайтмайди, дейишган. Ушбу гап Ибн Қосимнинг мазҳаби ва Ашҳабнинг “Ибнул Мувоз” деган китобидаги гапи ва Моликдан қилган ривоятидир”.

Бу масалада қулоқ ҳам тишнинг ўрнидадир. Қачон қулоқни ҳукмдан кейин ўрнига қайтарилса, у собит туриб ушлаб қолса, тўланган хунни қайтариб бермайди. Албатта, ўша икковида ихтилоф қилинган нарса, ўрнига қайтарса собит бўлиб қолса-ю яна ушланиб турса ва иккови ҳам ҳукмдан олдин ўзининг асл ҳайатига қайтса, нима бўлади,  дейилганда уч қовлга ихтилоф қилинган.

Биринчи қовл “Мудаввана”да келган қовл бўлиб, ундай ҳолатда ҳам тишда, ҳам қулоқда тўлов тўлаш ҳақида ҳукм чиқарилади. Чунки, ҳам қулоқ, ҳам тиш бир бор узиб олингандан кейин қайтариб ўрнига қўйилса, ўзининг асл ҳолида қайтиши ҳеч мумкин эмас.

Иккинчи қовл Ашҳаб айтади: “Албатта, бу ҳолатда ҳам қулоқ, ҳам тиш ҳақида қачонки иккови ўз ҳайатига ҳукмдан олдин қайтган бўлса, бирор ҳукм чиқарилмайди.     

Учинчи қовл шулки, бунда тиш билан қулоқ орасида фарқ бор. Агар тиш ўрнаб қолса, тўлов тўлаш ҳақида ҳукм чиқарилади. Қулоқда эса, агар ўзининг ҳайатига қайтса, ҳукм чиқарилмайди. Агар ҳайатига қайтмаса, нуқсонга учраган миқдорча тўлов тўлаш ҳақида ҳукм чиқарилади. Агар иккови ҳам ўзининг ҳайатига қайтадиган бўлса, у вақтда қасос ҳақида ҳукм чиқарилмайди. (Тўлов тўлаш керак, лекин қасос қилиб жиноятчини ҳам ё қулоғин кесамиз ё тишини уриб туширамиз дейилмайди).

Хулосасини айтадиган бўлсак, ҳеч бир ҳолатда аъзони қайта ўрнатиб олиш билан қасос соқит бўлмайди. Лекин тўлов тўлаш ҳақида уч хил ривоят бор:

1. Жиноятга учраган одамнинг аъзоси қайтарилса, тўлов соқит бўлмайди.

2. Тўлов соқит бўлади.

3. Қулоқда соқит бўлади, тишда соқит бўлмайди.

Нима учун тиш билан қулоқнинг ҳукмини ўртасида фарқ бор, деб сўралса. Жавобни Аътбий “Мустахрожа”да Ибн Қосимдан Яҳёнинг ривояти орқали қуйдагиларни ёзади:

“Ибн Қосимдан сўралди; Бир одам бошқа бир кишининг қулоғини кесиб олди. Бас қулоқни ўрнига қайтарилди. У ўрнига собит бўлиб, ўрнашди. Мана шунда қулоқни тўлови тўлиқ олинадими? Агар собит бўлиб қолса, ўзининг аввалги ҳайатига қайтса, унда тўлов бериш йўқ. Агар собит бўлиши заиф бўлган бўлса, қувватини нуқсонга учраганига қараб учраган нуқсон миқдорича тўлов берилади”.

Сўнгра яна сўралди: “Бир тиш туширилади. Кейин эгаси у тишни ўрнига қўйса, собит бўлади. Унда нима бўлади? Унда ўша тишни тўлови тўлиқ тўланади, дейилди. Шунда ундан сўрашди: “Иккисининг орасида сенинг наздингда нима фарқ бор? Айтдики, қулоқ - бир бўлак нарса. Агар кесилса-ю ва ўрнига қўйса ушлаб қолади ва ўз ҳолига қайтади. Қайтганда ҳам яна унда қайтадан қон юради, унга руҳ киради. (яъни, яна сезгир бўлади). Тиш эса, агар ўзининг жойидан ажрган бўлса ва қайта ўрнига қўйилса, унда аввалги оққандақа қон оқмайди ва унинг қуввати ҳеч қачон ўз ўрнига қайтмайди. Унинг ўрнига қайтариш менинг наздимда худди камтик жойни ҳунук бўлмасин деб ўрнига қайтариб қўйганнинг суратида бўлади, холос. Лекин унинг манфаъати ҳеч қачон аввалгидек бўлмайди”.

Ибн Рушд ушбу зикр қилинган уч ривоятни баёнини шарҳ қилган. Лекин улардан ҳеч бири тўлов билан қасос орасидаги фарқни важҳи нима, нима важҳдан ораларида фарқ бўляпти – деган саволга жавоб беришмаган. Мана, баъзи бир ривоятларда айтиляптики, агар жиноятга учраган одам кесилган аъзосини ўрнига қайтариб олса, баъзи вақтда жиноятчидан тўлов соқит бўлади, лекин қасос соқит бўлмайди. Менга зоҳир бўлиши, яна Аллоҳ билади, бунда қасос, албатта, жиноятчи тарафидан  қасддан қилинган тажовуз жазоси сифатида соқит бўлмай қолади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи айтган:

“Ким сизга қарши тажовузкорлик қилса, сиз ҳам у тажовузкорлик қилган мислича унга тажовуз қилинг”.

Бошқа бир оятда эса: “Жароҳатларда қасос бор” – деган.

Албатта, ушбу тажовузкорлик унинг сабабидан жиноятга қолган инсоннинг аъзоси ўз жойига қайтарилиши билан йўқ бўлиб қолмайди. Шунинг учун ҳеч бир ҳолатда қасос соқит бўлмайди. Аммо тўлов тўлашга келсак, бунда хато юзасидан бировнинг аъзосига жиноят қилиниб, унга зарар етказган пайтда тўлов тўлаш бўлади. Тўлов тўлаш етказган зарардан ҳосил бўлган нуқсонни тўлдириб қўйиш учун қилинадиган иш бўлади. Жабрланганга бир аъзоси ёки унинг манфаъатини йўқотганлиги учун ўрнини тўлдириб беришга ҳаракат қилинади. Агар аъзо ўз ўрнига қайтганда ўзининг аввалги манфаъатидан яна фойдаланиш имкони бўлганда, чиройи ҳам ўз ўрнига келганда зарар йўққа чиққан бўладида, хун тўлашнинг ҳожати қолмайди-да, тўлов тўлаш соқит бўлади.

Лекин Моликий мазҳаби наздида ихтиёр қилинган ҳукм шулки, қасос билан тўловнинг орасида фарқ йўқ. Уларда икковидан бири ҳам соқит бўлмайди. Мана шу гапни Халийл ўзининг “Мухтасар”ида зикр қилган. Дирдийр ва Басуқий ва бошқа уламолар ҳам ихтиёр қилганлар. Дидийр мана шу ҳукмни таълилини айтиб, “Очиқ-ойдин кўриниб турадиган аъзо тузалиб кетса, айбсиз бўлиб кўринадиган бўлса, тўлов соқит бўлмайди. Шунингдек, бир аъзони бир тарафи ўрнига қайтарилса, бунда ҳам унинг тўлови соқит бўлмайди, иккови ҳам хато юзасидан бўлганда ҳам”.



Бу масалада ҳанафийларнинг мазҳаби

Бу масалани имом Моликдан кейин зикр қилган одам имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний роҳимаҳуллоҳдир. У киши ўзининг “Асл” деган китобида айтади:

“Қачон бир одам бошқа бир кишининг тишини хато юзасидан суғуриб олса, тиши суғурилган одам ўша тишини олсада ўз ўрнига тиклаб қўйса ва у собит бўлиб туриб қолса, тишни суғуриб олган одам тишни хунини тўлиқ равишда тўлайди, қулоқ ҳам шунга ўхшаган”.

Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ, аъзони ўрнига қайтарилганда, жиноятчидан тўлов тўлаш соқит бўлмайди, деган гапни ихтиёр қилган. Сўнгра у кишидан бу ҳукмни ҳанафий фуқаҳолар олишган. Бас Шамсул аимма Сарахсий раҳимаҳуллоҳ қуйдагиларни ёзади:

“Қачон бир киши хато йўл билан бошқа бир кишининг тишини суғириб олса, суғирилган тишни олиб жойига қўйса-ю, тиш собит бўлиб қолса, тишни суғириб олувчи барибир хун тўлайди. Чунки, тиш агар собит бўлиб қолса ҳам, ҳеч қачон аввалги ҳолига қайтмайди. Тиш ўрнашиб қолгани билан унинг томирлари яна уланиб қолмайди. Қулоқ ҳам шундай. Агар қулоғи кесилган одам уни жойига қўйса, у ўзининг асл ҳолига қайтиши жуда қийин, агар танасига ёпишиб турган бўлса ҳам”.

Мана шу ерда Сарахсий ҳукмнинг иллатини баён қилиб айтади, тўловнинг собит бўлмаслиги иллати аъзо ёпиштириб қўйилса ҳам ҳеч қачон ўзининг аввалги ҳолига қайтмайди. Мутааххир уламолар бундан фаръқ (шохобча) чиқариб айтишадики, қачон ўша аъзо ўзининг ўрнига қайтарилгандан кейин манфаъат ва жамолни аввалги ҳолатига қайта тиклай олмаса, ҳукм шундай бўлади. Ғолиб ҳолатларда тиш ҳам қулоқ ҳам аввалги ҳолатга қайтмайди. Хаёлда тасаввур қилиб айтдикки, жамоли ҳам, фойдаси ҳам ўрнига келди ва  ўзи аввалги ҳолига келди. (Яъни, кўрмагандек бўлиб кетган бўлса) Бу ҳолатда узиб олувчига ҳеч қандай тўлов вожиб бўлмайди. Худди тиш тушган жойидан яна янги ўсиб чиққандай бўлиб қолади. Мана шуни Зайлаъий зикр қилган ва ундан бошқалари шайхул Исломдан нақл қилишган. Лекин бу масала Ҳанафийларнинг наздида жиноят хато йўли билан бўлгандаги фараздан иборат, холос. Буни имом Муҳаммад ва имом Сараҳсийнинг иборатларида кўрдик. Шунинг учун, булар тўловни соқит бўлишини зикр қилиб кифояланишган ва бошқа гапни гапиришмаган. Ҳанафийларнинг китобларида бу жиноят қасддан қилинганда ҳукм қандай бўлиши тўғрисида бирон нарса топа олмадим. Уларнинг наздида узилган аъзони қайтариб ўрнига қўйса, қасос соқит бўладими ёки йўқми – деган масала келмаган. Лекин зоҳиридан кўриниб турибдики, соқит бўлмаса керак, агар жабрланган одам ўзининг аъзосини ўрнига қўйиб, аввалги ҳайатига келтирса ҳам. Чунки, бу худди Моликийларнинг мазҳаби ҳақида гапирган гапимизга ўхшайди. Чунки, қасос жиноятчининг тарафидан қасддан қилган тажовузнинг жазосидир. У ана шу аъзони қайтариб жойига қўйганда ҳам жиноят қасддан қилинганлик ҳолатида тураверади. Ҳанафий мазҳабида ирш-тўловнинг соқит бўлмаслиги тўғрисидаги гап бўлгандан кейин, қасоснинг соқит бўлмаслиги яна ҳам кучли бўлади.

Ҳанафийлар агар жабрланганнинг тиши ўз-ўзидан ўсиб чиқиб яна ўрнига келиб қолса, қасос соқит бўлишини зикр қилишган. Лекин бу бир аъзони қайта ўрнига қўйиш масаласига қиёс қилинмайди. Бунинг икки сабаби бор:

1. Қайта ўрнига қўйилган аъзо ўзи ўсиб чиққан аъзони қувватига эга бўлмайди.

2. Агар тиш ўзидан-ўзи ўсиб чиққан бўлса, аввалги тушиб кетган тишни жиноятчи суғириб олмаган ўзи қимирлаб турган экан тушиб кетибди дейиш керак бўлиб қолади. Чунки, ўрнидан тиш чиққандан кейин, у ўзи эскириб ўрнидан кўчиб қолган тиш бўлиши керак бўлади. Мана шу ерда жиноятчининг зиммасига қасос вожиб бўлиш масаласида шубҳа тушиб қолади. Ана шу шубҳа тушган ерда ҳаддлар кўтарилади, қоида шу. Бир амалиёт қилиб ўрнига ўрнатилган аъзода бу нарса бўлмайди. Ўша амалиёт билан ўрнатилган ҳолатда жиноятчи уни суғириб олмаганлигига ҳеч қандай далил йўқ бўлиб қолади. Жиноятчи туширмаган бўлади. Мана шундан кўриниб турибдики, Ҳанафий мазҳабида жабр кўрган одам тарафидан уни тиши ёки қулоғи ўрнига ўрнатиб қўйилган бўлса, қасос соқит бўлмайди. Бу масалада улар худди Моликий мазҳабининг тутган йўлига ўхшаган йўл тутишган.



Бу масалада Шофеъийлар мазҳаби

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳу ҳам бу масалада сўз юритганлар. У киши “Умм” деган китобларида ёзадилар:

“Қачон бир одам бошқа бир кишини бурнини ёки қулоғини кесиб олса ёки тишини қўпорса, сўнгра аъзоси кўчирилган одам ўша аъзосини олиб, ўзига қайтариб ўрнаштириб олса ва қасос олишни талаб қилса, қасос олиш вожиб бўлади”.

Сўнгра Нававий раҳимаҳуллоҳ бу масалани “Равза” деган китобида зикр қилади ва унга дия масаласини қўшади. У киши айтади:

“Бир шахснинг қулоғи кесилди. Ўзи уни қони иссиқ турган пайтда қайтариб ёпиштириб олди. Жиноятчидан қасос ва дия соқит бўлмайди. Чунки, ҳукм ажратиб олишга боғлиқ ва у собит бўлди”.

(Қулоғини узиб олдими, жиноят бўлди. Уни қайтариб қўядими ёки қўймайдими аҳамияти йўқ).

Ушбу матнлардан равшан бўладики, имоми Шофеъийни мазҳаби бўйича бу масалада ихтиёр қилган қовл, имом Молик мазҳабининг қовлидир. Агар жабр кўрган инсон ўз аъзосини ўрнига қайтариб қўйиб олса, қасос ва ирш - хун тўлаш соқит бўлмайди.



Бу масалада ҳанбалийларнинг мазҳаби

Аммо ҳанбалийларнинг мазҳабига келсак, бу масалада уларнинг икки қовллари бор. Икковини ҳам қози Абу Яъла ўзи зикр қилган:

“Қачон бир одамнинг қулоғи кесилиб ажратиб олинса, кейин жабр кўрган инсон қулоғини ўз ўрнига ёпиштириб, ўз ҳолига қайтарса, жиноятчидан қасос олинадими йўқми? Абу Бакр “Хилоф” номли китобида айтадики, бундай ҳолатда жиноятчидан қасос олинмайди. Унга жароҳат етказган одамнинг ҳукми берилади. Ёпиштириб олгандан кейин қулоқ яна тушиб кетди, унда қасос вожиб бўлади. Чунки, қайта ёпиштирилган қулоқнинг яна тушиб кетиши аввалги қилинган жиноят туфайли бўлди. Ўша одам агар қулоғини ёпиштириб намоз ўқиган бўлса, қулоқ қайтиб тушиб кетса, ўша намозини нажас нарса билан ўқиб қўйганлиги учун бошқа ўқийди. Ҳужжат қилиб айтадики, ўша қулоқ танадан ҳақиқатда ажраган бўлса, қайта ёпишмайди. Ёпишганда унда ҳаёт мавжуд бўлганлигидан ёпишади. Қулоқнинг кесилгандан қолган тарафида ҳаёт турибди тезда ёпиштирилгани учун ёпишиб кетди. Шунинг учун қасос соқит бўлади.

Менимча, жиноятчига қасос вожиб бўлади. Чунки қасос ибона (танани кесиб ажратиб олиш) билан вожиб бўлади. У эса, ажратиб олди. Қайта ёпиштириши эса ихтилофли нарса. Иқрор бўладими йўқми билиб бўлмайди. Шунинг учун буни ҳукмга асос қилиб олишда ҳеч қандай фойда йўқ”.

Шунингдек, Ибн Қудома ҳам икки хил гапни айтган, биттасини рожиҳ қилмаган. Худди шу ишни Абу Исҳоқ Ибн Муфлиҳ ҳам қилган. Мардовий, Шамсиддин ва Ибн Муфлиҳлар икки қовлни айтган ва қозининг қовлини ихтиёр қилган. Баҳутий Абу Бакрнинг қовлини ихтиёр қилган ва қасосни ҳамда ирш-тўловни иккисини соқит қилади, деган”.



Масаладаги кучли қовл

Бизнинг наздимизда кучли қовл моликий, ҳанбалий, Шофеъий ва ҳанафийлардан бир гурухлари ихтиёр қилган ва жумҳурга нисбат берилган қовл бўлиб, агар жабрланувчи шахс ўзининг кесилган аъзосини ўрнига қўйиб олса, жиноятчидан қасос ёки хун олиш соқит бўлмайди. Чунки, қасосни собит бўлиши жиноятчидан содир бўлган тажовузнинг жазосидир. Бир кишининг аъзосини узиб олиши билан ундан жиноят содир бўлганлиги собит бўлади ва қасос вожиб бўлади. Шунинг учун, ўша жиноятчига агар жиноятни қасддан содир қилган бўлса, қасос, хато йўли билан қилган бўлса, хун ҳақи вожиб бўлади. Бу ҳақ ўша аъзони қайтариб ўрнига қўйиш билан соқит бўлмайди.

Бунинг сабаби бир неча ишларга боҳлиқ:

1. Бу иш тиббий муолажа ҳисобланади. Жиноят сабабидан унга етган зарарни муолажа қилиш учун уриниш бўлади. Илож билан ҳосил бўлган тузалиш, қасос ёки хун тўлашни манъ қилмайди. Агар жабр кўрган шахс ўзи ўша зарар етган аъзосини муолажа қилиб, тузалиб кетса, бунда уни қасос ёки хун олиш ҳақини тўсадиган ҳеч нарса йўқ. Худди шунингдек, бир аъзо танадан ажрагандан кейин яна ўрнига қайтиб қўйилса, у жиноятчига юкланган қасос ёки хун олиш ҳақини ўзгартириб қўймайди.

2. Иккинчидан жабр кўрган шахс тарафидан аъзони ўрнига қайтарилиши, ўшанда ўзига етадиган баъзи бир зарарни истидрок қилиб ўрнига қайтариш иши бўлган бўлса ҳам. Лекин ҳалиги аъзо одатда аввалги манфаъат бериш ва гўзаллик ҳолига қайтмайди. Бас, қасосни ёки хун тўлишни соқит қилиш, жабр кўрганни шаръий собит бўлган ҳаққини поймол қилишга айланиб қолади.

3. Учинчидан ҳоҳ қасос бўлсин, ёки хун бўлсин бир аъзони узиб олгандан кейинги жазо ўта аниқ бўлган илм билан собит бўлган жазодир. Қатъий матнлар билан собит бўлган жазодир. Ана ўша қатъий матнлар билан собит бўлган илмнинг, зоил бўлиши - ўрнидан кетиши учун худди ўзига ўхшаган яқийн илм керак. Бу ерда ана шуни исбот қиладиган ҳеч бир илм Қуръондан ҳам, суннатдан ҳам йўқ. Майли аъзони қайтариб қўйса, қасос соқит бўлсин деган гап ҳеч қаерда йўқ.

Жабр кўрган инсон ўз аъзосини жойига қайтариб қўйиши ила жиноятчидан қасос соқит бўлмаслиги собит бўлиб турибди. Фараз қилайлик, ўрнига қайта қўйилган аъзони иккинчи маротаба бир одам кесди, аввал бир кесилиб ҳукми ўтиб тузалганди, иккинчи марта яна кесди. Унда нима бўлади? Унда яна қайтадан қасос вожиб бўладими? Фуқаҳоларнинг кўплари бу ҳолатда қасос вожиб бўлмайди, деб очиқ-ойдин айтаганлар. Уларнинг баъзилари бунинг иллати ҳақида ҳам сўз юритиб, қайта ўрнатилган аъзо ўзининг аслий ҳайатига қайтмайди, манфаъатини ҳам аввалгидай бермай қолади, гўзаллиги ҳам аввалги ҳолига қайтмайди, деганлар. Кейин қайта ёпиштириб қўйиш ҳисобга ўтмайди, деб айтганлар. Муъсилий Ҳанафий роҳимаҳуллоҳ бу ҳақида қуйдагиларни ёзган:

“Суғуриб олинган нарса иккинчи марта ўсиб чиқмайди. Чунки, у томирларга, асабларга бориб уланиб қолмайди. Мана шу ўсимтанинг борлиги ёки йўқлиги барибир. Агар бир инсон уни суғуриб олса, зиммасига ҳеч нарса собит бўлмайди”.

Бунинг тақозоси шулки, қасос ҳам, ирш-хун тўлаш ҳам вожиб бўлмайди. Чунки, унинг ўсмоғи ёки ўсмай қолиши баробар. Лекин бугунги кунда кўпгина суғириб олинган аъзоларни ўрнига қайтариб қўйишда асаблари ва томирларини ҳам тикиб қўйиш бор. Мана шундай ҳолатларда Муъсилийни зикр қилиган таълили ишламай қолади. Зоҳири шуки, бунга ўхшаган мисолларнинг ҳукмида қасос вожиб бўлмайди. Чунки, қайта ўрнига қўйилган аъзо, агар томирлари, асаблари ўрнига тушиб кетган бўлса ҳам, айблик аъзо бўлади. У аслий аъзонинг ўрнига ўтмайди. Шунинг учун, қасосга қайта тикилган аъзони кесган одамнинг соғ аъзосини кесишга ҳақ йўқ бўлади. Лекин ўша қайта қўйилган аъзони, яна бир одам қайта кесса, жиноятчига хун тўлаш лозим бўлади. Бу гапни ҳанбалийлар айтганлар. Баҳутий роҳимаҳуллоҳ қуйдагиларни айтади:

“Агар бир марта кесилиб, яна қайта қўйилиб битиб кетган аъзони бир одам яна қайта суғириб олса, ўша суғурувчига дия лозим бўлади. Бунда қасос йўқдир. Чунки, буни содир этган одамнинг соғлом қўли бўлса, уни қасос учун кесиб бўлмайди. Чунки, аввал бир марта кесилган қўл ёки аъзо нуқсонли ҳисобланади. Нуқсонли нарсанинг сабабидан нуқсонсиз нарсани қасос учун кесиб бўлмайди”.



Иккинчи масала: Жиноятчи кесилган аъзосини ўрнига қайтариб олиши

Бу масалга келсак, унда жиноятчининг аъзоси қасос туфайли кесилса ва ўша аъзони қайтариб ўрнига қўйиб олса, бу одамнинг аъзосини ўрнига қўйиб олиши қасос ишига хилоф деб эътиборга олинадими? Ундан яна қайта қасос олинадими ёки эътиборга олинмай қўйилаверадими?

Шофеъий роҳимаҳуллоҳ жазм қиладики, албатта қасос, жиноятчини аъзосини танасидан бир марта ажратиш билан собит бўлди. Агар жиноятчи ўша аъзосини ўрнига қайтариб қўйиб олган бўлса, жиноятчидан иккинчи марта қасос олимайди. Агар ўша ўрнига қўйилган аъзо ўз ўрнида қолдирилса, бу қасоснинг амрига хилоф иш деб эътибор қилинмайди. У киши роҳимаҳуллоҳу биринчи масалани (яъни, жабрланувчи ўз аъзосини ўзи ўрнатиб олишини) баён қилганидан кейин айтадилар: Агар жабирланган киши аъзосини собит қилмаса ёки собит қилишни ирода қилса ҳам собит бўлмаса ва унга жиноят қилувчидан ўч олинса, кейин у ўз аъзосини собит қилиб олса, жиноятчининг бир марта узилган аъзосини яна бир марта узишга имкон йўқ. Агар жабрдийда ҳокимдан, жиноятчи қўлини тикиб олибди, уни яна кесасан деб талаб қилса ҳам, қасос учун кесилмайди. Чунки, ундан бир марта қасос олинди. Чунки у ёпиштириб олган нарса нарса ўлимтикдир”.

Юқорида айтилганлардан зоҳир бўлдики, жиноятчи узилган аъзосини қайта ёпиштириб олишдан манъ қилинмайди ва унинг аъзоси иккинчи марта кесилмайди. Чунки, буни кесиш қасосни ишига хилоф бўлиб қолади. Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ зикр қилган ўлимтикни ўзига ёпишиб олган сабабидан бўлмайди, деган гапнинг тафсилоти кейин келади.

Ҳанбалийларга келсак, уларнинг бу масалада икки хил қовллари бор. Улардан бири Шофеъийнинг қовлига тўғри келади. Ибн Қудома ўзининг “Муғний” деган китобида жазм билан қуйдагиларни ёзади:

“Агар бир инсоннинг қулоғи кесилса, сўнг унинг қасоси тўлиқ олинса ва жиноятчи қулоғини ёпиштирганди ўрнига ёпишиб қолди. Шунда жабр кўрган ўша ёпиштирилган қулоқни яна узиш керак деб талаб қилди. Унинг талаби ўтмайди. Чунки, қасос тўлиқ олиниши учун бир марта қулоқ узиб олинди. Энди жабр кўрганнинг жиноятчида ҳаққи қолмади. Тишнинг ҳукми ҳам худди қулоқнинг ҳукмига ўхшаган бўлади”.

Шунингдек, қози АбУ Яъало ҳам жиноятчидан иккинчи марта қасос олмасликка жазм қилган. У киши роҳиматуллоҳи аълайҳи айтади:

“Бас қачон ўша нарса билан, (яъни, жиноят қилган муносабати билан) жиноятчининг ҳам қулоғи кесилса,  кейин уни ўз ўрнига ёпиштириб олса, сўнгра жабр кўрган одам, у қулоғини ўрнига ёпиштириб олибди, уни яна кесинглар дейдиган бўлса, сенинг гапинг билан уни қулоғини кесмаймиз, чунки, қасос унинг қулоғини бир марта кесиш билан собит бўлди, вожиб бўлган жазо қилинди, энди кесмаймиз деймиз”.

Лекин Ибн Муфлиҳ ўзининг “Фуруъ” китобида жиноятчидан яна қайта иккинчи марта қасос олинади деб жазм билан айтган:

“Агар жиноятчи узилган аъзони қайтариб жойига қўйган бўлса, ундан иккинчи марта ҳам қасос олинади”.

Ана шу гапни Мурдавай ва Баҳутийлар ҳам ихтиёр қилишган. Баҳутий айтади:

“Кимнинг қулоғи ёки шунга ўхшаган аъзоси қасос учун кесилган бўлса-ю, олиб ўрнига қўйса, ёпишиб қолса ва жабрланувчи уни яна қайтадан кесишни талаб қилса, унинг бу талабига ўрин йўқдир. Чунки, қасосни тўлиқ олиб бўлинди. “Муғний” ва “Шарҳ” китобларида келган. Аммо махсус насс бўлиб, мазҳабда ёзилиб қолган нарса ҳалиги жиноятчидан иккинчи марта яна қасос олинади. Буни “Фуруъ”да айилган. “Муҳаррар” ва бошқа китобларда олдинга қўйилган. “Инсоф” да айтадики: Аъзоларнинг дияларига, манфаъатларига келганда мазҳабдаги саҳиҳ қовлларга биноан иккинчи марта ҳам қасос олиниб, ҳалиги аъзоси кесилади. “Танқийҳ”да ва “ал Мунтаҳа”да шунга эргашиб айтилган. Шарҳида айтадики, жабр кўрган одамнинг иккинчи марта ўч олишга ҳаққи бор. Чунки, жиноятчи унинг бир аъзосини давомий равишда танасидан жудо қилиб қўйди. Бунинг ҳам аъзоси доимий жудо бўлиб туриши керак. Шунда жиноятига яраша жазо олган бўлади”.

Моликийларга келадиган бўлсак, улар жабр кўрган одамнинг аъзосини ўрнига қайтариб олишини зикр қилганлар, биз буни биринчи масалада улардан нақл қилиб ўтдик. Лекин моликийлар жиноятчи қасосдан кейин аъзосини ўз жойига қўйишни биз Шофеъий, Ҳанбалийларнинг китобида кўрганмиздек, очиқ ойдин зикр қилишмаган. Лекин бу масалага Ибн Рушд роҳимаҳуллоҳнинг каломидан мухтасар бир зикр топдим. У шундай дейди:

“Ўша икки нарса ўз ҳайатларига қайтганидан кейин қасос олинса, қасос олинган одамнинг қулоғи ёки кўзи ўрнига қайтарилса, бўлади. Агар қайтмасачи ёки биринчини тиши ёки қулоғи ўрнига  қайтган, бунда ҳеч нарса йўқ. Агар ўч олинган одамни тиши ёки қулоғи ўрнига қайтса, аввалгининг тиши қайтиб, қулоғи қайтмаса, тўлов тўланади. Буни Ашҳаб Ибн Мувознинг китобида айтган.

Гапнинг ҳосили шулки, жиноятчи ўзининг кесилган аъзосини ўрнига қайтариб олса, қасосда унинг таъсири йўқ. Агар жабр кўрган одам ҳам ўз аъзосини қайтариб олган бўлса гап йўқ. Лекин жабр кўрган қайтармади, аммо жиноятчи қайтариб олди. Бундай ҳолатда жиноятчи тўлов тўлайди.

Ҳанафийларга келсак, уларнинг наздида, жиноятчи аъзосини ўрнига қайтариб олиш масаласини мен топмадим. Лекин “Фатавойи Ҳиндия”да зикр қилинишича улар “Муҳийт”дан кўчиришган бир масала бор. У биз кўраётган масалага ўхшашдир. Бу қуйдагича: “Бир киши бошқа одамнинг олд тишини қасддан суғириб олди ва ундани ўша олд тишини суғириб, қасос олинди. Кейин ўша қасос олинган жиноятчининг тиши ўсиб чиқди. Жабр кўрган жиноятчининг янги чиққан тишини қайта суғираман дейишга ҳақли эмас.

Бу албатта, Ҳанафий мазҳабида аслида жабр кўрган одам жиноятчининг аъзосини бир мартагина кестиришга ҳаққи борлигига далолат қилади. У аъзо қачон ўсиб чиқса, қайта кестираверишга ҳаққи йўқ. Ҳанафийларнинг бу масаладаги  фикри Шофеъий мазҳаби уламолариникига ўхшайди. Ва у қуйдаги асосларга эга:

1. Ҳанафийлар ўзи ўсиб чиққан олд тишни боқий қолишини жоиз дейишди. Буни қасоснинг тақозосига хилоф деб кўришмади. Агар ўзи ўсиб чиққан тиш кейин ўрнатгандан кўра маҳкамроқ чиққан бўлса ҳам. Шундан билинадики, кейин қўйилган тишда қасосни тақозосига қарши бўлмаслиги авлороқ бўлади.

2. Биринчи масалада зикр қилиб ўтдикки, жабр кўрган одам ўз аъзосини ўрнига қайтариб қўйган бўлса, албатта бу иш жиноятчига собит бўлган қасосга ёки хун тўлашга таъсирини ўтказмайди. Балки агар қайтариб қўймаган чоғида қандай бўлса, шундай тарзда қасос вожиб бўлади,. Мана шуни жиноятчи ўзининг аъзосини ўрнига қайтариб қўйиб олишга қиёс қилдик. Бу ҳам қасос олиб бўлингандан кейин ҳеч қандай таъсири йўқ ишга айланиб қолади. Агар ундай бўлмаса, жиноятчи аъзосини ўз ўрнига қайтаргани маъносида, у ҳам ўша ишни қилишга монеъ бўлмайди.

Менинг наздимда рожиҳ қовл, шофеъий ва ҳанбалийларнинг бир жамоаси мазҳабидир. Худди шу гап ҳанафийларнинг тақозоси ҳамдир. Албатта, қасос жиноятчининг аъзосини бир марта кесиш билан ҳосил бўлади. Ундан кейин икки тарафга ҳам ўзини кесилган аъзосини тиббий амалиёт билан ўрнига қўйиб олиш ҳурияяти бор. Бу ишни жиноятчи қилса-ю, жабрланган қилмаса, ҳеч нарсаси йўқ. Чунки, бу ҳар ким ўз жисмини ўзи тасарруф қилишидан келиб чиқади. Жиноятчининг амали жазонинг тақозосига хилофдир дея олмаймиз. Худди жабрланган ўз аъзосини жойига қўйиб олса, ўзининг ишида деганимиздек, жиноятчи қўйиб олса ҳам, худди шундай деймиз. Унда ҳам, бунда ҳам қасосга ҳеч таъсири ўтмайди. Улардан ҳар бири ўзининг жисмига етган зарарни муолажа қилишга муяссар қилганича ҳаракат қилишди. Одамларнинг жисмларини муолажа қилишда тенглик бўлиши керак, дейишга бизнинг ҳаққимиз йўқ.



Учинчи масала: Қайта ўрнига қўйилган аъзо икки масалада ҳам нажас ҳисобланадими?

Аввалда айтиб ўтган нарсаларимизнинг барчаси қасос масаласига боғлиқ эди. Биз ҳозиргача айтган гапларимизда, кесилган аъзони ўрнига қўйиш масаласини, бу ҳукм (яъни қасос ҳукми)нинг тақозосига мухолиф бўладими ёки йўқми деган масалани кўрдик. Фуқаҳолар жумҳуринининг мазҳаби бўйича кесилган аъзони қайта жойига қўйишнинг қасосга ҳеч алоқаси йўқлигини билдик. Қўлни қайта қўйишдан олдин собит бўлган нарса, уни қўйгандан кейин ҳам собитлигича туради. Ундан олдин тўлиқ олинган нарсани қайта қўйишга ҳукм қилинмайди.

Энди бошқа бир масалага ўтамиз. У ҳам бўлса, жабрланган киши ёки жиноятчи ўзидан ажратилган аъзосини ўрнига қайтариб қўйиши диёнат жиҳатидан жоизми ёки йўқми ва ўша қайтариб қўйилган аъзо тоҳир (пок) деб эътиқод қилинадими ёки нажас дебми? Қайтариб қўйилган аъзо билан намоз ўқиш жоизми ёки жоиз эмасми, деган масалалар.

Бу масалани пайдо бўлишига сабаб, фуқаҳоларнинг тирик одамдан ажраган аъзонинг ҳақида ихтилоф қилганларидир. Ўша нарса тоҳир(пок)ми ёки нажасми, маъносида. Бир жамоа уламолар тирик ҳайвондан ажратиб олинган ҳар-бир нарса мутлақо нажасдир, деганлар ва айтган гапларига қуйидаги ҳадиси шарифларини далил қилиб келтирганлар:

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Тирикдан кесилган нарса, ўликдир”. Ҳоким ривоят қилган.

Абу Воқид Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилнади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинайга келдилар ва ҳолбуки улар туяларнинг ўркачларини ва қўйларнинг думбаларини кесиб олишар эди. Буни кўрганда У зот айтдилар:

“Тирик ҳайвондан кесиб олинган нарса, ўлимтикдир”. Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.

Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ ушбу ҳукм ҳар бир тирик нарса учун умумий эканини айтганлар. У киши “Умм” деган китобларида қуйдагиларни ёзганлар:

“Қачон аёлнинг суяги синдирилса ва ажраб учиб кетса, ана ўша чиқиб кетган суякни ўрнига ямаш учун, гўшти ейиладиган ва тазкия (ҳалол йўл билан сўйилган) қилинган ҳайвоннинг суягинигина қўйиш мумкин. Бошқа нарсани қўйиш мумкин эмас. Худди шунингдек бир одамнинг тиши тушиб майта-ўлимтикка айланди. Ўша тишни олиб яна ўрнига қўйиш жоиз эмасдир. Агар суякни ўлимтикнинг суягидан ямаса ёки гўшти ҳаром бўлган ҳайвонни сўйиб унинг суягидан ямаса ёки инсоннинг суяги бўлса, улар ҳаммаси майтанинг ўрнида ўтади. Ўша ўрнатиб қўйганини кўчириб олиши вожибдир. Мазкур суяк баданида турган пайтдаги ўқиган намозларини қайта ўқийди. Агар ўша жоиз бўлмаган суякни қўйволиб юраверса, султон мажбур қилиб олдириб ташлатади”.

Иккинчи масалада у кишининг қуйидаги қавлини нақл қилган эдик: “Агар жабрдийда ҳокимдан, жиноятчи қўлини тикиб олибди, уни яна кесасан деб талаб қилса ҳам, қасос учун кесилмайди. Чунки, ундан бир марта қасос олинди. Чунки у ёпиштириб олган нарса нарса ўлимтикдир”.