loader
Foto

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: «Журналистика – жасур ва масъулиятлилар касби»

Мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон Мусулмонлар диний идорасининг собиқ муфтийси Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан сўз эркинлиги, журналистлар этикаси, улар фаолиятига Ислом талаблари ҳақида суҳбатлашди (2002 йил).

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг сўзларига қараганда, ҳозирги кунда дунёнинг айрим ОАВ терроризмга қарши курашни ёритиб боришда холис эмасликка йўл қўймоқда.



- Сизнингча, бу холис эмаслик нималарда намоён бўлади?



- Бу аввало, шунда намоён бўладики, кўплаб хорижий ОАВ террорчиларни ислом террорчилари деб атайди. Мен мусулмонлар орасида террорчилар йўқ демоқчи эмасман. Улар бор, лекин террорчилар насронийлар орасида ҳам, яҳудийлар орасида ҳам, буддистлар орасида ҳам мавжуд. Бироқ ОАВ уларнинг насроний ёки яҳудий ёки буддист террорчилари деб атамайди. Улар қайсидир партия ёки гуруҳга мансублигига қараб аталади масалан, «ЭТА» партияси аъзолари террорчилар деб аталади. «Ал-Қоида» ташкилоти террорчилари эса нимагадир уларнинг қайси ташкилотга эмас балки динга мансублигига қараб номланади. Бу атайин шундай қилинганми ёки эҳтиёткорсизлик туфайлми – маълум эмас.



Холис эмасликнинг бошқа бир кўриниши шунда намоён бўладики, терроризмни ёритишда хорижий оммавий ахборот воситалари бу муаммонинг сабаблари ҳақида гапиришдан қочишади. Терроризмнинг объектив ва субъектив сабаблари: мусулмон мамлакатлар ҳукмдорларининг ёш диндорларга нисбатан диктатураси ва ўзбошимчаликлари, бу мамлакатларга нисбатан бошқа кучли давлатлар томонидан адолатсизлик ва ҳ.к. ҳақида ёзадиган журналистлар сони жуда кам. Фақат оқибатларни ёритиш билан ҳақиқатни топишнинг имкони йўқ.



- Эҳтимол, бу ягона шундай ҳолатдир?



- Йўқ. Бошқа бир мисолни – Фаластин-Исроил низосини ёратишни олайлик. Ҳозирги кунда ҳаттоки айрим машҳур хорижий ОАВ журналистлари ҳам Исроилнинг ҳаракатларини «Исроил армиясининг ҳарбий ҳаракатлари» деб, Фаластин ҳаракатларини эса – «фаластинликларнинг террорчилик ҳаракатлари» деб атамоқда, ваҳоланки, иккала томоннинг ҳам ҳаракатлари тинч аҳолига қарши қаратилган. Улар фаластинликлар ўзини террорчилар деб ҳисобламаслиги, ўз ҳаракатларини озодлик ҳаракатлари, исроиллик босқинчиларга қарши кураш деб аташи ҳақида ҳеч нарса ёзмайди.

- Исломда журналистларнинг бир томонлама эканлигига масалан томонлардан фақат бирининг нуқтаи назарини етказишига муносабат қандай?

- Микрофонни томонларнинг фақат биттасига бериш – адолатсизлик. Аллоҳ Таоло Қуръони каримда айтадики: "Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-онангиз ва қариндошларингиз зиддига бўлса ҳам..." (Нисо сураси, 135). Адолатсизлик энг катта ва оғир гуноҳлардан саналади. Агар оммавий ахборот воситалари ҳақиқатда мустақил бўлса, улар ўз фикрини айтиш имкониятини ҳаммага тақдим этиши лозим фақат журналистларга ёқадиганларга ёки ОАВ қўрқадиганларга эмас...

...Баҳсда битта эмас, кўплаб фикрлар иштирок этади, бу эса ҳақиқатни топиш йўлини енгиллаштиради. Бирон-бир жамиятда бир хил ғоялар ва фикрлар бўлиши мумкин эмас. Журналистиканинг вазифаси ғоялар ва фикрлар баҳсини етказишдир. Бошқача қилиб айтганда, фикрлар қарама-қаршилиги эркин ва объектив матбуотсиз бўлиши мумкин эмас.



-Ислом давлат раҳбари билан баҳслашишга, у ҳақида кимнингдир танқидий фикрларини етказишга рухсат берадими?



- Исломда ҳукмдор билан баҳслашиш, у ҳақида ҳақиқатни айтиш ёки кимнингдир у ҳақида танқидий фикрларини етказиш борасида ҳеч қандай тақиқ йўқ. Ҳатто Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга ҳам мусулмонлар бошқача фикрни очиқ ифода этишган. Масалан, Бадр жангидан олдин, мусулмонлар душманга яқинлашганда, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир жойда тўхташни таклиф қилдилар. Шунда саҳобалардан бири сўрайди: "Аллоҳнинг Расули, сиз бу ерда ўз фикрингиздан келиб чиқиб тўхташга қарор қилдингизми ёки Аллоҳнинг амри биланми?" Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўз фикрлари асосида эканлигини айтдилар. Шунда саҳоба бу ёмон жой эканлигини ва у ерда тўхташ яхши эмаслигини айтади ва мусулмонлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга эмас, унга қулоқ соладилар.

Дунёга Умари Одил номи билан машҳур бўлган забардаст ҳалифа Умар ибн Хаттоб ўз даврларида маҳр миқдори ортиб кетганини мулоҳаза қилдилар. Бу ишни муолажа қилиш учун кўпчилик ичида хутба қилиб, маҳрни чеклаш мақсадида, огоҳ бўлинглар, аёлларнинг маҳрида ҳаддан ошманглар. Агар у бу дунёда икром, Аллоҳнинг ҳузурида тақво бўладиган бўлса, унга сизнинг энг ҳақлигингиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларидан бирортасига ўн икки увқиядан ортиқ маҳр бермаганлар, У зотнинг қизларининг бирортасига ҳам бундан ортиқ маҳр берилмаган»-дедилар.

Шунда бир аёл ўрнидан туриб, эй Умар! Аллоҳ таоло:

«Ва у(аёл)лардан бирига қинтор-чексиз маҳр берсангиз ҳам, дейдию, сен бизга буни чегаралайсанми?!»-деди.

Хутбаси бу шаклда  кесилган халифа, аёл тўғри айтди, Умар хато қилди, деб ўз хатосини ҳамманинг олдида тан олдилар. Ўша жасур аёлнинг шарофати ила ҳозирги кунимизгача биров аёлларнинг маҳрини чегаралашга журъат қила олгани йўқ. Бундоқ иш аёл киши мўътабар бўлган жамиятдагина бўлиши мумкин.



- Айрим мамлакатларда, айниқса, авторитар режимли мамлакатларда журналистика томонидан айбсизлик презумпциясини бузиш ҳолатлари қайд этилади. Бунга Исломнинг муносабати қандай? Суд қарорисиз журналист бирон кишини, масалан, террорчи ёки шаҳватпараст деб аташ ҳуқуқига эгами?



- Ислом буни ҳеч кимга рухсат этмайди. Агар бирон бир далилсиз кимдир бирор кишини айблаган бўлса, Исломга кўра у туҳматчи ҳисобланади. Шариат қонунларига кўра, бундай киши одамлар орасида 80 марта дарра урилиши лозим ва шундан кейин ундан гувоҳ бўлиш ҳуқуқи олиб қўйилади. Агар шундан кейин бундай киши бирор жойда гувоҳлик кўрсатмалари берадиган бўлса, улар қабул қилинмайди.



Аммо суд қарори мавжуд бўлса ҳам, мусулмон киши эҳтиёт бўлиши керак: у инсоннинг айбини қандай усуллар билан - қонуний ёки ноқонуний исботлаганини билиши керак. Исломга кўра, инсоннинг айби ахлоқий ва жисмоний босимсиз, қийноқсиз исботланиши керак. Мусулмон киши одамлардан, шу жумладан, ҳакамлардан сўзларни қабул қилишда ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Муқаддас Қуръонда Аллоҳ айтадики: "Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар... " (Хужурот сураси, 6). Бошқача қилиб айтганда, эшитилган нарсани такрорлашдан олдин, бу ҳақиқат эканлиги ёки ҳақиқат эмаслигини текшириб олиш зарур. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида: «Кишига гуноҳ учун эшитган нарсасини гапирмоқнинг ўзи кифоя қилади», дедилар». (Абу Довуд ва Муслим).



- Ёлғончи бўлиб қолмаслик учун Исломда яна қандай кўрсатмалар берилган?



- Ислом кишилардан ўз сўзларига жуда жиддий ва масулият билан ёндашишни талаб қилади. Шу сабабли Исломга кўра, инсоннинг турмуш тарзини нафақат унинг ҳаракатлари балки сўзлари ҳам белгилаб беради. Масалан, Ислом динини қабул қилишнинг ўзи - "Ла илаҳа иллаллаҳ Муҳаммадун расулуллоҳ", яъни "Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг расулидир" сўзларини айтиш орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, муайян сўзларни талаффуз қилиш инсонни имондан олиб чиқиб, уни имонсизлар сонига айлантириши мумкин. Бошқача қилиб айтганда, бу сўз инсонни бир дунёдан иккинчисига кўчириши мумкин ва бу ҳаётда ҳам, кейинги ҳаётда унинг учун жуда муҳимдир. Шунинг учун Ислом одамларни ҳар бир сўзни уйлаб кўриб талаффуз қилиш ёки ёзишга чақиради. Ислом одамларга уларнинг ҳар бир сўзи учун жамият ва Аллоҳ олдида масъул эканини эслатади.



- Лекин, журналист ва оддий одам ўз сўзлари учун турли даражада жавобгар бўлса керак?



- Одамларнинг айтган сўзлари учун жавобгарлик даражаси уларнинг жамиятдаги тутган мавқеига қараб белгиланади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ким бир гўдак болага "мана буни ол деса-ю", ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади", дейдилар (Аҳмад). Агар она ўз фарзандини алдаб, унинг олдида ёлғончи бўлиб қоладиган бўлса, журналист ўз ёлғони билан миллионлаб одамларни алдайди ва улар олдида ёлғончига айланади. Ва албатта, битта одамни ва бутун жамиятни ёлғон маълумотлар билан чалғитиш ўртасида ҳам фарқ бор...

Ёлғончилар Аллоҳнинг душмалари эканлиги Қуръонда алоҳида таъкидлаб қўйилган. Аллоҳ ўз Китобида бундай одамар учун жаҳаннам азоблари тайёрлаб қўйилганлигини айтади. Шунингдек, Аллоҳ ҳеч нарса – на пул, на инсон ёлғон гапирганда таянган унинг танишлари жазодан қутқара олмаслиги ҳақида огоҳлантиради.



- Агар одам, масалан, журналист, ҳақиқатни айтишдан қўрққани сабабли ёлғон гапирган бўлсачи?



- «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир», дедилар». Бу ерда гап сукут қилиш ҳақида. Бироқ агар одам жим туришдан ҳам қўрқдиган ва ёлғон гапирадиган бўлса, бу ушбу кишининг Аллоҳга имони сустлигидан, у Яратувчидан эмас, балки бандасидан қўрқишидан далолат беради.



- Сизнингча, қўрқоқ одам журналист бўла оладими?



- Менимча, йўқ. Чунки журналистика бу – исталган вазиятларда, жумладан, оғир ва ҳаёт учун хавфли вазиятларда ҳам ҳақиқатни айтиш касбидир. Агар одам бирон нарса ҳақида ёзишни жуда истаса, лекин ҳақиқатни ёзишдан қўрқадиган бўлса, у фақат унга айтиб туриладиган ёки буюриладиган нарсаларни ёзадиган референт-котиб бўлиб ишлагани маъқул.

Манба: www.fergananews.com

Абу Муслим таржимаси

(баъзи қисқартириш ва ўзгартириш билан)