loader
Foto

Замонавий мусулмонлардаги жоҳилия қолдиқлари

Баъзи олимлар Исо алайҳиссалом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам оралиқларида пайғамбарсиз ўтган динсизлик замонини ҳам жоҳилият даври ҳисоблашади. Исломдан аввал ҳамма ерда нодонлик, илмсизлик, саводсизлик, жаҳолат, турли гуноҳ ва фаҳш ишлар тўлиб-тошган замон бўлган. Ислом ана шу жаҳолат устига қурилиб, инсонларни саодат ва ҳидоят ёруғлигига олиб чиқди. Бироқ, афсуслар бўлсинки, жуда кўп мусулмонлар ўзларини Исломдан деб билсалар ҳам жоҳилият давридан баъзи одатларни тарк эта олмаяптилар. Ҳолбуки, пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзига эргашганларни бу одатлардан холос қилиб кетгандилар.



1. Фикрдаги тарафкашлик

Ислом қабул қилингунга қадар араблар (ва бошқалар) орасида ҳаттоки улар ноҳақ бўлсаларда, мунозарали вазиятларда ўз қариндошлари ва қабиладошларини исталган усуллар билан ҳимоя қилиш қабул қилинганди. Исломнинг қабул қилиниши ҳар бир кишини ҳақиқат томонида бўлишга мажбур қилди, ҳаттоки бу унинг ўзига қарши бўлиши мумкин бўлса ҳам.

Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Теримизий ва Имом Насаийлар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Қурайшликларни ўғрилик қилган Махзумиялик аёлнинг шаъни ташвишга солди. Улар, у аёл ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ким гапиради?-дейишди.

Сўнгра, бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбублари Усомадан бошқа ким ҳам журъат қила олар эди, дейишди. Усома У зот алайҳиссаломга бу ҳақда гапирди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Аллоҳ белгилаган жазолардан бир жазода шафоатчилик қиласанми?!-дедилар.

Сўнгра туриб хутба қилиб: «Эй одамлар, албатта, сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишлари ичларидан шарифлар ўғрилик қилишса қўйиб юбориб, заифлар ўғрилик қилса жазони қоим қилишлари сабабидан бўлган. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам албатта қўлини кесаман»-дедилар». Буйруқ ижро этилди.

Мусулмонлар учун адолат ўрнатишда «ўзиники» ва «бегона»га, «бой» ва «камбағал»га ажратиш бўлмаган. Хусусан, кунлардан бир кун Алий ибн Абу Толиб (розиаллоҳу анху) ўзи жуда қадрлаган совутини йўқотиб қўяди. Маълум вақт ўтгач, Куфа бозорида уни сотаётган мусулмон бўлмаган бир кимсанинг қўлида таниб қолади. Сотувчи уни топиб олганлигини тан олишдан бош тортади. Шунда улар мусулмон қозининг олдига борадилар. Уларнинг ҳар бири ўз сўзларини айтгач, қози Алийга қараб мурожаат қилади: «Эй мўминлар амири, сен айтаётган сўзларда ва бу совут сеники эканлигига ҳеч қандай шубҳам йўқ. Лекин сен гапларинг ҳақиқат эканлигини тасдиқлаш учун иккита гувоҳ келтиришинг лозим». Али ўзининг хизматкори ва ўғлини таклиф қилади, лекин қози ўғилнинг гувоҳлиги қабул қилиниши мумкин эмаслигини айтади.

«Субҳаналлоҳ! – хитоб қилади Алий. – Жаннат аҳли қаторидан бўлган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмаяпти. Наҳотки сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳасан ва Ҳусайн жаннат аҳли йигитларининг саййидидирлар» деганларини эшитмаган бўлсанг»? «Эшитганман, албатта, мўминлар амири – деди қози. – Бироқ мен ўғилнинг ота фойдасига гувоҳлик беришига йўл қўя олмайман». Алийда (розиаллоҳу анҳу) бошқа гувоҳ бўлмаганлиги сабабли у ўз совутини мусулмон бўлмаган кишига беришга мажбур бўлади.

Бундай адолатдан ҳайратда қолган ҳолда мусулмон бўлмаган кимса хитоб қилади: «Ё Аллоҳ! Мўминлар амири ўз қозиси олдида мен билан судлашмоқда ва унинг қозиси менинг фойдамга қарор қабул қилмоқда. Мен гувоҳлик бераманки, бунга буйруқ берадиган дин – ҳақиқатдир. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ

йуқдир, ва гувоҳлик бераманки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг қули ва элчисидир. Шундай экан, қози жаноблари, билингки, ушбу совут мўминлар амирига тегишли. Мен Сиффинга йўл олган қўшин ортидан бораётгандим. Бир пайт шу совут унинг кулранг туясидан тушиб қолди ва мен уни ердан кўтариб олдим». Шунда Алий (розиаллоҳу анҳу) дейди: «Иш шундай тус олган экан ва сен Исломни қабул қилган экансан, ҳақиқатан ҳам мен уни сенга ҳадя этаман. Унга қўшимча қилиб мана бу отни ҳам совға қиламан».



2. Аёлларга муносабат

Биламизки, Исломдан олдинги даврда арабларда эндигина туғилган қиз чақалоқларни кўмиб ташлаш одати бўлган. Бу одат шу қадар кенг тарқалганди-ки, ҳар ўнта арабдан биттаси бу жиноятда айбдор эди. Тирик қолган қизлар эса фақат чўри ҳуқуқларида яшаган. Беваларга такроран турмушга чиқишга рухсат этилмасди. Аёллар меросдан бирон-бир улушга даъво қилиш ҳаққига ҳам эга эмасди. Бошқа халқларга келадиган бўлсак, уларда ҳам аёлларнинг аҳволи ҳавас қиладиган даражада бўлмаган. Айрим халқларда эркак кишининг юздан ортиқ хотини бўлиши мумкин эди. Ҳиндистонда, масалан, эрининг ўлимидан сўнг хотинини ҳам эрига кўшиб олова ёндиришарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳақиқий инқилобни амалга оширганлар.

Улар тўрттадан ортиқ хотин олиш имкониятини чегаралаб қўйганлар. Улар аёлларни уларнинг зиммасига юклаб қўйилган ва уларнинг қўлидан келмайдиган мажбуриятлардан озод этганлар. Хусусан, кўпчилик саҳобалар уй ишлари билан шуғулланарди, ўз кийимини юварди, оёқ кийимини тузатарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, турмуш ўртоқлари Ойишанинг (розиаллоҳу анҳо) гувоҳлик беришича, унга уй ишларида ёрдам берардилар. Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам худди эркаклар каби, аёлларни ҳам таълим олиш ва билимларга эга бўлишга ундаганлар. Улар Мадина аёлларини уятчанлик улар учун ҳақиқатни билиш йулида тўсиқ бўлмаганлиги учун мақтардилар. Аёлга ҳурмат эркакларнинг олийжаноблик белгиси, аёлни таҳқирлаш эса – унинг заифлиги ва кабиҳлиги белгиси ҳисобланган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларинниг меҳрибон ва ғамхўр оталари, севувчи ва марҳматли эр ва кўпинча унга турли маслаҳат ва ёрдам сўраб мурожаат қилган бошқа аёлларга нисбатан меҳрибон мураббий бўлганлар. Ҳадислардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни «биллур қутичалар» деб атаганлар ва уларга нисбатан ҳаяжонли эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлига чақирганлар. Шундай қилиб, уларниг ташаббуслари асосида илк мусулмон аёллар орасида билимларнинг кенг тарқалишига ҳамда келгуси авлод мусулмонларини юқори ахлоқий руҳда тарбиялашга муносиб ҳисс қўшган. Ойишанинг (розиаллоҳу анҳо) уйи эса ўша пайтлардаги катталар ҳам, болалар ҳам билим олган ҳақиқий академия бўлган.



3. Миллатчилик

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни маълум бир белгилар – ижтимоий ҳолати, миллати, у ёки бу қабилага маснублиги, моддий ҳолати, жинси бўйича ажратган тўсиқларни вайрон қилганлар.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла сиздан жоҳилиятнинг кибрини ва ота-боболар ила мағрурланишни кетказди. (Киши) тақводор мўмин ёки бадбахт фожирдир. Инсонлар Одам болаларидир, Одам эса тупроқдандир», дедилар» (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазотдан фориғ бўлиб, Мурайсиъда турган кунлари эди. Умар ибн Хаттобнинг Жаҳжоҳ ал-Ғифорий исмли бир хизматчиси Синон ибн Вабар ал-Жуҳаний номли бир ансор йигити билан сув олиш пайтида тиқилинчда жанжаллашиб қолиб, уришиб кетишди. Шунда Жуҳаний: «Эй ансорлар жамоаси!», деб, Жаҳжоҳ эса: «Эй муҳожирлар жамоаси!», деб қичқиришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни эшитиб: «Мен ҳали ораларингизда бўла туриб, сизлар жоҳилият чақириқларига чақирмоқдамисиз?! Қўйинглар ундай сассиқ гапларни!», деб танбеҳ бердилар.



4. Коррупция

Мусулмонлар уларга ғамхўрлик қилиш учун топширилган нарсалар учун Аллоҳнинг олдида жавобгар эканлигини тушунарди. Шу сабабли улардан ҳеч ким ҳукуматга ва юқори лавозимларга интилмаган. Лекин уларга бирон-нарса учун жавобгарлик юкланадиган бўлса, бу ишни энг яхши тарзда бажарганлар. Хусусан, «Тарих-и-Табарий» китобида ҳикоя қилинадики, Мадаиндаги ғалабадан сўнг, мусулмонлар ўлжаларни йиғаётган пайт улардан бири ўзи топган нарсаларни олиб келади ва ғазначига топширади. Бу нарса шунчалик қимматбаҳо эдики, уни кўрган одамларнинг ҳаммаси лол қолади. Улар ҳаётларида умуман бундай қимматбаҳо нарса кўрмаган эдилар.

Улар жангчидан сўрай бошладилар: «Сен аниқ унинг бир қисмини яшириб олиб қолмадингми?». «Аллоҳ номи билан қасам ичаман, - жавоб берди у, - агар мен хоҳлаганимда уни бутунлигича яшириб қўйган бўлардим ва ҳеч ким ҳеч нарсадан бехабар қолган бўларди». Бу самимий жавоб уларда чуқур таассурот қолдирди, улар олдиларида оддий бир одам турмаганлигини ҳис қилдилар. Ундан ўз исмини айтишни сўрай бошладилар, лекин рад жавобини олдилар. «Мен сизларга исмимни айта олмайман, – деди у, – чунки сиз мени мақтай бошлайсилар, ваҳоланки фақат Аллоҳни мақташ лозим. Мен эса Унинг юборадиган мукофоти билан қониқаман».

У кетгач, унинг кимлигини аниқлаш учун ортидан одам жўнатишди. Маълум бўлишича, бу Абд-и-Қаис қабиласидан Амир экан. Халифа Умар мисоли ҳам ўрнак бўлишга лойиқ. У 35 ёшида Арабистон, Миср, Шимолий Африка, ҳозирги Покистон ерлари, Ўрта Осиё, Эрон, Ироқ, Кавказорти, Испанияни ўз ичига олган  ислом давлатини ўз жавобгарлигига қабул қилади. Умар (розиаллоҳу анҳу) давлат бойлигини талашдан ҳимоя қилишнинг энг яхши усули шахсий ўрнак кўрсатиш деб ҳисоблаган. Хусусан, у бор мол-мулки ва хотинининг жамғармаларини давлат ғазнасига топшириб, ўзига бир парча ер ва бир дона кўйлак қолдиради.



5. Снобизм (қуруқ олифтагарчилик)

Мусулмонлар такаббурлик ва ўзини бошқалардан устун қўйиш туйғуларидан узоқ бўлганлар шу сабабли халифалар ва волийлар уларга нисбатан алоҳида эҳтиром кўрсатилишини ҳақорат сифатида қабул қилардилар. Улар учун оддий одамлар билан мулоқот қилиш ҳеч қандай жасорат эмасди улар ўзларини оддий ва камтар тутарди.

Абу Назрадан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам жумладан шундай дедилар: “Шуни яхши билинки, арабнинг ажамдан, ажамнинг арабдан, қизил танлининг қора танлидан, қора танлининг қизил танлидан устунлиги йўқ. (Устунлик) фақат тақводадир”, дейдилар. Имом Аҳмад ривояти.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Росулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла сиздан жоҳилиятнинг такаббурлигини ва ундаги ота-боболар ила фахрланишни кетказди. Мўъмин тақводордир, фожир бахтсиз! Кишилар Одам болаларидир, Одам эса тупроқдан яратилди», дедилар. Абу Довуд, Байҳақий ва Термизий ривояти.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“Жоҳилиятда вафот топган ота-боболарингиз билан фаҳрланманг. Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, бурни билан судралиб юрадиган гўнг қўнғиз жоҳилиятда вафот топган ота боболарингиздан яхшироқдир”. Абу Довуд ва Термизий ривояти.

Миллатчилик ва шовинизм (ашаддий миллатчилик) каби унинг ўта ҳаддан ошиб кетган кўринишлари Қуръон, Суннат ва мусулмон олимлари ижмоси билан ҳаром қилинган. Миллатчилик ва кибрга кетишни Аллоҳ таоло жазосиз қолдирмайди. Айтишларича, Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам кириб келган пайтларида одамлар ўрнидан туриб кетишига жаҳлари чиқарди. Шундай қилиб, мусулмонлар учун мақтаниш ва иззат-икромни севиш ҳисси ёт бўлган. Фоний дунёдан нафратланиб, улар шунингдек, бу бунёнинг неъматларига сиғинишдан ҳам нафратланган, боз устига, дунёвий афзалликлардан биронтасида устунлик асосида кўтарилишга йўл қўймаган.



6. Лаганбардорлик ва хушомадгўйлик

Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам сўнгра унинг саҳобалари одамларда қул ва лаганбардорларни эмас, балки эркин одамларни тарбиялаганлар. Ҳар бир инсон учун, у эгаллаган мавқеидан қатъи назар, бошқа шахснинг ор-номуси, ҳаёти, мол-мулки тақиқлаб қўйилган. Мусулмонлар заифларни таҳқирламасди ва кучлилар олдида ўзини ерга урмасди. Мисол учун, ҳадислардан бирида айтилишича, Бадр жангидан олдин, Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам қўлларида бир шохни ушлаб турган ҳолда сафларни тўлдириб, жипслашишни айтганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг сафларини текислашга

киришдилар. Сафларни текисларканлар, ажиб бир воқеа юз берди. Қўлларида камон ўқи бўлиб, шу билан сафни текислаётган эдилар. Савод ибн Ғазийянинг гавдаси сафдан чиқиб турган экан, унинг қорнига камон ўқи билан туртиб: «Текислан, эй Савод», дедилар. Шунда Савод: «Ё Расулуллоҳ, мени оғритдингиз, қасос истайман», деди. У зот қоринларини очиб: «Майли, қасосингни ол», дегандилар, Савод у зотни қучоқлаб, қоринларини ўпди. «Нега бундай қилдинг, эй Савод?», дедилар. Савод деди: «Ё Расулуллоҳ, кўриб турганингиздек, жанг олдида турибмиз. Шу боис сиз билан бўлган охирги ҳолатим баданингизга баданим тегиши бўлишини истадим», деди.

Бу Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларида улар ўзларидан кучлироқ ва нуфузлироқ бўлган шахслар олдида йўқотмайдиган эркинлик руҳи, ор-номус ва қадр-қимматни тарбиялаганликларини кўрсатадиган воқеалардан бир мисолдир.

Ҳасан Басрий айтадилар: “Мен Бадр жангида иштирок этган 70 та саҳобани кўрдим, агар сиз уларни кўрганингизда сиз уларни ақлини йўқотган деб ўйлаган бўлардингиз. Агар улар сизларни кўрганда, сизларни Исломга ҳеч қандай алоқаси йўқ дейишган бўлар еди.” (Хилятул – Аулия)

Агар биз ўзларини мусулмонлар қаторига киритадиганлар улар билан зиддиятсиз яшаши мумкин бўлган жоҳилликнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олсак, айтиш мумкинки, имомнинг сўзлари мутлақо адолатлидир. Ислом дини фақат диний маросимларни бажариш ва сўзлар ва ибодатларни такрорлашдангина иборат эмас, у юқори ахлоқий хусусиятлар, муайян тамойиллар ва биз амал қилишимиз шарт бўлган қатъий қоидалар мажмуасини ифодалайди. Биринчисига эътибор бериб, иккинчиси ҳақида унутмаслигимиз керак. Акс ҳолда бизнинг динимиз фақат танага эга бўлиб, руҳини йўқотади.

Манбалар асосида

Абу Муслим тайёрлади