loader
Foto

Қуръон ўқишга вақтинг йўқми?

Шундай бўлишига қарамай, ҳар биримиз ҳар куни Қуръони карим билан бирга бўлишни истаймиз. Қуръони карим тиловатларини тинглаш, қироат қилиш ва тафсирларини ўрганиш учун кўпроқ вақт ажратишни истаймиз. Бироқ, кўп вақт ажратмай туриб, Аллоҳ таолонинг китобини ўрганишнинг самарали йўлларини қандай топсак бўлади?



1.   Агар ҳақиқатдан ҳам биз учун бирор-бир нарса муҳим бўлса, унга албатта вақт топамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод (жидду жаҳд) қилганларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Албатта, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар билан биргадир!” (Анкабут сураси, 69-оят)

Аллоҳ таоло жидду жаҳд қилишимизни талаб қиляпти, шунда У ишларимизни ўнглайди. У бизнинг чин қалбдан, ихлос билан ҳаракат қилаётганимизга гувоҳ бўлиб, ўз ёрдамини беради, янги имкониятларни очади.

Ҳақиқат шуки, биз учун ҳақиқатдан ҳам ўта муҳим бўлган нарсаларга албатта вақт топилади. Унинг муҳимлигини ҳис қилиш ўша нарсани нима қилиб бўлса ҳам бажариш талабини келтириб чиқаради. Агар бамдод номозига катта аҳамият берадиган бўлсак, биз албатта уни адо қилиш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз. Худди шундай, Қуръон ўқишни биринчи ўринга қўядиган бўлсак, бир кунда Қуръон билан бирга бўлишимиз учун албатта 15-20 дақиқа топилади. Бу билан бошқа ишлар ва ибодатлар унчалик муҳим эмас, демоқчи эмасмиз, аммо Қуръоннинг аҳамияти барибир асосий бўлиши керак.



2. Ҳаммасини бир зумда бажаришга ҳаракат қилманг.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қандай амал Аллоҳ учун энг маҳбуб?” дея сўралди. “Оз бўлса ҳам давомлиси” (давомли бўлгани) дедилар у зот” (Бухорий, Муслим ва Термизий).

Ушбу ҳадисда қанча кўп ҳикмат бор-а!? Кўпинча, айниқса динга оид нарсаларга катта қизиқиш бўлади-да, бу борада кўп ишларни бир вақтнинг ўзида бажариш истаги туғилади. Оқибат тезда "ёниб" битамиз ва бошланган ишларни охиригача етказиб қўймаймиз, сўнг бу ишни бошидан бошлашга хоҳиш ҳам қолмайди. Бу ва бу каби масалаларда салбий тажриба орттирганимиз қолади. Бу борада энг самара берувчи услуб - ҳамма ишни бир вақтда бажаришга ҳаракат қилмаслик, ҳамда давомли бўлиш йўлларини режалаштириш керак.

Буларнинг Қуръони каримга қандай алоқаси бор? Масалан, аввалига бамдод ёки хуфтон намозларидан сўнг вақт ажратишга ҳаракат қилинг. Ушбу икки вақтда уйда бўлишингиз эҳтимоли жуда катта бўлади. Ўқишни ярим бетдан бошланг, бироқ доим ўқинг. Сўнг ўқишни бир бет, икки бетга кўпайтиринг. Агар ишхонага бориш йўли узоқ бўлса, машинада тинглаб кетишни йўлга қўйинг. Ўзингизга ёқадиган қориларнинг қироатларини топиб, флешкангизга ёзиб олинг. Масалан, мен Ҳасанхон ва Ҳусайнхон қориларнинг тиловатларини тинглашларингизни маслаҳат қилардим. Қуръони карим тўлиқ қироат қилинган дисклар сотувда бор. Ёки ишга кетаётганда Қуръон тиловатларини тингланг, қайтаётганда эса унинг маънолари ёки тафсирини тинглаб келинг.

Ҳамма гап шундаки, Қуръони каримни тинглаш, ҳаётингизнинг бир қисмига, одатга, муҳим ишга айланиши керак. Буни сизга ҳеч ким эслатиб турмаслиги керак. Агар булар сиз учун одатга айланса, бундан осонликча воз кеча олмайдиган ҳолатга келасиз. Буларни амалга ошириш учун кўп вақт талаб этилмайди, аммо бажарса бўладиган иш. Ёдда тутинг: аста-секин ва давомли бўлиш билан...!



3. Сизни қўллаб турадиган муҳитни барпо қилинг.

Коллежда ўқиб юрганимда, баъзи ўртоқларим Қуръони каримни тўлиқ ёдлаб олишга муваффақ бўлган эдилар, ҳолбуки улар ҳам ўқирдилар, ҳам ишлардилар. Улар бу ишда бир-бирларини қўллаб турганлари учун ҳам шундай муваффақиятга эришдилар. Ҳар куни, ҳатто имтиҳон вақтларида ҳам улар 15-20 дақиқага учрашиб, кеча ёдлаган жойларини бир-бирларига ўқиб берардилар. Агар уларнинг бир кунда янги ёдлаганлари бўлмаса, олдин ёд олган жойларини айтиб берардилар. Шу тарзда аста-секинлик билан бўлса ҳам, улар Қуръони каримни тўлиқ ёдлаб олишга муваффақ бўлишди.

Сизни қўллаб-қувватлаб турадиган дўстларни топишга ҳаракат қилинг. Агар оилангиз бўлиб, куни билан иш билан банд бўлсангиз, Қуръони каримни эрингизга/аёлингизга ўқиб беринг, шунда иккингиз ҳам Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қиласиз. Агар фарзандларингиз бўлса, у ҳолда намоздан сўнг бирга ўқинглар (вақт ўтиб, бу машғулот одатга айланади). Ёки ҳар куни ота-оналарингизга “имтиҳон топширинг”. Булардан мақсад қўллаб-қувватловчи тарафни шакллантириш зарурлигидир, чунки шу орқали тарраққий қилиш, юксалиш мумкин бўлади.

Мазкур учта оддий маслаҳат ҳар куни Қуръони каримни ўқишга вақт топишингизга ёрдам бўлади. Булар сира зерикарли эмас, ҳар бирига уриниб, амал қилиб кўринг - кўрасиз, ўзингизга мосини албатта топиб, ҳар куни Қуръони каримни ўқишни бошлаб юборасиз, инша Аллоҳ.

Ҳар қайсимизнинг кундалик вазифа ва мажбуриятларимиз бор. Бироқ, шундай бўлишига қарамай Қуръони каримни ўқиш муҳимлигини жуда яхши биламиз. Агар мусулмонлар Қуръонларининг одоблари билан одобланганларида эди, инсонлар назар-эътиборини минглаб китоблардан кўра кўпроқ Қуръон гўзаллигига қарата олган бўлардилар.

Интернет маълумотлари асосида

Абу Муслим тайёрлади