loader
Foto

Бобур масжидининг бузилиши

Бобурийлар салтанати даври 16-асрда бунёд этилган Бобур масжидининг бузиб ташланиши Ҳиндистоннинг турли қисмларида бир ой давом этган диний норозиликлар ва динлараро тўқнашувларга олиб келган Ҳиндистон 1947 йил мустақилликка эришганидан бери рўй берган энг даҳшатли диний тартибсизликлар натижасида 2000дан ортиқ киши ҳалок бўлди.

150 минг нафар ҳиндлардан иборат оломонининг шод-хуррамлиги остида масжиднинг вайрон қилиниши Ҳиндистоннинг ижтимоий тўқимасида чуқур ва ўчмас ёриқ яратди, бу билан Ҳиндистоннинг мусулмон озчиликларида қўрқув ва ўз келажаги ҳақида хавотир уйғотди.

Бу воқеа, шунингдек, «индуист мажоритаризми» жипслашувига ва ҳинд миллатчи партияси Бҳаратия Жаната (БЖП) – бугунги кунда Ҳиндистонда ҳокимият тепасида бўлган ва Айодхя масжиди ўрнида Рама ибодатхонасини қайта тиклаш тарафдорларининг ҳаракати ортида турган партиянинг дадил кўтарилиши ва кучайишига йўл очиб берди.

Кўп йиллар давомида ҳинд-мусулмон муносабатларини ёритиб келган журналист Видя Субраҳманиам «Ал-Жазира» мухбирига 1992 йил 6 декабри ўзига хос айирғич бўлганлигини айтди.

«Қайсидир маънода, Бобур масжидининг вайрон қилиниши билан жамоалар ўртасида нафратни нормаллаштириш бошланди. Бу шунга олиб келдики, хурматга сазовор ўрта синф оилалари ўз меҳмонхоналарида мусулмонлар ҳақида «бегоналар» сифатида, «мусулмонлар бунга лойиқ» деб гапира бошладилар.

«Масжиднинг вайрон қилиниши индуист жамоатининг барча қоронғу кучлари қўлларини ечиб юборди», - дейди ўзи ҳам индуист нашрида ишлайдиган Видя.

Баъзилар учун «қора кун» ва бошқалар учун «ғалаба куни»

Ҳукмрон БДПнинг ғоявий асосчиси бўлган Дели Раштрия Свайамсевак Сангх (РСС) ва Вишва Хинду Паришад (Бутунжаҳон хиндлар кенгаши) каби ҳинд миллатчи гуруҳлари масжид ўрнида ибодатхона қуриш истагида. Ҳиндларнинг кўпчилиги айнан шу жойда қачонлардир гўёки «Рамаяна» бош қаҳрамони, индуизмда афсонавий персонаж ҳисобланган, аслида эса ҳақиқатда мавжуд бўлган тарихий шахс Рама туғилган сарой жойлашган деб ҳисоблайдилар. Уларнинг фикрича, мусулмонлар илгари бу ерда жойлашган индуизм ибодатхонасини бузиб, унинг ўрнига масжид қурган ҳолда муқаддас жойни ҳаром қилган. Бу мақсадда бузиб ташланган масжид ўрнида мана бир неча йилдан бери ибодатхона мавжуд бўлганлигини исботаш мақсадида археологик қазишмалар олиб борилмоқда.

Мамлакатдаги сўл гуруҳлар бу санани «қора кун» сифатида қайд қилганлар. Нью-Делидаги норозилик намойиши қатнашчилари масжидни йўқ қилиш «замонавий республиканинг дунёвий, демократик асосларига энг шафқатсиз ҳужум» бўлганлигини айтди.

Бироқ, бутун мамлакат бўйлаб ҳинд миллатчи ташкилотлари бу кунни «Шауря Дивас» (Ғалаба куни) деб аташади.

«Биз ушбу бино бузилганидан бери сўнгги 24 йил давомида Ғалаба кунини нишонлаб келяпмиз. Табиийки, биз байрам қиламиз. Қуллик ёдгорликлари йўқ қилиниши керак», - деди «Вишва Ҳинд Паришад» бош котиби Сурендра Кумар Жаин, хабар беради «ал-Жазира».

«Ҳиндларнинг шон-шарафи, кучи ва жасорати туфайли биз бу бинони йўқ қилишга муваффақ бўлдик».

«Бу ерда индуизм ибодатхонаси қурилиши биз учун фахрдир. Кўп кечикишлар бўлди. Энди биз бошқа кечиктира олмаймиз», – дея қўшимча қилди Жейн.

Мусулмонлар дунёвий қонунчилик тарафдори

Сешанба куни Ҳиндистон Олий суди келгуси йилнинг 8 февралига қадар аллақачон кечиктирилган суд ишини кечиктирди. Аввалроқ собиқ бош судья икки томон ўртасида суддан ташқари тартибга солишни таклиф қилганди.

Бобур масжиди ҳаракат Қўмитаси раҳбари, бу жараёнда мусулмонлар номидан кураш олиб бораётган Зафарияб Жиланий, суддан ташқари келишув ва музокаралар ҳақида ҳар қандай муҳокамадан бош тортганди.

«Қарор ҳақида гапирганда, улар бизнинг даъволаримизни қайтиб олишимиз кераклигини назарда тутади, лекин бу мумкин эмас. Бу ҳеч қачон содир бўлмайди, биз таслим бўлмаймиз», - деди Жиланий «ал-Жазира» каналига.

«Улар миллатга зарар етказмоқда. Мамлакат ўзининг аввалги секуляризм қадриятларини қайта тиклаши керак. Якуний ҳисобда, улар ғолиб бўлмайди. Мамлакатнинг аксарият қисми ҳали ҳам дунёвий бўлиб қолмоқда», - деди у.

«Маъмурий фитна»

1528 йил қурилган Бобур масжидининг ўрни ҳақидаги ҳуқуқий низо 60 йилдан ортиқ давом этмоқда. Можаро 1949 йилда, масжидга энг мушриклар тарафидан энг эъзозланадиган бутларнинг бири бўлган Рама бутлари жойлаштирилганида янада кучайди. Ушбу ҳодисадан сўнг масжид ёпилди ва «баҳсли бино» деб эълон қилинди.

2010 йил Аллоҳобод Олий суди ҳиндлар ернинг учдан икки қисмини эгаллаши ва уларга вайрон қилинган масжиднинг марказий гумбазида ўрнида тайёргарликсиз қурилган ибодатхонани сақлашга рухсат берилиши ҳақида қарор қилди. Ернинг 2,77 акр га тенг бўлган қолган учдан бир қисми мусулмонларга берилди. Бироқ, ҳар икки томон ҳам қуйи суднинг қарорини тўхтатиб қўйган Олий судга мурожаат қилди.

Мусулмонлар ҳукуматниг индуистлар кўпчилиги билан «маъмурий фитнаси» ҳақида тўлиқ асос билан эълон қилишди. «Индустик Ҳиндистон шакллантириш» китобининг муаллифи Акшайя Мукул бу фикрга тўлиқ қўшилади.

«Бу ҳукуматнинг қонун устуворлигини амалга оширишга қодир эмаслиги даҳшатли сценарийни янада кучайтирди», – дейди Мукул «ал-Жазира»га берган интервюсида.

Ўтган ой Reuters томонидан ўтказилган текширув натижаларига кўра аниқландики, полиция ҳозирги Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди сайланган йилдан бери мусулмонлардан 190 000 бош йирик шохли қорамол мажбурий равишда олиб қўйган «сигирлар учун қасоскорлар» ўнг индуист фаолларига ёрдам берган.

Ибодатхона ҳаракатининг олд сафида турган партия сифатида БДП сайловларни ўтказиш учун катта мукофотларга сазовор бўлади.

Бобурнинг масжиди ўтмишда: ноёб услуб, жумбоқли акустика ва пухта ўйланган вентиляция

Бобур масжиди қурилишининг аниқ бир ишончли санаси маълум эмас. Бинодаги ёзувлар масжиднинг ҳижрий 935 йил (1528-1529) Бобур буйруғи билан шиа амалдорларидан бири Мир Баки томонидан қурилганлигини таъкидлайди. Ўша даврнинг асосий тарихий манбаси саналган «Бобурнома»да на масжид қурилиши, на ибодатхона вайрон қилиниши ҳақида сўз юритилмаган.

Шунингдек, индуистик анъаналарда Раманинг туғилган жойи айнан шу бўлгани ҳақида ҳеч қандай илк далиллар йўқ. Анъанавий равишда индуистлар томонидан Рама туғилган жой деб ҳисобланган масжид ҳақида илк ёзув Жай Сингх II – буюк Мўғуллар саройида хизмат қилган, 1717 йил масжидга туташ ҳудудда ер сотиб олган ва Джайсингпурга асос солган. Кўплаб дастлабки манбаларда Аурангзеб (1658-1707) Кашмирдаги Рамкот қалъасини, шу жумладан, индуистлар томонидан Рама туғилган жой деб ҳисобланган уйни вайрон қилгани ва унинг ўрнида учта гумбазли масжид қурганлиги ҳақида гапирилиши сабабли тушунмовчилик юзага келган.

Маълумки, мўғуллар санъат ва меъморчиликнинг буюк ҳомийлари бўлиб, Шимолий Ҳиндистон бўйлаб кўплаб гўзал мақбаралар, масжидлар ва мадрасалар қуришган. Бутун Ҳиндистон бўйлаб масжидлар турли услубларда қурилган ва энг назокатли услублар юқори малакали усталар томонидан сақланиб қолган маҳаллий санъат анъаналари кучли бўлган жойларда ривожланган. Шундай қилиб, масжидларнинг минтақавий ёки вилоят услублари ибодатхоналар меъморчилигининг маҳаллий услубларидан келиб чиқади, бу эса ўз навбатида, иқлимий хусусиятлар ва ерларнинг енгиллиги билан боғлиқ. Шунинг учун Бенгалия, Кашмир ва Гужарат масжидлари ўртасида катта фарқ бор.

Бобур масжиди Жаунпур султонлиги меъморий мактабининг анъаналарида қурилган ва ҳатто Жаунпурдаги Атала масжидига бироз ўхшаш бўлган. Жаунпур услуби 15-асрда мўғулларнинг Ҳиндистонга келишидан олдин пайдо бўлган.

Масжиднинг иқтидорли меъморлари томонидан ихтиро қилинган ноёб акустика ва вентиляцияси ҳақида қизиқарли далиллар мавжуд.

Инглиз архитектори Грэм Пикфорд 19-асрда ёзганидек: «Бобур масжиди меҳроби ёнида пичирлаб айтилган сўзлар ундан 200 фут (60 метр) нарида аниқ эшитирларди …”.

Замонавий архитекторлар масжиднинг бу қизиқарли акустик хусусиятини меҳроб деворида катта чуқурлик ва атрофдаги деворларда бир нечта чуқурликлар резонаторлар сифатида ишлаши билан боғлаган. Ушбу конструкция минбарда айтилган нутқни ҳар кимга эшитиш имконини беради. Бобур масжиди қурилишида ишлатиладиган қумтош ҳам ноёб акустикага ҳисса қўшган резонанс хусусиятларига эга эди.

Ҳаво совутиш тизими унда кам даражада ажабланарли эмас, чунки у арка, қубба ва гумбаз каби Исломий меъморий элементлар остида яширинган. Ушбу тизим баланд шифт, гумбаз ва олтита катта панжарали ойнадан иборат эди. У табиий ҳавони шамоллатиш орқали хонани салқин сақлашга ёрдам берди.

Интернетдан

Абу Муслим таржимаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР