loader
Foto

Золимлар стратегияси (тўлиқ)

Ҳинд йигити шапалоқдан йиқилмади, тез қаддини ростлаб, жавобан инглиз зобитини шундай урдики, зобит хушидан кетди. Зобит ўзига келгач, ҳиндни ўлдирмоқчи бўлганди, инглиз генерали уни тўхтатиб қолди. Аксинча, 50000 рупия пул бериб, буни ўша ҳинднинг қўлига тутқаз, кечирим сўра деди. Зобит истамаса-да, генералнинг айтганини бажарди.

Орадан 10 йил ўтди. Ҳинд 50000 рупия билан тижорат қилиб, қашшоқдан бойга айланди. Оила қурди, серфарзанд, сердавлат, обрўли одам, катта уй ва бир неча хизматкорлар, тижорат ва ижтимоий мавқе эгаси бўлди.

Кунларнинг бирида генерал зобитни чорлади, ҳалиги ҳинднинг олдига бор, 10 йил олдин қилган ишингни такрорла, деди. Зобит таажжубланди. Ҳинднинг олдига борди, ҳеч нарса демай, тўғри келиб, ҳамманинг олдида унинг юзига шапалоқ тортди. Ҳинд бу сафар ҳеч нарса қилмади, ерга тикилганча тураверди. Зобит яна бир-икки шапалоқ туширгач, бўлган воқеани яхшироқ тушуниш учун генералнинг олдига қайтди. Шунда кекса генерал мустамлакачилар сирини зобитига изоҳлади:

- Сен уни урган пайтинг у қашшоқ, дунёдан беҳожат, номусидан бошқа йўқотадиган нарсаси йўқ, шунинг учун ҳам ўта хатарли бир инсон эди. Қавмининг жасоратлиси ва етакчиси ўлароқ бизга кўп муаммолар туғдириши мумкин эди. Энди эса унинг бойлиги, уйи, оиласи бор. Шунча нарсасини йўтоқишдан қўрқади. Энди у ҳам, қавми ҳам сеники, хоҳлаганингни қилавер.

Бу қиссада ибратлар кўп. Мен ҳар сафар ушбу қиссани айтиб берарканман, ўзимга ва ислом илмларини олаётган талаба биродарларимга ҳамда миллат дардида юрган замондошларимга насиҳат қиламан: ушбу қиссадан ўрнак олинг. Ўзингиз танлаган йўлга зуҳд билан, рўзадор одам кўчага чиққандек чиқинг. Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳдан нега у зотга ҳамма қулоқ солишини сўраганларида берган жавобларини эсланг: “Чунки улар мендаги нарсага (илмга) муҳтож эдилар, мен улардаги нарсадан (дунёдан) беҳожат эдим“.

Унутмангки, ким Аллоҳ учун фиқҳни ўрганса, Аллоҳ унинг икки дунёсига Ўзи кифоя қилади.

Аллоҳ бандаларидан жонларини ва дунёларини жаннат эвазига сотиб олган Зотдир! Қандай ҳам фойдали савдо бу!

Шу ўринда эслатиб ўтаман, зуҳд (зоҳидлик) билан таркидунё (asceticism, аскетизм) ўртасидаги фарқни баъзилар англамайдилар. Кофирлар ва баъзи исломий тоифалар чақирадиган “таркидунё“ қашшоқлик ўзини хор қилиш ва бечора ожиз мўмин бўлиб яшашга асосланган бўлса, унинг муқобилида ислом кишиларни чақирадиган “зуҳд“ бой ёки камбағал бўлишингизга қарамай, дунёнинг пашша қанотидек қадри йўқ эканини англаб, Охират учун яшашингиздир. Бинобарин, ислом кишиларни камбағалликка чорламайди. Аксинча, кучли мўмин кучсиздан, берувчи қўл олувчидан яхшироқ эканини таъкидлайди. Шунинг учун Имом Абу Ҳанифанинг шогирди Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Аш Шайбонийдан “Зуҳд китобини қачон ёзасиз?“ деб сўраганларида, “Савдо китобини ёзиб қўйибман-ку,“ деб жавоб берган эканлар.



Қиссадаги ҳинднинг муаммоси ҳам бойлигида эмас, қадриятларини бойлигидан устун қўя олмаганидадир.

***

Милодий 1435 йил. Бадавлат бир юртга босқинчилар қўшин тортиб келибди. Шаҳарнинг ёшу қариси қўлига қурол олиб, ватан ҳимояси учун оёққа турибдилар. Узоқ жанг бўлибди. Ватан ҳимоячилари орасида бир алп йигит ўзининг жасорати, баҳодирлиги ва моҳир қиличбозлиги билан тилларда достон бўлибди. Бир ўзи душманнинг юзлаб аскарларини ўлдирибди. Унга эргашиб бошқа ёшлар ҳам шижоат кўрсатишларини ҳисобга олса, душман учун бу баҳодир алпдан етган зарар бутун бошли қўшиндан етадиган зарардан кўпроқ бўлибди.

Бироқ босқинчилар сон жиҳатдан устун экан, охир- оқибат узоқ қамал ва урушлардан сўнг ғалаба қозонибдилар. Мудофаачиларни занжирлаб, босқинчилар амири олдига келтиришибди. Амир барчасини афв этиб, юрт савдогарлари ва бойларининг аксар бойликларини қайтариб берибди. Уларга босқинчилар ҳимояси остида бемалол савдо қилишни, фақат ўз вақтида босқинчиларга солиқларни тўлаб, итоатда бўлишни буюрибди. Олдинги ҳикоямизни ўқиганлар биладиларки, бу босқинчиларнинг стратегияларидан биридир.

Бироқ улкан тепалик каби салобат ва ҳайбат билан турган алп йигитнинг иши оғир бўлибди. Босқинчилар уни оёқ- қўлларидан занжирлаб, бўйнига оғир тошлар осиб қўйишибди. Сўнгра, агар 30 кун ичида ЮЗ МИНГ ДИНОР топиб келмаса, қўллари кесилиши, кўзлари ўйиб олинишини айтишибди. Алп баҳодир камбағал экан, устига-устак, борини урушга сарфлаб юборгани учун юз минг эмас, 10 динор ҳам пули йўқ экан. Юз минг динор эса шунчалик катта пул эканки, уни йиғиш учун юзлаб бойлар барча мол-мулкларидан кечишлари керак экан. Юртда бой кўп, босқинчилар савдогарларнинг тижорат молларига тегмаган. Деярли ҳеч кимнинг бойлиги мусодара қилинмаган. Паҳлавон йигит шу томондан қалби таскин топиб, бозорда борибди. Босқинчилар амири буйруғини одамларга айтиб, ёрдам сўрабди. 100 000 динор катта пул экан. Узоқ урушдан сўнг энди тижорати юриб қолган савдогарлар бунча пулдан кечгилари келмабди. Қолаверса, босқинчилар амири билан дўстлик ришталари пайдо бўлиб, унинг меҳрибонлиги, бойликларига тегмаганидан кўплари хурсанд экан, паҳлавон йигитга "Ўзи бекор урушган эканмиз, сени деб қанча яқинимиз ўлди, мана, сулҳ тузсак бўларди экан," дейишибди. Паҳлавон баҳодир қавмига ҳуррият ҳақида қанча гапирмасин, биров унга қулоқ солмабди. Унинг мадҳига тўқиган қасидаларни унутибди қавм.

Муҳлат тугаб, босқинчилар амири буйруғи бажарилибди. Паҳлавон алп икки қўли, икки кўзидан ажралибди. Йиллар ўтиб, мажруҳ ва ожиз ҳолда хорликда вафот этибди.

Унинг қиссаси эртак бўлибди. Юртда туғилган ҳар бир гўдак бу эртакни эшитиб улғаяр экан. Оқибатда, бу юртдан бошқа ҳеч қачон мард ўғлонлар, жангчи паҳлавонлар чиқмабди. Фақат сотишга моҳир бўлган савдогарлар чиқибди. Мустамлака эса узоқ ва узоқ давом этибди.

Золимлар бирор миллатни қул қилмоқчи бўлсалар, уларда очкўзликни пайдо қиладилар. Мазлумларнинг моддий дунёларига эга чиқмоқ учун уларнинг маънавий дунёларини йўқ қилиб юборадилар. Мазлумларнинг нафсларини сотиб олиб, нафсларини ўз эгаларига қарши қўриқчи аскарга айлантирадилар.

Ҳикояда босқинчилар амири савдогарларнинг нафслари ва шаҳватларини уларнинг ўзлари ишлаб топган пулни қайтариб бериш билан сотиб олди. Сўнгра уларнинг нафслари алп йигит учун ёрдам бериш они келганда уларни тўхтатиб қолди, босқинчи золимга итоат қилишга буюрди.

Золимлар ҳийлаларидан яна бири - улар миллатнинг барча эркакларини қириб юбормайдилар. Ахир ҳамма ўлдирилса, ким қуллик қилади?! Золимлар миллатнинг қаҳрамонларинигина ўлдирадилар. Қаҳрамонни ҳам ўз қўллари билан эмас, босиб олинган миллатнинг қўли билан ўлдирадилар. Паҳлавон баҳодирга ҳеч ким ёрдам бермаган пайтда ўз миллати унинг устидан ўлим ҳукмини ўқиди. Бироқ улар англаб етмадиларки, улар ўлим ҳукмини жасур баҳодир учун эмас, жасорат ва баҳодирлик учун ўқидилар...

Шундай қилиб золимлар биргина жасур қаҳрамонни эмас, жасорат ва қаҳрамонлик тушунчаларини қатл қилиб, бу миллатни абадий қуллар миллатига айлантирдилар.

Бугун ҳам шундай золимлар давлатлари жорий этган таълим тизимида мактаб ўқувчиси адолат талаб қилса, устозлари уни одобсизликда айблайдилар. Бошқа ўқувчиларни унга қарши қўядилар. Армияда ҳақсизликдан шикоят қилса, унга қўшиб бутун хизматдошларини жазолайдилар, уни ҳамманинг нафрат пашшаси қўнадиган ташландиққа айлантирмоқчи бўладилар. Ҳар сафар унинг қалбидаги қаҳрамонликни қатл этиб, бошқаларга уни намуна қиладилар. Қулликни вафодорлик ва фидокорлик, ҳақпарварликни осийлик ва ношукурлик деб атайдилар. Тез орада миллат қуллар бозорига айланади. Ор-номус, инсон қадри ва ҳуррияти носвойнинг нархи бўлади.

Шу аҳволга тушмай десангиз, қаҳрамонларингизни эҳтиёт қилинг. Уларнинг хайрли оқибатлари ҳақида эртак айтинг, уларга ачинишни эмас, улардан фахрланишни ўргатинг болаларингизга.

Маҳмуд УСМОН

Мадина Ислом университети талабаси