Мак Криндлнинг оиласи даҳрий эди. Пенкуикадаги олий мактабда таълим олгунига қадар ҳатто унинг диний маълумоти ҳам бўлмаган. Олий мактабда ўқиб юрган кезлари у ҳар якшанба маҳаллий черковга қатнашга одатланди. Лекин қидираётган ҳузур-ҳаловатини тополмади. Эдинбургдаги коллежга ўқишга киргач эса, бир неча мусулмон дугоналар орттирди ва улар орқали илк бор Ислом билан танитттди. Кейинги ҳаёти ҳақида ўзи бундам ҳикоя қилади:
"Мен ҳаловат қидирдим. Ўтмишим жуда оғир кечган. Мактабда кўп қийналганман, одамлар мени бесўнақай ва бадбашара дейишарди. Шу сабабли бахтга эришиш йўлини қидира бошладим. Ҳафтада бир марта черковга боришга ҳаракат қилардим. Лекин бу ҳаракатим фақат қизиқиш эди, холос. Мен негадир ўзимни насроний деб ҳисобламасдим. Черковга гўё бегонадек эдим.
Масжидда эса қалб бир осудаликни ҳис қилади. Кунлик беш маҳал ибодат билан ўй-фикрни бир ерга жамлаб, аниқ мақсадни белгилаб оласиз. Бунда Қуръони карим йўлбошчилик қилади. Уни ўқиркансиз, руҳда бир енгиллик сезасиз.
Мак Криндл Исломни қабул қилганига уч йил бўлди. Турмуш қургач, исмини «Тасним Солиҳ» деб ўзгартирди. У Буюк Бриганиядаги кунда-кун кўпайиб бораётган мусулмон аёллардан бири.
Аниқ маълумотлар бўлмаса-да, Исломни қабул қилаёттанлар сони ошяпти, уларнинг асосий қисмини аёллар ташкил этади, дея таъкидлайди Глазго университетининг ижтимоий антропология бўйича бош маърузачиси, Буюк Британияда Ислом муносабатлари эксперти Никол Бурк.
"Инсонлар ҳамма вақг Исломни қабул қилиб келган, — дейди у. — Мендаги маълумотларга кўра, биргина Глазгода ҳозир Исломни қабул қилганлар икки юз кишини ташкил этади, лекин бу кўрсаткич ҳам тахминий. Аниқ рақамлар маълум эмас.
Глазгодаги Казра масжиди имоми Муҳаммад Фарогул Қадрининг айтишича, инсон Аллоҳга яқин бўлиши учун қалб ва онгида хотиржамликни, Ҳақ таолонинг рубубиятини ҳис қилиши жуда муҳимдир.
Ғарбда кенг ёйилган Исломнинг аёлларга ёмон муносабатда бўлиши ҳақидаги ёлғон тушунча туфайли ҳурфикрли Ғарб аёлларининг аксарияти Ислом динининг асл моҳиятини англаб етиш имконига эга бўлолмаяпти.
Глазго ва Эдинбургда Исломни қабул қилаётган аёлларнинг нега ҳаётларини бундай ўзгартираётганлари ўрганиб чиқилди.
Йигирма етти ёшлик Бахийя Малик (собиқ Люси Норрис) учун бу нарсани тушунтириб бериш қийин. Эдинбургда яшовчи опа-сингил Бахия, Виктория ва уларнинг акаси Ғарбий Мидэннинг кичкина қишлоқ черковида ҳар якшанба насронийлик таълимини олишарди. Ёшлари улгайгач черковга бормай қўйишди. Етти йил олдин акалари имон келтириб, мусулмон бўлганидан сўнг, эгизак қизлар ҳам Исломни қабул қилишди.
"Балки ёшлик давримиз бунчалик бахтли ўтмагандир. Ўша пайтда бизга нимадир етишмаётганини ҳис қилардик. Лекин озгина тортинчоқлигамизни ҳисобга олмасак, оддий инсонлар қатори ҳаёт кечирганмиз", дейди Бахийя. У Эдинбургда "Оммавий ахборот воситалари ва телевидение" мутахассислиги бўйича ўқиган кезлари ҳам шундай қониқмаслик ҳиссини туйган.
Олти ой Ислом динини ўрганганидан сўнг Бахийя қидирган нарсасини топгандек бўлди ва Лондондаги масжидга бориб, мусулмон бўлганини эълон қилди.
"Менимча, қалбнинг ўзи Исломга интилади, — дейди у. — Буни сўз билан ифодалаш қийин. Қалб сизга бўйсунмаган ҳолда, ички интилиш Аллоҳ томонидан эканини айтаётгандек бўлади".
Мусулмон бўлаётган аёлларнинг Исломга нисбатан мавжуд нотўғри талқинлардан хабарлари бор. Улар бу фикрларнинг ёлғон эканини алла-қачон тушуниб етишган.
"Сиз ўзингизни ҳар доим назорат қилиб юрасиз, — дейди Тасним. — Мусулмон эркаклар сизни муслима аёл сифатида ҳурматлаб, ёрдам беришга ҳаракат қилишади. Ҳурмат ва ҳимояга сазовор бўласиз".
Бахийянинг айтишича: "Ўзингизни қанчалик либос билан беркитсангиз, сизга шунчалик эҳтирос билан қарашмайди ва сиз билан бир инсон сифатида ҳисоблашишга мажбур бўлишади. Бу ҳол эса сизга эркинлик беради".
Одатда мусулмон аёллар уйдан ташқарида пардоздан фойдаланишмайди. Ташқи кўриниш ҳеч қандай аҳамият касб этмаслигини улар билишади. Шунингдек, британиялик аёллар Исломни қабул қилгунларига қадар бўлган ҳолатларда юришни энди хоҳлашмаяпти.
Глазгода яшовчи Хафса Хашми бундан 24 йил олдин Исломни қабул қилган. "Бизнинг мақсадимиз дунё ҳаёти ва охират ҳаётидир. Айрим инсонлар учун бу ғалати туюлиши мумкин. Ўлар ўлим ҳақида ўйламайдилар. Ҳолбуки, Ислом динида охиратга ишонч имоннинг асосий шартларидан бири. Солиҳ амаллар қилаётганингизни билсангиз, ҳаётимиз ҳам яхши ўтади», дейди у.
Исломни қабул қилаётганлар учун катта масъулият юкланади. Улар кунлик беш маҳал ибодатни қилишлари, еяётган таомларига эътибор беришлари лозим. Баъзилари иш жойларида бошлиқлари билан келишган ҳолда алоҳида ажратилган хоналарда бемалол ибодат қилишади.
Мусулмонликни танлаган аёллар, шунингдек, ташқи кўринишларини ўзгартиришга мажбурдирлар. Шариатда белгиланганидек, аёллар камтарона кийинишлари керак. Тасним илк бор ҳижобга кирганида одамларнинг унга бошқача кўз билан қарашларидан ноқулай вазиятга тушарди. Кейинчалик, ҳатто ҳижобини ечишга ҳам мажбур қилишди.
"Одамлар менга: "Уйингга йўқол!" дея бақиришарди. Бир киши коллеждаги автобус бекатида турганимда, менга тупурган ҳам. Бироқ ҳозир ундай тазйиқлар йўқ, яна ҳижобда юрибман. Шундай кийинсам ўзимни янада ишончлироқ ҳис қиламан", дейди у.
Бахийя мусулмон бўлган куниданоқ ҳижоб кийган эди, лекин ота-онаси бунга қаршилик кўрсатишди. Бир неча мунозаралардан сўнг, охири рози бўлишди.
Таснимнинг қарори унинг дахрий ота-онасини ғазаблантириб юборди. "Мендаги ўзгаришни улар дастлаб ўткинчи ҳавас деб ўйлашди, бироқ ҳижобга кирганимни кўриб, аҳдим қатьий эканига ишонишди. Оила қуриш борасида сўз очганимда эса, ортиқ чидаб туришолмади. Улар бошқа миллатга мансуб, ўзимдан ёши катта мусулмон киши билан турмуш қуришимга рози бўлолмас эдилар".
Тасним онаси билан олдингидек яқин, бир-бирлари билан яхши муносабатда бўлсалар-да, эътиқод масаласида гаплашмасликка ҳаракат қилишади. Отаси эса у билан алоқани узиб қўйди.
Йигирма тўрт йил олдин Исломга кириши ғайритабиий ҳодиса туюлгани учун, ўз қарорини ота-онасига айтиш Хафсага қийин бўлган. Уларга бу гап умуман тескари таъсир кўрсатган. "Менимча, онам мен турмушга чиқаётган киши сабабли мусулмонликни қабул қилган деб ўйлаган. Лекин мен тўрт йил олдин имон келтириб, мусулмон бўлган эдим. Оила қургунимга қадар ота-онам бундан бехабар эди. Тўйимиз бўлиб ўтганидан кейин онам: "Агар сен бахтли бўлсанг, мен ҳам бахтиёрман", деди. Бироқ чамамда у барибир норозидек эди. Отам эса ўз йўлимни топганимдан хурсанд бўлди. Ҳар иккисининг ўртасидаги фарқ ҳам шунда".
Тасним икки йил олдин суданлик Собир билан турмуш қурган. У илгари ўзини бунчалик бахтли ҳис қилмаган. "Турмуш ўртоғимни коллежда учратиб қолганман. Мен унга инглиз тилини ўргатардим, у эса менга Ислом дини ҳақида гапириб берарди", дейди у.
Бахийянинг турмуш ўртоғи Шарафиддин (собиқ Камерон) ҳам мусулмонликни яқинда қабул қилганлардан.
Тасним, Бахийя ва Хафса айрим таомларни истеъмол кдлишмайди, шунингдек, маст қилувчи ичимликлар ҳам ичишмайди. Аёлларнинг айтишича, улар мусулмон бўлгунларига қадар ўтган турмуш тарзларини сира қўмсамайдилар.
"Мен учун Ислом етарли, — дейди Бахийя. — Агар сиз ҳидоят йўлини танласангиз, бошқа ҳеч нарсага эҳтиёж сезмайсиз".
Мусулмон бўлгач, Тасним узоқ йиллар қидирган бахтига эришди. "Ислом сизнинг ҳаётга муносабатингизни, хулқ-атворингизни ва фикрлаш тарзингизни тубдан ўзгартириб юборади, — дейди у. — Ҳозир мен ўзимни янада қатъиятли, бахтли ва мамнун ҳис қиляпман. Мен орзу қилган нарсамга эришдим..."
Манба: www.therevival.co.uk
Абу Муслим таржимаси