loader
Foto

Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги қуриган дарахт муфтий фатвосига кўра жойидан олинди

Маълум бўлишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг жорий йил 7 май кунидаги «Дарахт ва тош кабиларни муқаддас деб билишнинг ширклиги тўғрисида»ги фатвосига асосан ушбу қуриган тут дарахти зиёратгоҳ ҳудудидан олиниб, Бахоуддин Нақшбанд мажмуасидаги музейга тақдим қилинди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу дарахт атрофида айланиш ва бошқа амаллар ширк экани бир неча бор айтилган ва кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди.

Қўшимча

Аввалроқ, Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги қуриган дарахт муфтий фатвосига кўра жойидан олингани ҳақида хабар берган эдик.

Azon.uz манбасининг маълум қилишича, аслида зиёратчиларнинг ширк амаллар қилишларига сабабчи бўлиб қолаётган ушбу эски дарахт кеча 9 июл - якшанба куни номаълум шахс томонидан ёқиб юборилган.

Бу масала юзасидан Azon.uz портали Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳи мажмуаси раҳбари Абдулғофур домла билан боғланди. Мажмуа раҳбарининг маълум қилишича, дарахт ростдан ҳам кеча номаълум шахс томонидан ёқиб юборилган, лекин дарахтнинг қолган қисми аввал турган жойдан олиниб, мажмуа қошидаги музей ихтиёрига топширилган.

Шунингдек, таҳририятимиз Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Фатво бўлими билан ҳам алоқага чиқди. Мусулмонлари идорасининг маълум қилишича, Муфтий Усмонхон Алимовнинг фатволари айнан Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги қуриган дарахт ҳақида эмас балки, аввалроқ чиққан фатво бўлиб, “Зиёратгоҳларда ширк амалларидан сақланиш” ҳақида эканлигини маълум бўлди. (Манба: Азон.Уз)