loader
Foto

Бошқа диндагилар билан муомала

Аллоҳ таоло Шўро сурасида марҳамат қилади: «У зот сизга диндан Нуҳга тавсия қилган нарсани ва Сенга ваҳий қилган нарсани, Иброҳимга, Мусо ва Ийсога тавсия қилган нарсамизни шариат қилиб: «Динни барпо қилинглар ва унда тафриқага тушманглар, дедик», деган (13-оят).

Ҳа, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларга дин юборган Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам дин юборган. Уларни набий сифатида учун танлаб олган. Шу билан бирга, Аллоҳ томонидан юборилган мазкур набийларга бир хил фармон ҳам бўлган. Бу фармон «Динни барпо қилинглар, унда тафриқага тушманглар», деган илоҳий амрдир.

– Мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан юборилган набийларнинг барчасига, уларга нозил қилинган китоб ва саҳифаларга бирдек иймон келтирмоғи, улардан бирортасини фарқлаб четга чиқариб қўймаслиги лозим.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади: «Айтинглар: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва набийларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан бирортасини фарқламаймиз ва биз Унга мусулмонлармиз» (136-оят).

Ушбу ояти каримага биноан, ҳар бир мусулмон одам Аллоҳ таоло томонидан юборилган ҳамма набийларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтиргандек иймон келтириши, Аллоҳ таоло томонидан туширилган китобларга Қуръони каримга иймон келтиргандек иймон келтириши лозим. Агар улардан бирортасига иймон келтирмаса ёки уларни беҳурмат қилса, мусулмонлиги қолмайди.

Аммо бу таълимотларни, баъзи билимсиз кишилар ҳозирда таъкидлаётганидек, “ҳамма дин ҳам бир, қай бирига эргашса ҳам бўлаверади” қабилида тушунмаслик лозим. Аллоҳ таоло Исломдан бошқа динни қабул қилмаслигини Ўз Китобида эълон қилиб қўйган.

Исломда мусулмонларга бошқа дин вакилларига яхши муомала қилиш топширилган ва уларнинг динига кириб кетишларига рухсат ҳам берилмаган. Ислом мусулмонларнинг бошқа динлар вакиллари билан яхши алоқалар олиб боришлари Аллоҳ кўрсатмалари асосида бўлишини таъкидлаган. Ушбу мавзудаги барча рухсат ва кенгчиликлар Ислом ва мусулмонларга зарар етмаслиги ва шариат қоидаларига хилоф иш бўлмаслиги шарти билан жорий этилгандир.

– Мусулмон киши бошқа динларга эътиқод қилувчи кишиларга ёмонлик қилмаслиги, улар билан яхши муомалада бўлиши, муносиб алоқалар ўрнатиши мумкин.

Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасида марҳамат қилади: «Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармайди. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўради» (8-оят).

Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва диёнат вакиллари билан, агар улар мусулмонларга диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб, ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишга буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламоқда.

«Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармайди». Ушбу ҳукм Ислом дини нақадар инсонпарвар ва кенгбағир дин эканининг ёрқин далилидир. «Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўради». Чунки бу дин бошқа диндагиларга яхшилик ва адолат қилишдан ҳеч кимни тўсмайди, қайтармайди.

– Мусулмон киши бошқа дин вакилларининг ибодатхоналарини ҳурмат қилади, уларнинг диний-ақидавий масалаларига аралашмайди, уларга ноҳақ жабр қилмайди.



Қосим ибн Мухайрама Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларининг биридан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аҳли зиммадан бир кишини ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб туради», дедилар». Насаий ривоят қилган.



Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг бир неча ўғилларидан, улар оталаридан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

Набий алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома туздилар, улар билан тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар.

– Мусулмон одам бошқа дин вакиллари билан яхши алоқада бўлади, уларга ҳадялар бериб, улардан ҳадялар олиши мумкин. Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни қабул қилар ҳам эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакиллари томонидан ҳадя қилинган кийимларни кийиб юрганлари маълум ва машҳур.



Саъд ибн Иброҳимдан ривоят қилинади:

«Муқавқис Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя юборди. Шунда у зот уни қабул қилдилар».

Ибн Абу Шайба ривоят қилган.

Муқавқис Мисрнинг подшоҳи бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга мактуб юборганларида ҳурмат билан қабул қилган, Исломга кирмаганига қарамай, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга совғалар юборган. У зот унинг совғаларини кабул қилганлар.

Имом Сарахсий «Мабсут»да қуйидаги ривоятни келтирган:



«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муқавқис ҳадя қилган чопонлари бор эди. У зот уни ҳайит ва жума кунлари ҳамда ҳузурларига ҳайъатлар келганида кияр эдилар».

Шунингдек, бошқа дин вакилларига совға бериш ҳам мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларга совға берганлар.

– Мусулмон кишининг бошқа дин вакилларини меҳмон қилиши ва уларга меҳмон бўлиши ҳам жоиз. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳаба¬шис¬тондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва: «Улар бизнинг соҳибларимизни ҳурмат қилган эди, мен уларни ўзим икром қилишни хуш кўраман», деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар. Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Нажрон насоролари гуруҳини ҳам ўз масжидларига туширганлар ва у ерда ибодатларини қилишларига рухсат берганлар.

– Мусулмон киши бошқа дин вакилларидан бўлган қўшнисига гўзал муомалада бўлади.



Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

«Унинг қўйи сўйилди. У хизматчи йигитига: «Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми? Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми?» деб ҳадеб сўрайверди. Сўнг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Жаброил менга қўшнига яхшилик қилиш ҳақида шу қадар тавсия қилдики, ҳатто у меросхўрлик қилса керак, деб ўйлаб қолдим», деганларини эшитганман», деди».

Бухорий ривоят қилган.

Бошқа диндаги қўшнига алоҳида яхши эътиборда бўлган мусулмон киши ўзининг бошқа эътиқоддаги қўшнисига Исломнинг гўзаллигини намоён қилади. Бу эса, ўзига хос Исломга чақириқ бўлади.

– Мусулмон киши бошқа дин вакилларидан бемор бўлганларини кўргани бориши жоиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин вакилларидан ўзларига таниш кишилар бемор бўлганида кўргани борганлар.



Яҳудлардан бир ғулом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилар эди. У бемор бўлиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргани келдилар ва: «Мусулмон бўл», дедилар. Шунда у мусулмон бўлди».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган. Унинг лафзида: «Бас, унинг бош томонига ўтирдилар ва унга: «Мусулмон бўл», дедилар. Ғулом отасига назар солди. «Абул Қосимга итоат қил», деди. У мусулмон бўлди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни дўзахдан қутқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деб ўринларидан турдилар», деб келган.

– Мусулмон одам бошқа диндаги танишининг яқин кишиси вафот этганда таъзияга бориши жоиз. Фақат у ерда уларнинг диний ишларидан йироқда бўлади. Мусулмонларга қилинадиган дуоларни қилмайди. Танишига қариндошининг вафоти муносабати ила сабр тилайди, унга кўнглини кўтарадиган гаплар айтади.

– Мусулмон инсон мусулмон бўлмаганларнинг ишида ишласа ёки уларни ўз ишида ишлатса бўлади. Бу ҳолатда ҳам бошқа барча ҳолатлардаги каби мазкур фаолиятдан Исломга ва мусулмонларга зарар келмаслиги ва иш шариат ҳаром санамаган ишлардан бўлиши шарт.

– Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамлар билан савдо-сотиқ, ижара ва бошқа молиявий муомаларни олиб бориши жоиз.



Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудийдан нархини кейин беришга таом сотиб олдилар ва темир совутни гаровга қўйдилар».

Бухорий, Муслим, Насаий ривоят қилганлар.

Албатта, бу иш барча молиявий муомалаларда бўлгани каби шариат ҳаром қилган нарсаларга қўл урмаслик шарти ила амалга оширилади.

– Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамлар билан шариат ҳалол қилган доирада ширкатлар тузиши мумкин. Бунда икки тараф ҳам шеригининг хабарисиз, ўзича тасарруф қилиш ҳақига эга бўлмайди.

– Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамлар билан қарз олди-берди қилиши жоиз. Бунда ҳам аввалги шартларга амал қилиш лозим.

– Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамларни молиявий ишларда вакил қилиши ёки ўзи уларга вакил бўлиши жоиз.

– Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамлар билан омонат олиш ва омонат қўйиш муомаласини қилиш жоиз.

– Мусулмон киши ҳарбий ҳолатда бўлмаган ғайримуслим одамларнинг шариат муҳтарам санаган молларига талофат етказиши мумкин эмас.

– Мусулмон киши мусулмон бўлмаган одамларнинг топиб олинган молларига худди мусулмонларникига ўхшаш масъулиятда бўлиши зарур.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ



СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР