loader
Foto

Қуёш энергияси Яқин Шарқда нефтнинг ўрнини боса оладими?

ОПEК нефт бозорларида гегемоняни йўқотиш хавфини аниқлаштираётган бир пайтда Яқин Шарқда сероб бўлган бошқа энергия ресурсларини унутмайлик. Бу қуёшдир.

Қуёш нурларининг (демак - қуёш энергиясининг) кўплиги Яқин Шарқ энергетика компанияларига бозорда кашшофлик афзалликларини қўлга киритиш имкониятини беради, бу эҳтимол кўп йиллар давомида энергетика келажагини белгилаб беради. Нефт бозорларидаги сўнгги фалокатлар сабабли, муқобил қайта тикланадиган энергетиканинг, хусусан, қуёш энергетикасининг аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Нефт нархнинг пасайиши барча ишлаб чиқарувчи давлатларни энергия ишлаб чиқариш самарадорлиги учун пойгада иштирок этишга мажбур қилди. Хусусан, АҚШда нефт ишлаб чиқарувчи компаниялар ўзларининг самарадорлигини ошириш ва ҳаётийлигини сақлаб қолиш учун барча воситаларни синаб кўрмоқда.

Европада қайта тикланадиган энерегия манбаларига қизиқишнинг ортиши кузатилмоқда ва айрим мамлакатлар, масалан, Буюк Британия атом энергетикасини узоқ муддатли ечим сифатида кўриб чиқмоқда. Форс кўрфази давлатлари, худди шу тарзда, энергетика ресурслари бозорида ўз рақобатбардошлигини ошириш учун чоралар кўрмоқда ва бу вазифани бажариш йўлида қуёш энергиясига тобора кўпроқ мурожаат қилмоқда.

Ички бюджет

Форс кўрфази мамлакатлари, хусусан, Саудия Арабистони, ОПЕК ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида энг йирик нефт экспортчилари ва дунё миқёсида асосий нефт ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб қолавермоқда. Айни пайтда бу мамлакатларнинг айримлари нефт нархини тўхтатиб тура олмаслиги сабабли улар ички бюджетини таъминлаши қийин бўлади: барча ОПЕК мамлакатлари ўзининг бозор улушини сақлаб қолиш учун нархларни пасайтиришга қарор қилдилар, бу эса фойданинг қисқаришини англатади. Шу асосда бу мамлакатлар ўртасида ички муаммолар вужудга келиш эҳтимоли йўқ эмас.

Энг йирик нефт ишлаб чиқарувчиларни ташвишга соладиган яна бир жиддий сабаб бу мамлакатларда истеъмол талабининг ошишидир. Сўнгги ўн йилликларда минтақа давлат субсидиялари туфайли мутлақо самарасиз энергия сиёсати шароитида ҳашаматли турмуш даражасини сақлаб қолиши мумкин эди. Бироқ, бу минтақада энергетикани ривожлантириш истиқболлари тез ўзгариб бормоқда.

Аҳолининг кўпайиши, ўрта синфнинг ва шунга мос равишда истеъмолнинг ўсиши, шунингдек, ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш Форс кўрфазининг аксарият давлатларини энг катта энергия истеъмолчиларига айлантирди. Саудия Арабистонида жами электр ишлаб чиқаришнинг 65%и, Қувайтда 71%, Ливанда 94% ва Яманда 100%и нефтга тўғри келади. Бу самарасиз, узоқ муддатли истиқболда эса тугаб битадиган энергетика сиёсатининг заифлашувини кўрсатади.

Саудия Арабистони нефт маҳсулотларининг энг йирик минтақавий истеъмолчиси ва 60%и нефт хом ашёсига асосланган умумий бирламчи энергиянинг дунёдаги иккинчи йирик истеъмолчисидир. Энг муҳими, бу минтақанинг нефт экспортига ташвишли келажакдан далолат беради. Агар истеъмол талаби ўсишда давом этса, бу охир-оқибат нефт экспортининг пасайиши тенденциясига олиб келади ва субсидияларга таъсир кўрсатади. Минтақада мустаҳкам ва самарали энергия мувозанати бўлмаса, бу муқаррар равишда экспортнинг заиф истиқболлари фонида ишлаб чиқариш мамлакатларининг даромадлари пасайиши билан якун топади.

Узоқ муддатли динамика

Россия, Эрон ва сланец конлари билан ҳисобга олган ҳолда Шимолий Америка каби нефт бозоридаги бундай рақобатчиларни ҳисобга олган ҳолда бу узоқ муддатли динамика Яқин Шарқни жаҳон энергетика соҳасидаги устун мавқеидан маҳрум қилиши мумкин.

Бироқ, қуёш энергиясини ишлаб чиқаришда мавжуд бўлган салоҳият Яқин Шарқ учун бу башоратни ўзгартириши мумкин. Қуёш энергетикасини ривожлантиришга инвестициялар арзонлашди, ҳозирда мавжуд ва ҳатто ривожланаётган инфратузилмага эга. Қуёш энергиясига катта миқдорда инвестициялар минтақанинг қимматбаҳо маҳсулотлари - нефт учун қалқон бўлиб хизмат қилади. Мисол учун, агар мамлакат ичида тез ўсиб бораётган ички истеъмол бўлмаганида эди, 2013 йил фақат Саудия Арабистонининг ўзи нефт сотишдан 43,8 миллиард доллар қўшимча фойда олиш мумкин бўларди.

Бундан ташқари, бу давлатнинг молия тизими учун асосли стимул бўлиб хизмат қилади. Бу йил Saudi Aramco миллий нефт компанияси маълум қилишича, қуёш энергетикасини ривожлантиришни мамлакат энергетика таъминотини диверсификация қилишга уриниш сифатида баҳоламоқда. У, шунингдек, мамлакат нефт ресурсларини, биринчи навбатда, экспорт мақсадлари учун шу тарзда асраб қолишдан умид қилмоқда.

Жараён аста-секин давом этмоқда, лекин шунга қарамай, у қуёш энергеткасининг келажаги учун муҳимдир. Қуёш энергиясини ўз ичига олган ҳар қандай лойиҳанинг муваффақияти учун энг муҳим таркибий қисмлардан бири нафақат инвестициялар, балки жойлашув ҳам ҳисобланади. Яқин Шарқдаги гелиоэнергетика - иқтисодий жиҳатдан энг яшамол воситалардан бири бўлиб, минтақанинг нефт ресурсларини тежашнинг энг оптимал воситаси бўлиб хизмат қилади.

Инвестицион имкониятлар

Бу, шунингдек, манбалари тугаб борадиган энергия соҳасида харажатлар билан таққослаганда бирламчи харажатлар анча кичик ва бозори тайёр бўлган барқарор ва истиқболли энергетика соҳасига маблағ киритмоқчи бўлганлар учун сезиларли инвестицион имконият ҳисобланади.

Бироқ, бу янги ишланмалар Яқин Шарққа яна бир муҳим афзаллик - тоза муҳитни беради. Электр энергиясини ишлаб чиқариш учун нефт маҳсулотларидан фойдаланиш Яқин Шарқдаги атмосфера ҳавосининг сифатини дунёдаги энг ёмонлардан бири даражасига туширди. Дунёнинг энг ифлос шаҳарларидан 29 таси Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларида жойлашган.

Яқинда пайдо бўлган энергетика муаммолари, агар улар ҳал этилмаса, жуда қимматга тушади, бироқ агар уларга жавоб энергия соҳасида жасоратли ислоҳотлар ва муқобил энергия манбаларини, айниқса, қуёшни ривожлантиришга қўшимча инвестициялар бўлса, улар саховатли натижаларга айланади. Минтақада бу борада ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Саудия Арабистони электр энергиясининг учдан бир қисмини ишлаб чиқариш учун 109 миллиард долларлик инвестиция режасини эълон қилди. Қатар, шунингдек, Форс кўрфази Араб ҳамкорлик Кенгаши гелиоэнергетикани ривожлантириш альянси аъзоси ўз мажбуриятлари доирасида, қайта тикланадиган энергия билан шуғулланувчи йирик компаниялар билан бир неча шартномалар тузди.

Ушбу чора-тадбирлар амалиётда қандай татбиқ этилади – буни биз келгуси ўн йилликда кузатишимиз керак. Лекин оптимизм учун барча асослар мавжуд. Бундан ташқари, Яқин Шарқнинг гелиоэнергетика соҳасидаги инкор этилмайдиган салоҳияти назарий жиҳатдан минтақа нафақат қазиб олинадиган ёқилғи турларини ишлаб чиқаришда, балки қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш бўйича ҳам жаҳон этакчиси бўлиши мумкинлигини англатади.

Висенте Лопес-Ибор Майор (Vicente Lopez-Ibor Mayor) – Испания энергетика бўйича Миллик комиссиясининг собиқ аъзоси, қайта тикланадиган энергия манбалари билан шуғулланадиган Европанинг энг йирик компанияларидан бири Lightsource Renewable Energy Ltd раиси.

Манба: Aljazeera

Абу Муслим таржимаси