loader
Foto

Постиндустриал даврда интеллектуал мулк

Шайх ҳазратлари билан бўлиб ўтган суҳбатларимизнинг бирида: "...Ҳозир, сўнгги вақтларда Ғарбда кимдир бир-икки йил умрини сарф қилиб, ўрмонларга, тоғларга чиқиб кетади. Ҳайвонлар, табиат ёки ҳашоратларнинг ҳаётларини ўрганади... видеоларга олиб, кинолар қилади, тадқиқотлар олиб боради ёки шунга ўхшаш бошқа ишларни қилади. Сўнг эса, узоқ вақт қилган меҳнатлари, асос солган ишлари эвазига моддий фойда кўрадилар... Интеллектуал мулк аҳамияти кун сайин ошиб бормоқда...", деб айтган эдилар, роҳимаҳуллоҳ. ...Ҳозирги замонда ишлаб чиқаришнинг географик жойи аҳамиятга эга бўлмай қолди, аҳамиятлиси ким ишлаб чиқаришни тўлиқ назорат қилишида. Ким назорат қилаётган бўлса, ўша барча фойдага эга чиқади. Бир мисол, iPhone ишлаб чиқарилиши (истеъмолчилар жамиятида бу нарса дерли муқаддас нарса кабидир). Бу ускуналар Хитойда ишлаб чиқарилади, АҚШдан у ёққа керакли бўлган мингдан ошиқ компонентлардан фақат бир икки нарсаларгина олиб борилади, масалан, сапфир шишаси каби нарсалар. Шу сабабли iPhone Хитой-Корея ёки ишлаб чиқариш жойларининг 99 фоизи Осиёда жойлашгани учунгина мазкур маҳсулотни ўша ернинг маҳсулоти, деб айтиш тўғри бўладими? Apple ўзининг ишлаб чиқариш қуввватларига эга эмас. iPhone ва умуман олганда Appleнинг бошқа ускуналари АҚШнинг Калифорния штатидаги Купертино оффисларида лойиҳалаштирилади. Бу ерда ускуналар учун дизайн, дустурлар ишлаб чиқарилади ҳамда реклама кампаниялари режалаштирилади. Асосий қилинадиган ишлар ана шулардан иборат. iPhoneнинг расмий сайтида ёзилишича, "хитойлик ишлаб чиқарувчилар ускуналарни йиғиш бўйича энг яхши потенциалга эга” бўлса ҳам уларнинг гаджет ишлаб чиқаришга қўшган хиссалари атиги бир фоизни ташкил қилар экан. Яъни, ўн минглаб хитойликлар  – Сичуан  вилоятида Хитойга тегишли заводнинг стерилланган хоналарида бир кунда 400 мингдан ошиқ қурилма ишлаб чиқарувчиларга якуний маҳсулотдан бир фоизгина улуш тегар экан.



Постиндустриализм – бу саноатнинг йўқ бўлиб кетиши эмас, постиндустриал давр иқтисоди – бу қўшимча қийматнинг асосий қисми конларда болғалар билан эмас, балки мия орқали топилиши деганидир. Янада яхши тушуниш учун постиндустриал гиганти ҳисобланадиган Apple ва индустриал гигант «Газпром» мисолида кўриб чиқайлик. 2014 йил «Газпром»нинг 459 минг ходими компанияга $3,5 млрд соф даромад келтирган. Apple компаниясининг 80 мингдан ошиқ дизайнер, дастурчи ва оффис ҳодимлари эса ўз эгалари $39,5 млрд соф фойда олишига сабаб бўлган. Ҳар бир ходимга шу пулларни тақсим қиладиган бўлсак, Apple ҳодимларининг ҳар қайсисига $493 750 дан, «Газпром» ҳодимларига эса, $7 625 дан тўғри келади. Демак, ақли билан ишлайдиган ходим ер қаъридан бойликларни қазиб олиш билан шуғулланадиган одамлардан 65 марта кўп пул топар экан. Яна бир бор шу масалани яхшилаб ўйлаб кўринг...



Айни вақтда дунёдаги энг барқарор маҳсулот интеллектуал мулкдир... Дунё "Газпром" махсулотларидан бемалол воз кечиши мумкин. Масалан, Россиядан оқиб келаётган газ ёки нефтнинг муқобили бор, уни бошқа минтақалардан ҳам қазиб олса бўлади. Бироқ iPhoneни нима билан алмаштирса бўлади, яъни уни бошқа қаердан сотиб олиш мумкин? Албатта, унга ўхшаш суррогат махсулотлар ҳам бор, бироқ истеъмолчилар негадир Хитойнинг арзон смартфонлари ўрнига жуда қиммат бўлган айфонларни харид қилишга ўта ўч. Постиндустириал иқтисоднинг индустриал иқтисоддан фарқларидан бири ҳам шудир. Индустриал даврда арзон маҳсулот таклиф қилган ютади, постиндустриал иқтисодда ноёб, НОДИР маҳсулот таклиф қилган ютади. Samsung, LG, Lenovo, Huawei ва бошқа шуларга ўхшаганлар бир бири билан рақобат қилиб, ўз даромадининг маълум қисмидан воз кечиши мумкин, Apple эса ўз маҳсулотини қимматлаштиришни давом этаверади, чунки у ўзининг нодир хусусиятига эгадир. Apple ва «Газпром»ни қиёс қилар эканмиз, яна бир муҳим жиҳатга эътибор қилиш керак. Бу икки компаниянинг айланма пули билан соф даромадларида ҳам катта фарқ борлигини кўриш мумкин. Америка корпорациясининг айланма пулга нисбатан соф даромади 21,5 фоизни ташкил қилади. Газ гигантининг эса 3,4 фоизи даромаддир. «Газпром»нинг асосий сарф-харажатлари газни қазиб олиш, уни мижозга етказиб бериш ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларга сарф қилинади. Америка компаниясининг асосий сарф-харажатлари эса ходимлар ва пудратчиларнинг маошига сарф қилинади. Яъни, Apple бир йил ичида $183 млрд пул топиб, уни америкаликларга маош, дивидент ёки солиқ тўлови сифатида қайтаради. Яна бир фоиз пул оффис хоналарини совутиш учун ишлатилган электр токлари ҳамда қурилмаларни йиғаётган осиёликлар учун сарф қилинади. «Газпром» фойдали қазилмаларни қазиб чиқаришга сарф қилаётган харажатлар кун сайин ошиб бормоқда, заҳиралар тугаб боряпти, фойда эса кам... Компаниянинг моливий ҳолати банкрот бўлиш арафасида. Чунки XXI асрда углеводород ҳом ашёларни қазиб чиқариш худди гармдори етиштириш ёки ипак тайёрлашга ўхшайдиган нарсадир. 400 йил олдин Европага гармдори етказиб бериш 1000 фоиз даромад келтириши мумкин эди. Тўғри, одамзот постиндустриализм даврида ҳам гармдорисиз яшай олмаслиги мумкин, унинг устига бу махсулотга бўлган талаб ўрта асрлардан ҳам уч марта юқоридир. Бироқ, гармдори экинзорлари кўп бўлган бирон бир мамлакат бугун илғор бўла олмайди. Ўтган асрда углеводород хом ашёлари заҳираларини назорат қилган мамлакатлар илғор эди, бугун эса, қандайдир бир кичик электрон буюмларни ишлаб чиқарувчиларни назорат қилувчи мамлакатлар дунёни бошқармоқда. Сизга ёқса ҳам, ёқмаса ҳам шундай...

Абу Муслим, "Янги Дунё" китобидан