loader
Foto

Йўл битта!

Ҳаёт гўзаллиги, ўз жозибаси билан алдайди ва ҳақни, яъни нима учун яшаш кераклигини унуттиради. Агар ҳар ким ўзига: “Яшашдан мақсад нима?” деб сўраса ва бу саволга холис жавоб беришга ҳаракат қилса ҳам жавоб турлича бўлиши мумкин. Чунки ҳар бир одам ҳаётга ўз ўлчови билан қарайди. Демак, яшашлари учун ҳам турли мақсадларни кўзлаётган бўлади.

Масалан, бойлар пул қилади, шифокор одамларни даволайди, хуллас ҳамма ўзини ва оиласини таъминлаш учун ҳаракат қилади. Олимлар ҳаётнинг турли соҳаларини ўрганиб, инсоният учун турли хил кашфиётлар қилиш ҳаракатида бўлади... Баъзилар Аллоҳ таолога ибодат қилаётганини гапиради. Албатта, бу жавобга диққат қилса арзийди, бироқ аниқлаб олиш керак: Аллоҳга ибодат қилиш нимада намоён бўляпти? Бу ерда, яна турли хил фикрлар бўлиши мумкин, яъни ҳар қайси одам масалани қандай тушунаётганига боғлиқ.

Аксар мусулмонлар бу ибодатни жамиятдан узлатта бўлиб, баъзи бир фарзларни адо қилиш деб тушунади. Бошқалар эса, Аллоҳ таолога бўлган ибодатни инсон ҳурриятининг чекланиши деб билади. Бундай одамлар, асосан, Аллоҳ ҳақида фақат улғайгач, яъни ҳаёт муаммоларини тушунишда тажрибалари ортиб, сўнг жиддий ўйлай бошлайди. Албатта, улар ҳам, булар ҳам ҳақиқий Ислом таклиф қилган таълимотни ҳали тўлиқ тушуниб етмаган. Аллоҳ таоло одамни бутун умри мабойнида беғам бўлиб, сўнг ёши бир жойга етганида Аллоҳ таолога қайтиши учун яратмагандир?! Ёки охират учун яшаб, бу дунёни унутиш учун эмасдир?

Ислом мўътадил бўлишни таклиф қилади, яъни охиратни ҳам, бу дунёни ҳам унутмасликка чақиради. Ислом дисбалансга қарши. Иккисини ҳам жойига қўйишнинг нимаси ёмон, ахир: меҳнат билан ибодат қилиш, ейиш ва керак вақтда рўза тутиш, бунёд қилиш ва Аллоҳнинг қудратини тафаккур қилиш, уйланиш ва фарзандларини диний тамойилларда тарбия қилиш, деҳқончилик билан Аллоҳ таолонинг мўъжизаларидан завқ олишнинг нимаси ёмон? Ахир, одатий, кундалик ҳаёт билан бирга Аллоҳ таолога ибодат қилиш мумкин-ку?!

Бундай қараш ҳаётни осонлаштиради ҳамда ўлимдан сўнг нажот ҳам келтириши мумкин. Афсуслар бўлсинки, ҳаёт ҳақидаги тушунчаларимизда жуда кўп инсоний ҳаёлотларга (фантазияларга) ўрин бериб юборилган.

Инсон доим атроф оламни ўрганишга, ижодга алоҳида муҳаббат билан қараб келган. Бироқ бу нарсага у ақл билан ёндашиши керак. Кўпинча, ҳаётнинг илк босқичларида дин таклиф қилган нарсаларни қабул қилиш қийинга ўхшаб кўринади, масалан жаҳаннам оташидан сақлайдиган, нажотимизга сабаб бўладиган намозга кўпинча бефарқ бўлишади. Одамлар ўзи тўқиб чиқарган йўлдан бориб, қариган чоғидагина Аллоҳ таоло амрларига бўйсуниши мумкин (нафақага чиқиб, ибодатлар қиламан, дейдиганлар қанча...) Бироқ ўлим ҳар қандай одамни ўша яхши ниятига етказмасдан олиб кетиши мумкин.

Инсоннинг ижоди, истак ва хоҳишлари тафаккур қилиши – барчаси яхши! Бироқ билим ва кўникмаларимизни ҳаётга тўғри татбиқ қилишни ҳам билишимиз керак.

Аллоҳ таоло Қуръони карим ва пайғамбарларининг рисолатлари орқали ўзининг шариати асосида буларни қандай амалга ошириш мумкинлигини ўргатади. Ҳозир яшаш муаммо эмас, муаммо ҳаётда қайси йўл билан боришимизда.

Қанча умр кўрсак ҳам ҳаётимиз қисқадир. Тўғри йўлни қанча эрта танласак, имкониятларимиздан тўғри фойдаланишга вақтимиз кўпроқ бўлади, ҳаёт эса аниқ ва тўғри мақсадга йўналтирилган бўлади. Бироқ кимдир ўз хоҳлаганича яшаб ўтишни истаса, сўнгги оқибат учун фақат ўзини айбласин.

Йўл биттадир! Бу Аллоҳ таоло бизга белгилаб берган йўлдир. У Қуръон ва Суннатга асослангандир. Негадир кўпчилик бу йўлдан қўрқади ва уни жуда қийин деб билади. Бироқ оддий ҳақиқатни билишимиз лозим: бизни Аллоҳ таоло яратган ва Унга олиб борадиган йўлни танлаган бандаларига Ўзи ёрдам беради.

Интернет маълумотлари асосида

Абу Муслим тайёрлади