Алмаштириш жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Толибов Маъмур, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Микробиология институти биология фанлари номзоди Махсумхонов Аҳмаджон, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими етакчи мутахассиси Масаитов Саиджамол, Германия Федератив Республикасидан келган мутахассис Маер Себастиан (Maier Sebastian), Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхона мудири Маҳкамов Камолиддин ва етакчи мутахассиси Икрамов Саидраҳматлар иштирок этдилар.
Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари “Мўйи Муборак” музейида сақланаётган “Усмон Мусҳафи” ва унинг ватанимиз тарихи ва келажагида тутган муҳим аҳамияти ҳақида гапириб ўтдилар.
“Усмон Мусҳафи” сақланаётган cаркофагга ўрнатиш учун олинган RK-2/5 русумли ускунани Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Германиянинг GLASBAU HAHN фирмаси ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, германиялик мутахассис Майер Себастиан ўзи билан олиб келиб, жорий йилнинг 5 август куни юқорида номлари зикр қилинганлар иштирокида ўрнатди.
Мутахассис Майер Себастиан 6 август куни янги ўрнатилган RK-2/5 русумли ускунани ишлаш жараёнини назорат қилди. Ускуна талаб даражасида ишлаётганига амин бўлганидан сўнг, Мусҳафнинг сақланишида масъул бўлган кишиларга ускуна ишлаш жараёнидаги талабларни тушунтириб, уларга ускунани ишлатиш йўриқномасини топширди.
Германиялик мутахассис GLASBAU HAHN фирмаси талабига мувофиқ саркофагнинг хизмат қилиш муддати тугаган эски RK-2 русумли ускунасини ўзи билан олиб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати хабар тарқатди.