loader
Foto

Машҳур шоир Гётега Ислом курсатган таъсир

Немис шоири Иоганн Вольфганг Гёте (1749-1832) асарларига араб ва ислом дунёси таъсирини кўриш учун кўплаб тадқиқотлар ва тадқиқотчилик ишлари ўтказиш лозим. Гётенинг араб ва Ислом маданиятига бўлган эътибори ва муҳаббати унинг битта асари ёки бир қатор асарларида эмас, балки шоир ижодини шакллантиришнинг бир нечта босқичида намоён бўлади. «Шарқ-Ғарб девони» Гётенинг энг муҳим асари бўлиб, унда Ислом, араб ва форс таъсирини кузатиш мумкин, деб ёзади мақола муаллифи Рим Наджмина «DeutscheWelle» сайтида.

Айримлар бугун Гёте ва унинг асарларига қайтиш нима учун зарур деб савол бермоқда. Бу саволга жавоб бериш қийин эмас, айниқса, бугунги олам фитналар, диний, этник, қабилавий ва бошқа шаклларга эга бўладиган сиёсий ва маданий тўқнашувлар гувоҳи бўлмоқда. Бу фикрга Кенитрадаги (Марокаш) Ибн Туфайл университети президенти ва Марокаш шеърият Уйининг собиқ раиси Абдураҳмон Тенкул ҳам қўшилади: «Гётени қайта ўқиб чиқиш ва унинг асарларида руҳият ва маънавиятни уқиш вақти келди. Гёте асарларига мурожаат қилиш маданиятлар тўқнашуви ва озчиликлар истисно қилиниши билан тавсифланадиган бугунги кунда айниқса, долзарб ҳисобланади». Марокашлик танқидчи қўшимча қилади: «Гёте ўзининг араб ва ислом маданияти билан алоқалари орқали бизга бағрикенглик ббўйичава янги дунёлар билан кўприк қуриш бўйича сабоқ беради».

Гётенинг асарларини ўрганган одам, шубҳасизки, унинг ижодига араблар ва Ислом таъсирини кўради, бироқ тадқиқотчилар бу таъсир қанчалик кучли эканлиги ҳақида турлича фикр билдирадилар. Айрим тадқиқотчилар Гётенинг асарларида араб-ислом таркибий қисмларини кичик деб ҳисоблаган бир пайтда бошқалар у немис шоирининг асарларида асосий таркибий қисм деб ҳисоблайди. Гёте ва араб-мусулмон дунёси ҳақида ҳикоя қилишда уни ёддан чиқариш мумкин бўлмаган немис-америкалик тадқиқотчи Катрина Момзен айнан иккинчи фикр тарафдори бўлган, чунки у ўн йилликлар давомида ўзининг илмий ва академик ҳаётини Гёте асарларининг араб ва Ислом маданияти билан алоқаларини ўрганишга бағишлаган.

«Гёте ва араб дунёси» номли китобда Момзеннинг ёзишича, агар араб ва ислом маданиятига мурожаат қилмаганида, Гёте эришган чўққиларига чиқа олмаган бўларди. Момзен Гётенинг Қуръони карим билан, «Минг бир кеча» эртаклари билан, араб шеърияти билан, Ҳофиз Шеърозий ва бошқа мусулмон шоирлар шеъриятида тақдим этилган форс шеърияти билан яхши таниш эканлигини исботлаб берган.

«Қалб, сўз ва матн ўртасида бундай улкан миқдордаги уйғунлик араб тилидан бошқа бирон тилда ўринга бўлиши мумкин эмасди» дейди Гёте, араб тилига тавсиф берар экан. Таъкидлаш жоизки, Гёте ўз шеърларига араб ва форс сўзларини киритган, масалан, ўз асарларида «девон» ёки «худхуд» сўзларидан фойдаланган. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Гёте немис тилида бўлмаган арабча «моҳичеҳра, ёки юзлари ой каби» шеърий истиоралардан фойдаланган. Гётега Қуръоннинг таъсирига келадиган бўлсак, бу унинг «Шарқ Худога тегишли, Ғарб Худога тегишли, Шимол ва Жануб эса Унинг қўлларида» шеърида яққол кўзга ташланади. Бу шеър «Бақара» сурасидан Аллоҳнинг сўзлари такрорланиши ҳисобланади.

Абдураҳмон Tенкул қайд этадики: «Гёте шарқ таъсири туфайли немис ва Европа шеърият мактабининг чўққисига чиқа олган кам сонли немис ва Европа шоирларидан бири ҳисобланади».

Абу Муслим таржимаси