loader
Foto

Бақара сураси 105-оят

105. На аҳли Китоблар (яҳудий ва насронийлар)дан бўлган кофирлар ва на мушриклар сизларга Парвардигорингиз тарафидан бирон яхшилик тушишини истамайдилар. Оллоҳ эса Раҳмат-Марҳаматини Ўзи хоҳлаган кишиларга хос қилиб беради. Оллоҳ буюк Фазлу Карам Соҳибидир.

Айрим бани Исроил қавми ўзларини мўминларга дўст қилиб кўрсатишга уринишар, гўёки мусулмонларга яхшилик исташларини даъво ҳам қилар эдилар. Мусулмонлар уларга: “Агар бизга дўст бўлсангизлар, яхшиликлар хоҳласангизлар, у ҳолда нега Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтириб, Исломни қабул қилмайсизлар”, десалар, улар: “Сизлар бизни даъват қилаётган динларингиз бизларнинг динимиздан афзал эмасда, қани энди сизларнинг динингиз яхшироқ бўлса-ю, бизлар ҳам сизлар билан бирга бўлар эдик”, деб алдар эдилар. Бундай сўзлардан кейин мусулмонлар уларни ўзларига хайриҳоҳ кишилар деб ўйлаб, алданиб қолмасликлари учун, балки аксинча, аҳли китобдан бўлган кофирлар ҳам, мушрик-мажусийлар ҳам мусулмонларга Оллоҳ таоло тарафидан бирон яхшилик келишини, ваҳий нозил бўлишини асло хоҳламасликларини аниқ билишлари учун, улар билан бўладиган ўзаро муомалаларида ҳам хайриҳоҳ дўст билан эмас, балки ҳасадгўй душман билан муомала қилаётганларини унутиб қўймасликлари учун мусулмонларга бир танбеҳ бўлиб ушбу ояти карима нозил қилинди. Оят давомида Оллоҳ таоло кимга Фазлу Марҳамат - пайғамбарлик ато этишини Ёлғиз Ўзи ҳал қилишини, бу улуғ вазифа уни ҳавас қилган ҳар кимга эмас, балки Оллоҳ танлаган кишига насиб этишини ва Ўзининг Буюк Фазл-Марҳамат Соҳиби эканини айтади. Демак, Ҳақ таоло кимга пайғамбарлик ато этиши, кимларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилиши бандалар қўлидаги иш бўлмай, Танҳо Ўзининг Ихтиёр-Иродаси ва Фазлу-Марҳамати билан бўладиган Неъмати Илоҳий экан. Бас, бу неъматни махлуқларнинг ҳасад-адоватлари ўзгартира олмайди, йўқ ҳам қила олмайди.

Шайх Алоуддин Мансурнинг

"Қуръони Азим Тафсири" китобидан