loader
Foto

Ҳаром қилинган нарсаларнинг кичиклари

Гуноҳи кабиралардан сўнг энди навбат ҳаромлиги қатъий бўлган гуноҳи сағираларга. Бирор инсон ҳеч бир замон гуноҳи сағиралар қилишдан саломат бўла олмайди. Шунинг учун ҳам у гуноҳи кабиралардан фарқланади. Беш вақт намоз, жумъа намози, рамазондаги рўза ва кечалари қилинган ибодатлар мана бундай кичик гуноҳларни ўчириб юборади. Саҳиҳҳадисда келади: “Беш вақт намоз, жумъа намози, рамазон рўзаси модомики гуноҳи кабиралар бўлмаса бир-бирларини орасидаги гуноҳи сағираларни ўчиради”.

Саҳиҳул Бухорий ва саҳиҳул Муслимда бир ҳадис ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар бировингларнинг дарвозаси олдида бир анҳор бўлиб, ҳар куни унда беш маҳал ювинса, унинг баданида бирор кир қолиши мумкинми? Беш вақт намоз ҳам шундай. Аллоҳ таоло бу билан хатоларни ўчирур”.

Яна иккови саҳиҳ тўпламда ҳадис келади: “Ким иймон билан ва савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, унинг аввал қилиб ўтган гуноҳлари кечирилади”. “Ким иймон билан ва савоб истаб Рамазон кечасида ибодатга турса аввал қилиб ўтган гуноҳла-ри кечирилади”.

Қуръони Карим гуноҳи кабиралардан узоқ бўлишнинг ўзи гуноҳи сағираларни ўчиришини зикр қилади. Аллоҳ таоло айтади:

“Агар сизлар манъ этилган гуноҳларнинг (Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, бировни ноҳақ ўлдириш каби) катталаридан сақлансангизлар, қилган (кичик) гуноҳларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил - жаннатга киритурмиз”. (Нисо сураси, 31-оят)

Гуноҳи кабираларни эса фақатгина холис тавбагина ўчиради.

Бутун башарият гуноҳи сағираларга мубтало бўлган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандалари орасидаги яхшилик қилувчилар ва ахёрларни сифатлар экан, уларни гуноҳи кабиралар ва бузуқликлардан узоқ бўлганлар деб айтади. Аллоҳ таоло Шўро сурасида айтади:

“Бас, (эй инсонлар), сизларга ато этилган бор нарса(лар) ҳаёти дунё матосидир ва иймон келтирган ҳамда Ёлғиз Парвардигор-ларига суянадиган зотлар учун Аллоҳ ҳузуридаги нарсалар (яъни, Охират неъматлари-дунё матоларидан) яхшироқ ва боқийроқдир. Улар катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан четланадиган, ғазабланган вақтларида эса кечириб юборадиган зотлардир” (Шўро сураси, 36-37-оят).

Изоҳ: Ушбу ва қуйидаги оятларда Аллоҳ таоло Охират неъматларига сазовор бўладиган мўминларнинг сифат-фазилатларини баён қилади. Муҳтарам ўқувчи эътибор берган бўлса, юқоридаги оятда умуман гуноҳлардан эмас, балки катта гуноҳлар ва бузуқликлардан йироқ бўлиш ҳақида айтилди. Улар Аллоҳга ширк келтириш, ноҳақ одам ўлдириш, ота-онага оқ бўлиш, ўғрилик, порахўрлик, судхўрлик ва зинокорлик кабилар бўлиб, мўмин одам ундай иллатлардан пок бўлиши вожибдир. Аммо киши билиб-билмай қилиб қўядиган кичик саҳву хатолар ҳам бордирки, бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: «Ҳар бир одам боласи хатокордир. У хатокорларнинг яхшироғи қилиб қўйган саҳву хатоларига тавба-тазарруъ қиладиган кишилардир».

Энди «ғазабланган вақтларида кечириб юборадилар» жумласини шундай тушунмоқ лозим. Ислом дини назарида ғазабланмасликнинг ўзи ҳеч қандай фазилат эмас, чунки масалан динга тош отилган вақтда ғазабланмаган мусулмон ориятсиз мусулмон бўлади. Фазилат ўша ғазаб туйғусига қул бўлиб қолмасдан ақл ва инсоф билан иш юритмоқдир.

Нажм сурасида айтади:

“Осмонлардаги ва Ердаги бор нарсалар Ёлғиз Аллоҳникидир. У Зотнинг Ўзи ёмонлик-гуноҳ қилиб ўтган кимсаларни қилган амаллари билан жазолагай ва чиройли амал қилган зотларни гўзал (савоб-жаннат) билан мукофотлагай! Улар (яъни, жаннатга сазовор бўлганлар) кичик хатолардан бошқа катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан йироқ бўладиган зотлардир. Албатта Парвардигорингиз мағфирати кенг Зотдир”. (Нажм сураси, 31-32-оятлар)

Бу яхшилик қилувчиларнинг сифатидир. Улар шундай зотларки улар учун яхшилик бордир. Улар (яъни, жаннатга сазовор бўлганлар) кичик хатолардан бошқа катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан йироқ бўладиган зотлардир. Салафлардан “ламам - кичик гуноҳлар”нинг тафсири ҳақида ривоятлар қилинади: У бир марта гуноҳга яқинлашиб, кейин унга қайтмасликдир. Гарчи у катта гуноҳ бўлса ҳам.

Абу Солиҳ айтади: Мендан Аллоҳ таолонинг “Ламам - кичик гунохдар” ояти ҳақида сўрадилар. Мен: У гуноҳга бир марта гуноҳга яқинлашиб, кейин унга қайтмаслик эканлигини айтдим ва шу ҳақда Ибн Аббосга айтдим. Шунда у: дарҳақиқат, бу масъалада сенга улуғ фаришта ёрдам берибди, деди.

Жумҳур уламолар наздида “ламам” гуноҳи кабиралардан кичикдир. Бу ибн Аббосдан икки ривоят қилинган ҳадиснинг саҳиҳроғидир. Сахихул Бухорийда келади: Абу Ҳурайра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб айтганидан ҳам кўра “ламам”га ўхшаганроқ нарсани кўрмадим: “Аллоҳ таоло Одам боласига зинодан иборат ўз насибасини ёзгандир. У бу насибага етмай иложи йўқ. Кўз зиноси қараш, тил зиноси сўзлаш, нафс орзу қилади, хоҳлайди. Аврат эса бу истакни тасдиқлайди ёки тасдиқламай-ди”. Муслимнинг ривоятида эса бу сўзлар бор: “Икки кўзнинг зиноси қараш, икки қулоқнинг зиноси эшитиш, тилнинг зиноси сўзлаш, қўлнинг зиноси ушлаш, оёқнинг зиноси эса юришдир”.

Имом Ибнул Қоййим айтади: Жумҳур олимларнинг сўзларининг саҳиҳи шуки, “Ламам”дан мурод кичик гуноҳлардир. Масалан, қараш, кўз қисиш, ўпиш ва ҳоказо. Бу жумҳур саҳобалар ва улардан кейингиларнинг сўзидир. Яна бу Абу Ҳурайра, ибн Масъуд, ибн Аббос, Масруқ, Шаъбийларнинг ҳам сўзидирки, бу сўзлар Абу Ҳурайра ва ибн Аббоснинг иккинчи ривоятларига қарши чиқмайди. “Ламам”дан мурод катта гуноҳга яқинлашиб, кейин унга қайтмайди деганидир. Демак “Ламам” ё у, ё бу маънода ишлатилади ва ёки икки важҳда ҳам ишлатилади. Абу Ҳурайра ва Ибн Аббос бир марта гуноҳи кабира қилганни ҳам қўшиб қўйишди, у гуноҳи кабирада оёқ тираб олмаслик шарти билан, албатта ва уни кўп маротаба такрорлайверса у гуноҳ кўпайиб, катталашиб боришини айтишди. Бу саҳобаларнинг маърифатларини, уларнинг чуқур илмларининг натижасидир. Шубҳа йўқ, Аллоҳ таоло бандасининг бир, икки, уч бор қилган гуноҳларини кечиради. Аммо гуноҳни ўз одатига айлантириб, унга ёпишиб олишдан, уни такрорлайверишдан қайтмоқ керак.

Шариат кичик гуноҳларни кечириб, уни енгил санасада, лекин инсон буни енгил санашидан, унда доим бўлишдан қайтаради. Чунки кичик гуноҳ кичик гуноҳга қўшилса катта гуноҳга айланади, кичик гуноҳлар катта гуноҳларга олиб боради, катта гуноҳлар эса куфрга етаклайди, катта олов кичик учқундан чиқади.

Саҳл ибн Саъд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Кичик саналган гуноҳлардан сақланинглар. Кичик гуноҳларнинг мисоли, бир қавм бир водийнинг ўртасига тушади. Униси бир новда, буниси бир чўпак кўтариб келиб хатто овқат нонларини пиширгудек ўтин жамлаган қавмнинг мисоли кабидир. Агар кичкина гуноҳлар соҳиби жавобгарликка тортиладиган бўлса, ҳалок бўлиши тайиндир”.

Ибн Масъуд бошқа лафз билан ривоят қилади: “Гуноҳларни ҳақир санашдан узоқ бўлинглар. Чунки ўша кичик гуноҳлар кишида жамланар экан, улар уни ҳалок қилади”.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтади: Мўмин банда ўз гуноҳини устига қулаётган тоғ каби кўрса, мунофиқ уни бурнига қўнган пашша каби кўради.

Имом Ғаззолий “Иҳё” китобининг “тавба” бўлимида кичик гуноҳларни каттайтириш, катталарни эса яна ҳам каттайтириш ҳақида гапириб мана буларни айтади: Гуноҳни кичик санаш, маъсиятни ҳақир санаш. Ҳатто баъзи салафи солиҳлар айтади: Кечирилмаслик хавфи бор гуноҳ, киши ҳамроҳига: кошки эди қилган гуноҳларингнинг ҳаммаси шунга ўхшаса, деб кичик санайдиган гуноҳдир. Яна гуноҳларни ошкора айтиш, у билан керилиши ҳам шулар жумласидандир. Саҳиҳ ҳадисда келади: “Умматларим кечирилади, лекин қилган гуноҳларини ошкора айтувчилар бундан мустаснодир”. Ибнул Қоййим айтади: Бу ерда тушунишимиз керак бўлган иш бордир. Гуноҳи кабира олдида ҳаё, хавф, уни катта санашлик турадики, гуноҳи сағира бундан мустаснодир. Киши ҳаёси кам-лиги, бепарволиги, қўрқмаслиги ва уни кичик санаганлиги сабабли гуноҳи сағираларга яқинлашади. Гуноҳи кабираларда эса буни аксидир. Уни катта санайди.

Маъсиятнинг қанчалик гуноҳлиги ўша гуноҳни қилувчи шахснинг ва ҳолатнинг ўзгариши билан ўзгаради. Бўйдоқ билан бўйдоқмас-нинг, ёш билан қарининг зиноси ўзгачадир. Бу турли шахсларнинг зиносидир. Қўшнининг аёли билан, эри сафарбарликка кетганнинг аёли билан, ёки ўз маҳрами билан ёки бўлмаса Рамазонда кундуз куни ва ҳарамда қилинган зинонинг ҳам фарқи борки, булар турли ҳолатлардаги қилинган зинодир, булар бошқа ҳолатларда қилинган зинодан фарқлидир. Ҳар бирининг ҳисоби Аллоҳ азза ва жаллага ҳаволадир.

Аллома ибн Ражабнинг шу ўринда фойдали гаплари борки, мен буни нақадар фойдали эканлигини ҳисобга олган ҳолда бу ерда келтиришни лозим топдим. У киши айтади:

Қатъий ҳаром қилинган нарсалар Қуръон ва суннатда айтилган Аллоҳ таоло айтади:

“Айтинг: «Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай: У Зотга бирон нарсани шерик қилмангиз; ота-онага яхшилик қилингиз; болаларингизни камбағалликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз - сизларни ҳам, уларни ҳам Биз ризқлантирурмиз - бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашмангиз; Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган бирон жонни ўлдирмангиз, магар ҳақ билан (яъни, қасос олиш учун ё муртад бўлгани ёки зино қилгани учун Шариат ҳукми билан ўлдиришингиз мумкин). Шояд ақл юргизарсизлар, деб (Аллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди”. (Анъом сураси,151-оят)

“Айтинг: «Парвардигорим фақатгина ошкор ва яширин бузуқликларни, (барча) гуноҳ ишларни, ноҳақ зулм қилишни ва Аллоҳга (шерик эканлигига) ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилган, холос”. (Аъроф сураси,33-оят)

Баъзи оятларда маълум бир навга хос ҳаром қилинган нарсаларни баён қилган, масалан бир неча ўринда таомлардан иборат ҳаром нарсалар зикр қилинган:

“Айтинг: «Менга ваҳий қилинган Қуръонда ейдиган киши учун ҳаром қилинган нарсани кўрмаяпман. Магар ўлакса ё тўкилган қон ёки тўнғиз гўшти бўлса, бас, у албатта ҳаромдир - ёхуд Аллоҳдан ўзга учун (яъни, бутларга) аталган фосиқлик бўлса (ҳаромдир). Бас, ким золим ва тажовузкор бўлмаган ҳолда музтар - ночор бўлиб қолса (масалан, очликдан ўлмаслик учун, ночор ҳолда у нарсалардан ейиш билан гуноҳкор бўлмас), зеро, Парвардигорингиз Мағфиратли, Меҳрибондир”. (Анъом сураси, 145-оят)

“Албатта У сизларга фақатгина ўлаксани, қонни, тўнғиз гўштини ва Аллоҳдан ўзгага аталиб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди”. (Бақара сураси, 173-оят)

“Сизларга ўлакса, қон, тўнғиз гўшти, Аллоҳдан бошқа бировнинг йўлида сўйилган нарса, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, (баланд жойдан) қулаб ўлган, (бошқа бирон ҳайвон билан) сузишиб ўлган ва йиртқич ҳайвон тишлаб ўлдирган жониворлар ҳаром қилинди. Магар (бу жониворларни жони чиқмасдан туриб) сўйиб юборишга улгуриб қолган бўлсангиз, (ҳалолдир). Яна (сиғиниш учун) тиклаб қўйилган бутларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўштини истеъмол қилиш) ва (фол) чўплардан қисматингизни сўрашингиз (ҳам сизларга ҳаром қилинди). Зотан, бу ишларингиз итоатсизликдир”. (Моида сураси, 3-оят)

Изоҳ: Ислом келишидан илгари араблар ҳар турли фол очишларга жуда берилган эдилар. Шулардан бири - уларнинг доимо ёнларида учта бир хил чўпни олиб юришлари эди. У чўпларнинг бирига: «Қилгин», яна бирига «Қилмагин», деб белги қўйилган, учинчисига эса ҳеч нарса ёзилмаган бўларди. Қачон бирон ишни адо этмоқчи бўлсалар, ўша чўплардан фол сўрардилар. Ислом бундай хурофотларни манъ қилди.

Никохдаги ҳаром нарсалар ҳам айтилган:

“Оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз, қайноналарингиз, жинсий алоқада бўлган хотинларингизнинг тарбиянгизда бўлган қизлари (мана шу юқорида санаб ўтилган аёлларга уйланиш) сизлар учун ҳаром қилинди - агар хотинларингиз билан жинсий алоқада бўлмаган бўлсангиз (уларни талоқ қилгандан кейин аввалги эрларидан туғилган қизларига уйлансангиз) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Яна ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларига (уйланишингиз) ҳамда опа-сингилни жамлашларингиз (яъни, бирини талоқ қилмай туриб, бошқасига уйланишларингиз ҳам сизлар учун ҳаром қилинди). Магар илгари (Исломга киришингиздан аввал) ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон бўлган Зотдир”. (Нисо сураси, 23-оят)

Касблардаги ҳаром нарсалар ҳам айтилган:

“..Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган..” (Бақара сураси, 275-оят)

Суннатда ҳам бу ҳақца кўп ҳадислар ворид бўлган:

“Аллоҳ таоло ароқ, ўлимтик, тўнғиз, бут-санамларнинг байъини ҳаром қилди”.

“Аллоҳ таоло бир нарсани ҳаром қилса, унинг олди-бердисини ҳам ҳаром қилади”.

“Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир”.

“Албатта сизларнинг қонинглар, молинглар, обрўйинглар сизларга ҳаромдир”.

Қуръон ва суннатда ҳаромлиги очиқ айтилган нарса ҳаромдир. Огоҳлантириш ва ташдид билан қайтарилган нарса ҳам ҳаромдир. Масалан Аллоҳ таоло айтади:

“Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), тиклаб қўйилган бутлар (яъни, уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангиз! Ароқ, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!” (Моида сураси,90-91-оятлар)

Изоҳ: Бу ҳукм Қуръондаги ароқ, қимор... ҳақидаги охирги ҳукмдир, мусулмонлар мана шу ҳукмга амал қилишлари фарздир. Қуръон одатдагидек бу нарсаларни қуруқдан-қуруқ ҳаром дейиш билан кифояланмай, нима сабабдан ҳаром қилинганини ҳам баён қилади.

Аммо оддий қайтаришга келсак, бу ҳақда -унинг ҳаромми ёки йўқлиги ҳақида уламолар ихтилоф қилишган. Ибн Умардан ҳаром эмаслиги ривоят қилинган. Ибнул Муборак айтади: Бизга Салом ибн Абу Мутийъ ибн Абий Дахийладан, у отасидан ривоят қилади, айтади: Мен Ибн Умарнинг ҳузурида эдим, у айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам майиз ва хурмони бирга аралаштириб истеъмол қилишдан қайтарган. Шунда менга ортимдаги одам: Нима деди, деб сўради. Мен: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам майиз билан хурмони бирга аралаштириб ейишни ҳаром дебди, дедим. Буни эшитган Абдуллоҳ ибн Умар: Ёлғон айтдинг, деди. Мен: Ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундан қайтардилар, дедингизку, ахир бу ҳаром бўлмайдими?, дедим. У: Сен шунга гувоҳмисан (яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган ҳамма нарса ҳаромлигига гувохдик бера оласанми)?, деди. Салом айтади: Бу билан у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоб учун қайтарганлари ҳам бор, демоқчи. Икки тақволи уламо - Аҳмад ва Моликнинг айтганлари бор: Ҳаромлиги аниқ бўлмаган, унда шубҳа ёки ихтилоф бўлган нарсага ҳаром лафзини ишлатмагин.

Икки тақволи уламо Аҳмад ва Молик унда шубҳа ёки ихтилоф бўлган нарсанинг ҳаромлиги аниқ бўлмаса унга ҳаром деб айтишликдан сақланганлар.

Нахаъий айтади: улар ўзлари ҳаром қилмаган нарсаларни макруҳ санар эдилар.

Абдуллоҳ ибн Аҳмад айтади: Отам шундай деяётганини эшитдим: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаром қилинган нарсалардан ҳам қайтарганлар масалан у зот аёл ўзининг аммасининг устига ёки холасининг устига никохданишидан қайтарган. Бу ҳаромдир. Яна йиртқичларнинг териларидан қайтарган. Бу ҳам ҳаромдир. Отам яна кўп нарсаларни айтди. Энди баъзи қайтарган нарсалари эса одоб юзасидандир.

Юсуф Қарзовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси