loader
Foto

Нозик севги, шону шуҳрат ва уларнинг аҳлининг аломати ҳақида

Абу Умома розияллоҳу анҳуданривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ердаги нозик севги Аллоҳдандир. Шону шуҳрат осмондадир. Қачон Аллоҳ таоло бандаги муҳаббат қилса, Жаброил осмонда: «Албатта, Аллоҳ таоло фалончига муҳаббат қилди, унга муҳаббт қилинглар», дея нидо қилади. Шунда нозик севги ерга тушади».(Бухорий, Аҳмад, Табароний, Абу Яъло ва бошқалар бошқа лафз ва санад билан ривоят қилган.)

Абу Абдуллоҳ деди: Шону шуҳратдан, овозни ва нидони изтиробга тушишини ирода қилган. Аллоҳ таолонинг, сенга ўзимдан муҳаббат ташладим дегани малоҳат ва ҳаловатни деганидир.

У Зот таолонинг «Ва Биз томондан ҳанонни», дегани ҳақида Маъбад Жуҳаний розияллоҳу анҳу «Ҳанон маҳбуб»дир деган.

Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан У Зот таолонинг:

«Уларга Роҳман муҳаббат пайдо қилур».(Марям сураси, 96-оят.)

деган қавли ҳақида сўрадим;

- У недир, эй Аллоҳнинг Расули? - дедим.

- Эй Али, у мўминларнинг ва муқарраб фаришталарининг кўксларидаги муҳаббатдир. Эй Али, албатта, Аллоҳ таоло мўминга уч нарсани; нозик севгини, муҳаббатни ва малоҳатни бергандир. Маҳобатни солиҳларнинг кўксларига жойлагандир. Ким ўшани ўзи учун қилса, нафси уни қабул қилади ва унинг ҳаловатини ва малоҳатини топади. Ким Унга дуо қилса, ижобат қилади ва ижобатда содиқ бўлади. Уни Ўзига яқинлаштиради. Бас, қалби уни қабул қилади ва қалбларда унинг «вудд»ини топади. У муҳаббатдир. Аллоҳ таоло демиш:

«Сени Ўзим учун танладим».(Тоҳа сураси, 41-оят)

У зотни ким кўрса, албатта, унга муҳаббат қилар эди. Ҳатто Бани Исроилнинг ўғил болаларини унинг сабабидан сўядиган Фиръавн ҳам уни ўз қармоғида эмизар эди.

Бас, ким ундан кейин унинг йўлига ўхшаш йўлда бўлса, унда ҳам ҳаловат ва малоҳат бўлади. Ким У томон сайр қилса ва висолга эришса, қурбатга сазовор бўлади ва унинг учун қалбларда муҳаббат бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар банданинг шону шуҳрати бўлади. Агар у солиҳ бўлса, осмонга, ёмон бўлса, ерга қўйилади», дедилар».

Ҳаким Термизийнинг

"Нодир асллар" китобидан