loader
Foto

Салафи солиҳларнинг биродари ҳамд айтиши учун ундан ҳол сўрашлари

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амаллари ва сийрати шарифаларида ушбу мақсад келтирилган. Имом Ҳайсамий роҳимаҳуллоҳнинг “Мажмаъ аз-завоид” китобида Имом Табароний ҳасан иснод билан ривоят қилган. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига: “Эй фалончи, қандай тонг оттирдинг?” дедилар. У: “Сизга Аллоҳни мақтайман (ҳамд айтаман)”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мана шу - мен сендан ирода қилган нарса”, дедилар”.

“Сизга Аллоҳни мақтайман” деган сўзнинг маъноси - сиз билан Аллоҳга ҳамд айтаман ёки неъматларига сиз билан бирга шукр қиламан, деганидир.

Имом Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳ “Зуҳд ва рақоиқлар” китобида Алқама ибн Марсаддан, у Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу ан-ҳумодан ривоят қилиб айтади: “Қанийди, биз кунда бир неча маротаба учрашсак ва баъзимиз баъзимиздан ҳолини сўраса. Бу билан биз фақат Аллоҳ азза ва жаллага ҳамд айтишни хоҳлаймиз”.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттобдан бир киши алик олганини эшитдим ва у кишига: “Қалайсан?” деганини эшитдим. У киши: “Сен билан Аллоҳга ҳамд айтаман”, деди. Умар розияллоҳу анҳу: “Бу - менинг сендан ирода қилганим”, деди.

Ҳубайб ибн Абу Собит Саид ибн Жубайр роҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини ривоят қилган: “Албатта, жаннатга энг аввал чақириладиганлар ҳар бир ҳолда Аллоҳга ҳамд айтувчилардир”. Ёки: “фаровонлик ва танглик кунларида (ҳамд айтувчилар)” деган”.

Ибн Абу Нуайм “Ҳиля” китобида ривоят қилган: “Исҳоқ ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинган: “Умар розияллоҳу анҳу бир кишига: “Қандай тонг оттирдинг?” деди. “У сен билан Аллоҳга ҳамд айтаман”, деди. Умар розияллоҳу анҳу айтди: “Шунинг учун сендан сўрадим”.

Ҳорис Муҳосибийнинг

"Рисолатул мустаршидийн" китобидан