loader
Foto

БМТ Бош Ассамблеяси Фаластинни қўллаб-қувватловчи 5 та резолюцияни қабул қилди

Фаластин Ташқи ишлар вазирлиги резолюцияларнинг қабул қилинишини олқишлади ва овоз беришда иштирок этмаган давлатларни "ўз позицияларини тўғрилаб, Фаластин халқи билан бирдамлик ва адолат йўлидан боришга" чақирди.

БМТ Бош Ассамблеяси кўпчилик овоз билан Фаластинни қўллаб-қувватловчи бешта резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақида Фаластин ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилади.

168 давлат фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш резолюциясига овоз берди. Фақат Исроил қарши чиқди. 10 давлат, жумладан, АҚШ, Уругвай ва Парагвай овоз беришда бетараф қолди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишларни ташкил қилиш агентлиги (UNRWA) фаолиятига оид резолюция 165 давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Тўрт давлат (АҚШ, Канада, Исроил ва Микронезия) қарши чиқди, 6 давлат (Камерун, Гватемала, Кирибати, Палау, Папуа-Янги Гвинея ва Вануату) бетараф қолди.

Ишғол қилинган Фаластин ҳудудларида яҳудий аҳоли пунктлари билан боғлиқ резолюция 149 давлат томонидан қўллаб-қувватланди. АҚШ, Канада, Исроил, Венгрия, Микронезия ва Науру қарши овоз берди, яна 19 давлат эса овоз беришда бетараф қолди.

Фаластинлик қочқинларнинг мулки ва уларнинг даромадлари ҳақидаги резолюцияни 163 давлат ёқлаб овоз берди; АҚШ, Канада, Исроил, Микронезия ва Науру қарши овоз берди, 9 давлат бетарафликни танлади.

Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудудлари аҳолисига нисбатан қонунбузарликларини текшириш бўйича махсус қўмита фаолиятига оид резолюция 86 давлат томонидан қўллаб-қувватланди. АҚШ, Буюк Британия, Исроил, Канада, Чехия, Венгрия, Австрия ва Австралия қарши овоз берди, 75 давлат эса бетараф қолди.

Фаластин Ташқи ишлар вазирлиги резолюцияларнинг қабул қилинишини олқишлади. Департамент овоз беришда иштирок этмаган давлатларни "ўз позицияларини тўғрилаб, Фаластин халқи билан бирдамлик ва адолат йўлидан боришга" чақирди.

Резолюциялар маслаҳат характерига эга ва мажбурий эмас.