loader
Foto

Эшаклар ҳақида

Уй эшаги ёки эшак (лот. Equus asinus ёки Equus africanus asinus) - ёввойи эшакнинг (Equus africanus) хонакилаштирилган авлоди бўлиб, у инсоният иқтисодиёти ва маданиятининг ривожланишида муҳим тарихий роль ўйнаган ва кўплаб ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётида ҳозиргача кенг тарқалган (40 миллиондан ортиқ). Ривожланган мамлакатларда оз сонли эшаклар боқиш мақсадида ёки уй ҳайвонлари сифатида сақланади. Эшак камида 5000 йил давомида иш ҳайвони сифатида фойдаланиб келинган.

Биринчи эшаклар милоддан аввалги 3000 йилларда, эҳтимол Миср ёки Месопотамияда хонакилаштирилган ва бутун дунёга тарқалган. Барча хонаки эшаклар африкалик эшакларга бориб тақалади, аммо қулонларни (Осиё эшаклари) хонакилаштиришга уринишлар ҳар доим муваффақиятсиз бўлган. Хонакилаштирилган тур сони ортиб бораётган бўлса-да, Африка ёввойи эшаклари йўқолиб кетиш хавфи остидаги тур ҳисобланади.

Уй эшакларика кўпайиш мавсуми кўпинча баҳор ва ёзнинг бошларида содир бўлади, аммо унинг аниқ вақти йўқ. Кўпинча битта, камдан-кам ҳолларда иккита хўтик туғилади. Тахминан 1,7% ҳолларда эгизаклар туғилади; уларнинг 14% га яқинида иккала хўтик ҳам омон қолади. 11 ойдан 14 ойгача давом этадиган ҳомиладорлик нормал ҳисобланади. Хўтик 6-9 ойгача сут билан озиқланади, туғилгандан кейин икки ҳафта ичида ўтни татиб кўради.

Икки йил ичида тўлиқ ўсишга эришади. Икки ёшида эшаклар аста-секин ишлашга ўргатилади, уч ёшда эшаклар мунтазам равишда унчалик қийин бўлмаган ишларни бажаришлари мумкин. Эшакни юк ташиш мақсадида эрта ишлатиш ёш ҳайвоннинг бели эгилиб қолишига олиб келиши мумкин.

Энг қашшоқ мамлакатларда ишлатиган эшакларнинг умри 12 йилдан 15 йилгача, ривожланган мамлакатларда эса 30 йилдан 50 йилгачани ташкил қилади.

Зотига қараб, эшакларнинг бўйи 90-163 см бўлали, зотли эшакларнинг бўйи пони катталигидан яхши отнинг катталигигача ўзгариши мумкин. Пуатус (бўйи 140-155 см) ва каталан (бўйи 135-163 см) зотларининг вакиллари энг катта ҳисобланади. Вояга етган ҳайвонларнинг вазни 200 дан 400 кг гача бўлади. Эшакларнинг ранги уларнинг зотига боғлиқ.

Эшакда 31 жуфт хромосома мавжуд. Пулс - дақиқада 45-55 зарба. Нафас олиш тезлиги - дақиқада 10-15 нафас олиш ҳаракати. Тана ҳарорати - 37,5-38,5 ° С. Эшакларнинг атиги бешта бел умуртқаси бор (отларда олтита).

Эшакнинг учи чўткасимон думи сигирникига ўхшаб кетади.

Эшаклар чўл ерларига мослашган. Ёввойи отлардан фарқли ўлароқ, қуруқ жойларда ёввойи ешаклар ёлғиз турмуш тарзини олиб боради ва ҳарамларни ташкил қилмайди. Ҳар бир катта ёшли ешак яшаш жойини ўрнатади; катта майдонда кўпайиш бир гуруҳ томонидан амалга оширилиши мумкин. Одатда йигирма сония давом этадиган эшак ҳанграши уч километрдан узоққа эшитилади. Ҳанграш саҳронинг кенг ҳудудларида бошқа эшаклар билан алоқа ўрнатишга ёрдам беради. Эшакларнинг қулоқлари катта бўлиб, улар узоқ масофалардаги товушларни аниқлай олади ёки эшак қонини совутади. Эшаклар тишлари билан тишлаш, олдинги туёқлари билан уриш ёки орқа оёқлари билан тепиш орқали ўзларини ҳимоя қилишлари мумкин.

Эшак ўзининг катта қариндошларидан шуниси билан фарқ қилади-ки, у озуқа ва сув етишмаслигига осонроқ тоқат қилади. Ўт ва бута ўсимликлари билан озиқланади. Бу ҳайвонлар намликка тоқат қилмайдилар ва қишда қуруқ хоналарга муҳтож, нам иқлимда алоҳида парвариш талаб қиладиган туёқлари, айниқса, намликдан тез-тез таъсирланади.

Эшаклар ўжарлиги билан машҳур, аммо бу отларга қараганда ўзини ҳимоя қилиш кучлироқ туйғуси билан боғлиқ. Эшаклар ўзларининг жисмоний имкониятлари чегарасини жуда нозик тушунади ва одамни чидаб бўлмас юкни босиб ўтишига йўл қўймайди ёки эшакни тўлиқ чарчагунча ишлашга мажбурлай олмайди. Бирор киши эшакларнинг ишончини қозонса, улар унинг учун дўстона шерик ва ишида жуда ишончли бўлиши мумкин. Уларнинг хулқ-атвори ва ақл-идроки бўйича тадқиқотлар жуда кам бўлса-да, эшаклар жуда ақлли, эҳтиёткор, дўстона, ўйноқи ва ўрганишга иштиёқли кўринади.



Хонакилаштириш

Эшакни хонакилаштириш отдан анча олдин содир бўлган. Эшаклар қадимги одамлар томонидан юк ташиш учун фойдаланган биринчи ҳайвонлар эди. Милоддан аввалги XL аср атрофида Нил дельтасида Нубия хонаки эшаклари боқилган. Месопотамияда ёввойи эшаклар кейинроқ хонакилаштирилди. Қадим замонларда эшаклар Европага келган. Маълумки, этрускларнинг Кичик Осиёдан келтирилган эшаклари бўлган. Эшаклар Грецияга милоддан аввалги 1000-йилларда келган. Эшаклар дастлаб миниш ва арава тортиш учун ишлатилган, аммо тезроқ ва кучлироқ отлар пайдо бўлиши билан уларга ўрнини бўшатиб берган. Ўшандан бери қадимги маданиятларда эшакларга мурожаат қилиш деярли тўхтатилди. Эшакдан фойдаланиш фақат юкларни ташиш билан чеклана бошлади. Бу масалада эшакнинг отдан устунлиги бор, чунки у жуда чидамли, сув ва емишсиз узоқроқ юришга қодир. Юкларнинг оғирлиги ҳайвоннинг тирик вазнининг учдан икки қисмига етиши мумкин ва истисно ҳолларда у ҳатто ундан ҳам ошиб кетиши мумкин. Тўғри кундалик режим билан эшак овқатланиш учун бир марта танаффус билан 8-10 соат ишлаши мумкин.

Эшаклар баъзан гўшт, сут ва тери учун ишлатилган. Ўрта асрларда эшак териси пергамент ва барабан тайёрлаш учун энг мос деб ҳисобланган. Альп тоғларининг шимолида эшаклар фақат римликлар давридан учратила бошланди.



Чатиштириш

Эшаклар ва отларнинг турлараро чатишуви натижасида иккита насл бермайдиган шакл пайдо бўлади:

хачир (эшак билан биянинг гибриди);

хинни (айғир ва мочанинг гибриди).

Бошқа турлараро гибридлар сингари, хачирлар ва хиннилар одатда бепуштдир, аммо эшакнинг чидамлилиги ва отнинг жисмоний кучи ва тезлиги билан ажралиб туради. Эшаклар зебралар билан ҳам кўпайиши мумкин, уларнинг авлодлари зеброид деб аталади.



Уй эшакларининг зотлари

Эшакларнинг энг машҳур француз зотлари - пиреней, котентин, пуату, прованс, испан-каталон эшаклари, Марказий Осиё - Бухоро ва Марв эшаклари. Баъзида бўртма ва текис профилга кўра тасниф мавжуд (масалан, А. Доброхотов томонидан). Француз эшаклари кўпинча қишлоқ хўжалиги кўргазмаларида чиқишади.



Насронийликда

Тавротда ёзилганидек, дунёнинг Подшоҳи сифатида Масиҳ эшакка миниб, Қуддусга келди ва Закариёнинг башоратини амалга оширди: “Хурсанд бўлиб, қувонинг, Эй Қуддус халқи! Шодлик–ла ҳайқиринг, Эй Сион халқи! Мана шоҳингиз келяпти. У зафар қозонган ғолибдир. Шунга қарамай, Камтариндир шоҳингиз, У эшакнинг устида, Ҳа, эшакнинг боласини — ҳўтикни миниб келяпти.” (Зах. 9:9). Бу кунни байрам ҳам қилишади.



Исломда

Китоб ортилган эшакнинг мажозий таърифи Қуръон матнидан келиб чиқади: «Зиммаларига Таврот юклатилган, сўнгра унга амал қилмаганлар устига китоб юкланган эшакка ўхшарлар. Аллоҳнинг оятларини ёлғонга чиқарган қавмнинг мисоли нақадар ёмон! Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас» (Жумъа, 5).

Кейинчалик бу метафора француз ёзувчиси ва Уйғониш даври файласуфи Мишел де Монтен томонидан қўлланган: Энг муҳими, илм-фанга муҳаббат ва дидни сингдириш; акс ҳолда биз фақат китоб юкланган эшакларни тарбиялаган бўлиб чиқамиз.

Суннатга кўра, эшакнинг гўштини ейиш ҳаромдир. Жобир айтадилар: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни уй ешакларининг гўштини истеъмол қилишдан қайтардилар ва от гўштини истеъмол қилишга рухсат бердилар". Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқалар Абу Қатода розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Ҳудайбия йили одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан умрага эҳром боғладилар. Фақат менгина эҳром боғламадим. Бир ёввойи эшакни овладим. Уни шерикларимга таом қилиб бердим. Улар эҳромда эдилар. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хабарни етказдим ва бизда унинг гўштидан яна борлигини айтдим. У зот «Уни енглар», дедилар. Улар эҳромда эдилар». (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).

Абу Муслим тайёрлади