loader
Foto

Ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ ёнишининг ҳикмати

Ибн Сириндан бир киши сўради: «Эй Абу Бакр, ейдиган таомимиз, ичадиган сувимизга тушган қумурсқаларни нима қилайлик, ўлдирайликми?» Ибн Сирин деди: «Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: «Пайғамбарлардан бири ғазотга чиқиб, дам олиш учун дарахт остига қўнганда чумоли чақиб олди. Пайғамбар (чумоли ини жойлашган) дарахтни ёқишга буюрди. Шунда Аллоҳ таолодан унга: «Бир чумолининг ишига бир чумоли (ўлдирилмайдими?)», деган нидо келди».

Ривоят қилишларича, бу пайғамбар Мусо (алайҳиссалом) бўлган. У Парвардигори билан одамларнинг қисмати ҳақида сўзлашган: «Эй Раббим, Сен қишлоқ аҳлига гуноҳ ва маъсиятлари учун азоб берасан. Уларнинг ичида эса Сенга итоатлиси ҳам борку. Шунда Аллоҳ таоло бу пайғамбарига унинг ўзидан мисол келтиришни ирода этди. Аллоҳ пайғамбарига иссиқликни юборди, унинг тафтидан пайғамбар дам олиш учун дарахт соясига - панага жойлашди. У ерда эса чумоли ин қурган эди. Пайғамбарни уйқу элитиб, ухлаб қолди, эндигина уйқу лаззатини топганда уни чумоли чақди, оғриқдан у чумоли уясини оёғи билан тепкилаб ташлади, чумолилар уя қурган дарахтни эса ёқиб юборди. Аллоҳ таоло шу билан ўз пайғамбарига ибрат олиши учун сабоқ берди. Бу ҳадисда чумолини ўлдириш ман қилинмаяпти, зеро, сенга азият етказган ҳар нарсани ўлдиришинг мубохдир (мумкин). Аммо сичқон, қарға, ит,    илон, чаённи эса эҳромдаги киши ҳам ўлдириши мумкин. Бошқа азият етказиши мумкин бўлган ҳашаротларга ҳам худди шу хукм қўлланилади. Фақатгина мўмин одам бу жонзотларни бекордан-бекорга ўлдирмайди. Азият, хавф-хатар етишидан огоҳ бўлса, ўлдириши мубоҳдир.

Ҳаким Термизий асарларидан сайланма