loader
Foto

Васваса қачон бандани тинч қўяди?

Мен шунга ўхшаш саволга жавоб бераман, унинг жавоби, сизнинг саволингизга ҳам жавоб бўлади. Мендан сўрабдилар: “Одамларнинг сенга азият ва ёмонлик етказиш хоҳиш-истаклари қачон барҳам топади?”

Одамзоднинг иши эмасми, агар улардан бирор киши қаҳрга учраса, зулм остида қолса, азият чекса, ўзини заиф, нотавон ҳис этса шуларни одамларга важ қилиб олиб, султонларнинг эшиги остига серқатнов бўлиб қолади. Султоннинг эшиги остига кўп бораверганидан султон уни таниб қолиб, кейинги сафарларда энди уни қайтариб юбормайди. Бу киши одамларга султоннинг ишларига ҳамдард бўлишларини насиҳат қилишни, унинг қуллари ва хизматкорларига ҳам насиҳат қилишда тинмай жонбозлик кўрсатади. Шунда у султонга мойил ва хос киши сифатида билиниб, унинг ҳузурида таниқли инсонга айланади. Султоннинг айтганларини бажаради, султон эса унга ўз ишларида ишонади, у киши ишончга сазовор бўлади. Бу ҳолат, бир куни келиб султон уни қабул қилиб, ўзига яқин кишилардан қилиб, унга махсус кийим беради, амалга тайин этгунча давом этади. Унга амал берилиб, одалар унинг кийимини кўрганларидан кейин, унга азият беришлари, уни зиён етказиш учун таъқиб қилиш истаклари ўз-ўзидан барҳам топади. Энди улар ўз бошлари омон қолишига рози бўлиб турадилар.

Агар иш шундай эканини билиб олган бўлсанг, шуни ҳам билиб қўйгинки, агар банда тавба қилса, сўнгра қалбини ҳам тавбага тўғриласа, кейин эса фарзларни адо этиб, ҳаромлардан тийилиб, мустаҳкамланиб Унга яқинлашаверади. Сўнгра турли йўллар билан Унга янада яқинроқ бўлавериб, натижада Аллоҳ ҳузурида таниқли инсонга айланади. Зеро, у Аллоҳ буюрган ишларни адо этиб, устига устак яна уларга зиёдаси билан бажариб келди. У ишончга сазовор бўлди ва “ишончли банда” деб топилди. Энди унинг қалбига нурлар қуйилиб кела бошлади, унга Аллоҳнинг буюклиги ва улуғворлиги намоён бўлди. Унинг қалбини улуғворлик нури ёритди, кўксини Аллоҳнинг ҳашамати забт этди. Энди агар унга васваса яқинлашса, у (васваса) куйиб кетади. Бундан кейин у фақатгина ғафлат ва беэътиборлик вақтда узоқдан бир нарсаларни отиб васваса қилишгагина журъат этиши мумкин. Бу худди осмон хабарларидан бир нимани илиб олиб кетидан учар юлдуз учириб юборганга ўхшайди. Худди шундай бўлиб, агар инсон кўксидан бир нимани илиб олса, Аллоҳнинг нуридан бўлган учар юлдуз унга етиб олиб, уни ҳалок этади.

Мазкур ҳолат бизга Ҳафса (раҳматуллоҳи алайҳ) нинг мавлоси Судайсадан ривоят қилинган ҳадисда аён бўлади. У аёл деди: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганларини эшитдим: “Шайтон Умарни кўриши билан юзтубун йиқилади”. Чунки унинг оёқларидан мадори кетиб, юзтубан йиқилиб тушади. Ушбу ҳаётимизда ҳам худди шундай ҳолатга гувоҳ бўласан, агар сенга амирул мўминин рўбарў бўлса, унинг салобатидан тилинг айланмай, агар айбдор бўлсанг оёқларинг чалишиб, йиқилиб тушасан.

Бандалар васвасага барҳам бериш учун уларга хавф, қўрқув керак. Бу жазо қўрқуви эмас, балки буюклик ва ҳашамат қурқувидир. Ундан нафс ўзини йўқотиб, эсанкираб қолиб, унинг васвасалари барҳам топади, душман эса қочади.

Васваса икки хилдир: нафс васвасаси ва душман васвасаси. Душман Аллоҳ зикр этилганда қочади. Нафс эса қочмайди у кўкракда тарадцудланиб туради. Бу ҳолат эса қийиндир. Ато (розияллоху анҳу)нинг Ибн Аббосдан ривоят қилишларича, у киши Аллоҳ азза ва жалланинг «У одамларнинг дилларига васваса солгур. (Ўзи) жинлар ва одамлар жинсидандир» (Нос, 5-6), деган ояти ҳақида бундай деган: “Васваса иккитадир. Бири - душмандан, бошқаси эса нафсдан. Аллоҳ таолонинг “жинлар жинсидан” дегани, одамлардан беркинган шайтондир. “Одамлар жинсидан” дегани, “одамларнинг нафсидан” деганидир.

Бир куни муридлардан бири намозда қалбнинг кетиб қолиши ҳақида шикоят қилиб қолди. Мен унга дедим: “Қалбинг ичингдаги бир парча гўшт бўлса, у қаерга кета оладики, сен қалбим кетди дейсан?”. Ҳайрон бўлиб, деди: “Ахир қандай қилиб?” Дедим: “Қалб ўз жойида турибди, қалбдан ақл кетади. Агар қалбдан ақл кетса, эътиборсиз ва лоқайд бўлиб қоласан”.

У деди: “Ақл қаерга кетади?”

Дедим: “Ватанига”.

У деди: “Ватани қаерда?”

Дедим: “Бош мияда. Унинг нури юрак кўзлари ўртасига тушади. Агар у юрак кўзлари ўртасини ёритса, Аллоҳ таолодан имтиҳон қилиниб, турли хаёллар келади. Хаёллар эса кейин фикрга айланади. Сўнгра фикр Аллоҳ томон етаклайди. Нур қувватига яраша юқори-ликка имкон қадар кўтарилади”.

Агар нафс шаҳват ва лаззатлари ташвишлари билан келса, у кўкракда юрак икки кўзи ўртасига ўз хаёллари-ни киритади. Энди бу ерда ёритгувчи нур бўлмас. Қалб бундай кўкракда гўёки тутун ва булутлар билан ўралгандек бўлади. Шунда юрак зулматда қолади. Бу зулматда эса нафс ва душман васвасалари бор. Бири кети-дан иккинчиси кетма-кет қайта-қайта келиб туради. Агар сен шунда Аллоҳ учун мужоҳада қилсанг ва дунё ташвишларидан фориғ бўлсанг, улар (нафс ва душман васвасалари) тинчланади, лекин барҳам топмайди. Кўкрагинг бу ташвишлар билан турли ўтинликка яроқли дарахтлар, қамишлар, тиканак, юлғун ва бошқа кўплаб турли ўсимликлар ўсадиган яйловга ёки бир чакалакзорга ўхшайди. Шундай жойда оёқ остингдагидан бошқа нимани ҳам кўра оласан? Агар сен бу чангалзорни ўриб ташласанг, ёки уни ёқиб юборсанг, у текис биёбонга айланса, у жойда шер панжа изларини кўрасан, шунда кўкрагингни тўлдириб қўрқув сенга тушади. Чангалзор биёбонга айланмасдан бурун, панжа излари сенга намоён бўлмаган эди. Сен ҳам қўрқув ҳис этмаган эдинг.

Кўкрак ҳам шундай, агар у ташвишлардан холи бўлса, у ҳолда нурлар келиб, қалбингда Тангри, жаннат ва дўзах васфларидан хабар беради. Шунда сени қўрқув эгаллаб, кўкракка қулоқ тутишни унуттиради.

Сўнгра дедим: “Сен масжидда ўтирганингда олдингдан най ёки бирор чолғули киши ўтиб қолса, нима қилардинг? Сен сакраб туриб, бориб унинг кийимини олиб қўярдинг. Сўнгра ўтирган жойингга қайтиб келиб, уни остингга қўйиб устига ўтириб олардинг. Аслида эса сен унинг олдига сакраб бориб, унинг чолғусини олиб синдириб ташлашинг, шу билан мункар бир ишни қай-таришинг керак эди. Сен эса ўзингдаги рағбат туфайли унинг кийимини олиб қўйдинг, унинг чолғусига эса чалғиб, лоқайд қарадинг, чолғу сени бошқа безовта қилмай қўйди. У эса сенинг кетингдан келиб, бошинг устига келиб олиб чолғусини чала бошлади. Бу ҳолат сенга оғир ботди. Унга танбеҳ бермоқчи бўлиб дединг: “Сен Аллоҳнинг уйида бошимга келиб чолғу чаляпсанми?” У эса сенга айтади: “Сен менинг кийимимни олиб қўйиб, бу билан менинг аҳволимни танг қилдинг. Мен ҳозир олдингга кийимим масаласида кирдим. Агар бу ҳолат юзага келмаганида, олдингга кирмас, сенга бундай муомала этишга журъат қилмас эдим. Сен кийи-мимни менга қайтаришни рад этганингда, бу ҳолат мени ғамга солди, мени хафа қилди. Энди мен кийимим эвазига мени босган ғамга тасалли топиш учун бор кучим билан чолғу чаляпман. Агар мен бас қилишимни ҳамда олдингдан чиқиб кетишимни истасанг, кийимимни қайтариб бер. Бўлмаса, мен бутун маҳоратимни ҳозир ишга соламан”.

Энди айтчи, ушбу масжидда у иккови қозилашиш-са, қайсиниси тош босади? Улар хусусида қандай ҳукм чиқарилади? Унга айтилмайдими: “Олдингдан чиқиб кетиши учун, кийимларини қайтариб бер!” Энди билгинки, Аллоҳ кўксингни қалбингнинг ҳовлиси қилиб қўйди, маърифатни қалбингга, маърифатнинг шодонликларию, унинг салтанатини (ҳукмронлигини) кўксингга жо қилди. Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир”» (Юнус, 58).

Сен эса дунё зийнатлари шодонликларини олиб келдинг, у эса душманнинг насибасидир. Сен бу шодонликларни кўксингда мустаҳкам қилиб жо қилдинг, унинг тотли таъмини қалбингга тоттирдинг, оқибатда имон лаззатини лойқалатдинг, унинг поклигини, хушбўйлигини кетказиб қўйдинг. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилишларича, улар дедилар: “Имон пок ёқимли ширинликдир, уни поклаб туринглар”. Аллоҳ таоло муборак китобида душманига бундай деган: «Улардан кучинг етган кимсани овозинг (васвасанг) билан қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда (лашкарингни) торт, бойликлари ва фарзандларида уларга шерик бўл (уларни ҳаромдан орттиришга унда)» (Исро, 64). Яъники, мен сенга мазкур нарсалар ҳукмронлигини бердим. Ўзим эса ким сен билан курашишини, сен билан курашда ким мендан мадад сўраб келишига қарайман. Кимки сенга омонлик тилаб кўлини берса, сенинг асирларидан бирига айланиб, шу иш билан сени мендан афзал кўрган бўлади.

Душман эса бунга жавобан бундай деган: «(Иблис) айтди: “Эй Раббим! Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман”» (Ҳижр, 59). «Фақат уларнинг орасидаги (айрим) ихлосли бандаларинггина (озмай қолурлар)» (Сод, 85). Душманнинг улар ҳақида берган ваъдаси ўзига ато этилган ҳукмронлиги туфайлидир. Унинг ҳукмронлиги эса - дўзах оташи ўралган лаззатлар ва шаҳватлардир. Имоннинг тотлилиги ва поклиги албатта душман келтирган шодонликлар лаззатини кетказади. Бу гўёки тотли тоза, тиниқ, худдики тонгги шабнам каби мусаффо сувга лойқа, ботқоқли ва сассиқ сув аралашса, унинг тотлилигидан нима қолади? Унинг мусаффолигидан нима қолади?

Дарҳақиқат Аллоҳ таоло ўз бандалари ва расулларни ҳамда расулларнинг содиқ сафдошларини фасодга учрамасликлари учун дунёга муҳаббат қўйишдан, шаҳватга берилмасликларидан огоҳлантирган. Қалбнинг фасодидан ҳам улканроқ фасод бормикин? Бу фасод имоннинг таъмини, поклигини, мусаффолигини, нурини кетказади.

Агар қалбни дунёга бўлган муҳаббат ва иззатталаблик келтириб чиқарган гуноҳ ҳамда ёмон ахлоқ тўрлари ўраб олса, кибр нафс амири бўлиб олса, нафс эса ўз навбатида қалбга амир бўлиб олса, бундай ҳолатда қандай яхшиликни умид қилиш мумкин? Буни шундай бир мисол билан ифода этиш мумкин: бир гуллаб-яшнаган ажойиб покиза шаҳарча борки, унинг аҳолиси одил амир қўл остида, унинг хайрли тадбирлари ва ғамхўрлиги соясида ҳаёт кечирадилар. Агар бу шаҳарчани бир бегона фосид аҳмоқ, золим, кеккайган, тошбағир одам қўлга киритса, амирини эса бир уйга қамаб қўйса, бу шаҳарчага бундай ҳолатда қандай яхшиликни кутиш мумкин? Бу қалб ҳам шундайдир, у амирдир. У ўзининг тўғрилиги, одиллиги, амали ва поклиги билан банданинг кўксини, аъзоларини яшнатди. Агар бу қалбга дунёга муҳаббат кирса, нафс келиб ўзидаги шаҳватлар ва дунёга ошиқлик (лашкарлари) билан қалбни енгади. Қўмондонликни ўз қўлига олади. Бу ҳо-латда қалбга банданинг Аллоҳни танигани, берилган ақли ва амалининг нафи тегадими? Буларнинг бари энди тилда қолади, зеро, Аллоҳнинг олдида ундан ҳужжат олинади. Чунончи Расулуллоҳ (соллаллоху алайҳи ва саллам) дедилар: “Илм икки хилдир. Қалбдаги илм, унинг инсонга манфаати етади ҳамда тилдаги илм, у Аллоҳнинг Одам боласига ҳужжати бўлади”. Илм тилда қолганига сабаб, қалбдагисини дунёга муҳаббат ва шаҳватлар тўсиб қўйган, қалбнинг нури ва таровати йўқолиб, у беркилиб қолган. Қалбнинг бу ҳолати худди тутилган қуёш мисолидир. Қуёш ўз ўрнида турибди, аммо тутилганлиги сабабли унинг нури, ёруғлиги, ҳарорати, нафи барҳам топган. Агар қуёшнинг бу ҳолати давомли бўлса, ер юзидаги одамларнинг экинзорлари, чорвалари нобуд бўлиб, ўзлари ҳам вафот топадилар.

Имон ҳам одамнинг қалбида шундай ҳолатда, у ҳам (қуёш каби) тутилади, таровати, банданинг кўксига бераётган ёруғлиги йўқолади. Зеро, уни нафсда жунбишга келган ғам-ташвишлар, тана аъзоларида банданинг ёмонлик манбаидан куч олиб зоҳир бўлган гуноҳлар имонни тўсиб олган.

Тана аъзоларининг баракалари кетди, қалб охиратдан совиди, худди тандир ёниб бўлган ўтинларидан совигандек. Агар сен бу тандирга нонингни пишириш учун хамирни ёпиштирмоқчи бўлсанг, у ёпишмасдан кулга тушиб кетади. Шу каби маърифат қуёшидан тўсилгани туфайли қалб ҳам охиратдан совиб қолади. Агар сен унга Луқмони ҳаким ҳикматларидан ёки бошқа ҳакимларнинг ҳикматларидан насиҳат қилсанг, унинг қалбига бирортаси ёпишмай, барчаси тушиб кетади. Чунки унинг кўкси дунёга муҳаббат, унинг лаззат ва ҳузурлари билан тўла. Кўкракка ёруғлик берадиган ички манбадан ўт аланганади ва тутун чиқади. Сопол пишириладиган ўчоққа назар солсанг, агар унга қуруқ ўтин ташланса, у тезда алангаланиб, ўчоқ туйнугидан ўшанга ўхшаш тутун чиқади хдвога тарқалади. Шунда қуёшнинг нури деворларда аста йўқолиб кетишини кўрасан. Одамнинг ичи унга келган шаҳват ва лаззатлар билан алангаланса, унинг тутуни худдики булут каби ёйилиб, юракнинг икки кўзи ўртасида кўкракда ўрнашади. Шунда имоннинг зийраклиги, идроклилиги, Аллоҳ неъматларининг нури, Унинг сенга қилган яхшиликлари ва сенга нисбатан кўрган тадбирлари нури ғойиб бўлади.

Энди сен Аллоҳнинг хузурида туриб намозга қоим бўлсанг, душман келиб, сен нафсингда ва кўксингда муҳаббат қўйган нарсаларинг ҳақида сени чалғитади. Агар сен у билан тортишиб, уни қувсанг, ёки уни кўксингдан ҳайдамоқчи бўлсанг, у сенга айтади: «Эй мўмин, Аллоҳ таоло сенга имон лаззатини ва унинг зий-натини ато этди. Чунончи, Қуръонда Аллоҳ айтади: «Аллоҳ сизларга имонни суюкли қилди ва уни дилларингизга безак қилди» (Ҳужурот, 7). У сени бошқалардан афзал қилгани учун сени шодонликка чорлади ва деди: «Айтинг: “Аллоҳнинг фазли ва раҳмати би-лан, бас, шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар!”» (Юнус, 58). Сени Аллоҳнинг зийнати ва раҳмати-дан юз ўгириб, бу икки нарсага шод бўлишнинг ўрнига менинг ширк ва куфр нажосатига булғаланган зийнат-ларим-найрангим лаззатига учишингга нима мажбур қилди? Раббинг сенга айтмаганмиди: «У (Аллоҳнинг фазли ва раҳмати) тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир» (Юнус, 58). Сен Раббинг айтган нарсага қаноат ҳосил қилмадингми? Агар сен Раббинг айтган ишни қилганингда эди, ибодатларингда, намозингда (сенинг устингда) менга берилган кўксингга ва дилингга кириш йўлларимни тўсар эдинг. Сен мени афзал кўрганинг, менга ато этилган нарсаларни ўзингга ато этилган нарсалардан афзал билганинг учун ҳам жазо тариқасида мен сенга ҳукмронман. Энди мен ҳурсандлигимдан қулоғингга нағма чалавераман, куй айтавераман токи сени Аллоҳнинг зикридан чалғитаман.

Бу киши мен мисол келтирган нарсаларни тушуниб етди, унга қаттиқ таъсир қилди, йиғлай бошлади, сўнгра менга деди: “Бизга (бу нарсаларнинг) қаердан келиши аниқ бўлиб қолгандан сўнг, энди бунинг чораси қандай бўлади?”

Мен унга бошқа бир мисол келтирдим. Агар бир ҳовлида куй, рақс, турли қўшиқ ва хурсандчиликлар авжида бўлиб турган бир вақтда, “амир келди!” деган хабар эълон қилинса нима бўлади. Амирнинг салобати, унинг ҳайбатидан бу ердагилар ўз ҳолатларидан саросимага тушиб, товушлари ичига кириб кетиб, нафаслари ичига тушиб кетмайдими?

У:-Ҳа,-деди.

- Дунёдан тилаб олган турли лаззатлар жо бўлган кўкрак ҳам худди шундай ҳолатда. У ҳам хоҳишларига эргашиб, мана шу лаззатлар гирдобида ўралашиб қолади. Қалб хдм бундан шодланади, унинг тутуни кўкракка тарқайди, нафс ҳам ҳар нарсага ўч бўлиб туради. Кўкракда демак мана шу ишлар содир бўлади. Агар қалб малакут эшигига кирса, Аллоҳнинг буюклиги, улуғворлиги, ҳашаматини идрок этиб, нафс шаҳватларни унутади ҳамда сўлийди. Қалб ҳам ювош бўлиб, худди ташлаб юборилган ашё каби бўлиб қолади. Буюклик ва ҳашамат оғирлиги остида тизгинланади ҳамда нафснинг жунбишга келтирувчи васвасалари, унинг сўзлари, куйлари товуши барҳам топади, - дедим.

Сенга аён бўлсинким, бандалар намозларида ҳамда ҳар бир бошқа ишларида ҳам улардаги шодлик, хурсандликни унуттирувчи Аллоҳдан қурқувга муҳтождирлар. Дунё фарзандларининг кўксиларида роҳат шодонликлари товушлари жо бўлган. Мана шу (шодонлик товушлари) орқали душман улар билан гаплашади. Охират фарзандларининг кўксиларида эса ибодат ва тақво шавкатининг шодонлик товушлари жо бўлган. Мана шу шодонлик туфайли қилмаган ишлари учун мақталишларини, бу дунёда яхши ном билан эсга олинишларини истайдилар. Булар харобазор кўкраклардир. Шайтонлар эса харобазорларни бошпана тутадилар. Қалб ва кўкрак фақатгина Аллоҳнинг ҳашамати, улуғворлигидан қўрқув ҳосил бўлишлиги билан яшнаб

кетади. Зеро, шунда васвасалар узилади. Агар бу бандалар намозларида Раббиларига муножот қилсалар, У билан суҳбат қурган бўладилар. Худдики, У (Аллоҳ) улар билан сўзлашган, улар ҳам У билан сўзлашгандек бўлурлар. Агар Аллоҳ намозларида уларга яқин келса, бу бандалар Унинг уларга яқин келаётганидан сергак, огоҳ бўладилар. Сўнгра У (Аллоҳ) уларнинг ёнларига яқин келади. Энди бу ерда нималар бўлишини ким бизга айтиб бера олади? Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Аллоҳ таоло менинг кўз қувончимни намозда қилиб қўйди”. Расулуллоҳ “намоз билан” демадилар, “намозда” деб марҳамат қилдилар.

Ҳаким Термизийнинг

"Масоил аҳли сарахс" китобидан