Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Суҳроб Бўронов “Дарё” билан суҳбат вақтида Марказий Осиё минтақасида сув муаммосига таъсир этувчи куч марказларини санаб, уларнинг асл мақсади нима эканлигига тўхталиб ўтди.
Сиёсатшуноснинг таъкидлашича, Марказий Осиёда сув муаммосига таъсир этувчи тўртта асосий куч маркази мавжуд. Булар: Россия, Хитой, Эрон ва АҚШ.
“Россия Марказий Осиё минтақасини ўзининг тарихий таъсир ҳудуди деб ҳисоблайди. Масалан, Орол фожиаси бўйича бир маълумот бор. 1872 йилнинг ноябрь ойида Туркистон генерал-губернатори Фон Кауфман Россия императори Александир II га шундай мактуб йўллайди:
“Биз шундай йўл тутмоғимиз керакки, Амударё ва Сирдарёнинг сувлари Оролга етиб бормасин. Бу дарёларнинг суви охирги томчисигача пахта далаларини суғориш учун сарфлансин. Дарё сувлари пахта далаларига сингиб кетаверса, кўп ўтмай Орол денгизи қурийди. Кейин Оролни тўлдириш учун Сибир дарёларини буриб келамиз. Ана шундагина Туркистоннинг Россияга қарамлигини абадий сақлаб қолишимиз мумкин”.
Орол денгизининг тақдирини мана шу хатнинг мазмун-моҳияти кўрсатиб беради. Менимча, Россиянинг Амударё ва Сирдарё сувларига таъсир кўрсатмаслигига ҳеч ким кафолат бермаса керак”, — дейди Суҳроб Бўронов.
Суҳбат давомида сиёсатшунос Хитой омилига ҳам тўхталиб ўтиб, Хитойнинг аслида Марказий Осиёда бир қанча манфаатлари мавжудлигини ва у буни амалга ошириш учун қўшни Тожикистондаги Сарез кўлидан фойдаланиши мумкин эканлигини айтиб ўтди.
“Тожикистондаги Сарез кўли билан боғлиқ масала жуда нозик. Сабаби Сарез кўли ўзида 19 миллион куб метр сувни жамлаган. Агар бу тўғон ёрилса, қуйи оқимда жойлашган давлатлар учун жуда катта хавф вужудга келади. Бу тўғон солиштирганда Сардоба сув омборидан 15 баробар катта. Маълумотларга кўра, Тожикистон Сарез кўлини “илмий текшириш” мақсадида Хитойга бериб юборган. Лекин бу маълумотни Тожикистон расмийлари рад қилмоқда. Агар ҳақиқатан ҳам Хитой бу кўлни қўлга киритган бўлса, келажакда бу орқали таъсир кўрсатиши мумкин”, — дейди сиёсатшунос.
Шунингдек, Суҳроб Бўронов бир вақтлар Марказий Осиё минтақасига Эрон ҳам кўз тикканини қўшимча қилди.
“Эроннинг бир вақтлар "Катта Эрон" деб номланган лойиҳаси бўлган. Бу лойиҳага кўра, Тожикистон ва Афғонистон ҳудудидаги дарёлар Эрондан ўтувчи дарёлар билан боғланиши керак эди. Бу ғоя 1989 йил Совет Иттифоқи армияси Афғонистонни тарк этгач ўйлаб топилган. 1991 йилда СССР парчалангач, Каспий денгизидан фойдаланиш бўйича Эрон билан ҳамкорлик қиладиган давлатлар кўпайди”, — деди сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори.
Суҳбатнинг тўлиқ шаклини “Дарё”нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.