loader
Foto

АҚШ Орол денгизининг Ўзбекистон қисми тубини ободонлаштириш учун 1,6 миллион доллар ажратади

«USAID Оролбўйи минтақасидаги чўлланишнинг салбий оқибатларига қарши курашиш учун қарийб 1,6 миллион доллар ажратади, бу эса ҳаво сифати ва яшаш шароитларини яхшилаш, шунингдек, иқлим ўзгаришига чидамлилигини оширишга олиб келади», — дейилади ҳисоботда.

Биринчи ERAS лойиҳаси 2021 йилдан буён Қозоғистоннинг Орол денгизининг шимолий қисмида амалга оширилмоқда. Иккинчи лойиҳа – ERAS II доирасида асосий эътибор Орол денгизининг Ўзбекистондаги қисмида ўсимликлар экишга қаратилади.

Бундан ташқари, USAID шўрга чидамли экинларни экиш ва суғориш бўйича инновацион технологияларни тадқиқ этиш ва тарқатишни қўллаб-қувватлайди. Қозоғистон ва Ўзбекистон билим алмашишни рағбатлантириш ва Орол фожиасининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга ваъда берди.

«Ушбу тадқиқотлар чўл биомларини тушунишни яхшилайди ва атроф-муҳитни тиклаш ва агробизнесни ривожлантириш бўйича хусусий сектор ташаббусларини қўллаб-қувватлайди»,- деб тушунтирди АҚШ элчихонаси.

ERAS II USAIDнинг Минтақавий сув ресурслари ва атроф-муҳит лойиҳаси томонидан Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмиталари, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновацион маркази, академик ва илмий-тадқиқот муассасалари, Мўйноқ тумани ҳокимлиги, шунингдек, Қозоғистон Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилади.

Орол денгизи — Ўрта Осиёда, Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида жойлашган собиқ эндореик тузли кўл. 1960 йиллардан бошлаб денгиз сатҳи тез пасая бошлади, жумладан, асосий озиқлантирувчи дарёлар — Амударё ва Сирдарёдан пахта, ғалла ва шоли суғориш учун сув тортиб олиниши ҳисобига.

1989 йили денгиз иккита алоҳида сув омборига — Шимолий (Кичик) ва Жанубий (Катта) Орол денгизига бўлинди. Қуриган денгиз тубининг катта қисми шўрланган ва аввалги қишлоқ хўжалиги фаолиятидан қолган маҳсулотлар билан ифлосланган. Денгизнинг қуриши бутун Марказий Осиё учун экологик ҳалокатга айланди ва минтақа давлатларига жиддий ижтимоий-иқтисодий зарар етказди.